Қадриятлар улуғланган айём

/
Муқаддас динимиз инсон шаъни ва қадрининг дахлсизлигини эътироф этган. Қуръони каримга кўра, Бани Одам мукаррамдир. Бани Одам азиздир. У гўзал суратда яратилгандир. Ҳадиси шарифлар мазмунига кўра, ҳар бир инсоннинг моли, жони ва обрўси (қадр-қиммати) дахлсиз қадриятдир ва унга тажовуз қилиш оғир гуноҳдир. Одамларнинг яхшироғи бошқа одамларга манфаати кўпроғидир. Умри узун бўлиши билан бирга шу умрни эзгу амаллар билан ўтказганидир. Одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлаш имоннинг энг кичик кўринишидир. Инсонлар орасини яраштириш, келиштириш, уларни дўстлаштириш – бир сўз билан айтганда, ислоҳ қилишнинг даражаси тунлари нафл намоз ўқиш, кундузлари нафл рўза тутиш ва нафл эҳсонлари, хайр худойиларни амалга оширишдан афзалдир. Барча инсонларга баб-баробар раҳмли бўлиш, шафқат кўрсатиш Яратганнинг марҳаматига ноил этувчи эзгу амаллардандир.
Қурбон ҳайити – инсон шаъни ва қадрининг нечоғли юксаклигини кўрсатувчи хайр-саховат, меҳр-мурувват айёми, диллардаги гина-кудуратлар заволга кетиб, ўрнини унсу-улфат, дўстлик ва ҳамжиҳатлик эгалловчи, ҳазрат Навоий таърифидаги каби сўз ва кўз озодалиги, тил ва дил поклиги байрамидир.
Ҳайит сўзи истилоҳда байрам маъносини англатади. Унинг луғавий маъноси “фойда”, “манфаат”дир. Шунинг ўзи ҳам ҳайит айёмида фақат фойдали, манфаатли ва савоб ишларга машғул бўлишга ундайди.
Қурбонлик қилиш Кавсар сураси 2-ояти билан собит бўлди. 1-оятда Яратган ўз ҳабибига Кавсарни ато этганини баён қилади. Кавсар Пайғамбар алайҳиссаломга қиёмат куни бериладиган суви сутдан оқ, асалданда тотли ҳовуз. Аммо баъзи муфассирлар Кавсарни – хойри касийр, яъни кўп яхшилик дея шарҳлайдилар. Демак, жуда кўп яхшилик ато қилинди. Энди бу яхшиликлар шукронаси учун ҳайит намозини ўқиш ва қодир бўлган кимса қурбонлик қилиши лозим бўлади. Шу жиҳатдан Қурбон ҳайити шукроналик байрами сифатида нишонланади. Инсонга жуда кўп неъматлар ато қилинган. Имон неъмати. Танисиҳатлик неъмати. Хотиржамлик, фаровонлик неъмати. Қуръони каримда инсонга берилган неъматларни ҳисоблаб, адоғига етиб бўлмаслиги баён қилинган. Масалан, Шайх Саъдий ҳар лаҳзада инсон жуда кўп марҳаматлар қаторида икки неъмат билан яшашини қайд этган. Биринчиси, нафас олиш ва иккинчиси, олган нафасни чиқариш. Бу икки неъматдан бири бўлмаса тириклик тўхтайди. Шунинг учун мутафаккир ҳар неъматнинг шукри инсонга вожиб, дея хулоса қилади.
Қурбон ҳайити ҳижрий-қамарий тақвимга кўра зул-ҳижжа ойининг ўнинчи кунида нишонланади. Айни пайтда зулҳижжа ойи кирди ва унинг дастлабки ўн кунининг ўзи алоҳида фазилатларга бой. Эътибор берсангиз, бу ой кириб келиши билан табиатда, атроф-муҳитда ўзига хос сокинлик, файз-футуҳ сезила бошлади. Қадим-қадимдан бу ой тинчлик ва сулҳпарварлик ойи ҳисобланиб, бу ойда ихтилоф, зиддият ва ҳар хил тўқнашувлар тўхтатилган. Шу жиҳатдан бу ойнинг дастлабки тўққиз кунидаги эзгу амаллар билан ўнинчи куни нишонланадиган ҳайитга алоҳида тайёргарлик кўрилади. Муқаддас динимиз таълимотига кўра, зул-ҳижжа киргандан сўнг инсон савобли ва эзгу ишларга кўпроқ аҳамият бериши лозим. Бу кунларда минглаб юртдошларимиз улуғ ҳаж ибодатини амалга оширадилар. Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва фарзандларимиз камолини сўраб, дуолар қиладилар.
Ҳайит байрамига хос гўзал анъаналар мавжуд. Ҳайитга ўтар кечани савобли амаллар билан ўтказиш. Байрам учун алоҳида ғусл қилиб, покланиш. Динимиз таълимотида кишилар тўпланадиган жойларга боришдан илгари ювиниб, покланиш суннат, яъни савоби улуғ амаллар қаторида зикр қилинган. Мантиқ оддий, мусулмон киши нафақат тили ва қўли, ҳатто нохуш ҳид билан бўлса-да ўзгаларга зарар етказиши мумкин эмас. Шу жиҳатдан ҳайит учун ғусл қилиш, тишларни мисвок қилиш (тозалаш) ва хушбўйланиш, ўзидан хуш ифор таратиш, энг яхши либосларини кийиб ясаниш фазилатлидир.
Қурбон ҳайитининг асосий икки жиҳати бу ийд намози ва қурбонлик қилишдир. Қурбонлик, албатта, ийд намозидан кейин амалга оширилиши керак. Шу ўринда бир нуқтага алоҳида эътибор қаратиш зарур. Кўпчилик онгида қурбонликни сўйиб, бир қисмини тарқатиш керак, деган қараш ҳукмрон. Қурбонликни учдан бирини тарқатиш — бу моддий жиҳатдан жуда тўқ, бадавлат кимсаларга хосдир. Агар ўртаҳол, кўпчилик билан истиқомат қилинадиган оила эгаси қурбонлик қилса, у оила аъзолари билан қурбонликни истеъмол қилиши савобдир. Яъни қурбонлик моҳиятида, аввало, оилавий байрам ётади. Баъзи инсонлар қўй сўйиш деганда ёнига худойи қилишни қўшиб ишлатадилар. Бу доим ҳам тўғри эмас. Оила ўртаҳол. Лекин бир қўй сўйишга бемалол қурби етади. Қурбонликни сўйиб, аввало, оиласини, фарзандларини, кекса ота-онасини хурсанд қилсин. Унинг бир қисмини тарқатиш, асосан, кунда бўлмаса-да, ҳафтада, ойда тез-тез қўй сўйиб турадиган, закот бериш имкониятига эга бўлган бадавлат кимсалар учун мустаҳаб, савоблидир. Шу жиҳатдан, бой-бадавлат кимсалар эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олишлари, уларга қурбонлик ва ҳайитликлардан улашишлари жамиятдаги тенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Қурбон ҳайитида қўни-қўшнилар, қариндош-уруғларни йўқлаш, кексалар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга ҳадялар улашиш фазилатлидир. Болажонларимиз бу кунларда ҳайитлик совғалардан масрур бўладилар.
Бугун юртимиз бўйлаб инсон шаъни ва қадр-қиммати улуғланаётган, одамларимиз қалбида ризолик ва шукроналик туйғулари тобора юксалиб бораётган экан, Қурбон ҳайити бу фазилатларнинг янада зиёда бўлишига, оилаларимиз тотувлиги, дастурхонларимиз тўкинлиги, турмушимиз тотлилигини кўпроқ ҳис қилишга ундайдиган савобли, файзли, баракотли улуғ айёмдир. Бу кунларни фақат эзгу амаллар билан ўтказиш, ота-оналаримизнинг дуоларини олиш, умр йўлдошимиз, фарзандларимиз, ака-сингил, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, ёру дўстларимизга имкон даражасида ҳайитликлар улашиш муҳим. Ҳайитлик фақат моддий кўринишда эмас, балки хушкалом, хушкайфият, табассум билан бўлса-да, ён-атрофингиздагиларни хурсанд қилиш фазилати билан ҳам улуғдир. Зеро, ўзганинг юзига кулиб, табассум билан боқиш ҳам эҳсондир.
Саидафзал САИДЖАЛОЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Нашриёт-матбаа бирлашмаси бош муҳаррири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Аёл — жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси. У гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. ...
01 янв 1970
Халқимиз олис ўтмишдан бошлаб тарихнинг барча даврларида шаҳарсозлик маданиятида, гўзал иншоотлар, иморатлар қуриш борасида бунёдкор миллат сифатид...
01 янв 1970
Бугун мамлакатимиз бўйлаб, жумладан, Қорақалпоғистоннинг энг чекка ҳудудларида ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тезкорлик билан амалга оширилаётга...
01 янв 1970
Журналистика касби бу соҳага кирган кишидан доимий ҳаракатда бўлишни, бугуннинг гапини тушдан кейинга ҳам қолдирмасликни талаб қилади. ...