Сайхун соҳилларида яшнаётган диёр

/
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинчи томони Қозоғистон Республикаси, тўртинчи томони Жиззах вилояти билан чегарадош ҳудудларда ястаниб ётибди. Вилоят бағрида Боёвут, Гулистон, Мирзаобод, Оқ олтин, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё, Ховос туманлари жойлашган бўлиб, Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари қад ростлаган.
Ҳудуди сувга яқин, замини унумдор бўлгани сабабли вилоят мамлакатимизда аграр соҳани ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Шунинг учун кўп йиллар давомида вилоятда қишлоқ хўжалиги соҳаси устувор бўлиб келган. Фақат кейинги йилларда, айниқса, охирги икки йил ичида бу ерда қишлоқ хўжалиги билан биргаликда саноат, қурилиш, кимё, балиқчилик, маиший хизмат, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларга ҳам эътибор янада кучайтирилди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга 2017 йил май ойида, бу йил апрель ойида ташрифлари натижасида воҳа инфраструктурасида ва иқтисодиётида катта ўзгаришларнинг юзага келишига, муваффақиятларнинг қўлга киритилишига имкон яратилди.
Келинг, бу борадаги баъзи фактларни келтириб ўтайлик. Сирдарё туманидаги “Сирдарё мега люкс” Ўзбекистон — Россия қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамият шаклида 2012 йилда иш бошлаган экан. Қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бу корхонада дастлаб 75 одам ишлаган ва бир турдаги маҳсулот — қоплар тайёрланган. Эндиликда эса корхонада полипропилен грануласидан 17 та турдаги маҳсулот — кимё, қурилиш, тўқимачилик, озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати, хомашё ва материаллар экспорти билан шуғулланувчи савдо компаниялари учун турли ўлчамдаги қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бу ердаги ишчи-хизматчилар сони 650 нафарга етибди. Маҳсулотларнинг 35-40 фоизи Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Афғонистон, Болтиқбўйи давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхонанинг режалари янада катта. Масъулияти чекланган жамиятда 2018-2023 йилларда қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг бўлган еттита истиқболли лойиҳани амалга ошириш мўлжалланган. Режадаги ишлар тўла амалга ошса, йилига 125 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади ва 80 миллион долларлик импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқаришга эса 2500 одам жалб қилинади.
Гулистон шаҳрида барпо этилаётган “Modem Litt systems” масъулияти чекланган жамият корхонасида эса энг замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланган лифт ҳамда эскалатор ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ерда корхона ишга тушгач, йилига 500 дона лифт ва 300 дона эскалатор тайёрланади. Маҳсулотларнинг бир қисми республикамизда қурилаётган кўп қаватли уйларни таъминлашга ажратилса, 35 фоиздан ошиғи хорижга экспортга жўнатилади. Бундан 5-6 йил илгари Сирдарёда мана шундай лифт ишлаб чиқарадиган саноат корхонаси барпо этилади деса, эшитувчини қўятуринг, шундай корхонани барпо этмоқчи бўлган тадбиркорнинг ўзи ҳам ишонмаган бўларди. Бугун эса кеча хаёлга сиғмаган орзулар реал ҳақиқатга айланмоқда.
Қишлоқ хўжалигида қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш жараёнида ирригация тизимида кўп йиллар давомида бетон лотоклардан фойдаланилган. Жумладан, Сирдарё вилоятининг аксарият ерлари ҳам бетон лотоклар ёрдамида суғорилган. Эндиликда бу бетон лотокларнинг кўпи талабга жавоб бермайдиган аҳволга тушиб қолди. Лекин вилоятда ирригация тизими учун бундай лотоклар ниҳоятда керак эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Шунинг учун вилоятдаги “Crocus Uz compozite” корхонаси маҳаллий хомашё, яъни шиша, пахта, кварц қуми ва эфир мойи аралашмасидан лоток ва қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Ишлаб чиқарилаётган лотоклар аввалги бетон лотокларга нисбатан енгил, кам маблағ сарфланмоқда, чидамли ва узоқ муддат фойдаланиш имкониятига эга.
Вилоятдаги янги ташкил этилган йирик қўшма корхоналардан бири Мирзаобод туманидаги “Бек кластер” масъулияти чекланган жамият ҳисобланади. Бу корхонани ташкил этиш лойиҳаси ўтган йили Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи пайтида тақдим этилган эди. Лойиҳа маъқулланиб, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори қабул қилинган эди. Эндиликда корхона ташкил этилиб, унга вилоятдан 18 минг гектар ер берилган. Бу ерга пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар экилган. Ерга, экинларга ишлов берадиган янги, замонавий техникалар сотиб олинган. Ушбу қўшма корхонани ташкил этишдан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, маҳсулотларни халқаро талаблар асосида етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, уларни экспортбоп қилиб тайёрлаш кабилардан иборат. Бунинг учун қўшма корхона қошида ўсимлик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва текшириш илмий-амалий марказини ташкил этиш режалаштирилган. Марказда эса тупроқ таҳлили, ўсимликлар биотехнологияси ва ҳимояси, селекция ва пахта уруғчилиги, ўсимликлар генетикаси лабораториялари фаолият олиб боради. Бошқача айтганда, “Бек кластер”да қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга илмий асосда ёндашилади.
— Бунинг сабаблари бор. Шу пайтгача деҳқончиликда ўсимликлар селекциясига, генетикасига эътибор берилмаган, — дейди “Бек кластер” корхонаси раҳбари Улуғбек Сотиболдиев. — Тўғри келган нав дала, ер қандай бўлишидан қатъи назар экилиб кетилаверган. Ҳар бир даланинг, ернинг тупроқ қатлами ўрганилмаган. Қандай бўлмасин, экин эксак, ҳосил олсак, бас, деган фикрга асосланилган. Энди эса ҳаёт деҳқончиликда экиннинг ҳосилдорлигини оширишни, сифатини яхшилашни, озиқ-овқатнинг хавфсизлигини таъминлашни, тўйимлилигини кучайтиришни талаб қилмоқда. “Бек кластер”да ана шундай муаммолар илмий асосда ҳал қилинади. Энг муҳими, корхона ўзи экади, етиштиради, ва сотади. Яъни қишлоқ хўжалиги саноатлашади.
Қўшма корхонада айни кунларда 100 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида замонавий гидропоник иссиқхона барпо қилинмоқда. Иссиқхонада йилига 50 миллион долларлик маҳсулот етиштириш ва уни 100 фоиз экспортга чиқариш режалаштирилган. Вилоятнинг географик жойлашуви ҳудуднинг саноат, логистика имкониятларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда ўзига хос қулайликлар яратади. Шунинг учун бугунги кунда вилоятда хорижий компаниялар иштирокида 90 та корхона фаолият юритмоқда. 2018-2019 йилларда бу ерга жалб қилинадиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар натижасида 203 та лойиҳа амалга оширилиб, салкам 15 минг янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Иқтисодий тараққиёт халқ фаровонлиги, юрт ободлиги учун хизмат қилади. Шу боис мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан вилоят иқтисодиётини ривожлантириш учун яна бир хайрли иш амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 12 апрелдаги фармони билан “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бу иқтисодий зонада 2018-2021 йиллар мобайнида умумий қиймати 3,7 триллион сўм бўлган саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш белгиланган. Бунинг учун 97 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. 7 500 га яқин иш ўринлари яратилади. Эркин иқтисодий зонада ушбу инвестиция лойиҳалари тўла амалга ошса, йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,7 триллион сўмни ташкил қилади. Бугунги кунда иқтисодий зонада инвестицион лойиҳаларнинг 12 таси ишга туширилган ва 725 та янги иш ўринлари яратилган. Демак, бу борада ҳам дастлабки ютуқлар қўлга киритила бошланган.
Вилоятда ишлаб чиқариш соҳасида юқоридаги каби амалга оширилган улуғвор ишлар натижасида иқтисодий кўрсаткичлар ҳам, аҳоли жон бошига маблағлар ҳам кўпайган. Эътибор беринг, вилоятда 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш 2 триллион 629 миллиард сўмга етган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 2 триллион 60 миллиард сўмдан иборат бўлган. Демак, умумий ўсиш салкам 600 миллиард сўмни ташкил этган. Бу йил 6 ой ичида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1 триллион 880 миллиард сўмдан, қишлоқ, ўрмон, балиқ хўжаликларида маҳсулот етиштириш 1 триллион 267 миллиард сўмдан, истеъмол товарлари тайёрлаш 608 миллиард сўмдан ошган. Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 134,6 миллион АҚШ долларига етган. Буларнинг бари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирганда 103 фоиздан 105 фоизгача ўсганлигини кўриш мумкин. Шу ўринда яна бир рақамни алоҳида келтириб ўтиш зарур. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра, 2017 йилда умумий қиймати 507 миллиард 200 миллион сўм инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобидан 1108 лойиҳа доирасида янги қувватлар ишга туширилиб, 6200 янги иш ўрни яратилган эди. Бу йилнинг 6 ойи ичида эса асосий капиталга киритилган инвестициялар миқдори 753,3 миллиард сўмни ташкил этди.
— Айниқса, вилоятда қурилиш соҳасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш ва уларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида вилоятда 1021 та турар жой бинолари барпо этилмоқда, — дейди вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасининг бошлиғи Фарҳод Халигитов. — Шулардан 711 таси қишлоқларда яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларга, 45 таси алоҳида намуна кўрсатаётган ёш оилаларга, 36 таси ҳарбий хизматчиларга, 38 таси профилактика инспекторларига хизмат уйлари сифатида берилади. Шаҳарларда арзон кўп квартираи уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастури бўйича 10 та 5 қаватли 450 хонадонли уйлар қурилиши давом этмоқда. Шу уйлардан 8 таси Гулистон шаҳрида, 2 таси Янгиер шаҳрида қад ростламоқда.
Инвестиция дастурига кўра вилоятнинг 114 та объектида қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Натижада 17 та мактабгача таълим муассасаси, 17 та мактаб, 18 та соғлиқни сақлаш объекти, 3 та болалар спорти иншооти, 30 та ичимлик сув объекти ва бошқа иншоотлар замонавий асосда қурилган, янгиланган ҳолда ишга туширилади. Бу ишларнинг амалга ошиши учун 114,9 миллиард сўм сарфланмоқда. Вилоятда автомобиль йўлларини ривожлантириш борасида ҳам ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда, 135 километр узунликдаги шаҳарлар, қишлоқлар ва овуллар кўчалари, посёлкалар, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари капитал ва жорий таъмирдан чиқарилмоқда.
Умуман, Сирдарё вилоятини бугунги кунда улкан қурилишлар майдонига қиёслаш мумкин. Эътибор беринг, ҳозирги пайтда вилоятнинг 16 та қишлоғи ва маҳалласида “Обод қишлоқ” дастури доирасида янги иншоотлар барпо этиш, мавжудларини таъмирлаш, гузарларни обод қилиш, равон йўллар, поликлиникалар қуриш, новвойхона, гўзаллик салонлари, маиший хизмат уйларини тиклаш борасида ишлар йўлга қўйилган. Бу ишлар амалга ошганидан кейин 11323 та хонадоннинг, салкам 49 минг одамнинг яшаш шароитлари яхшиланади. Вилоятда 16 та обод ҳудуд пайдо бўлади.
Бунёдкорлик ишлари қизғин бораётган масканлардан бири Боёвут тумани ҳисобланади. Маълумки, Боёвутни келгусида нафақат Сирдарё вилоятининг, балки республикамизнинг намунали туманларидан бирига айлантириш борасида қурилишлар олиб борилмоқда. Туманнинг маркази Боёвут шаҳарчасидаги марказий кўчалардаги эски савдо дўконлари бузилиб, янгилари қад ростламоқда. Кўчалар кенгайтирилмоқда. Муҳташам турар жойлар тикланмоқда. Эски деҳқон бозори ўрнида янги, замонавий бозор яратилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият масканлари тўла таъмирдан чиқарилиб, зарур жиҳозлар ўрнатилади. Маданият ва истироҳат боғи қайтадан обод қилинмоқда. Жанубий Мирзачўл канали соҳилларида дам олиш масканлари, хиёбонлар бунёд этилади. Хуллас, шаҳарча яқин келажакда бутунлай янги қиёфага киради.
Айни пайтда, Боёвутда корхоналар ва қўшма корхоналар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Maker international Uzbekistan” тумандаги ташкил этилаётган йирик корхоналардан бирига айланади. Бу ерда гулижавҳар гули етиштириш ҳисобига табиий дори экстратини олиш йўлга қўйилади. Бунинг учун 1000 гектар ер ажратиш режалаштирилган. Бу майдонда 30 минг тонна гул етиштириш, ундан 300 тонна экстрат олиш мумкин. Ушбу ўсимликдан олинган экстрат инсоннинг иммун тизимини мустаҳкамлайди, қон босимини пасайтирувчи хусусиятга эга. Бундан ташқари, вирусларга қарши курашувчан бўлгани сабабли жуда ҳам фойдали. Корхона етакчилари келгусида ярим тайёр маҳсулотлар билан бирга тайёр дори маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ҳам мақсад қилмоқдалар.
Лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 10 миллион долларлик дори воситалари ишлаб чиқарилади. 200 киши доимий, 1000 дан ортиқ одам мавсумий иш билан таъминланади. Лойиҳанинг афзаллиги шундаки, табиий дори экстратига харидор доимо топилади. Корхонада эса маъмурий бинолар, ишлаб чиқариш иншоотлари қурилиши учун тайёргарлик бормоқда.
— Вилоятимиздаги қурилиш ишларининг бир қисми Сирдарё тумани ва Янгиер шаҳрида ҳам олиб борилмоқда, — дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Иброҳимов. — Бунинг сабаби бор. “Сирдарё” эркин иқтисодий зонаси ана шу икки нуқтада жойлашган. Унинг умумий майдони 659 гектарни ташкил этди. Шундан 271,3 гектар ер майдонига турли лойиҳалар жойлаштирилади. Бошқача айтганда, бу майдонда корхоналарнинг маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари бунёд этилади. Лойиҳаларнинг 58 тасини шу йил охиригача ишга тушириш белгиланган. Айни пайтда, иқтисодий зонада автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш, газ, сув, электр, канализация тармоқларини барпо қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Қурилиш ва бунёдкорлик ишлари натижасида вилоят маркази Гулистон шаҳри кейинги икки йил ичида тубдан ўзгарибди. Шаҳарнинг шарқий, марказий ва ғарбий қисмида кўплаб беш қаватли барча шароитлар яратилган замонавий турар жойлар қад ростлабди. Улар туфайли шаҳар кўркига кўрк қўшилибди. Айниқса, Ислом Каримов кўчасига туташ жойларда барпо этилган ям-яшил хиёбонлар, хиёбонлардаги турфа гуллар, Италия, Япония, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан олиб келинган гуллаб-яшнаб турган ноёб дарахтлар шаҳарнинг қиёфасига ўзгача гўзаллик бағишлаган. Унга туташиб кетган нуқтада, улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий ҳайкали атрофида Билимдонлар маскани бунёд этилган. Масканда китоб дўкони, гул дўкони, китобхонлар учун махсус қироатхона-айвонлар мавжуд. Айвонларда ижодкорлар, китобхонлар билан учрашувлар, турли хил маданий йиғинлар, ёшлар анжуманларини ўтказиш учун имконият яратилган.
Билимдонлар маскани қаршисидаги атрофи кўм-кўк хиёбонга айлантирилган Олим Хўжаев номидаги вилоят драма театри биноси ҳам яқин келгусида Гулистоннинг гўзал ва муҳташам санъат масканларидан бирига айланади. Бу ерда айни кунларда 31 миллиард сўм маблағ эвазига қайта қуриш ва реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Хиёбоннинг шарқий қисмида вилоятнинг йирик анжуманлари, байрамлари ўтказиладиган амфитеатр қурилган. Амфитеатр атоқли шоир Тўра Сулаймон номига қўйилган. Бу бежиз эмас. Зеро, шоир асарларида юртимизнинг, хусусан, ўзи яшаган маскан Сирдарёнинг гуллаб-яшнаши, обод ва кўркам диёрга айланишини орзу қилган эди. Бугун шоир орзулари ушалмоқда. Унинг хотираси эса ушбу масканларда улуғланмоқда.
— Гулистонда бундан 4-5 йил аввал дарахт нари турсин, гул кўкартириб бўлмасди. Агар баҳор ва куз серёғин келса, шаҳар сизот сувлар туфайли бамисоли кўлга айланарди, — дейди шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Абдиқул Отабоев. — Эндиликда бу сизот сувлардан қутулишнинг йўли топилди. 66 та дренаж қазилиб, уларга насослар ўрнатилди. 8,5 километрлик коллектор ишга туширилди. Сизот сувлар қаерда кўтарилса, насослар ишга тушади. Оқибатда сизот сувлар шаҳар остида 1-1,5 метрга қадар пасайтирилади. Бу ишнинг самараси шаҳарнинг ям-яшил қиёфасида, унинг гулларга, дарахтларга бурканганида, обод ва кўркамлигида кўзга ташланиб турибди.
Шаҳар бағридан Дўстлик канали оқиб ўтади. Канал ҳақиқатан, номига муносиб экан. У Тожикистон Республикаси ҳудудларидан бошланиб, Сирдарё вилоятини кесиб ўтиб, Қозоғистон Республикаси далаларини об-ҳаёт билан таъминлайди. У гўё дўстлик элчисига ўхшайди. Унинг салкам 10 километр қисми шаҳар бағридан ўтади. Гулистонликлар каналнинг ҳар иккала соҳилини ҳам обод қилишган.Теп-текис йўлаклар, арчазорлар, шаҳарга уфуриб турадиган салқинлик одамда хуш кайфият уйғотади. Келгусида бу соҳилларда турли хил кўнгилочар иншоотлар, аквапарк, катталар ва болалар учун алоҳида дам олиш масканлари, умумий овқатланиш жойлари ҳамда яна турли объектлар барпо этилади. Каналга яқин жойдаги Марказий истироҳат боғида ҳам қайта қуриш, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун салкам 22 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Гулистоннинг шарқий қисмида қурилаётган ниҳоятда катта, замонавий бозор шу йил охиригача ишга туширилиши мўлжалланган. Шаҳар марказида янги фавворалар, сквер, бульвар, хиёбонларни ўз бағрига олган “Маданият маркази” қайтадан бунёд этилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон”, “Бирлашган”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Халқлар дўстлиги” кўчаларида беш қаватли уйлар қад ростламоқда “Хондамир”, “Сайхун”, “Бухоро”, “Ёшлик” ва бошқа кўчаларни кенгайтириш, реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган.
— Шаҳар ҳам бўйига, ҳам энига ўсиб, кенгайиб, замонавий қиёфа касб этиб бормоқда, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими Тўлқин Дадабоев. — Унинг ҳудуди ҳозирги пайтда 4400 гектардан иборат бўлса, яқин келгусида шаҳар бағрига яна 1700-1800 гектар жой қўшилади. Аҳолиси сони 91 минг кишидан 100 минг кишига ошиши тахмин қилинмоқда. Бу, табиийки, Гулистонда ишлаб чиқариш қувватларини ҳам оширади. Агар бугунги кунда бу ерда 50 дан ошиқ корхоналар фаолият юритаётган бўлса, 2020-2021 йилларда яна 30 дан зиёд ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилади. Шаҳар янада гўзал, кўркам, ўз номига муносиб Гулистонга айланади.
Ҳа, сирдарёликлар бугун ана шундай бунёдкорликлар, яратувчиликлар, юксак орзулар, мақсадлар билан яшамоқда. Уларнинг фаолияти, ўз ўлкасига муҳаббати, яратувчилик қудрати туфайли Сайхун соҳилларида гўзал диёр гуллаб-яшнамоқда.
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. ...
01 янв 1970
Арзонлаштирилган уйлар қурилмоқда.
01 янв 1970
Мазкур мақоладан сўнг таҳририятимизга Тошкент шаҳар Ободонлаштириш бош бошқармасидан жавоб хати келиб тушди:...
01 янв 1970
Депутатлик гуруҳимиз томонидан кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда.