ТЎЙЛАР МУБОРАК!

/
Тўй... У ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда азиз, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштирадиган, дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган, одамларни яхшиликка ундайдиган, шодлик бағишлайдиган маросим ҳисобланади. Одатда тўй жамоатчилик иштироки билан нишонланадиган тантана бўлса ҳам, уни ўтказиш базм уюштираётган бир ёки икки оиланинг ўз маблағи, иқтисодий шароити ва бошқа молиявий имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилади. Бошқача айтганда, тўй, маросим ўтказиш ҳар бир оиланинг шахсий иши деб қаралади. Лекин бу жараёнда тўй ёки маросим эгаси амал қилиши зарур бўлган бир ҳолат бор. Маълумки, тўйларни, маросимларни ўтказиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар ҳар бир миллат ёхуд халқнинг кўп асрлар давомида шаклланган урф-одатлари, анъаналари, бошқа ўзига хос жиҳатлари даврнинг талаблари, ўзгаришлари, янгиликлари билан уйғунлашган ҳолда юзага келган. Демак, тўй ёки маросим эгаси ана шу тартиб-қоидаларга амал қилади.
Бироқ тўй ва маросимларимиз ҳамма вақт ҳам меъёрида, энг яхши анъаналаримизга, урф-одатларимизга асосланган ҳолда ўтказилавермайди. Уларни ўтказишда баъзан ҳаддан ошиқ исрофгарчиликлар, баъзи ҳолларда дабдабабозлик, шуҳратпарастликлар, айрим пайтларда тўй ва маросим ўтказаётган оилалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар ҳам учраб туради. Бу эса тўй ва маросимларда турли иллатларнинг пайдо бўлишига йўл очиб беради. Натижада бир-икки оиланинг тўй ва маросим билан боғлиқ масалалари баъзан жамият ёки умуммиллатнинг муаммоларига айланади.
Эътибор берганмисиз, халқ оғзаки ижоди намуналари бўлган аксарият эртак ва достонларимиз “Қирқ кечаю қирқ кундуз тўй бериб, мурод-мақсадларига етдилар”, деб якунланади. Албатта, бу эртакдаги гап. Лекин эртаклар шунчаки тўқилмайди. Улар ҳаётнинг бадиий инъикоси сифатида яратилади. Шундай экан, келинг, тўйларимизга, хусусан, никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимларга эътибор берайлик. Бу тўй маслаҳат ошидан бошланади. Кейин унаштириш, фотиҳа тўйи, ҳайитлик, тўй жўнатиш, келин ва куёв томонда алоҳида тўйлар, тўйдан сўнг юз очди, келин салом, келин кўрди, сеп йиғиш, чорлар ва бошқа маросимларга уланиб кетади. Албатта, бу маросимларни ўтказиш 40 кунга чўзилмаслиги мумкин, аммо уларни беш-олти кунда ўтказиб бўлмаслиги ҳам аниқ. Шу сабабли аждодларимиз қадим-қадимдан дабдабабозлик, исрофгарчиликни келтириб чиқарадиган, ортиқча сарф-харажатни кўпайтирадиган бундай маросимбозликларга қарши турганлар. Ислом динида ҳам ортиқча маросимбозликлар қораланган. Буюк алломаларимиз пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Никоҳ тўйида бир кун таом бериш суннат, икки кун таом бериш исрофгарчилик, уч кун таом бериш риёкорликдир”, деган сўзларини энг саҳиҳ ҳадис сифатида келтиришлари бежиз эмас.
Тўй эгасининг тўй, базм муносабати билан ўзини бошқаларга кўрсатиб қўйишга, бошқалардан кам эмаслигини намойиш этишга интилиши билан боғлиқ манманликлар, шу сабабли келиб чиқадиган дабдабабозлик, исрофгарчилик, риёкорлик каби иллатлар ҳеч бир даврни четлаб ўтмаганлиги аниқ. Акс ҳолда пайғамбаримиз томонидан юқоридаги каби сўзлар айтилмаган бўлар эди. Ёхуд XIV аср адиби Сайфи Саройи “Тўй улуғ юмушдир. Лекин бу юмушдан манманлик йўлида фойдаланмак қиёмат-қойим ишдир”, деб куюниб ёзмасди. Ёки буюк мутафаккир Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр” асарида “Тўйда қалин олиш жон олиш билан тенг, боз устига маҳр сўраш имон талаб қилишдир. Жони ва имони олинган инсон учун бу дунёда ҳаёт тугайди. Аслида бу жабру жафо келтирувчи сўраб олинадиган маблағлар дабдабали базм, ҳашамдор тўй учун сарфланади. Не ажабки, бу номувофиқ ишлар силсиласи азал-абад давом этиб келмоқда”, деб ёзғиради. Ёхуд улуғ шоир Фурқатнинг миллатимизнинг гўзал урф-одати намунаси бўлган тўйнинг базмбозлик, тўйбозлик, ишратбозлик каби иллатлар ботқоғига ботиб қолаётганлиги ҳақидаги фикрларини бир эсланг.
ХХ аср бошларида яшаган маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний эса улуғ салафларининг тўй борасидаги фикрларини давом эттириб, “Бизни илмсизлик, тарбиясизлик, тўй деб мингларча ақчаларни беҳуда исроф этмаклик оғир аҳволга солди. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилиб, фақир ва камбағалларимиз бор-йўқлариға қарамасдан уйларини, боғларини, тўнларини сотиб тўйга сарф қилмакдадурлар. Тўй деган ерда муқаддас Ватанини сотишдан тоймайдиган, истиқболини ўйламаган ва болаларининг саодатини тушунмаган бир қавмдан қандай тараққий, маданият ва маърифат кутмак керак?”, дея надомат билан ёзганди. Бу иллатлардан қутулмоқ йўлларини излаган эди. Афсуски, бу иллатлар кейинги даврларда ҳам барҳам топмади.
Тўй-тантаналар, маърака-маросимлар ўтказиш билан боғлиқ камчиликлар бир кунда пайдо бўлган эмас. Улар кўп йиллар давомида ортиқча маросимбозликлар, дабдабабозликлар, исрофгарчиликлар, шуҳратпарастлик каби иллатлар натижасида юзага келган. Бу иллатлар ҳар бир даврда шаклини ўзгартирган ҳолда намоён бўлмоқда. Не ажабки, юртимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида ҳам тўйларни ўтказиш билан боғлиқ камчиликлар бўй кўрсатди. Шунинг учун ҳам 1998 йилда Биринчи Президентимизнинг мамлакатимизда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш борасида фармони эълон қилинди. Бу фармонда тўйлар, тантаналар, маросимларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка берилиб, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби асоратларга барҳам бериш масаласига эътибор берилди. Айниқса, тўйларда исрофгарчилик, дабдабабозликни келтириб чиқарадиган маблағни ортиқча сарфлашнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Сармояни тўйлар учун ортиқча сарф қилмасдан, тежалган маблағларни келажак авлоднинг соғлом ўсиши, илм олиши, ҳар бир инсоннинг яхши яшаши, ҳаёт тарзимизни яхшилаш, маънавиятимизни янада юксалтириш ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун ишлатиш масаласи ўртага ташланди. Бу фармон юртимизда тўй ўтказиш билан боғлиқ баъзи камчиликларни бартараф этишга имкон яратди. Аммо...
Тўй ва маросим ўтказувчиларга четдан туриб тўйни ундай ўтказиш, маросимни бундай нишонлаш керак, деб маслаҳат бериш осон. Лекин бу ишларни меъёрида, ҳаммага манзур бўладиган даражада амалга ошириш қийин. Чунки ҳар бир тўй ва маросим одамларнинг қанча иштирок этиши, унга сарфланадиган маблағ миқдори ва бошқа жиҳатларидан бир-бирларидан фарқ қилади. Уларни ўтказиш учун ягона қолип яратиб бўлмайди. Қолаверса, тўй ва маросим ўтказувчи ҳар бир оиланинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам ҳисобга олиш керак. Бу масаланинг бир томони. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор.
Айтайлик, тўйда ҳамма нарсани мўл-кўл қиламан деб озиқ-овқат, нон ва бошқа маҳсулотларни исроф қилаётганларни ёки мен фалончидан ошириб тўй қилолмайманми, деб маблағни бекорга совураётганларни, тўйни дабдабабозликка айлантираётганларни ва бошқа шу каби иллатларни келтириб чиқараётганларнинг қилмишларини оқлаб бўладими?! Ёхуд орамизда энди тўкинчилик замони дея ўғли ёки келинига тўй кунида машина, уй-жой, дала ҳовли, қимматбаҳо тақинчоқлар ҳадя қилишни урф-одатга айлантиришга уринаётганлар ҳам бор. Ахир беш қўл баробар эмас, ҳамманинг ҳам бундай ҳадябозликларга қурби етмаслиги аниқ. Демак, бу хусусда ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак.
Кейинги 10-15 йилда оммавий ахборот воситаларида никоҳ тўйларида куёв томондан кўп миқдорда қалин пули олинаётганлиги, ҳар хил кийим-кечаклар, кўплаб саруполар талаб қилинаётганлиги, ўн-ўн бешталаб машинада келин-куёв ва уларнинг дўстлари таралабедод айланаётганлиги, келин томон зиммасига унинг бисоти учун хориж мебели, чет эл кийимлари, гиламларини олиш юкланаётгани хусусида кўп ёзилди. Бу иллатлар асарларда қораланди. Афсуски, бундай иллатлар тўйларимизда ҳамон учраяпти.
Тўғри, ҳаёт тараққиёт этгани сайин тўй ва маросимларни ўтказишда ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар юзага келмоқда. Бундан 15-20 йил илгариги тўйларни кўз олдимизга келтирайлик. Улар тўй эгасининг хонадонида, ҳовлисида, ҳовли торроқ бўлса унинг олдидаги кўчада ёки ялангликда, қишлоқларда эса далаларда ўтказиларди. Бундай тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат кам бўлардию лекин уни ўтказишда ташвишлар кўп эди. Эндиликда тўйлар ресторанларда, махсус тўйхоналарда ўтказилмоқда. Кейинги йилларда нафақат шаҳарларда, туманлар марказлари, қишлоқларда ҳам муҳташам тўйхоналар барпо этилди. Бу тўй ва маросим эгаларини ортиқча ташвишлардан халос қилди. Тўйлар ниҳоятда тартиб билан, уюшган ҳолда, югур-югурлардан холи, маданий жиҳатдан юксак савияда бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга, тўйларнинг муҳташам кошоналарда ўтказилиши сабабли маросимбозликлар бир қадар озайди. Никоҳдан ўтиш, келин салом, келин кўрди, чорлар каби аввал алоҳида-алоҳида бўладиган маросимлар энди бахт тўйи билан биргаликда нишонланадиган бўлди. Олдингидек исрофгарчиликларни келтириб чиқарадиган тоғорабозликлар камайди. Булар, албатта, яхши.
Лекин булар ўрнига эндиликда бошқа бир ташвиш пайдо бўлмоқда. Тўйларга сарфланадиган маблағ, харажат миқдори ошиб бормоқда. Бугунги кунда тўйхоналарнинг ҳашамдорлиги, хизмат кўрсатиш даражаси ва бошқа жиҳатларига қараб ҳар бир тўй учун 30 миллион сўмдан 80-90 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Бу эса тўйларнинг турли даражаларга бўлинишини юзага келтирди. Ҳозирги кунда тўйлар қандай ўтганига эмас, қаерда, қайси тўйхонада нишонланганига, кўп одам қатнашганлигига, унга қанча маблағ сарфланганига қараб баҳо бериладиган бўлди. Кўп миқдорда маблағ сарфланган тўйлар ҳам, тўй эгалари ҳам кўкларга кўтариб мақталмоқда. Бошқача айтганда, тўйларимиздаги аввал мавжуд исрофгарчилик, маросимбозлик каби иллатлар ўрнини энди ортиқча маблағ сарфлаш, шу орқали ўзини кўрсатиш, дабдабабозлик, шуҳратпарастлик сингари иллатлар эгалламоқда.
Шу сабабли мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ижодкор зиёлилари билан учрашувда тўй-маъракаларни, маросимларни ортиқча дабдабабозликсиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш, сарф-харажатларни камайтириш хусусида таклифларни ўртага ташлади. Бу борада халқимизнинг таклиф-мулоҳазаларини жиддий ўрганиш, шу асосда қарорлар, фармонлар ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари ўртага қўйилди. Тўй-маросимларда одамлар сонини камайтириш, келин-куёвлар учун хизмат қиладиган машиналар сонини қисқартириш, тўйларда ортиқча чиқимларни, сарф-харажатларни келтириб чиқарадиган иллатларни бартараф этиш каби масалалар ҳақида фикрлар билдирилди. Булар, албатта, тўйларимизни яхши, файзли ва ортиқча сарф-харажатларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш учун зарур тадбирлар. Аммо шу ўринда яна бир муаммони, яъни тўйхоналарда тўй-маросим ўтказиш учун тўланадиган маблағларни маълум бир меъёрга солиш, ҳаётий заруратдан келиб чиққан ҳолда маълум нархлар белгилаш вақти етди, деб ўйлаймиз. Тасаввур қилинг, баъзи тўйхоналарда маросимда қатнашадиган ҳар бир одам учун белгиланган нарх 35-45 минг сўмдан бўлса, айримларида бу кўрсаткич 100-120 минг сўмдан қилиб белгиланган. Наҳотки, тўйхоналарда ҳар бир одамнинг иштироки, ейиш-ичиши, маданий дам олиши учун шунча маблағ сарфланса. Ана шунинг ўзи ҳам тўйларда ортиқча сарф-харажатнинг юзага келиши учун хизмат қилмоқда. Шу сабабли ҳам бу борада маълум меъёрий нарх ишлаб чиқилиши керак. Умуман, бугунги кунда тўй-маросимларни ўтказиш билан боғлиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши керак.
“Тўйлар муборак!” сўзлари билан бошланувчи қўшиқ халқимизнинг, миллатимизнинг қувончли кунига шодиёна, руҳиятига ниҳоятда мос яратилган. Ана шу қўшиқ тўйларимизда хурсандлик, руҳий юксаклик билан ижро қилиниши, ҳамманинг қалбига қувонч, жўшқинлик бағишлаши учун тўй-маросимларимиз дабдабабозлик, исрофгарчилик, ортиқча сарф-харажат каби иллатлардан холи бўлиши керак. Ана шунда унинг қалбларга руҳий озиғи ҳам юксак бўлади.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги дунё — мураккаб ғоявий зиддиятлар дунёси, унда “мафкуравий полигонлар ядро полигонларига қараганда кучлироқ ва хавфлироқдир&rdq...
01 янв 1970
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбия...
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...
01 янв 1970
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. ...