Шоҳбекатнинг эгаси борми?

/
Яқинда йўлимиз тушиб, эрталаб соат 6:20 да «Қўйлиқ Марказ-2» шоҳбекатига бордик. Ушбу бекат пойтахтимизга ва Тошкент вилоятининг қатор йўналишлари бўйича қатнайдиган автобусларга хизмат кўрсатади.
Бекатдаги аҳволни кўриб, юрагингиз увишади. Бунинг сабабини билиш учун нозимхонани излаб тополмадик.
Қатор дўконлар. Пештоқида ҳеч қандай ёзув бўлмаган бир дўкон ёнига бордик, эшиги қулф. Йўловчилардан суриштирсак, бу биз излаган нозимхона экан.
Пойтахтга ўз юмушлари билан келган бекободлик отахонлар билан суҳбатлашдик.
— Бекат деганида ўриндиқлар бўлиши керак эмасми? Кўриб турганингиздек, кўпчилик бетон плиталар устига ўтириб олган. Ёзда қуёшдан, қиш ва баҳорда қор ва ёмғирдан сақланиш ва автобус кутиш учун замонавий бекатни биз ҳам орзу қиламиз.
Соат миллари саккизга яқинлашаётган бўлса-да, нозимхона ходимларидан ҳамон дарак йўқ эди.
Орадан уч кун ўтиб яна ушбу манзилдаги аҳволни ўрганиш учун бордик. Эрталаб соат 6:30 да нозимхона эшиги ёнидамиз. Яна таниш манзара: «офис»да ҳеч ким йўқ.
Вақтимиз бекор ўтмасин деб, автобекатдаги шарт-шароитларни фотокамерага муҳрлашга тушдик. Баъзилар «Кимсиз, нега суратга тушираяпсиз?» қабилида савол ҳам бериб қўйишади. Улар орасида ушбу бекатдан қатнайдиган автобусларнинг ҳайдовчилари ҳам бор эди. Қаранг-ки, уларнинг ҳам ўзларига яраша «дард»лари бор экан.
— Ака, сиз ёмғир ёққан куни келганингизда, бу ернинг қандай аҳволга тушишини кўрар эдингиз!. Ёмғир суви тўпланиб, кўл бўлади. Ҳамма ёқ лойга бурканади. Автобус ва маршруткаларни қўйишга жой тополмайсиз. Йўловчиларни-ку айтмасак ҳам бўлади. Мана бу чуқурларни кўраяпсизми? Уларга тушган машина, албатта, бир балога учрайди...
Вазият биз учун ҳам ажабтовур эканлигини ҳайдовчиларга тушунтирдик. Бахтимизни қаранг-ки, соат 7:00 да нозимхона эшиги очилди. Саволларимизга жавоб берадиган киши келганидан хурсанд бўлиб, нозимхона томон юрдик. Ўзини Собитжон Ибрагимов деб таништирган фуқаро шу ерда назоратчи бўлиб ишлар экан.
Рухсат сўраб, ичкарига кирдик. Нозимхонада яратилган шароитларга назар ташлаб, бу ерда ҳеч қандай касса аппарати ва йўналиш автобусларини тартибга соладиган бирор-бир ҳужжатга кўзимиз тушмади.
— Йўналишларга қатнайдиган автобуслардан тушадиган пуллар ким томонидан олиниши керак? — сўрадик Собитжон акадан.
— Бу ерда электр энергияси йўқ. Шу боис касса аппаратини ишлата олмаймиз. Йўловчилардан тушадиган пулларни эса ҳайдовчиларнинг ўзлари касса қилиб, иш якунлаганидан кейин топширишади.
— Электр энергияси бўлмаса, совуқ об-ҳавода бу ерда қандай ўтирасиз?
Собитжон ака бу сафар саволимизни жавобсиз қолдирди.
— Автобусларнинг режа асосида йўналишларга бориб-келиши қайд этадиган дафтарингизни кўрсак бўладими?
У киши ғижимланган эски икки варақни кўрсатди. Унда ёзилган рақамлар ва сўзларни ўқий олмадик. Нозимхона вакилининг тушунтиришича, унда автобусларнинг кунлик жадвали ёзилган экан.
Назоратчига жуда кўп саволларни бермоқчи эдик. Бироқ ундан аниқ бир жавоб олишимизга кўзимиз етмади. Шунинг учун автошоҳбекатдаги тартибсизликлар учун мутасаддилар жавоб берсалар яхши бўлар эди, деган ўй билан ортга қайтдик...
Даврон АҲМАД,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шаклланиш тартибини, суд тизимини белгилаб беради.&...
01 янв 1970
Жиззах вилоятида истиқомат қилаётган алоҳида тарбияга муҳтож оила фарзандлари, ички ишлар профилактик ҳисобида турувчи вояга етмаганлар ҳамда фаол ...
01 янв 1970
сақланиб қолган тарихий ёдгорликлар орасида Ҳаким ат-Термизий мақбараси қадимий ноёб обидалардан бири саналади...
01 янв 1970
Президентимизнинг жорий йил март ойида вилоятимизга ташрифи, халқ билан мулоқотлари навоийликларнинг кайфиятини янада кўтариб, ижтимоий-иқтисодий т...