Бахтини сотган аёл

/
Суднинг қора курсисида инсонийликни унутганлар, жаҳл отига минганлар, нафс ботқоғига ботганлар, разолат ва қабоҳат домига тушганлар, бир сўз билан айтганда, гуноҳга ботганларнинг қанчадан-қанчаси ўтиришган. Панжараларнинг тили бўлганида эди, уларнинг афсус-надоматлари, кўз ёшлари ҳақида сўзлаб берарди.
Бу сафар ҳам шундай: Ҳуснора Зокирова
(мақолада исм-фамилиялар ўзгартирилган), Адолат Ибрагимова ва Исмоил Салимовлар ўз қилмишларига яраша қора курсида бош эгиб ўтиришди.
1992 йил Қашқадарё вилоятида туғилган, Яккабоғ туманида яшаб келаётган, ўрта маълумотли Ҳуснора Зокирова эридан ажрашгач, 2017 йил февраль ойининг ўрталарида 4 ёшли ўғли Шоҳруҳни олиб, Тошкент вилоятига келади ва ўазалкент туманидаги дам олиш масканига ишга жойлашади. Март ойининг охирларида Ҳуснора Бўстонлиқ туманидаги Озодбош қишлоғида истиқомат қилувчи Адолат Ибрагимова билан танишиб қолади ва унинг таклифига кўра, ўғли билан уникида яшай бошлайди.
Ҳуснора бир куни Адолат Ибрагимовага қишлоққа ўғли билан бирга қайта олмаслигини, ўғли туфайли турмушга ҳам чиқа олмаётганини айтади. Ўзини чорасиз кўрсатган Ҳуснорага Адолат Ибрагимованинг ўғлини бирор кишига фарзандликка бериб юбориш ҳақидаги таклифи маъқул тушади.
Адолат Ибрагимова дарҳол ишга киришади: 2017 йил 20 апрель куни таниши Исмоил Салимов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, одам сотиш орқали ноқонуний тарзда бойлик орттириш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Жанубий вокзал”га туташ “Миллий таомлар” овқатланиш масканида Ҳ.Зокированинг 2012 йилда туғилган фарзанди Шохруҳни сотишга келишиб олишади.
Зангиота туманида яшовчи, муқаддам 2 марта судланган, 2-гуруҳ ногирони бўлган 61 ёшли Исмоил Салимов неваралар тарбияси билан шуғулланиб, уларга ўрнак бўлиш ўрнига жиноятга қўл уради: анча йиллардан бери фарзанд кўрмаган қўшниси Наима Исламова билан учрашади. Н.Исламова онаси ташлаб кетмоқчи бўлган 4 ёшли болани боқиб олишга розилик билдиради, бироқ ўша кунлари иш билан Россия Федерациясига кетади. “Беғараз ёрдамчилар” режалаштирган ишини тезроқ тугатиш ниятида унинг қайтишини ҳам кутмасдан Наиманинг опасига учрашиб, Шоҳруҳни 2000 АҚШ долларига сотишини айтишади ва болани туғилганлик ҳақидаги маълумотномаси билан бирга унга қолдириб кетишади.
Россиядан қайтиб келган Наима Исламова 30 апрель куни “Жасурбек” кафесининг олдида Адолат Ибрагимова билан учрашади. Келишув чоғида А.Ибрагимова ундан боланинг “нархи”ни беришни талаб қилади. Н.Исламова эса боланинг онасини кўриб, у билан гаплашиб олгандан кейингина пулни беришини айтади ва улар бу келишувни эртагаёқ амалга оширишни режалаштиришади.
Наима она бўлишдек ширин хаёллар оғушида уйга қайтар экан, қилаётган ишининг тўғри ёки нотўғрилиги ҳақидаги фикрлар унга тинчлик бермайди. У жиноятга аралашиб қолаётганини англаб етади ва йўлини ички ишлар идораси томон буради.
2017 йилнинг 3 май куни томонлар “Жанубий вокзал” ёнида учрашишди. Наима Исламова Адолат Ибрагимовага кимёвий ишлов берилган пулларни топширади. Ҳ.Зокирова пулни олганлиги ва ўғли Шоҳруҳни ўз хоҳиши билан берганлиги, ҳеч қачон даъво қилмаслиги ҳақида “холислар” гувоҳлигида тилхат ёзади. Шу жараёнда уларни ички ишлар ходимлари қўлга олишади.
Ҳуснора Зокированинг бу қилмишини-ку сира оқлаб бўлмайди. Аммо бу жиноий ишда унинг қариндош-уруғларининг, яқинларининг ҳам айби йўқми? Турмуши бузилган аёлни боласи билан уйга киритмаслик, унинг бегона вилоятларда сарсон-саргардон бўлишига йўл қўйиш инсонийликнинг қайси тамойилига тўғри келади...
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра Ҳ.Зокирова, А.Ибрагимова ва И.Салимовлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, Ҳ.Зокировага 5 йил муддатга, А.Ибрагимовага 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, И.Салимовга эса энг кам ойлик иш ҳақининг юз баравари миқдорида жарима жазоси белгиланди.
Фарзанд бахт қуши дейишади. У Яратганнинг инсонга берган мукофоти. Ана шундай бахтни пулга сотган аёл эса Аллоҳнинг ҳам лаънатига лойиқ. Адолат устуворлиги таъминланаётган давлатимизда ҳар бир жиноятчи қилмишига яраша жазосини олади.
Темур ҚОСИМОВ,
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси,
Саодат МАТЁҚУБ қизи,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қарши шаҳрида Судьялар Олий Кенгаши раиси Убайдулла Мингбоев вилоятда фаолият олиб бораётган судьялар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан у...
01 янв 1970
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўғлимни мактабга ўқитувчидан дакки эшитишга юбормайман. Фарзандимни ота сифатида ҳимоя қилишга қодирман. ...
01 янв 1970
Ҳар қандай давлат тараққиётида темир йўл тармоғининг ривожланганлиги муҳим аҳамият касб этиши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир....