УМРБОҚИЙ МАҚОМНИНГ ЖАҲОНИЙ ТАНТАНАСИ

/
Шаҳрисабз шаҳрида 6 сентябрь куни Халқаро мақом санъати анжуманининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шу кунларда тарих ва келажак туташган манзил — қадимий Шаҳрисабзда байрамона руҳ ҳукм сурмоқда. Халқаро мақом санъати анжуманига кўрилган пухта тайёргарлик шаҳарга ўзгача файзу тароват бахш этган. Сўлим боғ ва хиёбонлар, турфа гуллар ифори тутган кўчалар кишига хушкайфият бағишлайди. Жаҳоннинг турли минтақаларидан келган меҳмонлар чеҳрасидаги мамнунлик, ўзаро самимий муносабат кўҳна Кешда катта байрам бошланаётганидан дарак беради.
Қадим Шаҳрисабзга оҳиста оқшом қўнади. Дунёнинг тенгсиз обидаси – Оқсарой турфа чироқлар нурида янада маҳобатли кўринади. Гарчи куз фасли бошланган бўлса-да, киши нигоҳи илғаган жойгача яшиллик билан бурканган майдонлар ривоятни ҳақиқатга айлантиргандек. Ҳа, кўҳна Кеш бежиз яшил шаҳарга қиёсланмаган.
Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрдаги «Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Халқаро мақом санъати анжуманини Шаҳрисабзда ўтказиш борасидаги ташаббусидан кейин шаҳарда қисқа фурсатда улкан ишлар амалга оширилди.
Анжуман муносабати билан тарихий маскан Амир Темур хиёбони ўзгача қиёфа касб этди. Оқсарой атрофидаги майдонларда мамлакатимиз вилоятларининг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи этнографик шаҳарчалар барпо этилди. Улардаги мўъжаз саҳналарда театрлаштирилган томошалар, фольклор жамоаларининг чиқишлари намойиш этилмоқда. Хорижлик сайёҳлар ҳунармандлар кўргазма-ярмаркаларида қадимий сўзана ва либослар, гиламлар, миллий чолғулар, сопол буюмлар намуналари билан танишиш, юртимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган меҳмон уйларида оилавий маросимларни кўриш имконига эга бўлади.
Бухоронинг ўзига хос рамзи ҳисобланган Арк қалъаси макети, хоразмча чўгирмалар, Фарғона водийси меҳмондўстлигининг рамзи бўлган чойхоналар, туялар карвонлари юртимиз бой тарихидан дарак беради. Мирзачўлнинг тилни ёрар қовунлари, ширин-шакар меваю узумларини кўрган киши улардан бир татиб кўрсам, дейди.
ЮНЕСКО рўйхатига киритилган Дорус-саодат ва Дорут-тиловат мажмуалари, Кундузак масжиди, Абдушукур Оғалик мадрасаси, Чорсу бозори каби қадимий обидалар анжуман қатнашчиларига ҳайрат улашади.
Халқаро мақом анжуманининг ўтказилиши, шунингдек, «Қарши – Шаҳрисабз» йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Afrosiyob» электр поездининг қатнови йўлга қўйилгани сайёҳликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
6 сентябрь, соат 19.00. Шаҳрисабз, Оқсарой майдони.
Анжуман иштирокчилари ва томошабинлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни қарсаклар билан кутиб олади.
Жаҳон мумтоз санъатининг ноёб намунаси бўлган мақом санъати бўйича халқаро санъат анжумани давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илк маротаба ўтказилмоқда.
Майдонга ушбу санъат байрамида иштирок этаётган мамлакатлар вакиллари таклиф этилади. Чорлов мусиқаси янграйди.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга берилди.
Давлатимиз раҳбари Амир Темур бобомиз барпо этган Оқсарой майдонида ўтаётган халқаро мусиқа санъати анжумани иштирокчилари ва меҳмонларини қутлаб, жаҳон халқларининг мусиқий хазинасига айланган мақом санъатини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга безавол етказиш мазкур анжуманнинг асосий мақсади эканини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, нуфузли санъат анжуманида иштирок этиш учун ташриф буюрган халқаро ташкилотлар, мақом ижрочилиги бўйича катта мактабга эга мамлакатлар маданият соҳаси мутасаддилари, санъат арбобларига миннатдорлик билдирди.
Халқаро мусиқа байрамининг очилишига бағишланган театрлаштирилган концерт дастури бошланади. Саҳнада мумтоз наволар янграйди. Ажойиб томоша узоқ-узоқ юртларга трансляция қилинди.
Халқаро санъат анжумани ўзбек миллий мақом санъатининг ноёб намуналарини тарғиб этиш, уни асраб-авайлаш, ёш авлодни мумтоз наволарга ҳурмат руҳида тарбиялаш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу анжуманда 73 давлатдан 300 дан зиёд иштирокчи ва меҳмон қатнашаётгани унинг юксак мақоми ва нуфузидан далолатдир.
Юртимизда мақом санъати қадимдан ривожланган. Соҳибқирон Амир Темур мақомнинг илк мактабини Шаҳрисабз заминида шакллантиргани тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган. Тарихчи Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур даврида ўтказилган мусиқий анжуманлар ҳақида ёзар экан, шундай қайд этади: “Яхши овозли хонандалар куйлашни бошлаб, ғазалу нақш айтур эрдилар. Ва турку уйғур, мўғул ва хитойу араб ва ажамдин ҳар ким ўз расми билан нағма айтур эрди”.
Бугун ҳам юртимизда ўз ҳофизи ё санъаткори бўлмаган қишлоқ ёки маҳалла йўқ. Хонадонида дутор, дўмбира, доира каби чолғу асбобини сақлаш ўзбекнинг удумига айланган. Халқимизнинг куй-қўшиққа, санъатга бундай меҳри, мусиқа маданияти оила муҳитида шаклланган ва ривожланган.
Халқимизнинг мусиқий тафаккури ҳосиласи сифатида яратилган дурдоналар жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. «Шашмақом», «Катта ашула» инсониятнинг энг дурдона кашфиётлари сифатида ЮНЕСКОнинг Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани фикримиз тасдиғидир.
Бугун саноқли халқларда сақланиб қолган мақомнинг моҳиятида аждодларимизнинг бой тафаккури мужассам. Шу боис, юртимизда уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Кўҳна мақом санъатининг бадиий-эстетик аҳамиятини тиклаш, замонавий мусиқий жараённинг ажралмас таркибий қисми сифатида ижодий, ижро ва илмий салоҳиятини юзага чиқариш йўлида салмоқли ишлар бошланди.
– Кўплаб халқаро фестивалларда иштирок этганман, бироқ Ўзбекистонда юксак савияда ташкил этилаётган Халқаро мақом санъати анжумани кўрганларим ичида энг аълосидир, – дейди Флоренция университети профессори Пьеро Долара. – Анжуман қадимий санъат тури бўлган мақомни тарғиб қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу мусиқа байрами мақом фалсафасини, унинг беназир жозибаси, назокати ва нафосатини ўзида мужассам этган. Ҳар қандай оҳанг инсон қалбининг энг нозик нуқталарига етиб бориши, дилларни мафтун этишини байрамни томоша қилиб яна бир бор англадим. Саҳнада халқингизнинг улуғ ўтмиши, бой санъати ифодаси бўлган қўшиқларни тинглаб роҳатландик. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг санъат ривожига қўшаётган улкан ҳиссасидир.
– Оқсарой атрофидаги қадимий шаҳарчада ҳунармандлик, деҳқончилик удумлари, тўй саҳналарини кўрсатмоқдамиз, – дейди Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри бош режиссёри Исҳоқ Тўраев. – Хорижлик меҳмонлар халқимизнинг бебаҳо меросга эга экани ва аждодлардан мерос қадриятларимизни бугун ҳам безавол сақлаб келаётганига таҳсин айтишмоқда. Бу қадриятларга ҳурмат юртимизда юксак даражада эканидан далолатдир.
...Саҳнада «Шашмақом»нинг дунёда эътироф этилган 6 шўъба тармоғига мансуб мумтоз ашулалар янграйди. Вилоятларнинг фольклор намуналари, бетакрор рақслар дилларни жўштиради. Шўх куй-қўшиқлардан завқланган томошабинлар санъаткорларга жўр бўлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда Мақом маркази ташкил этилмоқда, барча вилоятларда мақом ансамбллари фаолият кўрсатмоқда. Улар фаолияти аллақачон ўз натижаларини бера бошлади, тўйларимизда мақомлар ижро этилмоқда. Мақом анжумани доирасида олиб борилган тарғибот ишлари самарасида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган юртдошларимизнинг мақом санъатига меҳри янада ошди. Мазкур анжуман ҳар икки йилда ўтказилишини инобатга олсак, келгусида мақом санъатига муносабат тубдан ўзгариши шубҳасиз.
– Вилоятимиздаги 22 болалар мусиқа ва санъат мактабининг 20 тасида мақомчилар ансамбллари бор. Яқинда университетимизда ҳам шундай жамоа фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Термиз давлат университети мусиқий таълим кафедраси мудири Абдурайим Турсунов. – Ушбу нуфузли анжуман танловида сурхондарёлик ёшлар ҳам иштирок этмоқда. Мақсадимиз келажакда яхши овозлар, янги истеъдодларни тарбиялаб, миллий санъатимизни дунёда янада кенг тарғиб қилишга ҳисса қўшишдир. Бунда мазкур санъат анжумани ёшларимиз учун улкан тажриба мактаби бўлиб хизмат қилади.
10 сентябрга қадар давом этадиган санъат анжуманида 29 давлат вакиллари мақомнинг турли йўналишларида ўзаро баҳслашади. Халқаро ҳайъат иштирокчиларни “Энг яхши мақом ансамбли”, “Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси” ва “Энг яхши яккахон хонанда” номинациялари бўйича баҳолайди.
Анжуман доирасида “Мақом мусиқий санъати ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция, жаҳон ва ўзбек мақом санъати усталари иштирокидаги бадиий чиқишлар, ёш мақом ижрочилари танлови, илмий-ижодий тақдимотлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирлар ташкил этилади.
Матназар ЭЛМУРОДОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бозор иқтисоди шароитида маҳсулот ёки хизматни истеъмолчиларга кўрсата билиш ҳам маҳорат, билим ва ўзига хос ёндашувни талаб этади....
01 янв 1970
Мамлакатимизга Қозоғистон Республикасининг турли соҳаларда фаолият олиб бораётган вакилларидан иборат делегацияси ташриф буюрди....
01 янв 1970
Кўпни кўрган, ҳалол меҳнати, эришган марралари билан эл-юрт ўртасида юксак ҳурматга сазовор, Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтиришга ҳисса қўшган...
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...