Яна баҳор келди сени сўроқлаб

/
Умарали НОРМАТОВ,
филология фанлари доктори, профессор

Урушнинг охирги йили эди. Адабиёт ўқитувчимиз дарсни режадаги мавзу қолиб “Баҳор келди сени сўроқлаб” шеърини ўқишдан бошлади. Синф сув қуйгандек жим, ўтирганларнинг кўнглида ҳаяжон, айримларнинг кўзида ёш. Сўнг домла асар муаллифи шоира Зулфия шеърининг ёзилиш тарихи, шоиранинг турмуш ўртоғи шоир Ҳамид Олимжоннинг бевақт вафоти ҳақида сўзлаб берди.
Ўша кундан бошлаб мен шоира Зулфия шеъриятининг шайдосига айландим, айниқса, ўз қалби гавҳари изҳори – ҳижрон ва вафо изтироблари қаламга олинган галдаги ҳар бир шеъри билан танишиш шоиранинг кўплаб мухлислари қатори мен учун байрам бўларди. Мунаққидлик ҳунарини озми-кўпми эгаллагач, кўнглимдаги ўша туғёнларни қоғозга туширишга шайланар эдим-у, Зулфия опанинг салобатлари босиб, бунга журъат этолмас эдим. Ниҳоят, шоира қалб гавҳари розларининг сўнгги ва энг авжи – “Хотирам синиқлари” достони пайдо бўлди. Энди у ҳақда ёзмасликнинг иложи йўқ эди. Мақола ёзилди, афсус, шоира ҳаётлигида эмас, вафотидан сўнг “Бақо бўсағасидаги нидо” сарлавҳаси остида матбуотда эълон қилинди.
Зулфия опа ҳақидаги хотираларимдан айримларини, аниқроғи, учта лавҳани сўзлаб ўтсам.
БИРИНЧИ ЛАВҲА: 1965 йили Зулфия туғилган куннинг 50 йиллиги олдидан шоира таълим олган хотин-қизлар билим юртида у билан адабий учрашув ўтказиладиган бўлди. Опанинг таклифига кўра, устоз Озод Шарафиддинов бошчилигидаги бир гуруҳ ижодкорлар, улар қаторида мен ҳам тантанада иштирок этадиган бўлдим. Ўша кезлари номи жаҳонда машҳур шоиранинг билим юртида ўзини тутишини – бу қадар камтарлик, хокисорликни кўриб лол бўлиб қолдим. Опа билим юртига қадам қўйишлари билан тантана ўтказиладиган залга эмас, ўзи ўқиган аудиторияга олиб киришларини илтимос қилдилар. Собиқ курсдошлари, муаллимлари қуршовида аудиторияга кириб, бир вақтлар ўзи ўтирган партани бехато топдилар ва у ерда туриб устозларига “келин салом” — таъзим бажо келтирдилар. Тантана залига кирганда эса устозларининг барчаси зал тўрига ўтмагунларича, у ерга чиқмайман деб туриб олдилар. Шоира айтгандай бўлди, унинг устозлари даврасида яйраб, эркатой бўлиб ўтириши маросимга ажиб файз, завқ-шавқ бахш этди. Бунақасини биринчи кўришим эди.
ИККИНЧИ ЛАВҲА: Орадан бир йил ўтиб нашриётда “Тирик сатрлар” мажмуаси қўлёзмаси муҳокамасига тўпландик. Директор хонаси ноширлар, ижодкорлар билан тўла. Таниқли адиблар қатори Зулфия опа ҳам муҳокамада иштирок этдилар. Чўлпон теварагидаги ҳадик ҳали авжида бўлган ўша кезлари “Тирик сатрлар” муносабати билан опанинг у ҳақда айтган сўзлари бамисоли момақалдироқ каби ўтирганларни ларзага солди. “Чўлпон “Тирик сатрлар”дан жой олган шоирларнинг барчасидан баланд туради, — дея мардона сўзини бошлади опа ва давом этди. — Чўлпон ўз номи билан тонг юлдузи, у чинданам янги ўзбек шеъриятининг юлдузи. Уни “Тирик сатрлар”даги шоирлар қаторига қўйиш тонг юлдузини кўкдан ерга тушириш бўлмасмикин... Мен Чўлпон шеърларининг алоҳида китоб ҳолида чиқиши тарафдориман”.
Бу ўша пайтда чиндан ҳам буюк жасорат эди!
УЧИНЧИ ЛАВҲА: 1995 йил авжи баҳорида Тошкент давлат аграр университетида шоира туғилган куннинг 80 йиллигига бағишланган байрамона адабий анжуман уюштирилди. Университетнинг улкан мажлислар залини тўлдириб ўтирган талабалар, профессор-ўқитувчилар қаршисида давлат, жамоат арбоблари, олимлар, талабалар, машҳур актёрлар бирма-бир минбарга кўтарилиб дил сўзларини айтишмоқда, саксон ёшлик пири бадавлат онахон шоирамиз ўзбекона одоб-тавозе билан ўз шаънига айтилган дил сўзларини тинглаб мамнун ҳолда ўтирибдилар. Ниҳоят, каминага сўз берилди. Мен асосан шоиранинг яқиндагина “Халқ сўзи”да эълон этилган “Хотирам синиқлари” достони хусусида гапирдим, аср сўнггида яратилган бу достон шеъриятимизнинг жиддий ютуғи эканини айтиб, уни ўқув дастурига киритишга розилик беришларини илтимос қилдим. Опа қўлларини кўксига қўйиб рози эканликларини изҳор этдилар. Шундан сўнг достон олий ўқув юртлари адабиёт дастури ва дарслигидан муқим ўрин олди.
 
ЭҲТИРОМ
Агар Зулфия Арманистонда туғилганда – Сильва, Ленинградда туғилганда – Бергольц, Болгарияда – Багряна, Югославияда туғилганда ҳам Десанка Макимовичдек машҳур шоира бўла олар эди...
Шоиралик шоирликка нисбатан кам учрайдиган ҳодиса. Ана шундай ярқироқ юлдузлар қаторидан ўзбек шоираси Зулфия муносиб ўрин эгаллайди...
Расул ҲАМЗАТОВ
(Доғистон)
 
Ажойиб табиатли кишиларни кўрганда нодир инжу топган кишидек қувонаман, ҳаётни янада қаттиқроқ севаман. Сиз, Зулфия, мен учун ана шу нодир инжу ва гўзал кишилардан бирисиз... Сиз ўзбек хотин-қизлари чаманидан гўзал бир санъат биносини қурдингиз. Сиз халқингиз учун табиатнинг туҳфаси, орзуларисиз.
Марварид ДИЛБОЗИЙ
(Озарбайжон)
 
Ўзбек шоираси Зулфиянинг қутлуғ қадами туфайли Шарқ адабиётига санъаткор аёл кириб келди, ёш ва иқтидорли шоиралар бутун бир плеядасининг овози баралла янграй бошлади.
Менимча, Зулфия шоира сифатида ўзбек адабиётининг энг ёрқин намояндаларидан биридир.
Ҳақиқатан ҳам Зулфия шеърияти замонавий ўзбек поэзиясининг порлоқ саҳифасини ташкил этади. Мен шоира поэзиясида дилбарлик, донолик, бу – улкан маданиятнинг қўлга киритган улкан ютуғи эканлигини ҳам таъкидламоқчиман. Чунки, Зулфия, фақат ўз шеърларида гавдаланган тўла-тўкис аёл тимсолигина эмас, балки у мукаммал шахс ҳамдир. Гўзал замонамизда шаклланиб, камолга етган шахс. Поэзия Зулфия учун ҳеч қачон шунчаки машғулот бўлган эмас...
Чингиз АЙТМАТОВ
(Қирғизистон) 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимиз тинчлигини асраш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, осуда ҳаётни сақлаш жуда муҳим....
01 янв 1970
Бу жараёнда ўз турар жойларини ижарага берувчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишга жиддий эътибор қаратилди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг бир қатор лойиҳалари асосид...
01 янв 1970
Маҳалла — халқимизнинг аҳиллиги, бирдамлиги, ҳамжиҳатлигини намоён этувчи маскан....