Тилимиз софлигига путур етмасин!

/
Қўнғироқ чалиниб, она тили дарси бошланди. Муаллимамиз ёзув тахтасига бугунги мавзуни ёзди: “Орфография — тўғри ёзиш қоидалари”.
Ўқитувчимиз мавзу доирасида гапирар экан, ёзилишида одамни иккилантирадиган сўзларни оғзаки равишда баён этди. Биз эса қоғозга туширдик. Сўзларнинг тўғри ёзилганлиги текширилганида эса хатолар бўй кўрсата бошлади: кимдадир битта, яна кимдадир учта... Сўзни нотўғри ёзган бир синфдошимиз “саховат” сўзининг ёзилиши ҳақида ўқитувчимиз билан баҳслаша бошлади: “Устоз, “саховат” сўзида қаттиқ “х” эмас, юмшоқ ”ҳ” бўлмайдими? Ахир, бир дўконнинг пештоқида шундай ёзилганини ўзим кўрганман”.

Устозимиз дўконлар пештоқидаги сўзлардан биз тўғри ёзишни эмас, ундаги хатоларни топишни ўрганишимиз кераклигини уқтирди. Ўша куни бир ҳақиқатни англадим: мен ҳам бошқа тенгдошларим қатори турли идора ва ташкилотлар, маиший бинолар пештоқидаги, газета ва журналлардаги, телекўрсатувлардаги ҳар бир ёзувни тўғри деб қабул қилар эканман. Уларнинг баъзиларидаги нотўғри ёзувлар эса биз, ўқувчиларнинг чалғишимизга сабаб бўлар экан.
Ўйлаб қарасам, устозимнинг гапида аччиқ ҳақиқат бор. Айни дамда шаҳар ва кўчаларимиздаги турли бинолар пештоқида, реклама ва эълонларда имло хатолари талайгина.
Келинг, шу ўринда мисолларга мурожаат қилайлик. “Қўйлиқ” бозорига киришингиз билан қуйидаги ёзувга кўзингиз тушади: “Авто тураргохга кириб чиқиш бепул”. Шу беш сўздан иборат гапда учта имло хато мавжудлиги кишининг таъбини хира қилади: “тураргоҳ” сўзи “тураргох” шаклида хато ёзилган. Бунинг устига “кириб чиқиш” сўзлари чизиқча (-) билан ёзилади. “Авто” сўзи эса “тураргоҳ” сўзига қўшиб ёзилади.
Шу бозор атрофида қатор шунга ўхшаш нотўғри ёзилган сўзларга кўзингиз тушади: “Дориҳона” (асли дорихона). Ёнғиндан огоҳлантириш эълонида эса “ёнғин” сўзи “ёнгин” шаклида ёзилганига нима дейсиз?!
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Келинг, энди шаҳримиз марказига, барча учун энг диққатга сазовор жойларга йўл оламиз. Бу ерда ҳам она тилимизга эътиборнинг қай даражада эканлигини кўриб фиғонингиз фалакка чиқади: “Асилзода”(асли Аслзода), “Марказий харбий универсал дўкони”. Бу номда ҳам “ҳ” бўғиз ундоши “х” чуқур тил орқа ундошига қўпол равишда алмаштириб қўйилган. Наҳотки, “харбий” сўзи хато ёзилганлигини шу ерда ишловчи ходимлар билмаса?!
Исм инсоннинг безаги бўлганидек, бехато ёзилган ном ҳам ташкилот ёки муассасанинг кўрки бўлиш билан бирга, шу ерда ишловчиларнинг билими ва эътиборидан дарак беради. Сўлимгина “Лаби-Анхор кафеси”да ҳам “ҳ” ундоши “х”га алмашганининг гувоҳи бўламиз.
“Мед Шох Сентер” тиббий марказ. Логотип орқали “тиббий марказнинг ҳукмдоримиз” маъноси тарғиб этилган бўлса, “Шох” эмас “Шоҳ” дея ёзилгани маъқул эди. Зеро, Шох – дарахтнинг шохи бўлса, Шоҳ – подшоҳ, ҳукмдор деган маъноларни англатади.
Имло хатолар хусусий ташкилот, муассасалар билан бирга давлат идоралари номларида ҳам учраётгани ачинарлидир.
Ҳар бир инсон учун ўз тили жозибалидир, она тилида айтилган ҳар бир сўз эса ҳаётбахшдир. Шундай экан, нима учун оғзаки нутқимизда ҳар хил тиллардан сўзларни аралаштириб (окей, уже, кароче, пачти), тилимиз гўзаллигига путур етказишимиз керак? Нима учун тилимиз хазинаси бой бўла туриб, хорижий тиллар сўзлари билан дўконларимиз пештоқини “безаяпмиз”? Бу худди ўзида бор нарсани қўшнисидан сўрашга ўхшамайдими?!
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди, аммо устоз ёзувчимиз айтганидек, “хўрозқанд чет элники деса, ётиб олиб ялайди”ганлар борлиги кишини ташвишлантиради. Бу — гўзал ва бетакрор она тилимизга ёт сўзларнинг кириб қолишига сабаб бўлади, унинг жозибадорлигига, софлигига путур етказади.
Севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ёзганидек,
Гарчи зуғум қилганларни ёқтирмадим,
Шеър ёздиму бўлак ишни қотирмадим,
Тилим туриб ўз тилимда гапирмадим,
Бир эсласам эзилади бағри-дилим,
Она тилим, кечир мени, она тилим.

Бугун сиз, катта авлод вакиллари, зиёлилар буларга кичик хатолар, дея лоқайдлик билан қарасангиз, биз, ёш авлоднинг тафаккури, билим даражаси қай даражада бўлади? Сиз бунга нима дейсиз?
Робия АБДУХОЛИҚОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бу йил ҳаётимизнинг Бош қомуси, ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлади.&n...
01 янв 1970
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳри мезбонлик қилган ХХХI ёзги Олимпия ва ХV Паралимпия ўйинлари якунлари мустақил мамлакатимиз шон-шуҳратини дунёга ...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...
01 янв 1970
Мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кўтаринки руҳда, фуқароларнинг сиёси...