Ифторлик қиламан, деб гуноҳга ботмайлик!

/
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, хайр-саховатли кишилар меҳр-мурувват кўрсатиб, етим-есир, бева-бечоралар ҳолидан хабар оладилар, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар. Албатта, бу ишлар мақтовга сазовордир. Ҳадисларнинг бирида: “Ким бир рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ўша рўзадор эга бўлган савобдан бирон нарса камайтирилмаган ҳолда берилади”, дейилган. Рамазон иссиқ кунларга тўғри келган маҳалда бир рўзадорнинг савобини қўлга киритиш катта нарса. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам борки, уни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ҳам бўлса ифторлик маросимларида исрофгарчилик қилиш, кимўзар ўйнаш, дабдабага берилиш иллатидир.
Банда ҳадисда айтилган мақомга кўтарилиш, рўзадор эришган савобни қўлга киритиш учун ифторликни дабдаба билан исрофгарчиликка йўл қўйиб ўтказиши шарт эмас. Ифторлик бир пиёла сув ёки чой, бир коса овқат билан ҳам бўлади. Аммо, афсуски, орамизда ифторлик қилиш билан ўзини халққа кўз-кўз қилувчилар, хўжакўрсинга, риёга ҳаракат қилувчилар кўпайиб бормоқда. Рамазон — тақво ойи, Рамазон — меҳр-мурувват ва саховат ойидир. Албатта, бу саховат ўз ўрнида қилингани маъқул. Меҳрга, эътиборга, моддий таъминотга муҳтожлар бир четда қолиб, қорни тўқлар, бой-бадавлат кишиларни ифторликка чақиришдан не фойда? Устига-устак бундай маросимларда исрофгарлик жуда авжига чиқади. Бу ишга ҳам меҳмонга ҳақдор кишиларнинг таклиф қилинмаслиги сабаб бўлади. Ифторликка келган бадавлат кишилар меҳмоннинг “диди”га, меҳмон кутиш санъатига, бойлиги ва дастурхонга нималар қўйишига қараб унга “баҳо” бериб кетадилар. Бу кейинчалик омма ичида гап-сўз бўлади. Ифторлик қилаётган одам ҳам мана шу жиҳатни ёдда тутиб, нима топса, дастурхонга қўяди. Одамларни рози қилиш, уларнинг кўнглини олиш пайида бўлади. Агар етим-есир ва камбағаллар меҳмонга чақирилса, уларга оддий, камтарона дастурхоннинг ўзи етарли. Улар қорни тўйгани учун бир хурсанд бўлса, бой-бадавлат кишилар уларга меҳр кўрсатгани учун икки баробар хурсанд бўлади.
Амаллар қабул қилинишида энг муҳим жиҳат ният ва амалнинг шариатга тўғри келишидадир. Ифторлик қилаётган одам холис Аллоҳ учун қилмоқдаман, деб ният қилиши керак. Шунда ҳамма нарса ўз ўрнида бўлади, исроф ҳам, кибр ҳам, мақтанчоқлигу ҳар хил кимўзарга ўйнаш ҳам бўлмайди. Агар ифторлик қилишдан мақсад ўз бойлигини, иморатининг чиройли чиққанию қимматбаҳо мебель, гилам ва пардаларини кўрсатиб қўйиш бўлса, бу ифторликдан ҳеч қандай фойда йўқ. Тўғри, биргина “фойдаси” бор: одамлар “фалончи шунақа ифторлик қилди. Дастурхонида қушнинг сутидан бошқа ҳамма нарса бор”, дейишади. Биласизми, бу қачонгача давом этади? Кейинги ифторга боргунча. Эртаси куни бошқа жойда меҳмон бўлгач, кеча борилган хонадон эсдан чиқади. Банда мана шу бир кун эсланиши учун қилганмиди ифторликни?!
Демак, савобли ишни камтарона, исроф ва дабдабадан сақланган ҳолда ўтказиш, ниятни холис қилиш, одамларнинг маломатию мақтовларини ўйламай қилиш талаб этилади. Агар сиз Аллоҳ йўлида шу ишни қиладиган бўлсангиз, қилган ифторлигингиз қабул бўлгани қалбингиз хотиржамлиги, хонадонингизга файз кирганидан маълум бўлади. Бунда фақат ташқи кўринишга, зоҳирий жиҳатга эмас, ички моҳиятига эътибор бериш керак. Неъматларни исроф қилиб ифторлик қилиш билан гуноҳга ботгандан кўра, ҳеч ким билмаса ҳам бир камбағалнинг рўзғорини бутлаб беришингиз минг марта афзал.
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли,
Шайxонтоҳур тумани бош имом-хатиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, жиноят содир этувчиларнинг аксарияти ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган, яъни бирор-бир фойдали машғулот билан б...
01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...
01 янв 1970
Бундан беш йиллар аввал касбим тақозоси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалида бўлган эдим....