Халқнинг бунёдкорлик қудрати

/
Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Бундан икки йил илгари Америка Қўшма Штатларидаги “Колумбия” университети тадқиқотчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари ёрдамида “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” деб номланган мавзуда сўровнома ўтказганларида Ўзбекистон жаҳоннинг 160 давлати орасида 44-ўриндан жой олганини, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида эса биринчи ўринда эканлигини эътироф этгандилар. Британиянинг нуфузли “Экономист” деб аталган журнали томонидан ўтказилган “Дунёдаги яшаш учун энг қулай шаҳар” сўровномасида эса мамлакатимиз пойтахти Тошкент жаҳоннинг энг яхши элликта шаҳридан бири эканлиги ҳақидаги маълумот алоҳида эҳтиром билан қайд этилган эди.
Жаҳоннинг таниқли тадқиқотчилари, олимлари, экспертлари томонидан мамлакатимизнинг, пойтахтимизнинг халқаро миқёсда эътироф этилгани бежиз эмас. Кейинги йилларда, хусусан, сўнгги икки йил ичида мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий, илмий соҳаларида катта муваффақиятлар қўлга киритилди.

Бу ютуқлар Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг декабрь ойида Олий Мажлисга Мурожаатномасида яққол кўрсатиб берилди. Давлатимиз раҳбари бу ютуқларнинг омиллари ҳақида тўхталиб шундай деганди: “Энг муҳими, мамлакатимиз иқтисодий сиёсатида нореал рақамлар ортидан қувиш, амалга ошмайдиган хом хаёлларни ҳақиқат сифатида тақдим этишдек номаъқул иш услуби қайта кўриб чиқилди. Амалий натижадорлик, инсон манфаати ва яна бир бор инсон манфаати ислоҳотларнинг бош мақсади этиб белгиланди... Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳолимиз ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда, эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда”.
Дарҳақиқат, бу фикрлар ҳаётда амалга оширилаётган реал фактларда ҳам намоён бўлмоқда. Маълумотларга кўра, мамлакатимизда сўнгги икки йилдан иборат қисқа вақт ичида 160 дан ошиқ йирик саноат объектлари ишга туширилди. Бунинг натижасида шу йилнинг ўзида 1,5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлди. Ана шундай йирик корхоналардан бири — Тошкент иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмаси барпо этилиши туфайли яна қўшимча тарзда 2,5 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилмоқда. Навоий шаҳрида иссиқлик электр станциясида иккинчи буғ-газ қурилмасини, Қизилқумда Авминзо —Амантой олтин конлари негизида Гидрометаллургия заводини қуриш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан иккита янги кон ўзлаштирилмоқда. Мамлакатимизнинг турли нуқталарида — Сардоба, Марказий Фарғона, Тўпаланг сув омборларини қуриш билан боғлиқ ишлар олиб борилмоқда. Булар, шубҳасиз, республикамизнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутувчи йирик иншоотларга айланади.
Юртимиздаги яна бир йирик корхона — Қандим газни қайта ишлаш комплекси ишга туширилиши туфайли шу йилнинг ўзида қўшимча равишда 4 миллиард 100 миллион куб метр табиий газни қайта ишлаш, 67 минг тоннадан ортиқ конденсат, 106 минг тоннадан кўп олтингугурт ишлаб чиқариш имкониятлари юзага келди. Айни пайтда Муборак газни қайта ишлаш заводида бу йилдан бошлаб қўшимча тарзда 6 миллиард куб метр табиий газни олтингугуртдан тозалайдиган блоклар тўлиқ ишга туширилиши кўзда тутилган. 2017 йилда мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга қўйилган эди. Бу саноат зоналарининг ташкил этилиши республикамиз ҳудудларини иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш тарзини яхшилашга ҳисса қўшмоқда. Шу сабабли яқин йиллар ичида яна 50 та янги саноат зоналарини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шулардан аксарияти бу йил барпо этилади.
Албатта, аграр соҳа, қишлоқ хўжалиги мамлакатимизда етакчи тармоқлардан бири саналади. Республикамизда қўлга киритилган иқтисодий ютуқларда бу соҳада эришилган муваффақиятлар ҳам асосий ўрин тутади. Айтайлик, деҳқонларимиз томонидан етиштирилган салкам 8,4 миллион тонна ғалла, 2 миллион 930 минг тоннадан зиёд пахта, 12450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари халқимизнинг иқтисодини яхшилашга, дастурхонини бойитишга хизмат қилди. Ўтган йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва бу юртимизга 856 миллион доллар валюта келтирди. Аграр соҳани ривожлантириш борасидаги ишлар давом этмоқда. Ҳозирги пайтда 11 минг гектарда интенсив боғлар ва янги токзорлар, 1500 гектарда иссиқхоналар ташкил этилди. Мамлакатимизда кейинги йилларда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари шаклланиб, уларда 10 дан ортиқ йўналишларда самарали фаолият юритилмоқда. Бу соҳада ҳам иқтисодий юксалишлар давом этмоқда.
Мамлакатимизда қўлга киритилаётган улкан ютуқлар фақат саноат ва аграр соҳаларни ривожлантириш, бу соҳаларда йирик иншоотларни, корхоналарни, фермер хўжаликларини, деҳқончилик кластерларини барпо этиш доираси билан чекланиб қолмайди. Балки бу ютуқлар автомобилсозлик, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, маиший хизмат, маданий ва бошқа соҳалардаги муваффақиятлар билан ҳам ўлчанади. Умуман олганда, юртимизда амалга оширилган улуғвор ишлар натижасида 2017 йилда барқарор ўсиш суръатлари 5,5 фоизни ташкил этди. Экспорт ҳажми 15 фоизга кўпайди. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 854 миллион долларга етди. Ўтган йилда янги саноат корхоналарини қуриш, хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 336 мингдан кўп янги иш ўринлари яратилган. Юқоридагилардан англашилиб турибдики, мамлакатимизда иқтисодий тараққиёт, моддий ҳаётни яхшилаш учун ниҳоятда кўп ишлар амалга оширилди. Моддий бойликларнинг ошиши одамларнинг даромадлари кўпайишига имкон яратди. Тўғри, рақамлар остида баъзан реал воқеликни англаш қийин кечади. Лекин мамлакатда ишлаб чиқаришнинг 5,5 фоизга ўсишини бир тасаввур қилинг. Бу юртимиз учун миллиард-миллиард сўмлик, миллион-миллион долларлик қўшимча даромадлар эмасми? Ёки республикамизда 336 минг янги иш ўрни яратилганини бир кўз олдингизга келтиринг. Ахир, бу ана шунча одам иш билан таъминланади, ўн минглаб оилаларнинг ҳаёт тарзи яхшиланади, ишлаб чиқаришда янги яратувчиликлар юзага келади, ёшлар қалбида келажакка ишонч уйғонади, дегани эмасми?
Албатта, ҳар бир халқнинг ҳаёти бахтли кечиши, мамлакатнинг тақдири истиқболли бўлиши учун фақат иқтисодий тараққиётнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун ижтимоий-маданий соҳаларда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар рўй бериши, ютуқлар қўлга киритилиши керак. Республикамизда бу борада эришилаётган муваффақиятлар ҳам эътиборни тортади.
Айтайлик, Оролбўйи регионида денгиз сувининг камайиши билан боғлиқ ҳолда оғир экологик вазият юзага келган эди. Бу ерда яшаётган аҳолининг ҳаёт тарзи қийинлашганди. Ушбу вазиятни яхшилаш учун кўп йиллар давомида режалар тузилган, аммо бу режалар амалга ошмаган эди. Кейинги йилларда бу борада ҳам олға силжиш бўлди. Республика Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди. Унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ана шу маблағлар ҳисобидан эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароити, ижтимоий ҳаёти яхшиланмоқда.
— Орол денгизининг фожиаси Қорақалпоғистонда яшаётган одамларни ҳам синовдан ўтказди, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Сарсенбой Сейтназаров. — Уларнинг баъзилари денгиз сувининг камайиши билан бу ўлкани тарк этдилар. Айримлари эса кейинроқ бу жойларда яшаш оғирлашганидан кейин бошқа жойларга кўчиб кетдилар. Яна бирлари бу жойларга меъёрдаги ичимлик суви етиб келмагани сабабли юртимиз билан хайрлашдилар. Бугунги кунда Орол бўйларида шу юртга қалб қўри билан боғланган, уни жондан яхши кўрувчи, ҳар қандай қийинчиликларга бардош бера оладиган Ватанга фидойи инсонлар яшамоқдалар. Чўл бағрида сувсиз ёки ичишга яроқсиз шўрланган сув билан қолишнинг азобини шу жараённи бошидан кечирган одам яхши билади. Ана шундай жойларга Президентимиз саъй-ҳаракати билан тоза ичимлик суви келтирилди. Бу ушбу масканларда ҳаёт яна жонланишига, ҳаёт қайнашига, яратувчиликлар, бунёдкорликлар бошланишига имкон яратди. Булардан ташқари, мамлакатимизда Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Умуман, ҳудудларда яшаётган 580 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланиши халқимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг намунасидир.
Ёки Жиззах ва Сирдарё вилоятларида узоқ йиллар давомида аграр соҳага эътибор сусайиши оқибатида уларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ҳам пасайиб кетган эди. Кейинги икки йил давомида бу ерда эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши, хорижий сармоядорлар билан биргаликда саноат корхоналарининг барпо қилина бошланиши уларнинг ижтимоий ҳаётига ҳам катта таъсир кўрсатди. Ҳар иккала вилоят марказлари қайта қурилмоқда. Улар замонавий миллий шаҳарсозлик марказларига айланмоқда. Вилоятлар аҳолиси бундай ўзгаришлардан баҳраманд бўлмоқда. Ёхуд мамлакатимизнинг қадим масканлари Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қўқон, Термиз каби шаҳарларда сайёҳлик тизимини ривожлантириш борасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани кимни ҳайратга солмайди дейсиз? Бухорода етти пирнинг, аниқроғи, етти улуғ авлиё алломанинг қадамжолари обод бўлаётгани, Шаҳрисабз ва Хива шаҳарлари темир йўл тармоғи билан боғланаётганлиги, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказларининг барпо этилаётгани нафақат келажакда маънавиятимизни юксалтиришга, балки олис ўтмиш тарихимизга, буюк аждодларимизга ҳам эҳтиром ифодасидир. Намангандаги Ибрат номи билан боғлиқ тарихий маскан, Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистондаги Ибройим Юсупов, Фарғонадаги Эркин Воҳидов, Қашқадарёдаги Абдулла Орипов, Андижондаги Муҳаммад Юсуф номлари билан аталувчи ижод мактаблари қурилгани юртимиз, маданиятимиз, адабиётимиз тараққиёти учун хизмат қилиши шубҳасиз.
Аҳолининг саломатлигини асраш, тиббий хизматни яхшилаш ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий соҳадаги энг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу маънода республикамизда халққа кўрсатиладиган профилактика хизматини яхшилаш мақсадида халқаро миқёсда тан олинган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепцияларини ҳаётимизга мослаштирилган ҳолда ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Республикамизда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш бўйича қарор қабул қилинди. Аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлашга қаратилган ишларни амалга ошириш учун мамлакатимизда 2 мингта ижтимоий дорихоналар қуриш мўлжалланган. Шу йил охиригача туман ва шаҳарлар тиббиёт бирлашмаси негизида 46 та туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади. Уларнинг ҳаммаси замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминланмоқда. Шунингдек, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш учун замонавий диагностика лабораториялари яратилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг моддий-техника базасини яхшилаш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор берилган. Шу мақсадда Нукус шаҳрида Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган олий спорт маҳорати мактаби, Урганчда “Ёшлик” спорт мажмуаси, Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида универсал спорт комплекслари, Қарши шаҳрида спорт-соғломлаштириш мажмуаси, кўп тармоқли ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилмоқда.
— Кейинги икки йил ичида мамлакатимизда маориф, таълим, илм-фан соҳаларига ниҳоятда катта эътибор берилди, — дейди атоқли олим, академик Турғунпўлат Даминов. — Президентимизнинг бу соҳалар билан боғлиқ ўндан ортиқ қарор, фармон, фармойишлари эълон қилинди. Эътибор беринг, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Юртимизда 11 йиллик таълим тизими қайта тикланди. Аниқ фанлар чуқур ўргатиладиган махсус мактаблар фаолият бошлади. Фанлар академияси тизими такомиллаштирилди. Унинг таркибидаги бир қатор илмий-тадқиқот институтлари ва марказлар фаолияти тикланди. Академияга сайловлар ўтказилди. Бир пайтлари республикамизда 30 дан ортиқ олий таълим муассасалари бўларди. Энди-чи? Юртимиздаги олий ўқув юртларининг сони 2017 йилда 81 тага етди. Олий ўқув юртларининг ҳудудлардаги филиаллари сони 15 дан, хорижий университетлар сони 7 тадан ошди. Бу йилнинг ўзида юртимизда чет эл олий ўқув юртларидан икки-учтаси ўз филиалларини очдилар. Тасаввур қилинг, бир пайтлари фарзандларимизни катта маблағлар эвазига хориждаги олий ўқув юртларига ўқишга жўнатардик. Энди эса хориж олий ўқув юртларининг ўзлари фарзандларимизни ўқитиш учун юртимизга келмоқда. Бу ниманинг шарофати?! Илм-фанга юксак эътиборнинг. Яна бир янгилик — республикамизда Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бу эса илм-фанни, кашфиётларни ҳаётга, ишлаб чиқаришга татбиқ этиш демакдир. Бундай мамлакатнинг келажаги порлоқ, халқи бахтли бўлиши, юксак натижаларга эришиши аниқ.
Дарҳақиқат, олимнинг таъкидлари ниҳоятда тўғри. Хориж тадқиқотчилари келгусида “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” сўровномасини қайта ўтказсалар, Ўзбекистон унда энг бахтли мамлакатлар ўнталигидан жой олиши шубҳасиз?! Зеро, бугунги кунда амалга оширилаётган улуғвор ишлар, халқимиз қалбидаги юксак орзу-мақсадлар шундан дарак беради.
Ҳаётда мамлакатнинг тараққиётини белгиловчи омиллар кўп. Шулар орасида бунёдкорлик ва яратувчилик энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Зеро, амалга оширилган қурилишлар юртнинг қиёфасини янгилайди, ободликни, гўзалликни юзага келтиради ва халқнинг фаровонлиги учун хизмат қилади. Мамлакатимизнинг шаҳар ва қишлоқларида барпо этилаётган муҳташам объектлар, корхоналар, завод-фабрикалар, аҳоли учун турар жойларнинг замирида ана шундай мақсад мужассам. Бунёдкорлик йўналишидаги ишларнинг миқёси ва кўламини биргина “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида мамлакатимиздаги 159 туманда 416 та қишлоқни ободонлаштириш бўйича ишлаб чиқилган режалар асосида 320 мактаб, 231 та мактабгача таълим, 148 та соғлиқни сақлаш муассасалари, 77 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари, жамоат масканларида қурилиш ишлари амалга оширилаётганида ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, “Обод маҳалла” дастури бўйича бу йилда юртимиздаги 148 та маҳаллада таъмирлаш, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқлари, ички йўллар, ижтимоий соҳа ва бозор инфратузилмаси объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари йўлга қўйилди. Бундан ташқари, Инвестиция дастури бўйича йил давомида 1144 ижтимоий соҳа масканларида ҳам қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Айни пайтда республикамизда 2018 йилда намунавий асосда қуриладиган 3,5 миллион квадрат метрдан иборат 28435 дан ортиқ арзон уй-жойлар барпо этилаётгани ҳам эътиборга сазовор.
Бугунги кунда республикамиз пойтахти Тошкент чинакам бунёдкорликлар, яратувчиликлар майдонига айланган, десак хато бўлмайди. Амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтсак, шаҳримиздаги яратувчиликлар кўлами янада яққол намоён бўлади. Пойтахтимизнинг “Алишер Навоий”, “Олмазор”, “Ислом Каримов” ва “Фурқат” кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилаётган “Tashkent City” халқаро ишбилармонлик маркази кўлами жиҳатдан нафақат юртимиздаги, балки Марказий Осиёдаги энг йирик ва янги лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳага кўра, бу ерда бизнес-марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, Конгресс-холл, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ижтимоий объектлар барпо этилади. Ҳозирги пайтда ушбу ҳудудда халқаро анжуманлар ўтказишга мўлжалланган Конгресс-холл ҳамда йигирма қаватли беш юлдузли меҳмонхона қурилиши давом этмоқда. Икки иншоот ўзаро уйғунликда лойиҳалаштирилган бўлиб, улардан бир-бирларига махсус кўприк орқали ўтилади. Ушбу иншоотларнинг қурилиши 2019 йилнинг сентябрь ойигача якунланиши режалаштирилган. Марказнинг 30 қаватдан иборат эгизак бинолари “Олмазор” кўчасида қурилиши мўлжалланган бўлса, энг баланд — қирқ қаватли бино “Олмазор” ва “Ислом Каримов” кўчалари кесишган жойда қурилиши лойиҳалаштирилган. Булардан ташқари, молия марказида 22 қаватдан 33 қаватгача бўлган тўртта бино қурилиши кўзланган. Бу бинолар Жанубий Кореянинг “Bumi” қурилиш ва инвестиция компанияси томонидан барпо этилади.
— Халқаро ишбилармонлик марказининг дастлабки лойиҳавий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан иборат бўлди, — дейди дирекция қурилиш ва лойиҳалаштириш бўлими бошлиғи Баҳром Ризаев. — Қурилиш ишлари етти ҳудудга бўлинган ҳолда олиб борилади. Бу ердаги ҳар бир бино бири иккинчисига ўхшамайди. Ҳар қайси алоҳида бир мўъжиза. Марказнинг умумий майдони 1 миллион 300 минг квадрат метрдан ошади. Шундан 443 минг квадрат метрида аҳоли учун турар жойлар қурилади, сайилгоҳлар барпо этилади. Шаҳарнинг осмонўпар бинолари шу ерда қад ростлайди.
Табиийки, ҳозир замонавий технологиялар ҳаётимизга чуқур кириб келмоқда. Бу эса шаҳарсозликда инновацион лойиҳаларни, янгича қурилиш усулларини ва иншоотларни барпо этишда мўъжизавий ёндашувларни юзага келтирмоқда. Бундай ёндашувлар асосида барпо этилган масканлар ривожланган давлатларда “Келажак шаҳри” ёки “Янги шаҳар” деб аталмоқда. Мамлакатимиз Президенти эса “Tashkent City” шаҳар ичидаги янги шаҳар бўлиши керак. Бу шаҳарча катта суръатлар билан ривожланаётган Ўзбекистонимизнинг бор салоҳиятини ўзида тўла намоён этиши зарур”, дея унинг истиқболига юксак баҳо берган эди.
Пойтахтимизда қурилаётган йирик иншоотлардан яна бири “Tashkent City”га ёндош — “Афросиёб” ва “Бешёғоч” кўчалари кесишган нуқтада барпо этилаётган “HUMO ARENA” муз саройи ҳисобланади. 6 қаватдан иборат бу муз саройнинг умумий майдони 82 минг квадрат метрдан ошиқни ташкил этади. У икки қисмдан — асосий ўйинлар ўтказиладиган ва машқлар ўтказиладиган муз ареналаридан иборат бўлади. Аренада халқаро миқёсда хоккей ўйинлари, кёрлинг, фигурали учиш, шорт-трек бўйича мусобақалар, баскетбол, волейбол, гандбол, бокс, қиличбозлик ва яна кўплаб спорт турларидан баҳслар ўтказиш имконияти яратилади. Мажмуада, булардан ташқари, умумхалқ байрамлари, концертлар, кўргазма ва форумлар ташкил этиш мумкин. Иншоот кўкда парвоз қилаётган Ҳумо қуши шаклида бунёд этилаётгани сабабли ҳам “HUMO ARENA” номи билан аталган. Муз саройини шу йилнинг охиригача ишга тушириш режалаштирилган.
Тошкентнинг кунчиқар уфқидаги яна бир бунёдкорлик объектида — “Тошкент-Шарқий” аэродроми базасида ишбилармонлик аэропорти қурилиши давом этмоқда. Марказий Осиёда мутлақо янги тизимда барпо қилинаётган бу аэропорт якка тартибдаги ва корпоратив парвозларга ихтисослашади. Бу лойиҳа мамлакатимиз транспорт ва транзит имкониятларини янада оширади. Айни пайтда бу ерда олий даражадаги меҳмонхоналарга, хорижий делегацияларга, ишбилармонларга, сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари пайдо бўлади. Шунингдек, аэродром ҳудудида бир вақтнинг ўзида 20 та самолётга хизмат кўрсатадиган перрон қурилади. Лойиҳанинг биринчи босқичидаги ишлар 2020 йилда якунланиши кўзда тутилган.
Шу билан биргаликда пойтахтнинг Чилонзор, Олмазор, Шайхонтаҳур туманларида турли корхоналар, технопарклар, бизнес-марказлар, кичик саноат зоналари яратилмоқда. Жумладан, Чилонзор туманидаги Бизнес-марказда юқори технологиялар асосида “High Tech City” шаҳарчаси лойиҳаси яратилди. Жанубий Кореянинг “Posco Daewoo” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган бу лойиҳанинг қиймати 1,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Бу шаҳарча ҳудудида халқаро бизнес-марказ, кўп қаватли турар жойлар, юқори технологияларни ривожлантиришга ихтисослаштирилган институт, политехника коллежи, савдо шохобчалари, меҳмонхона ва бошқа иншоотлар қурилади. Олмазор туманидаги “Янги Олмазор” кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли ўртасидаги 24 гектардан ошиқ майдонда туманнинг янги маркази “Olmаzor City” барпо этиладиган бўлди. Ушбу марказда маъмурий бинолар, кўп қаватли уйлар, замонавий бизнес-марказ, меҳмонхона, хиёбон, таълим ва тиббиёт муассасалари қад ростлайди.
Бу йил пойтахтимизда яратувчилик, бунёдкорлик соҳасида яна бир хайрли иш —“Обод маҳалла” дастури доирасида кўплаб маҳаллалар қамраб олинди. Ҳозирги кунда ана шу дастур асосида Тошкент шаҳрининг аксарият маҳаллаларида қуриш, қайта қуриш, таъмирлаш, янги турар жойлар, маҳалла гузарлари, болалар майдончалари, ёшлар учун спорт иншоотлари, кутубхоналар барпо этишга киришилди. Бу дастур пойтахтимизни ободонлаштиришга, шаҳримиз қиёфасини янгилашга, унинг гўзаллигини оширишга хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда Тошкент шаҳрида аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида қийинчиликлар юзага келган эди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра қурилаётган уй-жойлар шаҳар аҳолисига, жумладан, ёш оилаларга, уйга муҳтож фуқароларга берилиши белгиланди. Шуларни инобатга олган ҳолда Сергели туманида 2017-2022 йилларда 500 та кўп қаватли уйлар қурилиши бўйича дастур ишлаб чиқилди. Бу йирик лойиҳани амалга ошириш билан салкам 30 минг оиланинг уй-жойга бўлган талабини қондириш кўзда тутилганди. 2017 йилда туманда 102 та кўп қаватли арзон уйлар қурилиб, 4088 хонадон эгаларига топширилди. Бу йил эса 120 та ана шундай замонавий ҳамда арзон кўп қаватли уйлар барпо этилиши мўлжалланган. Бу уйлар қурилса, яна 5000 дан ортиқ хонадон ўз бошпанасига эга бўлади. 20 мингга яқин одам уй-жой ташвишидан қутулади. Умуман, бугунги кунда Тошкент шаҳрида барча манбалар ҳисобидан қарийб 28 минг хонадонли 658 та кўп қаватли уйлар қад ростламоқда. Ана шундан 15 минг 740 хонадонга мўлжалланган 334 таси арзон уйлар ҳисобланади. Бу ўтган йилдагига нисбатан олганда уч баравар кўп демакдир.
— Халқимиз учун барча шароитларга эга бўлган мукаммал, арзон ва замонавий уйлар барпо этмоқдамиз, — дейди “Ўзшаҳар қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ҳудудий раҳбари Баҳодир Жабборов. — Барпо этаётган уйларимизнинг ҳаммаси етти қаватдан иборат. Уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватларида дўконлар, оилавий поликлиникалар, мактабгача таълим муассасалари жойлашган. Ҳатто автотураргоҳлар ҳам қурмоқдамиз. Квартираларнинг ҳар бирига алоҳида махсус иситиш тизими ва аппаратлар ўрнатилмоқда. Интернет ва ТВ-кабель тармоқларига уланиш учун имкониятлар мавжуд. Президентимизнинг уй-жой қурилишидаги кўрсатмалари ишимизда асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатимиз пойтахти ана шундай бунёдкорликлар эвазига нафақат обод ва гўзал, замонавий қиёфа касб этмоқда, балки энига ва бўйига кенгаймоқда. Улкан мегаполисга айланмоқда.
Сўнгги йилларда пойтахтимизда аҳолининг дам олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, ҳордиқ чиқариши учун сайилгоҳлар, экобоғлар, маданият ва истироҳат масканларини бунёд этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Зеро, бундай масканлар ижтимоий ҳаётимизга ўзгача бир руҳ бағишлаш билан бирга шаҳарнинг гўзаллигини, ободлигини ҳам оширади. Шу йил ишга тушган “Ашхобод” сайилгоҳи, Бобур номидаги экобоғ, Миллий боғда ташкил этилган “Адиблар хиёбони” тошкентликларнинг ва меҳмонларнинг севимли масканларига айлангани бежиз эмас. Шаҳар бағрида яшил ҳалқани, кўкаламзорларни ташкил қилувчи бундай боғлар келгусида ҳам қурилиши шубҳасиз. Ана шундай боғлардан бири давлатимиз раҳбари ташаббуси билан пойтахтнинг “Абдулла Қодирий”, “Шароф Рашидов” ва “Лабзак” кўчалари кесишган жойда барпо этилмоқда. “Наврўз” деб аталган бу боғ учун 32 гектар ер ажратилган бўлиб, унда 6 минг кишилик усти очилиб ёпиладиган амфитеатр, диаметри 72 метрлик чархпалак, ҳар бир вилоят аҳолисининг ўзига хос урф-одатларини, аждодларимизнинг яшаш тарзи, миллий ҳунармандлик, пазандалик анъаналарини акс эттирувчи уйлар қурилади. Мажмуада оммавий сайиллар, концертлар ташкил этиш учун барча шароит яратилади. Истироҳат боғи марказига қуёш шаклида Наврўз рамзи ўрнатилади. “Наврўз” боғидан Анҳор канали узра учта пиёдалар кўпригини бунёд этиш мўлжалланган. Боғ бир томондан “Анҳор—Локомотив” паркига туташиб кетади. Анҳор канали бўйлаб сайилгоҳлар яратилади. 2019 йилда тўлиқ қуриб битказиладиган бу боғ Наврўз ва Мустақиллик байрамлари ўтказиладиган масканга ҳам айланади.
Яна шундай маданият ва истироҳат боғини Олмазор туманида Қичқириқ канали бўйида бунёд этиш режалаштирилган. Боғда болалар ўйингоҳлари, спорт майдончалари, замонавий аттракционлар ташкил этилади. Абдулла Қодирий ва Чўлпон номидаги кутубхоналар барпо қилинади. Боғга яқин жойда поликлиника қад ростлайди. Боғ ичида қуриладиган Нуронийлар масканида чойхона ва аския марказини яратиш мўлжалланган. Бошқача айтганда, бу боғ аҳоли ҳам дам оладиган, ҳам китобхонликдан баҳраманд бўладиган, ҳам аскиячилар билан юзлашадиган маданият маркази вазифасини ўтайди. Булардан ташқари, мамлакатимиз Президенти топшириғига кўра ўафур ўулом ва Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғлари ҳам бугунги кун талабларига мос равишда қайта таъмирланадиган, реконструкция қилинадиган бўлди.
— Президентимизнинг Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғига ташриф буюриб, бу масканни замонавий асосда қайта барпо этиш ҳақидаги фикрлари ниҳоятда оқилона таклиф бўлди, — дейди меъморшунослик фанлари доктори Муҳаммаджон Аҳмедов. — Боғ обод бўлиши билан бирга бу ерда улуғ адибнинг муҳташам ҳайкали ҳам ўрнатилади. Ҳайкал атрофида эса ёзувчи яшаган давр билан боғлиқ ҳолатлар ўз аксини топади. Энг муҳими, бу боғ Тошкентнинг эски шаҳар қисмида яшил ҳалқа вазифасини ўтайди ва пойтахтнинг бағридаги обод, гўзал масканлардан бирига айланади.
Тошкент республикамизда тарихий масканларга, ёдгорликларга, меъморий ансамбллар ва муқаддас қадамжоларга бой шаҳар. Бу тарихий ёдгорликларнинг аксарияти кейинги йилларда қайтадан қурилиб, таъмирланиб, асл қиёфасида тикланди. Ҳазрати Имом, Шайх Зайниддин Куйи Орифон, Шайхованд Тоҳур, Кўкалдош, Занги ота каби тарихий обидалар аждодларимизнинг юксак меъморий иншоотлари, бунёдкорлик намуналари сифатида шаҳарнинг гўзал, обод қиёфасига қайтадан уйғунлашди. Шаҳарда тарихий обидаларни тиклаш борасидаги иш эндиликда “Сузук ота” мажмуасида ҳам олиб борилмоқда. Тарихий манбалардан маълумки, Сузук ота Аҳмад Яссавийнинг невараси ҳисобланади. Тақдир тақозоси билан у зот шаҳримизга келиб яшаган. Шошда ҳунармандларнинг устози, пири сифатида шуҳрат қозонган. Вафотидан кейин шу ерда дафн этилган. Соҳибқирон Амир Темур 1363-1364 йилларда Сузук ота қабри устида мақбара ва унга ёндош жойда масжид барпо эттирган.
Эндиликда бу ерда ана шу тарихий ёдгорликлар қайтадан қурилиб, таъмирланиб, тикланмоқда. Мақбара асл ҳолида қад ростлади. Масжиднинг тарихий кўриниши сақланган ҳолда қайтадан бунёд этилди. Чиллахона тикланди. Хонақоҳ барпо қилинди. Масжид гумбазлари тарихий хонақоҳ билан уйғунлаштирилди. 900 кишига мўлжалланган айвон қурилди. Ҳунармандлар учун устахоналар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Тарихий мажмуа атрофи обод қилинди. Шу кунларда қурилиши якунланадиган бу тарихий мажмуа шаҳарнинг гўзал масканларидан бирига айланади.
Тошкентнинг бугунги замонавий шаҳарсозлик маданиятининг юксалиши ҳақида гап кетганда, шак-шубҳасиз, унинг янгидан пайдо бўлаётган йўл коммуникациялари, транспорт тизими, кўприксозлик санъати, метросозлик соҳасидаги бунёдкорликлар, яратувчиликлар кўз олдимизга келади. Маълумки, метро жамоат транспорти турлари орасида ўзининг қулай, хавфсиз ва тезкорлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун ҳам пойтахтимизда метро учта йўналишда барпо қилинган бўлиб, унинг умумий узунлиги 39 километрни ташкил этади. Лекин, афсуски, кейинги йилларда кўплаб ваъдалар берилганига қарамасдан, метронинг Юнусобод йўналишининг шарқий қисмидаги охирги бекатлари қурилмасдан, Сергели туманини боғловчи қисми эса лойиҳаланмасдан қолиб кетган эди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида ҳар икки йўналишда ҳам қурилиш ишларига киришилди. Бунинг учун маблағ ҳам, имконият ҳам топилди. Юнусободнинг 2-босқичда қурилаётган метро участкасининг узунлиги салкам 3 километр бўлиб, уни 2019 йилда фойдаланишга топшириш мўлжалланган.
Мутахассисларнинг фикрларига кўра, Сергели туманини метро орқали боғлаш ниҳоятда мураккаб иш эди. Аммо бунинг ҳам иложи топилди. Метро одатдагидай ер остидан эмас, ер устидан, олти метр баландликдаги эстакадалар орқали олиб келинадиган бўлди. Метросозликда тажрибада ҳали қўлланилмаган янги бунёдкорлик усули яратилди. Эндиликда метронинг Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан бошланадиган Сергели тармоғида 6 та бекат бунёд этилмоқда. Лойиҳага мувофиқ, 2017-2020 йилларда якунланиши мўлжалланган мазкур қурилишга 170 миллион АҚШ долларига тенг маблағ сарфланмоқда. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи ушбу иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Айни пайтда бу бунёдкорликлар шаҳар ҳаётига ўзига хос гўзаллик ҳам бағишлайди.
— Президентимиз шаҳар транспорт инфраструктурасини яхшилаш, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида яна бир улуғвор ишга қўл урди, — дейди Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Ачилов. — Пойтахтимизда ер усти метро ҳалқа йўли қурилиши бошланди. Умумий узунлиги 52 километрдан ошиқ бўлган бу метро йўлининг 50,2 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 422,3 миллион АҚШ долларига тенг деб баҳоланмоқда. Лойиҳа асосида 35 та бекат қурилади. Қурилиш ишлари беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг “Дўстлик” бекатидан “Қўйлиқ” бозоригача бўлган қисми қурилади. Бу йўналишда аллақачон қурилиш ишлари бошланган. Иккинчи босқичда “Қўйлиқ” бозори билан “Олмазор” бекати боғланади. Сўнгра бу ердан “Беруний” бекатигача бўлган йўналиш барпо этилади. Кейинги босқичда “Беруний”дан “Бодомзор” бекатигача бўлган оралиқ бунёд қилинади. Сўнгги босқичда “Бодомзор” бекати “Дўстлик” бекатига уланади. Бу ишни бутун кўлами билан бир тасаввур қилиб кўринг. Агар юртимизда салкам ярим аср мобайнида 39 километрлик метро йўли қурилган бўлса, эндиликда қисқа муддатларда 50 километрдан ошиқ метро ҳалқа йўли барпо этилмоқда. Бу йўл қурилиши шаҳарнинг қиёфасини ҳам, бунёдкорлик қудратини ҳам ошириб юбориши шубҳасиз.
Босиб ўтилган йўлга холислик билан назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизда кейинги йилларда кўприклар, йўлўтказгичлар, туннеллар барпо этиш бўйича ниҳоятда катта тажриба тўпланди. Бу тажрибани “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Кўприк қурилиш трести” унитар корхонаси бунёдкорлари яратдилар. Улар томонидан темир йўллар, автомобиль йўллари бўйлаб шаҳар ва қишлоқларимизда минглаб кўприклар, йўлўтказгичлар, тоннеллар бунёд этилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 40 дан зиёд энг замонавий, мустаҳкам, улуғвор йўл ўтказгич ва кўприклар қад ростлагани ҳам уларнинг фидокорона меҳнатининг мевасидир.
Яқиндагина кўприксозлар пойтахтнинг “Бунёдкор” ва “Чўпонота” кўчалари кесишмасида янги йўлўтказгични қуриб битказдилар. Баландлиги 8 метр, узунлиги 667,5 метр, кенглиги 24,5 метр бўлган бу кўприк йўлўтказгичдан бир вақтнинг ўзида автомобиллар 6 қаторда ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, 124 метрлик иккита пиёдалар ўтиш кўприги ҳам қурилди. Бошқача айтганда, пойтахтимизнинг яна бир масканида йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланди, автомобиллар тирбандлигининг олди олинди, пиёдалар учун қулайликлар яратилди. Энг асосийси, Тошкентнинг яна бир нуқтаси обод, гўзал, кўркам бўлди. Бу гўшага файз кирди. Шаҳри азимда бундай кўприкларни, йўлўтказгичларни қуриш давом этмоқда. Сергели туманида қурилаётган йўлўтказгичнинг узунлиги 1 километрдан, эни эса 30 метрдан ошади. Бу шаҳардаги энг йирик йўлўтказгичлардан бири бўлади. Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманлари кесишмасида эса Марказий Осиёда ягона бўлган уч қаватли кўприк-йўлўтказгич қурилиши амалга оширилади. Яқин келгусида ана шундай иншоотлардан яна ўн бештасини барпо этиш режалаштирилмоқда. Демак, бунёдкорлик, яратувчанликлар давом этади.
Мақолани ёзиш жараёнида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг бир фикри хаёлимда бот-бот такрорланиб турди: “Президентимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган барча улуғвор ишларнинг ижодкори ва ташаббускори. Лекин у киши фақат ижодкорлик ва ташаббускорликнинг ўзи билан кифояланиб қолаётгани йўқ. Бу улуғвор ишларни амалга оширишга ҳам бош-қош бўлмоқда. Эътибор беринг, давлатимиз раҳбари ўтган ярим йил ичида мамлакатимизнинг кўплаб вилоятлари ва йирик қурилиш участкаларидан ташқари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида етти марта ташриф буюрибди. Бу ташрифлар нафақат жойларда ишларнинг муваффақиятли кечишини таъминламоқда, балки юртимизда, шаҳримизда янги-янги бунёдкорликлар, яратувчиликларнинг бўй кўрсатишига ҳам йўл очиб бермоқда.”
Шоир ҳақ! Давлатимиз раҳбарига хос фидойилик, меҳнатсеварлик бугун халқимизнинг қалбида ҳам акс-садо бермоқда. Булар эса мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қўлга киритилаётган ютуқларда намоён бўлмоқда.
Амалга оширилаётган ишларга қараб кўнгилда фараҳбахш туйғулар уйғонади: агар азим Тошкентда режалаштирилган бунёдкорлик, яратувчилик ишларининг барчаси тўла амалга ошса, бу ерда обод, кўркам мегаполис юзага келса, халқнинг фаровонлиги янада юксалса, “Дунёдаги яшаш учун энг қулай шаҳар” сўровномаси тадқиқотчилари мамлакатимиз пойтахтини қайси ўринга муносиб кўрар эканлар? Бунисини билмадик. Лекин бир нарса аён: халқимизнинг, миллатимизнинг бахт-саодатини, мамлакатимизнинг ёрқин келажагини яратиш бу юртда эндиликда улуғ мақсадга айланган. Зеро, бугун барча ишларимиз, фаолиятимиз, ҳатто ҳаётимиз ҳам ана шу улуғвор мақсадни амалга оширишга қаратилган. Халқнинг бунёдкорлик қудрати ҳам ана шундадир.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. ...
01 янв 1970
Юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ўз иқтидорини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ва рағбатлантиришга катта эътибо...
01 янв 1970
Айни пайтда солиқ, коммунал соҳа, божхона, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ахборот тизимлари кенг жорий этилган....
01 янв 1970
Ер юзида эртанги куни, авлодлари тақдири ҳақида қайғурмайдиган бирон халқ бўлмаса керак. Айниқса, ўзбек ўзи емаса ҳам, киймаса ҳам фарзанди учун ҳа...