Буюк шоир ва мутафаккир

/
Қадимдан бир-бирларига қавм-қариндош, дили, тили ва дини бир бўлган, бир дарёдан сув ичиб, қиз бериб, қиз олишиб, яқин дўстлик ва яхши ҳамкорликда яшаб келаётган ён қўшни — жон қўшнимиз бўлган қозоқ халқи билан азалий дўстлигимиз, оға-инилигимиз ва ҳамкорлигимиз ярашиб, ўртамиздаги иқтисодий-ижтимоий, адабий-маданий алоқаларимиз йилдан-йилга ривожланиб келмоқда.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўзаро яқин муносабатлари ҳамда уларнинг икки қардош халқларимизнинг абадий дўстлиги ва манфаатлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилган бугунги кунда икки қардош ўзбек ва қозоқ халқлари орасидан етишиб чиққан улуғ сиймоларни қадрлаш, уларнинг халқларимизга қолдириб кетган ўлмас меросларини ўрганиш ва тарғиб қилишга жуда катта эътибор қаратилмоқда.
Шу жиҳатдан ҳам Президентимизнинг жорий йил 13 март кунги “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига бўлган улкан ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси бўлди.
Ушбу қарорда таъкидланганидек: “Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, эзгулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда”.
Шу маънода Абайни фақат қозоқ халқининггина эмас, балки бутун туркий оламда фалсафий фикрлар тараққиётига катта ҳисса қўшган, адабий тафаккурни нурлантирган, мавжуд ҳаётни санъаткорона бадиий акс эттирган улкан мутафаккир адиб, десак муболаға бўлмайди. Чунки у шоир сифатида бутун инсониятга муҳаббат кўзи билан қаради.
Абайнинг ўз халқига бўлган меҳр-муҳаббатини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Шоирни миллийлик қобиғидан чиқариб, уни умумбашарий шоирга айлантирган омил унинг ўз халқига бўлган чексиз ва беғубор муҳаббати, эл-юртининг тақдири билан боғлиқ курашчан доно фикрларидир. Зеро, ўз халқини чин севган кишигина бошқа халқларни сева олади, ўз қадрини химоя қилишга қодир одамгина инсоннинг қадрини улуғлай олади.
Абай яшаган замон ниҳоятда оғир ва мураккаб давр эди. Унинг умри чор Россиясининг қозоқ ерларини босиб олиб мустамлакачилик сиёсатини олиб борган нотинч ва таҳликали даврга тўғри келди.
У 1845 йилнинг 10 август куни ҳозирги Қозоғистон республикасининг Шарқий Қозоғистон вилоятига қарашли Чингизтоғ ёнбағридаги Қақабулоқ овулида, ўша округнинг оға султони (ҳокими) Қўнанбой Ўсканбоев оиласида дунёга келган. Унинг асл исми Иброҳим бўлиб, бувиси Зере уни эркалатиб “Абай” (авайла маъносида) деб атаган, кейин бу унинг доимий исмига айланиб кетган.
Абайни 8 ёшида отаси ўзи очган диний мадрасага ўқишга беради. Бундан қаноатланмаган отаси у 10 ёшга тўлгач, Семей шаҳридаги мадрасага ўқишга юборади. Бу ердаги диний билимлар ёш Абайни қониқтирмайди. У қўшимча ўша жойдаги русча “Приходная школа”га кириб, 3-4 ойда 1 йиллик ўқув дастурини ўзлаштиради. Шаҳар кутубхонасида Шарқ классиклари, рус шоир ва ёзувчилари ҳамда демократларининг асарлари, улар орқали ўарб адабиёти намуналари билан яқиндан танишади. Улардан илҳомланиб шеърлар ёза бошлайди. Аммо отаси уни 13 ёшида ўқишдан чиқариб олиб, ўзининг эл бошқариш ишидаги ёрдамчиси қилиб қўяди. Унинг мақсади доно ва ўткир зеҳнли Абайни ўз ёнида олиб юриб, эл бошқариш тажрибасини ўргатиб, келажакда бий, бўлис ва оға султон каби ҳокимлик лавозимларини эгаллатиш эди.
Шундай қилиб, Абай ёшлигидан халқ орасига киради. Унга меҳнаткаш ва жафокаш халқнинг мунг-қайғуси, кечган оғир турмуш-тирикчилиги, бошлиқларнинг адолатсизликлари қаттиқ таъсир этади. У 30 ёшида бўлис (ҳоким) бўлиб сайланади. Шундан сўнг у ноҳақликларга қарши курашни кучайтиради. Отаси уни бу йўлдан қайтармоқчи бўлади. Лекин у оддий халқ тарафида бўлиб, уларнинг манфаатларини бор кучи билан ҳимоя қилишга ўтади. Бироқ ўша даврдаги Чор Россияси чиновниклари ва маҳаллий бой-феодалларнинг халқ устидан ўрнатган шафқатсиз зулми унинг бу эзгу ишларни амалга оширишига сира йўл бермайди. Аксинча, унинг устидан туҳмат тошлари ёғилиб, бўлисликдан кетишга мажбур бўлади. Шунда ҳам у ўзи бошлаган кураш йўлидан қайтмай оддий халқ манфаатини ҳимоя қилишни давом эттираверади.
Абай бор кучи ва имкониятини ижодий ишларга бағишлаб, мазлум халқининг оғир ва ачинарли ҳаётини, дард-қайғусини, ҳақ-ҳуқуқларини, орзу-умидларини, озодлик ва мустақилликка бўлган интилишларини куйлаб шеърлар, достонлар, насиҳатлар ёзади. Бироқ Абайнинг боши узра уймалаган “қора булутлар” тарқамайди, аксинча, қуюқлашади. Шундан сўнг унинг ҳаётида оғир кунлар бошланади. У:
Юрагим менинг қирқ ямоқ
Хиёнаткор оламдан,
деб зорланади. Ана шундай аҳволдаги Абайнинг бошига яна кулфат тушади: 1904 йили отаси каби зиёли ва оқин, халқ ҳимоячиси бўлган 34 ёшли Мағавия вафот этади. Ундан аввал Петербургда ўқиб, ўша даврнинг ўқимишли зиёлиси бўлган ўғли Абдураҳмон ҳам 27 ёшида Олмаота шаҳрида дунёдан ўтган эди. Шундай қилиб, у кетма-кет икки ўғлидан айрилади. Бундай оғир ҳасратга йўлиққан Абайнинг ўзи ҳам оғир дардга йўлиқиб, 1904 йилнинг 23 июлида бор-йўғи 59 ёшида дунёдан кўз юмади.
Абай ҳаётдан кетган бўлса ҳам унинг порлоқ руҳи ҳаётбахш шеърларида, ўлмас асарларида абадийдир. Мана, 173 йилдирки у ўзининг бетакрор ижоди билан қозоқ халқининг шуҳратини оламга ёйиб келмоқда. Абайнинг адабий мероси, илғор фалсафий фикрлари, буюк яратувчилик ғоялари Ватанга, инсонга, табиатга, ҳаётга бағишланган юксак маънавий дунёси бўлиб, халқининг қалбидан абадий жой олган.
Абайнинг ижодий мероси 180 га яқин шеърлари, 3 та поэмаси, 60 дан ортиқ таржималари ва унчалик катта бўлмаган прозаси ҳамда бир неча тарихий мавзудаги мақолаларидан иборат.
Мен ўланни ёзмайман эрмак учун,
Ўтган-кетган гапларни термак учун.
Мен ўланни ёзаман тушунганга,
Авлодимга бир сабоқ бермоқ учун,
деган Абай ўз шеърларида муҳаббатсиз, дўстликсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас, унингсиз жамият учун фойдали ижод қилиб бўлмайди, деб халқини илм олишга, ҳунар эгаллашга, ҳалол меҳнат қилишга чақиради.
У прозада 1890-1898 йилларда ижод қилган. Бу халқини маърифатга, маданиятга, инсонпарварликка ундовчи 45 та катта-кичик ҳикоячалардан иборат “Насиҳатлар” — “Нақил сўзлар” деб аталган таълим-тарбиявий, фалсафий асардир.
Шунингдек, у рус шоир ва ёзувчиларидан Пушкин, Лермонтов, Толстой, Салтиков-Шедрин, Некрасов, Крилов каби шоир-ёзувчиларнинг асарларини маҳорат билан таржима қилди.
Абай мусиқа соҳасида ҳам самарали ижод қилган. Абайнинг кўпгина куй-қўшиқлари ҳалигача халқ орасида машҳур бўлиб, ижро этиб келинмоқда. Ҳозирги вақтда шоирнинг 27 қўшиғининг 36 нусхаси нотага туширилган.
Шундай қилиб, Абай қозоқ адабий ҳаётига янги юксалиш даврини олиб келди. У шоир, ёзувчи, таржимон, бастакор, философ-олим, маърифатчи сифатида ижод қилиб қозоқ классик адабиётининг отаси, поэзиясининг асқар тоғи, улкан бастакори ва маърифатга бошловчиси даражасига кўтарилди.
Абай ўз асарларида халқини, замондошларини адолатли жамиятнинг, бахтли турмушнинг асослари нимадалигини англаб етишга, содир бўлган воқеа-ҳодисаларнинг туб моҳиятини тушуниб олишга, одамларни тафаккур қилишга, ўзини англашга, миллат сифатида ўзини танишга чақирди.
Айтиш мумкинки, Абай қозоқ халқини дунёга танитди, қозоқ халқи эса Абайни оламга машҳур қилди. Бунда, аввало, машҳур ёзувчи Мухтор Авезовнинг хизмати беқиёсдир. Унинг Абай ҳақида ёзган 4 жилдли “Абай йўли” роман-эпопеяси жаҳоннинг 116 тилига (шу жумладан, ўзбек тилига) таржима қилинган. У ҳақда бир неча томлик “Абайшунослик” каби йирик монографиялар тўплами, ҳатто 120 муаллифнинг 1631 мақоласи жамланган, 100 минг нусхада “Абай” энциклопедияси чоп этилган. Абай ҳақида ёзилган мақолаларнинг ҳисоби йўқ. Буларнинг бари Абай ижодий меросига эҳтиромдир.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, Абайнинг ўзбек халқига меҳр-муҳаббати катта бўлган. У “Насиҳатлари”нинг “Иккинчи сўзи”да: “Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар ясамаган буюм йўқ. Аҳилликда яшашади, адоват қўзғамайди. Таниқли бойлари, билимдон муллалари, ҳунармандлик ва мўл-кўллик дейсизми, боадаблик дейсизми — ҳаммаси уларда бор”, дея ўзбек халқига юксак баҳо берган.
Бу билан Абай ўз халқини ҳам илғор ўзбек халқи қаторида кўргиси келади, улар билан дўст бўлиб ҳамкорликда яшашга чақиради. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги кунда ривожланиб бораётган қардош ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги абадий дўстликнинг тамал тошларидан бири ўша даврда ўз элининг чин ватанпарвари ва маърифатпарвари бўлган Абай томонидан ҳам қўйилганлигига амин бўламиз.
Ана шу ва бошқа кўплаб жиҳатлари учун ҳам буюк шоир ва мутафаккир Абай Қўнонбоевни Ўзбекистонда жуда ҳам севиб ўқишади ва улуғлашади. Бунинг ёрқин далили – унинг ўлмас асарлари таржима қилиниб, мутолаа қилинмоқда, кўчалар, қўрғонлар, қишлоқлар, хўжаликлар, маданият ўчоқлари унинг номига қўйилмоқда. Тошкентнинг марказида унинг маҳобатли ҳайкали кенг жамоатчилик иштирокида икки қардош мамлакат Президентлари томонидан тантанали равишда очилди.
Шу кунларда республикамизнинг ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, маҳаллалари ва ҳарбий қисмларида шоир ва ёзувчилар иштирокида Абай ижодига бағишланган турли учрашувлар, адабий кечалар бўлиб ўтмоқда. Республикамиз оммавий ахборот воситаларида у ҳақдаги мақолалар чоп этилмоқда, радио ва телеканалларда Абай ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ кўрсатувлар бериб борилмоқда. Шунингдек, Абайнинг ўзбек тилидаги “Сайланма” асари ва унинг ҳаёти ва ўлмас ижодига бағишланган “Абай абадияти” илмий-тадқиқот асари китоб ҳолида чоп этишга тайёрланмоқда, Абай ҳақида ҳужжатли фильм суратга олинмоқда. Хуллас, қозоқ халқининг буюк шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевнинг бой ижодий мероси юртимизда кенг ўрганилмоқда ва тарғиб этилмоқда.
Абдулла РУСТАМОВ,
ёзувчи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида солиқлар, аҳоли ҳамда корхоналарга кўрсатилаётган хизматлардан келиб тушадиган маблағларнинг алоҳида ўрни бор....
01 янв 1970
Аҳолига қулай шароит яратишга қаратилаётган доимий эътибор уларда эртанги кунга ишончни янада мустаҳкамламоқда....
01 янв 1970
Бунёдкор халқимиз тарихан қисқа даврда улкан ютуқларни қўлга киритди, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб, иқтисодиёти тез суръатлар...
01 янв 1970
Барча етук шоир ва адиблар сингари Бобур ҳам фақат алоҳида шахс тақдири билан эмас, балки бутун халқ маънавий, ахлоқий ҳаёти билан қизиққан....