Насиҳатлар

/
Абай
XIX асрнинг иккинчи ярмида яшаб ўтган атоқли шоир Абай Қўнонбоевдан нафақат қозоқ адабиёти учун, балки умумтуркий маданият учун ҳам салмоқли мерос қолди. Абайнинг ижодий мероси дунё миқёсида ҳам эътироф этилмоқда. 1995 йил улуғ шоир таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан ЮНЕСКО қарорига кўра халқаро миқёсда “Абай йили” деб эълон қилингани ҳам фикримизнинг исботидир. Шоир асарлари дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган. Жумладан, унинг асарлари адабиётимизнинг бир неча авлодлари томонидан ўзбек тилига ҳам ўгирилган.
Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 13 мартдаги қарорига мувофиқ буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шоир асарларида дўстликни, илмни, инсоний қадриятларни улуғлаб ўтган эди. Улуғ шоирнинг сўзлари, фикрлари бугунги кун учун ҳам ҳамоҳанг янграйди. Шунинг учун унинг “Насиҳатлар”идан илм ўрганиш билан боғлиқ қисмини эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдик.

***
Агарда сенга мол-дунё керак бўлса, ҳунар ўрган. Мол-дунё қўлнинг кири, ювса кетади. Аммо ҳунар адо бўлмас бойликдир. Кимки ёлғон гапирмаса ва қўлида ҳалол ҳунари бўлса, қозоқларнинг ичидаги энг авлиёси шу!
***
Ўлимнинг ҳақ эканлигини, унинг қариликни кутиб юрмай, истаган маҳалда келишини, ўлган одам қайта дунёга келмаслигини ҳамма билади. Қозоқлар, шубҳасиз, бунга ишонишади, бироқ ўз ақли билан мулоҳаза қилиб кўриб эмас, балки аксинча, шунчаки, ишониш керак бўлганлиги учунгина ишонишади. Яна Аллоҳ таолонинг борлигига, унинг охиратда сўроқ қилишига, ёмонларни ёзғириб, яхшиларни ёрлақашига ва бу мўъжизалар бандасининг қўлидан келмаслигига ҳамда Яратганнинг меҳри тушса, истаганча раҳм-шафқат қила олишига ва агар ғазаби қўзғаса, беҳисоб қийноқларга сола олишига — ҳамма-ҳаммасига ишонамиз, дейишади. Йўқ, мен уларнинг ишондик деганларига сира ҳам ишонмайман. Агар ишонсалар ҳам, барибир, бу нарсаларнинг ҳақиқатлигига кўзлари етиб эмас, ҳали биз юқорида айтганимиздек, ишониш керак бўлганлиги учунгина ишонишади. Агар ишонганликлари рост бўлса, унда нима учун ваҳимага тушиб, ташвиш чекишади? Нега мудом яхшилик қилиб, гуноҳга ботмай, ўзларини ўзлари эҳтиёт қилишмайди? Агар улар худонинг борлигига ва унинг меҳр-шафқати билан бирга ғазаби ҳам мавжудлигига ишонадиган бўлса, унда биз уларни яна нимага ишонтиришимиз керак? Ёки қандай қилиб уларни тузата оламиз? Қайси йўл билан уларни мўмин-мусулмон, имони саломат деймиз?
Агар кимда-ким икки дунёда хор бўлмай деса, мана, бу гапларни беш бармоғидай билиб олиши керак: ҳеч қачон бир одамнинг кўнглига айни вақтда икки қувонч, икки севги-иштиёқ, шунингдек, икки қўрқинч, икки қайғу, ҳасрат бир йўла сиғмайди. Бир маҳалда икки нарсанинг кўнглига сиғиши қийин ҳам, тўғрироғи, мутлақо мумкин эмас. Борди-ю, бирор одамнинг кўнглидаги дунёга бўлган қайғуси билан қувончи, охиратга бўлган қайғуси билан қувончидан ортиқ бўлса, у ҳолда, бу одам мусулмон эмас. Мана, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бизнинг қозоқлар қандай мусулмон қавмига кирар экан! Масалан, дейлик, мабодо бир одамнинг олдидан иккита нарса чиқиб қолса-ю, улардан бири охират учун, иккинчиси шу бугунимиз, яъни бу дунё учун керак бўлса, бунинг устига, бирини олган киши иккинчисини олишга ҳақли бўлмаса, кўриниб турибдики, бундай ҳолда бизнинг қозоқлар охиратга кераклисини эмас, балки, албатта, иккинчисини олган бўлар эди. Чунки улар охиратга кераклисини яна бир кези келганда оларман, бу гал мени раҳм-шафқатли худонинг ўзи кечирсин, деб ўйлайди. Хўш, энди, бир кун келиб, у бу дунёдан ўтса, унинг ўз охиратимни мол-дунёга сотганим йўқ, деганига ким ишонади?
Жамики инсон фарзанди бир-бирига дўстдир. Чунки дунёда ҳаёт экансан, қавм-қариндошлигинг, ўсиб-унишинг, тўқ ва фаровонлигинг, оч-яланғочлигинг, қайғу-ҳасратинг, истиқомат қилишинг, борди-келдинг, дунёга келишинг, тана бичиминг, ўлишинг, қора ерга киришинг, чиришинг, маҳшар куни сўроқ беришинг — ҳамма-ҳаммаси бирдай: икки дунёда ҳам бирдай ўйнаб-куласан, бирдай қайғу-ҳасрат чекасан, роҳати, азоби, уқубати, хавф-хатарини бирга тортасан. Бас, шундай экан, беш кунлик умринг борми-йўқми, бир-бирингга ғаниматсан, қўноқсан ва бу дунёга омонат меҳмонсан! Нега энди шундоқ бўла туриб бир-биринг билан арзимаган нарсалар учун ғижиллашасан? Бировнинг боғ-роғига, мол-дунёсига кўз олайтирасан? Насибангни худодан тиламай, банданинг улушидан олиб бер деганинг, ўзинг меҳнат қилмай, бировнинг насибасидан умид тутиб ўтирганинг лойиқми ўзингга? Худо биров учун бировга жабр қиладими? Икки оғиз сўзни эплаштириб гапира олмайдиган нодон, ақлсиз, илмсиз бўла туриб, ҳар он “Худо урсин агар, меники тўғри!” деб талашаверишдан нима фойда? Шу ҳам одамгарчиликми, энди! 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Эрталаб ўғлим: “Ойи, бугун тушимда мазза қилиб қизил олма едим, ишдан қайтишингизда шунақасидан олиб келинг, илтимос,” деб қолди. ...
01 янв 1970
Демократик ислоҳотларнинг янги босқичида мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти ваколатларини янада кенгаймоқда....
01 янв 1970
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни