Бағдодлик “Остап Бендер”

/
Кундалик ҳаётимизда содир этилаётган катта-кичик жиноятларнинг юзага келишини у ёки бу омиллар билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, сўнгги пайтларда тез-тез бўй кўрсатиб қолаётган фирибгарлик жиноятини ҳам. Айтайлик, жабрланувчиларнинг ўта ишонувчанлиги ёки лоқайдлиги фирибгарларга жуда қўл келмоқда.
Бағдодлик Ҳожиакбар Исроиловнинг қилмишлари ҳам ана шундай кеч англанган сабаблар туфайли юзага келди.

Халқимизда “Синалмаган отнинг сиртидан ўтма”, деган нақл бор. Бу – ўзинг аввалдан танимаган-билмаган инсонга ишонма, дегани ҳамдир. Аммо Риштон туманида яшовчи фуқаро Ойбек Мамадалиев синалмаган Ҳожиакбарга ишониб, чув тушди. Гап шундаки, Ҳ.Исроилов 2016 йил август ойида гўёки ўзини харидор сифатида кўрсатиб, Ойбек билан 2 дона “Ласетти” русумли автомашинасини 18.000 АҚШ долларига баҳолашди.
– Фақат пулини бир йил давомида ойма-ой тўлаб бераман, – дея Ҳ.Исроилов автомашиналар соҳибига 100 АҚШ доллари берди холос.
Лекин ҳали қарзидан қутулмасидан аввал у “Ласетти”ларни дастлабки терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юборди. Бу ҳам етмагандек, О.Мамадалиевдан савдо ишларини ривожлантириш учун 1500 АҚШ доллари қарз олиб, қайтариб бермади.
Шундан сўнг Ҳожиакбар 6 ой “танаффус” қилди. 2017 йил 6 март куни у яна бир риштонлик фуқаро Отабек Асатуллаевникига кириб борди.
– Сотиладиган “Матиз” машинангиз борлигини эшитиб келдим, – деди ўзини автомашина олди-сотдиси билан шуғулланувчи тадбиркор сифатида таништириб.
– Ҳа, бор. Сотиб, “Нексия” олмоқчи эдим, – дея изоҳ берди унинг асл мақсадидан бехабар Отабек.
– Сизга ўзим “Нексия-2” олиб бераман. Аввал “Матиз”нинг нархини келишайлик.
Шу тариқа “харидор” 2.300 АҚШ долларига баҳолашиб, О.Асатуллаевнинг “Матиз” автомашинасини ва нархи 12.000.000 сўмлик 4 бош қорамолини “Нексия-2” машинаси эвазига олиб кетди. Бироқ ваъдасини бажариш ўрнига “Матиз” ва қорамолларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди.
Ёки фирибгар “қаҳрамон”имиз Қўқон шаҳар А.Жомий кўчасида яшовчи Исроил Ваҳобхўжаевдан ҳам савдо ишларини ривожлантириш учун дея 11.500 АҚШ долларини олиб, жиғилдонига урганига, қолаверса, Исроилнинг “Ласетти-жентра” русумли автомашинасини пулини кейинчалик бериш шарти билан 11.700 АҚШ доллари нархида олиб, лафзсизлик қилганига нима дейсиз? Ёхуд айнан шу воқеадан бир ой аввал ва бир ой кейин фуқаро Умиджон Отабоевнинг “Нексия-2” русумли, 40 331 ВВА давлат белгили, 2 та “Дамас” русумли, 40 541 DBA ҳамда 40 542 DBA давлат белгили автомашиналарини жами 20.400 АҚШ долларига сотиб олади. Аммо келишилган пулнинг 8.500 АҚШ долларини беради-ю, қолганини беришни “унутиб” қўяди.
Юқорида фирибгарларга жабрланувчиларнинг соддалиги, ишонувчанлиги қўл келишини бежиз алоҳида таъкидламадик. Негаки, риштонлик Ойбек Мамадалиев 2016 йил август ойида Ҳожиакбарнинг фирирбгарлигидан азият чеккан бўлса-да, орадан бир йил ўтгандан кейин ҳам унинг ёлғон ваъдаларига лаққа тушгани ҳар қандай кишини ҳайрон қолдиради. Акс ҳолда, 2017 йил август ойида Ҳ.Исроилов О.Мамадалиевнинг “Орландо” “Ласетти” русумли автомашиналарини 27.000 АҚШ доллари баҳосида насияга олиб, бор-йўғи 2000 АҚШ доллари берган ҳолда қолган қисмини бермай қўймаган, энг муҳими, машиналарни терговда шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахсларга сотиб юбормаган бўларди.
Бундан ташқари, у риштонлик Хуршиджон Тожибоев, Давронбек Мирзажонов, Мақсудали Камолиддинов, Илҳомжон Жўраев, Соҳибназар Худойберганов, Муслим Исмоилов, Олимжон Расулов, бағдодлик Дилмурод Абдуллаев, Нўъмонжон Дадабоев, Бахтиёр Абдураҳмонов, марғилонлик Бекзод Амиров, қўқонлик Ферузбек Шокировларнинг турли русумли автомашиналарини насияга сотиб олиб, алдаб кетган. Аниқроқ айтганда, 13 ойда 25 маротаба фирибгарлик қилишга улгурган. Оқибатда жабрланувчилар ўзлари истиқомат қилаётган ёки воқеа содир бўлган ҳудуддаги ички ишлар бўлимларига мурожаат қилганлари туфайли Ҳожиакбарнинг қилмишлари фош этилган.
Буни қарангки, дастлаб тергов ва суриштирув жараёнида Ҳ.Исроилов Ойбек Мамадалиев, Давронбек Мирзажонов, Мақсудали Камолиддинов, Умиджон Отабоев, Ферузбек Шокиров, Олимжон Расулов, Соҳибназар Худойберганов, Бахтиёр Абдураҳмоновларга етказган зарарини тўлиқ қоплади. Қолган жабрланувчилар ўз ҳақларини ундириб беришни ва унга қонуний чора кўришни сўрашди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди Ҳожиакбар Исроиловни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, унга нисбатан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Энг асосийси, суд ҳукмида Ҳ.Исроиловдан жабрланувчиларга етказилган 340.609.760 сўм моддий зарарни ундириш ҳам белгиланди. Айрим жабрланувчиларга эса тегишли ИИБ жарима майдончасида сақланаётган автомашиналари қайтарилди.
Хулоса ўрнида фуқароларимизни яна бир карра Ҳожиакбар Исроилов сингари фирибгарларнинг найрангларидан эҳтиёт бўлишга ундаймиз. Зеро, ҳақ-ҳуқуқини билган, ҳушёрликни унутмаган ҳолда муомала қилган инсонни ҳеч ким алдолмайди.
Элёрбек ҲАКИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Янги ўқув йили олдидан ота-она фарзанди учун мактаб формаси харид қилади.
01 янв 1970
Болалик давримдан хотира сифатида хаёлимда муҳрланиб қолган воқеалардан баъзиларини эслаб тураман. ...
01 янв 1970
Мактабларимизда янги ўқув йили бошланганига ҳам ўн кундан ошди. Ўзгаришлар бир олам. Уларнинг ҳаммаси яхшиликка......
01 янв 1970
Алишер Навоий инсониятни улуғлаб ўтган, уни ҳаётнинг буюк бунёдкори деб таърифлаган ижодкор....