“Акасига йиртиқ шим, синглисига калта юбка…”

/
Шиддат билан ривожланаётган замонамизда нафақат дунёқарашимиз, балки кийиниш маданиятига бўлган муносабатимиз ҳам ўзгариб бормоқда. Маълумки, ташқи либосимиз билан биз ўз дидимиз, ақл-фаросатимиз ва қарашларимизни ҳам намойиш қиламиз.
Ёз келиб, кунлар исий бошлагач тенгдош қизларнинг калта, ҳаддан ташқари тор ва ҳозирда “мода”га айланган “йиртиқ” либосларни кийиши оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бувимнинг айтишларича, илгари аёллар тугул эркаклар ҳам кийими йиртиқ бўлса уялишар, унга ямоқ солмай, кўчага чиқишмас экан. Ҳозир эса аксинча янги кийимнинг ҳам йиртиғи урфга кирди. Тўғри, қизлар тўй-ҳашамга байрамона узун кўйлаклар кийишади, аммо кундалик турмушда очиқ-сочиқ, тор, тор бўлганда ҳам тана озор чекадиган даражада кийим кийишади. Ахир жамоат жойларида кийишга мўлжалланган ва кийишдан андиша қилишимиз лозим бўлган либослар бор-ку. Буни фарқлай олишимиз зарур эмасми?!
Кейинги пайтларда нафақат аёллар, балки эркаклар ҳам “мода”нинг орқасидан қолишмаяпти. Автобус, метро, истироҳат боғи — шунга ўхшаш жамоат жойларида сирға таққан, соқол қўйган, сочини узун қилиб ўстириб олган, калта шўртик кийиб юрган йигит ёки эркаклар кўзга ташланиб қолади. Хўш, улар соқол қўйиб кимга тақлид қилишмоқда? Турк сериалларидаги актёрларгами! Ёки сирға тақиб, таниқли футбол юлдузларигами?!
Бир сўз билан айтганда, инсонда энг олий неъмат — онг мавжуд. Ким нима қилса ёки кимда нима кўрса шуни қилиб кетаверса, унинг чўпон ҳайдаб кетаётган подадаги қўйдан нима фарқи қолади?
Кийиниш ҳақида гап кетганда, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бу ҳолат худди тўйларимиздаги каби “ким ўзар”га айланиб кетаяпти. Ким қанчалик қимматбаҳо либос кийса, шунчалик зўрроқ ва замонавийроқ кўринади. Бу ҳақда динимизда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади”.
Хўш, бу муаммоларнинг илдизи қаерда? Маълумки, жамоатчиликнинг диққат марказида турувчилар, яъни санъаткорларга кўпчилик ёшлар тақлид қилади. Аммо бугунги кунда айрим ўзбек санъаткорларининг кийиниш маданияти Шарқ эмас, ўарб давлатлари стандартларидан ошиб тушмоқда. Иккинчидан, телевидение аудиторияси радио ва интернетникидан бир неча баробар катта. Унда берилаётган баъзи клиплар, кино, сериалларининг савияси қанчалик паст бўлса, бу кийиниш маданиятига шунчалик салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, савдо марказлари (кийим бозорлари)ни ғарбона кийим-кечакнинг “ўчоғи, тарғиботчиси”, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, айнан ёшларга мўлжалланган бачкана бўлмаган, ҳеч қандай ёзувсиз, одми кийимни топиш учун бутун бошли бозорни айланиб чиқишга тўғри келади.
Бозорларда хорижий тилда қандайдир сўзлар ёзилган либослар (имло хатолари кўплиги сабабли бу сўзларни тушунишнинг деярли иложи йўқ) кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Қизиғи, ёзувнинг маъноси ҳеч кимни қизиқтирмайди – харид қилиб, кийиб юраверишади. Қуйидаги мисолларга эътибор беринг: “Jorj exclusive” (Ажралиб турувчи, махсус Жорж), “Love Fashion” (Севимли мода, фасон), “No, You HANGUP” (Йўқ, сен осиласан), “You heart wanted love me” (Сенинг юрагинг мени севишни хоҳлаяпти), “What EVER” (Яна нима) ва ҳоказо. Болаларга мўлжалланган кийим-кечаклар ҳам бундай бемаъни сўзлардан мустасно эмас. Бунда битта намунанинг ўзи етарли. “Kiss me slowop lose me fast” (Мени секин ўпиб, мендан тез ажрал). Бу ёзув 9-10 ёш қизлар учун мўлжалланган футболкага туширилган. Сўзларнинг таржимасини билмаган ёки ёзувга умуман эътибор қилмаган ота-она бу кийимни қизига олиб бериши турган гап. Натижада фарзанди кўча-кўйда, жамоат жойларида ўзи билан бу андишасиз сўзларни кўтариб юради ва сўзларни тушунганларнинг кинояли кулгисига ёки нотўғри фикрга боришларига сабаб бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар биримиз ўзимиз ва яқинларимизнинг кийинишига беэътибор қарамаслигимиз керак. Либосларимиз шунчаки танамизни ёпувчи мато эмас, балки халқимиз маданиятини, қарашларини ўзида мужассам этиб, миллатимизга, миллийлигимизга муносабатимизни ифодалайди. Ўзбек оилаларида фарзанднинг ўзини тутиши ва кийиниши ҳамиша нафақат ота-она, балки бобо ва бувилар назоратида ҳам бўлиб келган. Ўйлайманки, ҳар бир оиланинг ёши улуғлари ўғил-қизларининг кийинишига назоратни кучайтирса, “ёшларнинг ҳаммаси шундай кийинаяпти-ку,” деган “тасалли”ни фикрлар луғатидан олиб ташласа, айни муддао бўларди.
Ватанимизга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳ бизнинг эгнимизда миллий либосларимизни кўриб ҳайратланса, қандай яхши! Миллий либосларимиз тимсолида уят, андиша, ибо, ҳаё каби гўзал хислатларимиз ҳам ўзини намоён этар эди.
Қолаверса, “акасига йиртиқ шим, синглисига калта юбка олиб бердим”, деб мақтанаётган айрим ота-оналарга маҳалла-кўй дашном берса, миллийликка чиқарса, фойдадан холи бўлмас эди.

Робия АБДУХОЛИҚОВА 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Атоқли ўзбек адиби Ойбек “Китоблар инсон тафаккурининг қанотларидир”, деб ёзади....
01 янв 1970
Партиямизнинг иккала дастури лойиҳаларида ҳам айрим бандлар эътиборимни тортди....
01 янв 1970
Жиззахлик кекса ижодкор Мели Норматовнинг "Халқ фарзанди" китобида таниқли давлат арбоби Шароф Рашидов ҳақида хотиралари жамланган....
01 янв 1970
Ҳар бир мамлакатнинг маънавий-ахлоқий оламини адабиётга муносабат, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин....