“Қум соат” телевикторинаси томошабиннинг саводсизлигини исботлашни мақсад қилганми?

/
Сўнгги пайтларда телеканалларимиз сони кўпайиб, турфа телеканалларда маза-бемаза кўрсатув ва телевикториналар оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Жумладан, миллионлаб томошабинларга эга бўлган “Менинг юртим MY5” телеканалида ҳар куни 17:00 дан 18:00 гача эфирга узатилаётган “Қум соат” кўрсатуви ижодкорларини ҳам томошабинларнинг қимматли вақтини ўғирлаётганлар сафига қўшиш мумкин. Агар кўрган бўлсангиз, ушбу кўрсатувда томошабинларга бошловчи савол беради. Саволнинг жавобини топиш учун 3 дақиқа вақт берилади.
Барчаси жуда оддий: бошловчи ёш бола ҳам осонгина топа оладиган саволларни тақдим этади, савол осон бўлганидан кейин жавобни топадиганлар сони ҳам кўп бўлиши табиий. “Ерга уруғ сепмасдан, мўл ҳосил кутган деҳқон” каби саволнинг жавобини топганлар қўл телефонидан @clickuz, *880*8185#? 8185 рақамига 52, 62, 50 сент (алоқа операторларининг нархлари ҳар хил) миқдорида пул тўлаб рўйхатдан ўтадилар. Бу билан сиз 100 фоиздан 99 фоиз эҳтимолни сотиб оласиз. Ҳа-ҳа, фақат эҳтимолни! Лекин сиз билан ҳеч қим алоқага чиқмаслиги ҳам мумкин. Савол жавобини топганидан хурсанд томошабин эса пулига куйиб қолаверади.
“Қум соат”нинг “теша тегмаган” саволларидан айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз:
2 сўздан ташкил топган қиз болалар исми, 7 ҳарф:
Бир кўришдаёқ, бу “Гулноза” исми эканлиги маълум, аммо бошловчи уни топиш учун сизга турли маълумотларни бериб “кўмаклашади”: “Уни биз ҳиссиётли гул деб ҳам атасак бўлади. Бундай исмли қизлар ақлли, одобли, чиройли бўлади” ва ҳоказо. Маълумот берилаётганда белгиланган вақт тўхтаб туради. Бошловчи бунга “саволга жавоб бериб, иштирок этмоқчи бўлганларнинг рўйхатдан ўтиши учун қулай фурсат” дея изоҳ беради. Мен эса буни одамларни алдаб, пулини шилиш учун қулай фурсат деб ўйлайман.
Яна шунга ўхшаш “бамаъни-бамаъни” саволлардан бири:
Урф-одат?
Жавоб: Бешик
Бошловчи ёрдам тариқасида (аслида керак бўлмаса ҳам) аниқ жавоб борасида яна маълумот бера бошлайди: “Бу мосламани тебратиб, оналар алла айтади, “Қутадғу билиг” асарида ҳам айтиб ўтилган, унда фарзандларимиз катта бўлади” .
Бизнингча, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида бизнинг урф-одатларимизга боғлиқ қандай буюмнинг номи келтириб ўтилган?” дея савол берилганида тўғрироқ бўларди.
Юқорида қайд этилганидек, савол берилади ва унинг деярли барча ҳарфлари экранингизнинг ўнг томонида очиқ кўрсатилган, улар билан боғлана олган омадли инсон эса жавобни эмас, бир ёки икки ҳарфни топганига хурсанд.
Бу қандай бемаънилик бўлди?! Бошловчи оддий саволни бутун Ўзбекистон аҳолисига тақдим этиб, жавобнинг 99 фоизини кўрсатиб турса-да, томошабинларга қарата жавобингизни кутаяпмиз деб, устидан кулса. Ёки телетомошабинларимиз шунчалик саводсизми?..
Бу телевикторина баъзиларнинг наздида пул топиш мақсадида ташкил қилинган шоу бўлиши мумкин. Аслида бу бизнес эмас, бу жонли эфирда миллионлаб томошабинни алдаб, пулини чўнтакка ураётган қароқчиликка ўхшайди.
Айтганча, илгари қум соатдан инсонлар вақтларини ўлчаш учун фойдаланишган. “Қум соат” кўрсатуви ижодкорлари эса томошабинни алдаб, пулини олиш билан чекланмай, одамларнинг қимматли вақтини ҳам ўғирлашмоқда.
Робия АБДУХОЛИҚОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг минглаб йиллар, кўп асрлар давомида шаклланган ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия борасида тўпланган бо...
01 янв 1970
Ўлкамизда баҳаво, сўлим гўшалар бисёр. Уларнинг ўзига хос табиати, наботот ва ҳайвонот олами бор. ...
01 янв 1970
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсла...
01 янв 1970
Шунга қарамасдан, сифати кафолатланмаган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларини ноқонуний йўллар билан республикамизга олиб кириш...