Рамазони шариф муборак бўлсин!

/
Мустақиллик неъмати боис юртимизнинг ҳар бир гўшаси кундан-кунга чирой очмоқда. Ҳур диёримиз мусулмонлари йигирма олти йилдирки, мустақиллик шароитида эркин нафас олаётганликларидан Аллоҳ таолога чексиз миннатдорлик изҳор қилиб, доимий равишда ҳамду санолар айтмоқда. Ватанимиз мустақиллиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб, Ўзбекистонимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топмоқда. Айниқса, ҳукуматимиз раҳбарияти мусулмонларнинг диний маросимларини, ибодатларини эмин-эркин адо этишлари учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб бермоқда.
Президентимизнинг матбуотда эълон қилинган “Муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисида”ги қарорини ўқиб, беҳад қувондик. Қарорда нафақат Рамазон ойи, балки мўмин-мусулмонларга бўлган эътибордан бошимиз осмонга етди. Рамазон ойи бизга ўз фойдамизни эмас, бошқаларнинг манфаатини кўзлаб яшаш кераклигини ўргатади. Бу ойда саховатпеша халқимизнинг меҳр-муруввати янада ортади.
Шўролар даврида бугунгидек кенг, ёруғ ва муҳташам масжидлар қаёқда эди. Таровеҳ намозларини қўя туринг, ҳатто ҳайит намозларини ҳам қабристонларда беркиниб ўқиган кунларимиз бўлган. Бугун биргина Тошкент шаҳрида юздан ортиқ масжид бор. Шунинг ўзи ҳам юртимизда мўмин-мусулмонларнинг бемалол ибодат қилишларига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигидан далолат. Бу кунларга етиш кўпчиликка насиб этмади, бу кунларнинг қадрини ҳеч нарса билан тенглаб бўлмайди.
Шу улуғ кунларда истиқлол шарофати ила муқаддас ислом динимиз арконларини, қадриятларимиз ҳамда ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан барча қулайликлар, зарур шароитлар яратиб берилганини, жаҳон илму фани, маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган ўнлаб алломаларимизнинг илмий мерослари ва қадамжолари тикланганини мамнуният билан таъкидламоқ лозим.
Рамазон ойи қадимдан юртимизда халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган.
Ушбу фазилатли ойда хайрли ва савобли ишларни кўпроқ амалга оширишга, жисмоний ва маънавий томондан покланишга, ёмон сифатлардан, қабиҳ одат ва қилмишлардан холи бўлишга ҳаракат қилинади, кўплаб хайрия, эҳсон ва мурувват тадбирлари амалга оширилади.
Мана, улуғ ойнинг муборак кунларига ҳам етдик. Гуноҳлардан покланган қалб эзгуликка тўлмоқда. Эзгуликка лиммо-лим диллардан тўкилган дуолар бешак ижобат бўлгай, иншааллоҳ! Шундай экан, самимий тилаклар тўхтовсиз даргоҳи илоҳийга юксалиб турган мана шу ғанимат паллада азиз диёримиз, қадрли юртдошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилсак: Илоҳим, Ватанимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин.
Ватанимизнинг обод, турмушимизнинг янада фаровон бўлиши йўлида чарчоқ ва ҳордиқ билмай меҳнат қилаётган муҳтарам давлатимиз раҳбарини Парвардигорнинг ўзи қўлласин. Фазилатли Рамазон ойи шарофати билан дилларимиз имон нури ила мунаввар бўлиб, хонадонларимиз хайру баракотга тўлсин, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари ёғилаверсин.
Рамазони шариф тинчлик, барокат, яхшилик келтирсин. Аллоҳ таоло баркамолликка интилаётган фарзандларимиз салоҳиятли, Ватанига садоқатли бўлишини насиб айласин.
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1 март — Зулфия таваллуд топган кун
01 янв 1970
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг ўз олдига қўйган бош мақсади, ички ва ташқи сиёсатида яқин-узоқ йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари бўлади.&nb...