“Адабиёт яшаса — миллат яшар”

/
...Аҳли қалам орасида кейинги икки йил чиндан ҳам юртимизда ҳақиқий адабиёт даври, ёзувчилар даври бўлмоқда, деган шукроналик чоғишган самимий эътироф бот-бот тилга олинмоқда. Албатта, бу бежиз эмас. Теграмизда шиддатли тарзда юз бераётган воқеликлар, баъзида ақлни лол этадиган суръатдаги эврилишлару ўзгаришлар, истилоҳлару ислоҳотлар табиий равишда, ўз-ўзидан шундай хулосага олиб келади кишини. Шунда беихтиёр улуғ Чўлпон ўсмир ёшида битган абадий ҳақиқат кўнгилдан ўтади: “Адабиёт яшаса – миллат яшар”.
Одатда, кўп ҳолларда биз раҳбар фаолиятининг дастлабки қадамларига қараб – томчида қуёш акс этгани янглиғ – хусусийликдан умумийликка ўтамиз, муайян хулосалар чиқарамиз. Шубҳасиз, ҳаммамизнинг ёдимизда бор, мамлакатимиз етакчилигига сайланган Шавкат Мирзиёев қабул қилган дастлабки қарорлардан бири “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида” бўлди. 2016 йил 7 декабрь санаси билан имзоланган мазкур қарорда шоирнинг “Сайланма” асарларини инглиз ва қорақалпоқ тилларига таржима қилиб, нашр этиш, ҳужжатли фильм суратга олиш, Эркин Воҳидов ҳайкалини яратиш, яшаган уйида ёдгорлик лавҳаси ўрнатиш, илмий конференция ўтказиш, асарлари асосида спектакллар саҳналаштириш, ижодий тадбирлар, адабий кечалар ўтказиш, телевидение ва радиода туркум кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш ва пировардида Ўзбек Миллий академик драма театрида адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш каби чора-тадбирлар назарда тутилди ва улар жуда қисқа муддат ичида, юксак уюшқоқлик билан амалга оширилди.
Шу амалий саъй-ҳаракатнинг ўзиёқ янги сайланган Президентнинг сайловолди дастурида ижтимоий соҳа йўналишида белгиланган қуйидаги вазифалар залворли асосга, уларни қатъий амалга ошириш механизмига эга эканлигини кўрсатди: “Ўзининг ноёб истеъдоди ва маҳоратини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бағишлаган, инсон қалбининг муҳандислари бўлган ижодкор зиёлиларга доимий эътибор масаласи дастуримизда етакчи ўрин эгаллайди. Ижодий ташкилотлар, бадиий уюшмалар фаолиятини қўллаб-қувватлашни, уларнинг моддий-техник базаси, инфратузилма тармоқларини мустаҳкамлаш, ижодкор зиёлиларимизнинг энг яхши асарларини юртимизда ва чет элларда тарғиб этишни биз маънавий-маърифий соҳадаги сиёсатимизнинг муҳим бир йўналиши деб биламиз.
Маданият, санъат, адабиёт ва матбуот оламига кириб келаётган иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш, юртимизда ўтказилаётган ижодий танлов ва фестивалларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, бадиий асарлар учун тўланадиган қалам ҳақи миқдорини қайта кўриб чиқиш, ижодий ва интеллектуал мулк эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари диққатимиз марказида бўлади”.
Зеро, маънавият борасидаги устувор сиёсатнинг намоён бўлиши сифатида тез орада Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Юсуфдек улуғ ижодкорларимиз туғилиб ўсган Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Андижон вилоятлари марказларида уларнинг ёдгорлик бюстларини ўрнатиш, ўша ернинг ўзида улар номидаги ижод мактаблари очишдек эзгу ишлар амалга оширилди.
 
 ...Бул Адиблар хиёбони – кўринг қандай нурхонадур,
Мудом баҳор яшнаб турган, боғи эрам, гулхонадур,
Айвонида Ҳазрат дуо қилиб турган пирхонадур,
Пок кўнгиллар нур сочгувчи мунаввар сайлгоҳ бўлгай.

Минҳожиддин Мирзо
 
ВАТАН ИЧРА ВАТАН
1934 йилнинг 7-8 мартида Тошкентда ўтган таъсис съездида ташкил этилган, кўп долғали даврларни бошидан кечирган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эътиборга молик фаолиятини ҳам чин дилдан эътироф этган ҳолда, бир масалага тўхталиб ўтмоқчийдик. Шўро даврида Ёзувчилар уюшмаси муассислигидаги газета-журналлар тиражи миллион-миллионга етиб, катта иқтисодий фойда келтиргани бор гап. Бироқ иттифоқ барҳам топганидан кейин қаламкашларнинг энг бой ташкилоти бўлган Адабиёт жамғармаси (Литфонд) Россия тасарруфига ўтди-кетди. Собиқ шўро республикаларидаги айрим ижодий уюшмалар елиб-югуриб, керак бўлса талаб қилиб, у ердан ўз ҳиссаларини олишга эришдилар ҳам, аммо майда-чуйда ишлар билан чалғиган бизнинг уюшма қуруқ қолаверди.
Балки мана шундай сабаб-омиллар ҳам боисдир, Ёзувчилар уюшмаси ҳалигача ўз биносига, халқона айтганда, ўз “ватани”га эга эмас эди. Ниҳоят 2017 йилнинг 18 апрелида “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этиш тўғрисида” қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Алишер Навоий ҳайкалига уйғун равишда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбль шаклидаги лойиҳасини ишлаб чиқиш, Ёзувчилар уюшмаси учун замонавий янги бино қуриш, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотираларига бағишланган ёдгорлик мажмуаларини барпо этиш учун танлов эълон қилиш масалалари белгилаб берилди. Бу, бешак, аксарият ижодкорлар кўнглидаги, улар орзу қилиб юрган чора-тадбирлар эди.
Тез орада Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шароф Рашидов хотиралари абадийлаштирилди, бутун республикамиз бўйлаб “Жаҳон адабиёти” журналининг 20 йиллиги нишонланди, Фарғона водийсида Амирий таваллудининг 230 йиллиги, Зиёвиддин Ҳазиний таваллудининг 150 йиллиги, Абдулла Қаҳҳорнинг 110 йиллиги, Йўлдош Сулаймоннинг 80 йиллиги ҳамда Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджоннинг 70 ёшлик таваллуд саналари байрам қилинди, Наманганда Исҳоқхон Ибратнинг 150 йиллик санасига бағишлаб бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Ёинки орадан йигирма йил ўтиб ёш истеъдодларнинг Зомин семинари қайта тиклангани, бу сўлим гўшада адибларга юз ўринлик дам олиш маскани қуриб берилаётгани, бу ёғи Паркентнинг хушманзараларида яна бир ижод уйи бунёд этилаётгани... Буларнинг ҳаммасини санаб адоғига етиб бўлмас.
Бугун пойтахтимизнинг қоқ марказида, Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида барпо этилган Адиблар хиёбони ва Ёзувчилар уюшмасининг кўркам янги биноси кўрган кўзни қувонтириб турибди.
АДАБИЁТСИЗ МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ ЙЎҚ
2017 йилнинг 3 август куни давлатимиз раҳбарининг юртимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан ўтказган учрашуви адабиёт аҳлининг қалби, онг-шуурига абадий муҳрланиб қолган тарихий воқеа бўлди. Президентимизнинг “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” деб номланган маърузасида бугунги адабиёт ва санъат, маданият соҳалари олдида турган долзарб муаммолар, мураккаб масалалар очиқ-ойдин айтилди, уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар, кўламдор ечимлар ўртага ташланди.
Маъруза аввалидаёқ “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган сиз, муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз”, дея ижод аҳлига нисбатан эҳтиром билдирилиши учрашувнинг самимий, чин юракдан суҳбат тарзида ўтишини белгилаб берди.
Юрт етакчиси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида барча соҳа ва тармоқлар қатори маданият ва санъат, адабиёт, оммавий ахборот воситалари равнақини янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.
Юртбошимиз ижод аҳли азалдан “жамият тафаккурининг эгалари” дея юксак баҳоланишини яна бир бор эслатди. Бироқ, айни пайтда, ижодкорлар, айниқса, истеъдодли ижодкорлар жамиятнинг ижтимоий муҳофазага муштоқроқ қатлами бўлади. Яратувчанлик меҳнати билан банд ижодкорларни асраб-авайлаш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериш эса ҳамиша ўз ижобий самарасини бермай қолмайди.
Президентнинг танқидий-таҳлилий руҳдаги чиқишида жиддий, ҳатто айримлари маддалаб кетган муаммолар тилга олинди. Жумладан, “Биз бир нарсани ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур. Агар “оммавий маданият” таҳдиди фақат четдан – ўарбдан кириб келади, десак, қаттиқ адашамиз. Бу бало, афсуски, ўзимиздан, ўз орамиздан ҳам чиқиши мумкин. Мен бу гапларни осмондан олиб айтаётганим йўқ. Юртимизда нашр этилаётган айрим газета-журналлар, китобларни, суратга олинаётган баъзи клип ва киноларни, эфирга берилаётган қўшиқ ва рақсларни кузатиб, соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам шундай хулосага келиши табиий”.
Дарҳақиқат ва, афсуски, вазият шундай. Бугун хорижники қолиб, ўзимиздан чиққан балолар ёшларимиз онгини заҳарламоқда. Айрим чоп этилган ялтироқ муқовали китобларни ўқиб туриб, беихтиёр бошингизни чангаллаб қоласиз: буни ким чиқарган, нима учун...
Бир сўз билан айтганда, миллий адабиётимизни янада ривожлантириш йўлидаги айрим тўсиқлар, муаммолар олиб ташланди. Таъбир жоиз бўлса, қалам аҳли учун яйраб ижод қиладиган давр келди. Илло, Эркин Воҳидов айтганидек, бизда истеъдодлар мўл, бироқ энди бизга даҳолар зарур.
ДУНЁ ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИ ТАНИСИН
Тан олайлик, бизнинг кўплар ҳавас қилса арзийдиган буюк мумтоз адабиётимиз бор. Тан олайлик, бизнинг кўплар ҳавас қилса арзийдиган замонавий адабиётимиз бор. Сўнгги жумла Сизга ортиқча мақтанчоқлик бўлиб туюлмасин. Икки-уч йил бўлиб қолди, шекилли, хорижлик адабиётшунослардан бири суҳбат пайти бугунги ўзбек адабиётида Нобель мукофотига муносиб даражада ижод қилаётган камида бешта ёзувчи бор деганди. Майли, бешта бўлмаса, иккита бўлар, битта бўлар, ҳар нечук, адибларимиз ижодини дунё эътироф этиб турибди.
Демак, гап таржимада. Ўзбек ижодкорларининг асарлари “икки дарё орасида қолиб кетмаслиги” керак. Ахир, ўзингиз яхши биласиз, С.Есенин шеърлари баайни ўзбек тилида ёзилгандай: равон, ширали, мафтункор. Бу, албатта, таржимон Эркин Воҳидовнинг хизмати. Худди шундай Гёте, Достоевский, Айтматов сингари буюк ёзувчилар ҳам Янглиш Эгамова, Иброҳим ўафуров, Асил Рашидов сингари мутаржимларнинг маҳорати боис ўзбекча гапириб юборишган. Таассуфки, ўзбек асарларининг шу савияда дунёга чиқиши борасида мақтанолмаймиз. Муаммо эса ўша-ўша, яъни Аваз Ўтар нола этгани каби:
Зор ўлмасун онлар доғи тил билмай Аваздек,
Тил билмаганидин ани бағри тўла қондур...
Тўғри, бугунги глобаллашув, интеграция жараёнида ёшларимиз хориж тилларини тезлик билан ўрганишмоқда, асарларни “шўрвасининг шўрваси” тарзида эмас, бевосита аслиятдан таржима қилаётган ва аксинча, яъни ўзбек тилидаги асарларни хориж тилларига таржима қилаётган мутахассислар қатлами ҳам пайдо бўлди. Бироқ аксар таржимонларимиз аввал она тилини чуқур ўрганиб, сўнг чет тилларга “панжа урмоқ” мақсадга мувофиқ эканлигини унутиб қўйишяпти.
Албатта, баъзан адабиётимизнинг юзи ҳисобланган бақувват, жаҳон дурдоналари билан бемалол беллаша оладиган асарларимиз эмас, паст савияли китобларнинг хориж тилларига таржима қилинаётгани ҳам бор гап.
Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида “бадиий асарларни хорижий тилларга таржима қилиш мақсадида миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини аниқлаш бўйича махсус комиссия тузиш; комиссия томонидан сараланган асарларни “Ижод” жамоат фонди маблағлари ҳисобидан хорижий тилларга юқори сифат билан таржима қилиш ва чет элларда нашр эттириш; бадиий адабиёт бўйича ёш таржимонларни тайёрлаш, фаолият кўрсатаётган таржимонларнинг профессионал малакаси ва маҳоратини оширишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” алоҳида белгилаб қўйилганлиги айни муддао бўлди.
Пойтахтимизда 7-8 август кунлари ўтказилган “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция адабиётимизни дунёга танитишда, тарғиб-ташвиқ этишда муҳим қадам бўлди. Анжуманда дунёнинг 28 давлатидан қирққа яқин шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар ташриф буюришди.
Конференцияда иштирок этган Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси Анор муаллим, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Низом Қосим ва бошқалар юртимизда адабиёт аҳли учун яратилаётган шарт-шароитлардан, кўрсатилаётган ғамхўрликдан ҳайратда эканликларини билдиришди. Шу билан бир қаторда аксарият меҳмонлар Адиблар хиёбони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биносини видеотасвирга олишди ва бу тасвирларни ўз мамлакатлари раҳбарларига намойиш қилишларини билдиришди.
Юртбошимизнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригида бугунги мураккаб замонда адабиётнинг муҳим ўрнига алоҳида тўхталиб ўтилди: “Айниқса, ҳозирги нотинч ва таҳликали замонда бутун башарият олдида пайдо бўлаётган, биз илгари дуч келмаган ғоят мураккаб муаммолар, глобал хавф-хатарларни биргаликда бартараф этиш, шу йўлда барча эзгу ниятли инсонларни бирлаштиришда, дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этадиган ёшларни гуманистик ғоялар руҳида тарбиялашда бадиий сўз санъатининг ўрни ва масъулиятини ҳар қачонгидан ҳам юксалтириш зарурлигини бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда”.
Шубҳасиз, мазкур халқаро конференция ўзбек адабиёти таржимонлари мактаби шаклланишига, ўзбек адабиётининг дунё адабиётида ўзига хос ва мос мавқега эришишига хизмат қилади.
УЙИ БОРНИНГ КЎНГЛИ ТИНЧ
Президентимизнинг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Тошкент шаҳрида яшаб ижод қилаётган ижодкорларни имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой билан таъминлаш белгиланган эди. Мана, жуда қисқа муддат ичида азим пойтахтга кўрк бериб турган “Бўзсув” соҳилида замонавий лойиҳа асосида муҳташам уйлар қад ростлади. Уйларнинг биринчи қаватида ижодкорлар ва уларнинг оила аъзолари, фарзандларига қулай шароит яратиш мақсадида поликлиника ва мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади.
10 август куни давлатимиз раҳбари айнан Адиблар хиёбони рўпарасида Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида бунёд этилаётган янги уй-жойларни келиб кўрди, бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди.
– Заргар қимматбаҳо металлдан, адиб сўздан зебу зийнат ясайди, – дейди учрашувда иштирок этган “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фахриддин Ҳайит. – Моддий зийнат танни, сўз гавҳари қалбни безайди. Шу боис ботиний гўзаллик ҳамиша эъзозланади. Қалб меъморлари бўлган ижодкорларга эътибор қаратиш, уларнинг ҳаётий манфаатларини ҳимоялаш, турмушини яхшилаш ижодий меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Халқимиз азалдан ёзувчига, аҳли адабиётга алоҳида ҳурмат билан қарайди, аксар ҳолатларда уларни эъзозлаб “қалб муҳандислари” деб ҳам атайди. Бугун ижодкорнинг ҳақ Сўзи, халқ қувончу ташвишлари, дарду муаммолари акс этган асл асарига нисбатан эҳтиёж кучайган. Буни ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Замонамиз Адабиётнинг атомдан қудратлироқ кучини ўтин ёришга эмас, жаҳон адабиёти дурдоналари қаторидан жой олишга муносиб, халқимизнинг маънавиятини юксалтирадиган, комил инсонларни тарбиялайдиган, ҳақиқий санъат намунаси дейишга муносиб асарлар яратишга ундамоқда. Бу чақириққа “лаббай” дея жавоб бермаслик, зиммадаги масъулиятни ҳис қилмасликнинг ўзи мумкин эмас. Илло, адабиётга эътибор, шубҳасиз, келажакка ва — эҳтимол энг аввало — бугунимизга эътибордир.
Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ,
ёзувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...
01 янв 1970
Термиздаги Археология музейининг кириш залида танга шаклидаги катта экспонат қўйилган. Бу экспонатда қайиқ ва лангар тасвири акс эттирилган. ...
01 янв 1970
Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичлар...
01 янв 1970
Кун жуда иссиқ. Ёз ҳеч кимни аямай ўз ҳукмини ўтказмоқда. Лекин жазирамада ҳам жонсарак юрган қоракўзларни кўриб, дарров танийсан: улар “Ёш к...