Давлат хизматлари: тезкор ва қулай

/
«Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак»
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда.
Бунда халқ оғирини енгил қилиш, уларга “давлат-фуқаро” муносабатларида қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида давлат раҳбари томонидан давлат хизматлари кўрсатишнинг янги концепцияси илгари сурилди. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга имкон беради. Давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилгани барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди.
2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори аҳолига сифатли давлат хизматлари кўрсатиш марказларини жорий этиш учун дастуриламал бўлди.
Ушбу ҳужжатларга мувофиқ 2018-2020 йилларда республикамизда босқичма-босқич жорий этиладиган, «ягона дарча» тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланди. Жумладан, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари билан ёнма-ён фуқароларимизга ҳам давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди. Хусусан, муҳандислик-коммуникация тармоқларига «тайёр ҳолда» уланиш; бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш; объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш; архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш; лойиҳа ҳужжатларини келишиш; қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат бериш; якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш; қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш; ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш; сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш; ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш; болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш; фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш каби хизматлар амалга оширилиши белгиланган.
Давлат хизматларининг ҳар бир тури бўйича «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш механизмининг шакллантирилиши ортиқча, кераксиз ҳужжатлар йиғишни бартараф этади. Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасига инновацион ечимлар ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг маълумотлар базаларини идоралараро электрон ҳамкорлик ягона тизимига интеграция қилиш бунда муҳим роль тутади. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатиш амалиётини кенгайтириш, мобиль давлат хизматлари кўрсатишнинг мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан фойдаланиш аҳоли учун, шубҳасиз, қулайлик яратади ва энг муҳими, ҳар бир инсон учун қимматли бўлган вақтни тежаш имконини беради. Автоматлаштирилган тизимдан фойдаланиш эса, бюрократия ва коррупция юзага келишини бартараф этади. Энди ҳар бир фуқаро бу хизматлардан фойдаланиши мумкин ва уларнинг ортиқча оворагарчиликларига чек қўйилди. Бунда асосий эътибор навбатда туришларни кескин камайтириш, сансалорликнинг олдини олиш, халқнинг давлат идораларидан рози бўлишига қаратилди.
Жорий этилган электрон навбат эса муаммосига ечим излаб келган фуқарони рўйхатга олади ва масаласини ҳал этишни тезлаштиради. Масофадан туриб олиб бориладиган видеокузатув тизими кўрсатилаётган хизматларнинг узлуксизлиги ва сифатини кузатиб бориш имконини беради. Компьютер ускуналари бўлмаган ёки интернет тармоғидан фойдаланиш имкони йўқ фуқаролар учун барча Давлат хизматлари марказлари махсус инфокиосклар билан таъминланмоқда. Узоқ ва олис жойлардаги аҳолига енгилликлар яратиш мақсадида барча зарур техникалар билан таъминланган автотранспорт воситалари орқали бевосита жойларга бориб, уларга мобиль давлат хизматлари кўрсатилади. Кўрсатиладиган барча давлат хизматлари қатъий равишда инвентаризация қилинади ва Давлат хизматлари ягона реестридан рўйхатдан ўтказилади.
Давлат хизматлари агентлиги томонидан республика бўйлаб жойлашган Халқ қабулхоналари ҳузурида 201 та Давлат хизматлари марказларида аҳолига инновацион технологиялар ва замон талабларига мос равишда 37 турдаги хизматлар кўрсатиш билан бошланган иш жорий йилнинг 1 апрелидан 50 та турга етди. Энг муҳими, эндиликда давлат хизматлари юридик шахслар билан бир қаторда, жисмоний шахсларга ҳам кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, жорий йил 1 июндан бошлаб эса 14 та марказда синов тариқасида 50 хизматга яна 31 хизмат кўрсатиш тури қўшилди. Ушбу турлар бўйича давлат хизматлари кўрсатиш халқимизда маъқул бўлса ва бу жараён ўзини тўлиқ оқласа барча ҳудудларда жорий этилиши кўзда тутилган.
Адлия вазирлиги томонидан соҳада ишни қай тартибда йўлга қўйиш каби масалаларга ойдинлик киритиш, унинг самарали жиҳатларини намуна сифатида кўрсатиш мақсадида “Наманган тажрибаси” лойиҳаси амалга оширилди. Бунда аҳолига Давлат хизматлари марказлари фаолиятини кенг оммага ёритиш мақсадида аҳоли гавжум ҳудудларда масъул ходимлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, “Адлия бурчаклари” жойлаштирилди. Мобиль давлат хизматларини йўлга қўйишда автотранспорт воситалари зарурияти, олис ҳудудларда яшовчи аҳолига зарур мобиль давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятдаги барча Давлат хизматлари марказлари автомобиллар ва замонавий ноутбук компьютерлари билан таъминланди.
Давлат хизматлари кўрсатиш бўйича хорижий тажриба ҳам пухта ўрганилди. Бир жойнинг ўзида давлат хизматлари кўрсатилиш амалиёти бир қатор хорижий давлатлар тажрибасида бор экан. Бугунги кунда кўплаб давлатлар ана шу усулга ўтмоқда. Соҳа юзасидан хорижий амалиётни ўрганиш мақсадида бир гуруҳ мутахассисларнинг Россия Федерацияси, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия давлатларига хизмат сафарлари уюштирилди. Бунда мазкур давлатларнинг “Асан хидмет”, “Мои документы”, “Дом юстиции”, “ЦОН” каби марказлари таҳлилий ўрганилди.
Хулоса қилиб таъкидлаш лозимки, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлайди, уларнинг фуқаролар олдидаги масъулияти ва ижро интизомини кучайтиришга хизмат қилади.
Севара ЗОКИРОВА,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Давлат хизматлари агентлиги жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бошлиғи,
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ер юзида беш мингга яқин тил ва лаҳжалар мавжуд бўлгани ҳолда атиги юзга яқин тил давлат тили мақомига эга....
01 янв 1970
Андижон шаҳридаги “Ёш адолатчилар” орасида иқтидорли йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. ...
01 янв 1970
Эрталаб уйдан хурсанд бўлиб чиқиб кетган Нозима тушдан сўнг йиғлаб кириб келди.
01 янв 1970
Мамлакатимиз иқтисодиёти бозор қонунлари асосида жадал тараққий этаётир.