Фаол журналистлар тақдирланди

/
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров журналистларни касб байрами билан қутлар экан, бутун дунёда юз бераётган кескин глобаллашув шароитида, ахборот олиш воситалари ва манбалари тобора ривожланиб, замонавий қиёфа касб этаётган, “ахборот асри” деб юритилаётган айни даврда журналист касбининг масъулияти, машаққати, керак бўлса, жавобгарлиги ҳам тобора ошиб бораётганини эътироф этди.
– Оммавий ахборот воситалари ҳар доим жамият тараққиётининг кўзгуси, кишиларнинг онги, дунёқараши, сиёсий савиясининг шаклланишида асосий воситалардан бири бўлиб келган, – деди Н.Умаров. – Айниқса, кейинги икки йил ичида жамиятимизнинг барча соҳаларидаги янгиланишлар ва изчил ислоҳотлар шароитида ОАВларнинг фаолиятида ҳам янгича ёндашувлар пайдо бўлмоқда. Яъни бугун телевидение, радио, матбуот ва айниқса, интернет сайтлари нафақат қўлга киритилаётган ютуқлар, балки аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳам дадил олиб чиқаётгани ислоҳотларимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунга қарамай оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги ролини янада кучайтириш, журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш борасида ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам алоҳида вазифалар белгиланган.
Жорий йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, журналистларнинг ҳуқуқлари тўла кўрсатиб берилди, оммавий ахборот воситаларининг цензура қилинишига йўл қўйилмаслиги, ҳеч ким журналистдан эълон қилинаётган материаллар олдиндан келишиб олинишини, уларнинг матни ўзгартирилишини ёхуд нашрдан бутунлай олиб ташланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эмаслиги белгиланди.
Шу билан бирга, келгусида оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий механизмларни яратиш зарур. Зеро, соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб баҳолаш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш газета ва журналлар таҳририятларининг мустақиллиги ҳамда эркинлигини амалда таъминлаш билан бирга, уларнинг масъулиятини ҳам оширишни кўзда тутади.
Қолаверса, бугунги кунда нодавлат оммавий ахборот воситаларининг тобора кенгайиб бораётган тармоғи фаолиятининг, муаллифлик ҳуқуқи ва интеллектуал мулк ҳимоясининг, шунингдек, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий этишнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш ҳам долзарб вазифалардан саналади.
Айни ушбу масалалар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида ҳам ўз аксини топган. Партия электорати ва кенг жамоатчилик манфаатларидан келиб чиқиб, “ОАВ фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги, “ОАВнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари тайёрланишида фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Тадбирда Президентимизнинг 2017 йил 12 июлда парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузасида ҳамда Олий Мажисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда, уларнинг натижаларини халқимизга, кенг жамоатчилигимизга, партия электоратига етказишда журналистларнинг алоҳида ҳиссаси борлиги қайд этилди.
Табрик учун сўз олган партия фаоллари мамлакатимиз ва дунёда рўй бераётган воқеликлардан аҳолини хабардор қилишда, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларининг туб моҳиятини, миллий қонунчилигимиздаги ўзгаришларни фуқароларга етказишда, кези келганда ҳақиқатни, ижтимоий адолатни қарор топтириш ва шу орқали жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга қўшадиган ҳиссасида қалам аҳлига чексиз матонат ва букилмас ирода тиладилар.
Тадбир якунида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ғоя ва мақсадлари, амалга оширган ишларини кенг жамоатчиликка намоён этишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ журналистлар партиянинг қимматбаҳо совғалари ва ташаккурномаси билан тақдирландилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Асосий масала — қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга ва масъул ижрочиларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда ...
01 янв 1970
Кейинги йилларда республикамизда аҳолининг ерга, уй-жой, мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ошгани, улардан фойдаланиш имконияти кенгайгани сари бу соҳада иж...
01 янв 1970
Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг сал кам беш ярим аср илгари битган чўнг мазмунли фалсафий фикрларида нафақат ўз даври шоҳлари, султонлари, б...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси учун истеъмол тўловлари қимматлашиши жараёни тўхтатилди. ...