Улуғ шоирнинг “СИР”И

/
Адабиёт майдони ғаройиб ҳодисаларга бой. Аммо бу майдонда ҳар ким ўз билганича от сурган. Омад эса ҳар кимга ҳар хилда кулиб боққан. Қай бир ижодкор ўз асарларининг адади билан эътибор қозонган бўлса, бошқа бир қаламкашнинг сўз санъати тарихидан муқим жой олиши учун у битган бир нечтагина шеър ёки ҳикоя кифоя қилган. Шу маънода, мутолаани хуш кўрувчи инсонлар учун муаззам “Шоҳнома”ни битган Фирдавсий нечоғлик эҳтиромга лойиқ бўлса, атиги бир неча ғазал ва мухаммаси бизгача етиб келган Турди Фароғий ҳам шунчалик қадрли. Бироқ ижодига нафис санъаткорлик билан муносабатда бўлишни тақозо этадиган улуғ ижодкорлар сони бармоқ билан санарли.
Алишер Навоий ижоди – ана шундай ўта ноёб ҳодисалардан бири. Нафақат ҳажм эътибори билан, балки безавол умумбашарий моҳияти билан ҳам! Шу боис улуғ бобокалонимизни дунёнинг адабиёт ва санъатга муҳаббати устувор бўлган исталган мамлакатида яхши биладилар, унинг бетакрор даҳосига қалби ва руҳонияти пок сиймо сифатида юксак эҳтиром кўрсатадилар.
Хўш, Навоий даҳосини бу даражада ардоқли қилган омиллар нималардан иборат? Албатта, бундай омиллар кўп. Шундай омиллардан бири — Алишер Навоий ижодининг умумбашарий маърифий салмоғи, энг аввало, шоир мурожаат этган мавзуларнинг чегара билмаслиги билан боғлиқ. Агар шоир қалами сайр этган мавзулар оламига бир қур назар солиб, шартли рўйхат тузиладиган бўлса, уларнинг аксарияти комилликка даъват мақсади ила тўйинганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Инсонни комил кўриш орзуси эса башарият тақдирига бефарқ бўлмаган, фарзандларининг эртанги кунидан умидвор ҳар бир инсонни, у қайси ирқ, дин ёки миллатга мансублигидан қатъи назар, ўзига мафтун айлаши шубҳасиз.
“Ким, кучук бирлан хўтукка қанча қилма тарбият, Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами”, дейди ҳазрат Навоий. Хўш, ҳаётга эндигина қадам қўяётган ёш авлоднинг айрим ножўя қилиқларидан оғриниш, умидсизлик гирдобига тушиб, улуғ шоиримиз бундан қарийб олти юз йил илгари келган хулосага келиш қайси халқ ёки миллат вакилига бегона?! “Оналарнинг оёғи остидадур Равзаи жаннату ризвон боғи. Равза боғин висолин истар эрсанг, Бўл оналар оёғининг тупроғи”, деб ўгит беради улуғ бобомиз. Дунёдаги миллионлаб оналар фарзандининг бир бора йўқлашини илҳақлик ила кутиб яшаётган ва ана шу илҳақлик ила афтода кулбаси ёхуд қариялар уйи эшигига термулганча жон таслим қилаётган серталофат бир замонда қалби уйғоқ қайси миллат ёки халқ вакили бу сатрларни шунчаки эрмак учун ўқий олади?! Ҳазрат Навоийнинг “Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами” ёки “Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, Онча борким, Каъба вайрон ўлса, обод айлагай” каби ўлмас байтлари барча мамлакатлар дарсхоналари пештоқини безаса, асло ажабланмаслик керак! Зотан, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, Навоийни бундан паст мақомга қўйишга уринишнинг ўзи – маънавий жиноят, инсоният тарихига хиёнат!
Ҳазрат Навоий оддий деҳқон билан – оддий деҳқон, файласуф билан – файласуф, шариат пешвоси билан – шариат пешвоси, тариқат вакили билан – тариқат вакили дунёқараши ва тилида фикр алмаша олган беназир зот. Шу боис Навоийни бизники, дегувчилар беҳад кўп, ўзига тарафдор санаб, ўзаро баҳслашгувчилар бисёр бўлган. Ўз даврида бутун мамлакат аҳли уни дину диёнат ҳимоячиси ўлароқ юксак эъзоз этганига сабаб ҳам аслида мана шу. Аммо бир нарса аёнки, ҳазрат Навоий ҳеч қачон шамол қайси томонга эсса, ўша томонга қараб эгилмаган. Ҳар бир кишига, соҳа ёки мансаб-мартабасидан қатъи назар, кори хайри ёхуд аъмолига қараб баҳо берган, муносабатда бўлган. Шу боис бир ўринда “Агар одам бўлсанг, халқ ғами билан иши бўлмаган одамни одам дема”, дея уқтирган шоирнинг бошқа бир ўринда “Парим бўлса, учиб қочсам улустин, то қанотим бор”, дея ёзғиришидан асло ҳайрон бўлмаслик керак. Тасаввуф тарихига оид чуқур билимга эга бўлган ва ўзи ҳам бу соҳага оид қатор асарлар яратган шоирнинг Оламлар Эгаси ҳақиқатларини англаш ўрнига, таъма қайиғида сузишдан нарига ўтмаган зоҳидпараст кишиларга қарата “Зоҳид, санга ҳур, манга жонона керак”, дея танбеҳ бериши, шариат аҳкомларидан хабардор инсон ўлароқ, дин ва диний маросимларни тирикчилик манбаига айлантирган кимсаларни “Сода шайх… лода шайх… афтода шайх…” дея танқид қилиши моҳиятида ҳам ана шу ҳақпарастлик, барчага Ҳақ ва ҳақиқат назари ила баҳо бериш майли устувордир. Энг муҳими, Навоий хоҳ зоҳирда, хоҳ ботинда бўлсин, доимо диёнат ва адолат тарафида бўлган. Ўз-ўзидан ана шу некбин, пок нигоҳ унинг асарларига кўчган. Бу ҳам ҳазрат Навоийни бори эл-улусга суюкли этган омилларнинг энг муҳимларидан бири, албатта.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий нимани ёзишни яхши билган, шу билан бирга, қандай ёзишни ҳам! Адабиётшунос олима Суйима ўаниева таъкидлайди: “Адабий асарнинг қиймати, ўқишли ва ўқишли эмаслиги, биринчи навбатда, унинг қандай услуб билан ёзилишига боғлиқ. Алишер Навоий асарлари беш асрдан буён халқимиз томонидан севиб ўқиб келинаётган экан, демак, бу асарлар яхши услуб билан, инсонга фараҳ бағишлайдиган шакл ва оҳангларда яратилган…”
ўарбу Шарқнинг кўплаб алломалари ўзининг маънавий салафи деб ҳисоблаган ва ҳисоблаб келаётган улуғ Навоий бу юксак эътироф ва эҳтиромга улкан матонат, йиллар оша чекилган заҳмат туфайли эришди. Улуғ Навоийнинг кўпчиликни ҳали-ҳануз ҳайратга солиб келаётган буюк “сир”и ҳам ана шундадир!
Шодмон СУЛАЙМОН,
филология фанлари номзоди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳукуматимиз томонидан дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи (сотувчи) тадбиркорлик субъектларига катта имкониятлар яратилиб, имтиёзлар ...
01 янв 1970
Бундан юз йил бурун маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Тўйга исроф қилинатургон оқчаларни ўқумоқ йўлиға сарф қилсангиз!” деб даъват эт...
01 янв 1970
Бахт шаҳри билан “Янгиобод”, “Иброҳим Каримов”, “Ўзбекистон” МФЙлари оралиғида бир неча йиллардан буён йўловчи ...
01 янв 1970
Ёши улуғ отахонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган д...