Нурободда 22,1 фоиз бола МТМга қамраб олинади

/
БУ РАҚАМ БИЛАН МАҚТАНСА БЎЛАДИМИ?
Газетамизнинг 2018 йил 29 июнь 26-сонида эълон қилинган “Болангиз боғчага бормайдими, ҳоким бува?!” сарлавҳали мақолада Самарқанд вилояти Нуробод туманида болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш масалаларига оид камчиликлар ҳақида фикр юритилган эди. Халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашидаги Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Ботированинг мазкур мақоласида депутатлар томонидан ҳудудда шу масалада олиб борилган ўрганишлар натижалари баён қилинган.
Мақола газетада чоп этилганига кўп ўтмай таҳририятимизга Нуробод туман мактабгача таълим мудири Д.Амирова ва туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари С.Илмуродов имзолари билан жавоб хати етиб келди.
Газета — халқ минбари. Биз халқ депутатлари туман Кенгаши депутатининг мақоласини чоп этдик. Энди туманда ушбу соҳа масъулларининг фикрларини ҳам муҳокамага қўйишни лозим топдик. Қуйида Нуробод тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан юборилган жавоб хати таҳрирсиз чоп этилмоқда:

“Нуробод туманида 4 та партия газеталари ичида “Adolat” газетасининг ўқувчилари ва обунаси сони йилдан-йилга ошиб бормоқда ва севимли нашримизга айланиб улгурди. Албатта, бунинг боиси — газетанинг ўз номига муносиб тарзда очиқлик ва ошкораликни тарғиб этгани ва бир-биридан ўқишли мақолаларнинг кўплигида.
Газетанинг 2018 йил 29 июнь кунги 26-сонидаги халқ депутатлари Нуробод туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Ботированинг “Болангиз боғчага бормайдими, ҳоким бува?!” сарлавҳали мақоласи туман мактабгача таълим бўлими ва туман ҳокимлиги томонидан ўрганилиб, муҳокама қилинди.
Авваламбор, мақолада келтирилган рақамлар жуда эски. Яъни муаллиф Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонидан сўнг соҳада туман миқёсида амалга оширилаётган катта янгилик ва ислоҳотлардан негадир “кўз юмган”.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 17-18 март кунлари вилоятимизга ташрифи давомида мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида берган топшириқлари, эътибори ва шахсан ташаббуси билан туманимизда Ўртабўз, Олға, Ағрон (ҳар бири 100 ўринли) ҳамда “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилаётган Жом қишлоғида 60 ўринли МТМлар қурилиши жадаллик билан олиб борилмоқда. Нуробод шаҳридаги Жанубий кон бошқармасига қарашли “Кўзмунчоқ” мактабгача таълим муассасасини (200 ўринли) қайта реконструкция қилиш ишлари охирига етказилмоқда.
Шунингдек, туман ҳокими Ф.Зоиров саъй-ҳаракати билан туман марказидаги Наврўз 4-мактабгача таълим муассасасида болалар сони кўплиги учун қўшимча 50 ўрин яратилди ва бунинг учун туман маҳаллий бюджетидан 170 миллион, туманда мавжуд 6 та боғчаларни музлатгич, болалар юмшоқ жиҳозлари, чойшаблар тўплами, гилам ва пардалар, болалар ётоқлари, шкафлар, ошхона жиҳозлари билан таъминлаш учун 359 миллион 365 минг сўм маблағ ажратилди ва тўлиқ таъмирланди.
4-, 6-, 8-сон МТМларга 22 миллион 387 минг сўмлик кузатув камералари ўрнатилди. 8-сон МТМда 30 миллион сўмга куз-қиш мавсумига иситиш тизими қувурлари тўлиқ алмаштирилди.
Мазкур йилда туман марказидан 60 километр узоқликдаги Тим қишлоғида янги боғча ишга туширилди ва унинг филиали қайта реконструкция қилиниб, алоҳида МТМ ташкил этилди.
Мақолада келтирилганидек, мактабгача таълим муассасаси 5 та эмас, 6 тани ташкил этади, туманда мактабгача ёшдаги болалар сони мақолада кўрсатилганидек 12 минг нафардан зиёд эмас, 13 минг 200 нафарни ташкил этади (Тафовут минг нафардан зиёд).
Шунингдек, мустақиллигимизнинг 27 йиллиги байрами муносабати билан тумандаги Нурбулоқ маҳалласида 50 ўринли, Сазағон маҳалласида 150 ўринли, Оқсой маҳалласида 100 ўринли, Пўлатчи маҳалласида 50 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасалари фойдаланишга топширилади. Бугунги кунда туманда мақолада кўрсатилганидек, МТМларга қамров 555 нафарни эмас, 1002 нафарни ташкил этмоқда.
Юқоридаги МТМлар ишга туширилиши эвазига келажакда жами 2919 нафар болалар мактабгача таълимга қамраб олинади ва туман бўйича қамров 22.1 фоизни ташкил этади.
Мақолада МТМларда фаолият кўрсатаётган кадрлар, олий маълумотли кадрлар сонида ҳам катта фарқ бор ва “...Д.Амирова, тумандаги 4-, 8-мактабгача таълим муассасалари мудиралари сўзга чиқиб, йўл қўйилган камчилик ва сусткашликлар ҳақида ўз-ўзини танқид руҳида фикр билдиришди”, дейилган. Ҳолбуки, Д.Амирова ҳам 4-, 8-сон мактабгача таълим муассасалари мудиралари ҳам, ҳеч қаерда бу ҳақда сўзга чиқишмаганликларини ва мулоҳазаларда иштирок этмаганликларини айтишди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 июндаги Парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, “Адолат” СДПга халқ таълими вазирлиги (ўша вақтда МТМ Халқ таълими вазирлиги тасарруфида эди) фаолияти устидан назорат ўрнатиши ва ҳамкорликда ишлаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилган. Муаллиф халқ депутатлари Нуробод тумани Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари, туман Кенгаши депутати сифатида ушбу масала бўйича бирон марта депутатлик сўрови билан чиқмаган ёки сессияга масала киритмаган.
Адолат билан айтганда, туманда олиб борилаётган бунёдкорликларни, энг аввало, бугуннинг депутати кўриши, илғаши лозим эди. Сарғайган саҳифалардан маълумот олиб, “қоғоз қоралаган” муаллиф “кўзини очганида” замондан анча орқада қолганини англар эди.
Ҳурматли муҳаррир, туманимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган катта бунёдкорликлар ва янгиликларни газетангиз саҳифаларида ёритиб берсангиз адолатдан бўлар эди.
Ҳурмат билан: Д.АМИРОВА,
Нуробод туман мактабгача таълим бўлими мудири.
С.ИЛМУРОДОВ,
Нуробод туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари»
 
ТАҲРИРИЯТДАН:
Газетада чоп этилган мақолага эътибор қаратгани ва ўз вақтида жавоб йўллагани учун Нуробод тумани мутасаддиларига миннатдорлик билдирамиз. Хатда таъкидланганидек, туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш борасида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Янги боғчалар қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти.
Жавоб хатида мутасаддилар туманда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш даражаси келажакда 22,1 фоизни ташкил қилишини таъкидлашган, депутатни мавжуд ҳолатни билмасдан, маълумотларни «сарғайган саҳифалар»дан олиб ёзганлигини қайд этишган.
Демак, хатда келтирилган рақамларга эътибор қаратсак, Нуробод туманида ҳозирги пайтда боғча ёшидаги болаларнинг 5 фоизи эмас, 7,5 фоиздан зиёд кичкинтойлар МТМларда тарбияланмоқда. Албатта, биз амалий саъй-ҳаракатлар натижасида бу рақам келажакни кўп куттирмасдан тезроқ 22,1 фоизни ташкил этишига ишонаяпмиз. Аммо қолган 77,9 фоиз болалар нима билан машғул бўлишади? Уларни ҳам боғчаларга тўлиқ қамраб олиш учун масъул ташкилотларга яна неча йил керак бўларкан? Ҳар ҳолда 7,5 фоиз ёки 22,1 фоиз дегани ҳам мақтангулик ёки қаноат ҳосил қилинадиган рақамлар эмас.
Бизнингча, Нуробод тумани ҳокимлиги мутасаддилари шу хусусда ҳам жиддий бош қотириб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тўлови кўпмасмикан?”. Баъзан истеъмолчилар ўртасида шу ва шу сингари саволлар учраб туради....
01 янв 1970
Ҳукмдорлар саройининг қурилиш санаси 20 асрдан кам эмасди.
01 янв 1970
Ҳар сўзидан ҳикмат ёғилиб турадиган, маънили сўзлари билан кишини бир зумда ўзига тортадиган нуроний отахон билан суҳбатлашсангиз, худди қадрдон од...
01 янв 1970
Бу даргоҳда ҳамма нарса юксак интизом, уюшқоқлик, ҳозиржавоблик, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишнинг юрак-юракдан ҳис этилган шарафли масъулиятид...