Газ ҳисоблагичлар UZTRANSGAZ AJ ҳисобидан ўрнатилади

/
Газетамизнинг шу йил 6 апрель кунги сонида “Газ ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда газетамиз таҳририяти томонидан жорий йилнинг январь ойида “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти раҳбариятига юборилган хатдаги саволлар жавобсиз қолаётгани хусусида сўз юритилганди.
Аввало, “Ўзтрансгаз” АЖ раҳбарияти ушбу мақола билан танишиб, эътибор қаратганидан мамнун бўлдик.
“Ўзтрансгаз” АЖ бошқарма бошлиғи Эркабой Алиев томонидан таҳририятимизга жавоб йўлланди.
Қуйида мазкур жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

— 2018 йил 1 апрелдан ва кейинчалик 1 августдан аҳоли учун табиий газ ва суюлтирилган газ нархлари ошиши ҳақида фикрлар айтилмоқда. Аввало, ушбу оширилган нархлар ҳақида маълумот берсангиз. Бу нархларни 1 куб метр табиий газ нархи тарзида ҳам аниқ тушунтирсангиз.
— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 декабрдаги 1025-сон “Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги ПФ-5059-сон “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379-сон “Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Истеъмолчилар тоифасини инобатга олган ҳолда етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишнинг мавжуд эмаслиги улардан нооқилона фойдаланишга олиб келмоқда, энергия тежамкор технологиялар ва муқобил энергия манбаларини жорий этишни рағбатлантирмаяпти.
Шуларни назарда тутиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Табиий газ ва электр энергияси етказиб бериш ва реализация қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши республикамизда истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ва табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш, электр ва газ таъминоти тизимини изчил модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, энергия тежамкор технологияларни тезкор жорий этишни рағбатлантиришга қаратилган.
Электр ва газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шунингдек, соҳаларда кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида қарор иловасидаги рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи юридик истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўсиб борувчи 1,6 коэффициент ва тариф бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан қарор иловасидаги 1-бандда келтирилган ташкилотларга табиий газни тизимнинг ресурс ва техник имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “Ўздавнефтгазинспекция”, “Ўздавэнергоназорат” ҳамда “Энергияни тежаш миллий компанияси” АЖ нинг тегишли ижобий хулосаси асосида қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатдан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги, шунингдек, ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида хулосалар бериш тартиби тўғрисидаги низом талабларидан келиб чиққан ҳолда тузиладиган шартномалар асосида тарифга 1,6 оширилган коэффициентни қўллаган ҳолда, қолган (2-8-бандлардаги) ташкилотларга эса газнинг ҳар бир куб метрини 1000 сўмдан етказиб берилиши таъминланади.
— Тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари учун табиий газ нархлари жорий йилнинг 1 январь кунидан бошлаб оширилди. Бунда асосан нималар назарда тутилгани ҳақида сўз юритсангиз.
—Истеъмолчилар тоифасини инобатга олган ҳолда етказиб берилаётган энергия ресурслари қийматини аниқлашда табақалаштирилган ёндашишнинг мавжуд эмаслиги улардан нооқилона фойдаланишга олиб келмоқда. Шаҳарсозлик соҳасидаги амалдаги норма ва қоидалар объектларнинг энергия самарадорлигини таъминловчи замонавий талабларга жавоб бермайди, бинолар ва иншоотларнинг қурилиши ва реконструкция қилинишида энергия тежамкор материаллар ва технологияларни кўллашга етарли эътиборнинг мавжуд эмаслиги ҳам энергия ресурсларининг ортиқча сарф қилинишига олиб келмоқда, газ таъминоти тизимини янада такомиллаштириш, бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳада кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 27 декабрдаги 125-сонли қарор тасдиқланди. Қарорга асосан 2018 йил 1 январдан маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар табиий газ учун тўловларни ўсиб борувчи коэффициентлар ва тарифларга мувофиқ қуйидаги тартибда амалга оширадилар:
1. Истеъмолчилар томонидан қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги, шунингдек, ёқилғининг муқобил турларидан (кўмирдан) фойдаланганда амалдаги нархга нисбаттан 1,6 коэффициент қўлланилади, яъни 1 куб метр табиий газ учун – 463,68 сўм.
2. Пиширилган ғишт, цемент, асфальт ишлаб чиқарувчи корхоналар, оҳактош ва гипс қазиб олувчи, қайта ишловчи ва ишлаб чиқарувчи корхоналар, бетон ва темир-бетон буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар, иссиқхона ва иссиқхона-парник хўжаликлари, чинни ва фаянсдан буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга 1 куб метр табиий газ учун — 1000 сўм.
— Табиий газдан қанча миқдорда фойдаланганлигини истеъмолчи ҳисоблагичга қараб бемалол аниқлаши мумкин. Аммо газ баллони харид қилинган миқдордаги суюлтирилган газ билан тўлдирилганини аниқлашда уни тарозида тортиб кўришнинг ўзи кифоя қилармикан? Бу борада қайсидир даражада қалбакилаштириш ҳолатлари ҳам учрайдими? Умуман, истеъмолчи (аҳоли) баллондаги фойдаланишга яроқли газ миқдорини оддий усулда қандай аниқлай олади?
— “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти томонидан истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш доирасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бу амалий ишлардан кўзланган мақсад, ўз навбатида, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланишини таъминлашдан иборатдир. Бу борада республикамиз ҳудудларида маиший газ баллонларга суюлтирилган газ тўлдириш билан шуғулланаётган газ тўлдириш станциялари (ГТС) ва газ тўлдириш пунктлари (ГТП) хизмат кўрсатмоқда. Ушбу ГТС ва ГТПларда маиший газ баллон тўлдирувчи ходимлар томонидан белгиланган меъёрлар даражасида газ баллонларга суюлтирилган газ тўлдирилмоқда. Тўлдирилган газ баллонлар тўғри қуйилганлигини текшириб кўриш учун ҳар бир ГТС ва ГТПда назорат тарозилари ўрнатилган. Ишлар шу асосида ташкил этилиб, аҳоли томонидан газ миқдорини тарози орқали аниқлаш мумкин. Фақат бунинг учун газ баллонининг соф оғирлигини билган ҳолда тарози (талаблар бўйича ишлаши) орқали ҳисоблаш мумкин. Ҳозирда бундай назорат тарозилари газ баллонларини ташийдиган автомашиналарга ҳам ўрнатилган.
— Маълумки, бугунги кунда барча соҳада илғор технологиялар қўлланилиши ўзининг юксак самараларини бермоқда. Газ тизими тармоғида қандай янги тизимлар, лойиҳалар татбиқ этилмоқда?
— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги тизим ва технологияларни жорий этиш, газ таъминоти соҳасидаги муаммоларни самарали ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда.
Сир эмас, назорат ва ҳисобга олишнинг самарали механизми йўқлиги сабабли электр ва газ таъминоти корхоналари фаолиятида доимий ошиб борувчи қарздорлик юзага келаётган эди. Қарорга мувофиқ, дастлабки босқичда 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилинади. Қолаверса, энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) жорий этиш режалаштирилди.
Айни кунларда мазкур механизмни амалиётга жорий этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Натижада истеъмол қилинган газ сарфи учун олдиндан тўловни амалга ошириш, газ сарфи истеъмолини онлайн тарзда назорат қилиш, истеъмолчиларда қарздорлик бўлиши ҳамда нореал қарздорлик вужудга келишининг олди олинади. Чунки истеъмолчи тўлаган олдиндан тўлов пули тугаганида газ тармоқдан автоматик равишда ўчади.
— Газ тармоқларини модернизациялаш борасида узоқ йилларга мўлжалланган дастур, истиқболли лойиҳалар устида ҳам ишлар олиб борилаётгани хусусида тўхталсангиз...
— Газ таъминоти тизимидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш, ортиқча йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси газ таъминоти тизимини 2018-2021 йилларда реконструкция қилиш ва модернизациялаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Унга кўра, келгуси 5 йилда республикамиз бўйича 477,45 километр узунликдаги газ қувурларини, 4592 та газ тақсимлаш пунктини, шунингдек, 800 дан ортиқ электр кимёвий ҳимоя воситаларини мукаммал таъмирлаш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Жиззах ва Самарқанд шаҳарлари газ тақсимоти тизимини тубдан модернизация қилиш бўйича лойиҳалаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бу эса келгуси йилларда аҳолининг табиий газга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга замин яратади.
— Газ ҳисоблагичларнинг янги, яъни тўрт йилда эмас, ўн йилда бир марта тегишли қиёслаш назоратидан ўтадиган замонавий турлари қачондан бошлаб аҳоли хонадонларида ўрнатилади? Айтинг-чи, фуқароларнинг хонадонларига янги ҳисоблагичлар кимнинг ҳисобидан ўрнатилади?
— Президентимизнинг 2017 йил 27 июндаги Ф-4979-сонли фармойиши билан ташкил этилган электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи комиссия тузилган. Ушбу Ишчи комиссия давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 ноябрдаги ПҚ-3384-сонли қарорига асосан ҳозирги кунда Франция Республикасининг “Sagemcom”, Германия Федератив Республикасининг “Elster GmbH”, Швейцария Конфедерациясининг “Landis & Gyr” компаниялари ва Ўзбекистон Республикасининг “Toshelectroapparat” МЧЖ билан республикамизда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бормоқда. Музокаралар якунида ўн йилда бир маротаба тегишли қиёслаш назоратидан ўтадиган замонавий газ ҳисоблагичларини сотиб олиш учун шартнома имзоланиши режалаштирилган. Шартнома имзолангандан сўнг республикамизда табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш лойиҳасига асосан замонавий газ ҳисоблагичлари аҳоли хонадонларига “Ўзтрансгаз” АЖ ҳисобидан ўрнатилади ва уни давлат қиёслов кўригидан ўтказиш ҳам АЖ томонидан амалга оширилади.
— Фуқаролар хонадонларда газдан самарали фойдаланишда кўпинча нималарни эътибордан четда қолдиришмоқда, деб ҳисоблайсиз? Корхоналар-чи?
— Маълумки, мамлакатимизда газ таъминоти тизимини изчил модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш, энергия тежамкорлик асослари ва етказиб берилган табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Фуқароларимиз хонадонлардаги газдан самарали фойдаланишда мавжуд ностандарт, маънан эскирган газ жиҳозларини тежамкор замонавий жиҳозларга алмаштириш эвазига иқтисодий самарадорликка эришишлари мумкинлигини аксарият ҳолларда эътибордан четда қолдиришмоқда.
Шунингдек, корхоналар, яъни улгуржи истеъмолчилар фойдаланаётган мавжуд ностандарт, маънан эскирган газ жиҳозларини хатловдан ўтказиш ва уларни тежамкор замонавий газ жиҳозларига алмаштириш бўйича “Ўзтрансгаз” АЖнинг алоҳида буйруғи ишлаб чиқилиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинганини ҳам таъкидлаш жоиз.
“Adolat” мухбири
Дилором МАТКАРИМОВА суҳбатлашди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида буюк алломалар, муҳаддислар, муфассирлар, илм-маърифатда етук инсонлар тўпланиб илмий мажлислар, анжуманлар ўтказ...
01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ....
01 янв 1970
Ҳар сўзидан ҳикмат ёғилиб турадиган, маънили сўзлари билан кишини бир зумда ўзига тортадиган нуроний отахон билан суҳбатлашсангиз, худди қадрдон од...
01 янв 1970
Ҳар бир кишининг туғулуб ўскан шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур....