Коллежларда таълим тизими янгиланади

/
Бундан тўққиз-ўн йиллар муқаддам қишлоғимиздан 4-5 километр чеккада саноат йўналишида касб-ҳунар коллежи барпо этилиб, иш бошлаганида ниҳоятда хурсанд бўлгандик. Ахир қувонмай бўладими?! Тўрт қаватли муҳташам иморат барпо этилса, ундаги ёруғ, озода хоналарда ёшларга таълим берилса. Замонавий компьютерлардан, ўқув ишлаб чиқариш хоналаридан фойдаланиш имконияти бўлса.
Ўшанда 12 йиллик мажбурий таълим тизими ҳам, умумий ўрта таълимнинг ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим тизими билан уйғунлаштирилгани ҳам, ёшларнинг умумий таълим олиш билан бирга коллежларда бирор касб-ҳунар эгаси бўлиб етишишига имконият яратилгани ҳам ҳаммамизни қувонтирган эди. Буларнинг ҳаммаси мамлакатимизда таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлаш, уни янада такомиллаштириш, таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, малакали кадрлар тайёрлаш борасида жиддий ислоҳотларнинг натижаси бўлиб кўринди. Очиғини айтиш керак, дастлабки йилларда юртимизда ташкил этилган ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимида муваффақиятлар қўлга киритилди, ютуқларга эришилди. Аммо вақт ўтиши билан бугунги тараққиёт туфайли яна бир нарса — ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимида ҳам ҳали ҳал қилинмаган камчиликлар ва муаммолар борлиги, бу тизим ҳозирги талабларга жавоб беролмаслиги ва уни жиддий ислоҳ қилиш зарурлиги маълум бўлди. Хўш, бу камчиликлар нималарда кўзга ташланди?
Аввало, касб-ҳунар коллежларининг аксарияти аҳоли пунктларидан, қишлоқ ва овуллардан четда жойлашганди. Бу эса ўқувчиларнинг дарсларга мунтазам қатнашишига имкон бермасди. Ушбу ҳолат эса ўз-ўзидан таълим сифатининг пасайишига олиб келарди.
Касб-ҳунар коллежлари ва уларнинг ўқув устахоналари лаборатория ускуналари билан кам таъминланган эди. Айтайлик, коллежимизда 6 та лаборатория ўрнига иккитаси фаолият юритарди, холос.
Касб-ҳунар коллежларида дарсликлар ва ўқув қўлланмалари етишмасди. Бу дарсликларнинг эски нашрлари талабга жавоб бермасди. Янги дарсликлар эса тайёрланмаётган ва нашр килинмаётган эди.
Касб-ҳунар коллежларида ҳудудлардаги иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжлари ҳисобга олиниб, кадрлар тайёрлаш системаси ишлаб чиқилмаганди. Масалан, бизнинг коллежимиз саноат йўналишида эди. Биз яшайдиган теварак-атрофда эса бирорта саноат корхонаси йўқ. Коллежимизни битириб чиққан йигит-қизлар қаерга бориб ишлашади? Демак, тайёрланаётган кадрларимизнинг аксарияти ўз соҳасида ишламаслиги аниқ.
Коллежларда ўқиш тизими, қандай соҳа бўлишидан қатъий назар, бир хил қилиб белгиланганди. Яъни, механизатор ҳам уч йил ўқийди, электроника соҳасини ўрганаётган ўқувчи ҳам уч йил ўқийди. Бундай жараёнда ўқитиш муддатлари касбларнинг мураккаблик даражасига, уларни ўзлаштириш жараёнига жавоб бермасди.
Хуллас, кўнгилда бундай фикрлар кўп эди. Аслида бу фикрлар бир менинг эмас, мен каби кўплаб одамларнинг кўнглидан кечаётган фикрлар десам, хато бўлмайди. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан шу йилнинг 25 январида “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўрта махсус ва касб-ҳунар таълим тизимидаги бундай камчиликлар, муаммолар тўла кўрсатиб берилди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари фармонда бундай муаммоларни, камчиликларни бартараф этиш борасида муҳим таклифларни ҳам ўртага ташладики, бу ҳам таълим тизими вакилларининг кўнглидаги иш бўлди.
Яъни 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим 11 йиллик таълим негизида амалга ошириладиган бўлди. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳисобидан, уларнинг ўз хоҳишларига кўра бажарилиши белгиланди. Демак, касб-ҳунар коллежлари, баъзилар ўйлагандек, ёппасига ёпилмайди, балки уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш кўзда тутилди.
Эндиликда коллежлар вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарга бириктирилиши белгилаб қўйилди. Уларда ҳар бир тайёрлов йўналиши бўйича ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилади, миллий квалификацион рамкалар белгиланади ва касбга оид стандартлар жорий этилади. Профессионал стандарт маъноси шуки, дейлик, битта иш ўрни ишчидан қандай малака ва кўникма талаб қилади, ушбу ҳолат ўрганилиб, шу асосда модулли ўқув режалари пайдо бўлади. Таълим жараёни эса доимий равишда такомиллаштириб борилади. Бундан мақсад — касб-ҳунар таълими тизимини иқтисодиёт ривожланишининг муҳим компонентига айлантиришдир. Яъни юқори малакали ишчи, касб эгалари, иқтисодиётнинг ўрта бўғини мутахассислари тайёрланади.
Қоллежларда эндиликда нафақат мактаб битирувчилари, бунга қадар ҳам ўрта махсус маълумот олган, олий маълумотга эга бўлган, ишсиз қолиш хавфи остида қолган ихтиёрий ёшдаги фуқаролар ҳам таҳсил олишлари мумкин бўлади. Ҳозиргача коллежлар фақат кундузги таълим шаклига эга эди. Келгусида коллежларда кундузгидан ташқари сиртқи, масофавий ва уйғунлаштирилган таълим йўналишлари йўлга қўйилади.
Шунингдек, ўқиш муддати аввал 3 йил мажбурий бўлган бўлса, энди касбларнинг мураккаблигидан келиб чиқиб, 6 ойдан 2 йилгача муддатда ихтиёрий этиб белгиланди. Яъни эҳтиёж бўлдими, келиб ўқиш имконияти яратилди.
Юқори технологик тайёргарлик талаб қиладиган 6 ойдан 1 йилгача бўлган касбий таълим дастурлари буюртмачи иш берувчи корхоналар, идора ва ташкилотлар томонидан молиялаштирилади. Буюртмачиси бўлмаган шахслар ўзларининг шахсий жамғармалари ҳисобидан тўловни амалга ошириши мумкин. 1,5-2 йиллик мутахассисликни эгаллаш бўйича ўрта махсус ўрта бўғин таълим дастурлари олий таълимга муқобиллик асосида бир қисми грант, бир қисми контракт ҳисобидан амалга оширилади.
Иқтисодий жиҳатдан барқарор вазирлик, идора ва корпорациялар, йирик иш берувчилар ўз акциядорлари, ички имкониятлари доирасида коллежлар ўқувчилари учун қўшимча стипендия ва шу каби қўллаб-қувватлашни амалга ошириши мумкин.
Хуллас, умумлаштириб айтадиган бўлсак, Президентимизнинг бу фармони нафақат умумий ўрта таълим тизимининг фаолиятини яхшилашга, балки ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди. Бу эса мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз!
Раҳимжон ТЎХТАЕВ,
коллеж ўқитувчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда болалар ва ёшлар ўртасида спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ўз самарасини бераётир....
01 янв 1970
Барча юртдошларимиз қатори имкон даражасида ижтимоий тармоқларни кузатиб боришга, юртимизда юзбераётгани жтимоий-сиёсий, маданий-маърифий и...
01 янв 1970
ЁХБ ходимлари томонидан аниқланган камчиликларнинг аксарияти қисқа муддатда бартараф этилди....
01 янв 1970
Инсоннинг бу ёруғ оламдаги ҳаёти унинг учун бир синов. Умр синови. Бу синов ҳар кимда ҳар хил кечади....