Эзгуликка йўғрилган ишлар

/
Ҳаётда қалби ўксик инсонларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларнинг дардига дармон бўлиш халқимизга хос олижаноб фазилатдир. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳам имконияти чекланган минглаб инсонлар кўнглига чексиз ёруғлик бахш этди.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида "Кенг жамоатчилик вакиллари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон қабул қилинди ва бу борада қўшимча имтиёз ва имкониятлар берилди" дея таъкидлаб, бу йўналишда яна бир муҳим ҳужжат — "Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонун қабул қилиниши, бу борадаги савобли ишларни рўёбга чиқаришда жамоатчилигимиз, бутун халқимиз, албатта, фаол иштирок этиши лозимлигини қайд этди.
Дарҳақиқат, бағрикенг ва инсонпарвар халқимиз ногиронлиги бўлган шахслардан ҳеч қачон ўз саховатини аямаган. Юртимизнинг қай бир нуқтасига борманг, ногиронлиги бўлган шахсларга меҳр-мурувват кўрсатилаётгани, шу орқали улар ҳаётдан рози қилинаётганини кўриш мумкин.
Шу маънода айтганда, Фарғона вилоятида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш мутасадди ташкилотларнинг диққат марказидаги вазифалардан саналади. Президентимиз томонидан қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон ижроси, умуман олганда, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш доирасида вилоят ҳокимлиги, прокуратура идораси, соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ Фарғона филиали томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.
Таъкидлаш лозимки, ногиронликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал. Ногиронликнинг олдини олишни эса оила остонаси саналган никоҳ давридан, ҳали фарзанд туғилмасидан аввал, бўлажак онанинг, у дунёга келгач ҳам она, ҳам боланинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, уларга ғамхўрлик қилиш ва репродуктив саломатликни мустаҳкамлашдан бошлаш мақсадга мувофиқ. 2017 йилда вилоятда 68.794 нафар никоҳланувчилар, 939.012 нафар туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Натижада туғиш ёшидаги аёлларнинг 438.906 нафарида туғишга нисбий ва мутлақ монелик аниқланиб, 426.720 нафари соғломлаштирилган. Энг асосийси, 9329 нафар ногирон болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган. Пировардида аниқланган йўлдош касалликлар бўйича уларнинг 1085 нафари санаторияда, 4190 нафари шифохонада, 4054 нафари амбулатор шароитда соғломлаштирилди.
Аммо мазкур тиббий кўрикларни ўтказишда айрим қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани ҳам аниқланди. Масалан, Учкўприк тумани "Сариқўрғон" қишлоғида яшовчи 2006 йилда туғилган Хусния Исақовага "Икки томонлама кохляр неврит" ташхиси билан ногиронлик белгиланган. Лекин Ҳ.Исақова лаборатория таҳлиллари ва чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан тўлиқ ўтказилмаган. Шу боис айбдор шахслар интизомий жазога тортилган.
Вилоятда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ва маиший шароитларини яхшилаш, уларни уй-жой ҳамда техник реаблитация воситалари билан таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Эътироф этиш керак, 2017 йилнинг иккинчи ярмида Президентимиз ғамхўрлиги билан вилоят бўйича 28 нафар ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой билан таъминланди. Вилоят прокуратураси органлари томонидан эса 1375 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса, мураккаб пойабзаллар, қўлтиқтаёқ ва протез-ортопедия буюмлари олиб берилди.
— Мен вилоят прокурорининг сайёр қабулида иштирок этиб, ногиронлик аравачаси олишда ёрдам сўрагандим. Вилоят прокуратураси ходимлари ўша куннинг ўзида уйимизга келиб, менга аравача совға қилишди, — дейди Қўқон шаҳрида яшовчи I гуруҳ ногирони Наргиза Жўраева.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш бўлими бошлиғи Муқимжон Акбаровнинг таъкидлашича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фарғона вилоят прокуратурасига вилоятда Тошкент шаҳридаги Протез-ортопедия буюмларини ишлаб чиқариш корхонаси филиалини ташкил этиш бўйича таклиф киритилган. Чунки протез-ортопедия буюмига буюртма берилгач, ногирон дастлаб андоза-ўлчам учун пойтахтга боради. Сўнг иккинчи маротаба бориб, уни олиб келади. Яъни протез-ортопедия буюмига ҳам жисмонан қийналиб, ҳам анчагина сарф-харажат эвазига эга бўлади. Умид қиламизки, мутасаддилар айни масалага ижобий ечим топишади.
— Вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган текширишларда ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортепедия буюмлари билан таъминлашда жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани ҳам аниқланди, — деди вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси Анваржон Назаров биз билан суҳбатда. — Хусусан, 2017 йил 21 август куни Фарғона туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган С.Абдураҳимовага "Иккала сон чаноқ бошчаси туғма чиқиғи. Икки томонлама коксоартроз 3-даражаси. Асорати: Чап сон суяги асептик некрози, иккала сон чаноқ бўғими аралаш контрактураси" ташхиси билан 2-гуруҳ ногиронлиги белгиланган. Бироқ туман тиббиёт бирлашмаси томонидан унга мураккаб ортопедия пойабзали олиш учун хулоса ёзиб берилмаган. Оқибатда мазкур ҳолат прокуратура аралашуви билан бартараф этилди. Давлатимиз раҳбарининг фармонида ногиронлиги бўлган шахсларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, иш билан таъминланиши ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини таъминлаш ҳам тўлиқ ифодасини топган. Жумладан, Бош қомусимизда "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир" дея қайд этилган конституциявий норма ижроси доирасида вилоят бўйича 1081 нафар имконияти чекланган, ногирон ўқувчилар ўз уйида якка тартибда таълим олмоқда. Албатта, ҳукуматимиз томонидан бу тоифадаги ўқувчилар зарур дарсликлар ва ўқув анжомлари билан таъминланиб, ўз хонадонларида тенгдошларидан кам бўлмаган ҳолда билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Лекин вилоят прокуратураси органлари томонидан ўтказилган текширишларда айрим муассасалар раҳбарлари ва ўқитувчиларининг уларга дарс беришни тўлақонли уддаламаётгани аён бўлмоқда. Масалан, Фурқат туманидаги 12-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Н.Умаров "Марказий нерв системасининг ирсий касаллиги" ташхиси билан якка тартибда таълим олиши белгиланиб, унга 10 та фан бўйича мактаб ўқитувчилари Д.Бектошева, Г.Ниёзматова, У.Ходжаматова, Н.Имомназарова, У.Қўзиева, К.Абдубаннобова ва М.Пўлатова бириктирилган. Аммо Д.Бектошева, Г.Ниёзматова, Н.Имомназарова, К.Абдубаннобова, М.Пўлатова ўқувчига икки ой мобайнида, жисмоний тарбия ўқитувчиси У.Қўзиева ва логопед ўқитувчиси У.Ходжаматова эса умуман дарс ўтмаганлиги аниқланди. Шунга қарамай, уларга ойлик иш ҳақлари ҳисобланиб, тўлаб келинган. Ёки Фарғона шаҳридаги 42-умумтаълим мактабининг ўз уйида таълим оладиган 1-синф ўқувчисига "Социология" мутахассислигига эга бўлган ўқитувчи Гулёрой Хатамова дарс бериб келган. Бинобарин, ушбу қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Шунингдек, 457 нафар ўқувчи Фарғона шаҳар имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежида билим олаётир.
— Лекин айни пайтда битирувчиларимизни квотали ва бўш иш ўринлари билан таъминлаш бўйича қилаётган мурожаатларимиз Фарғона шаҳар, Ёзёвон, Олтиариқ, Фарғона ва Риштон туман бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан рад этилмоқда, — дейди коллеж директори Ж.ўофуров. —Бундай тўсиққа қўшни Андижон ва Наманган вилоятининг айрим туманларида ҳам дуч келаяпмиз. Шу боис маҳаллий ҳокимликлар ва прокуратура органларидан ёрдам кутиб қоламиз.
Президентимиз фармонида ногиронларга қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортларини махсус воситалар, шу жумладан, пандуслар, алоҳида жойлар, бекатлар ва йўналишларни овоз ёрдамида эълон қилиш, электрон ахборот таблолари билан жиҳозлаш каби вазифалар ҳам белгиланган.
— "Қўқон—Марғилон—Андижон" электропоезди, "Андижон—Марғилон—Қўқон" ва "Қўқон—Наманган—Андижон" шаҳарлараро поездлари тегишли воситалар билан жиҳозланишидан ташқари Қўқон, Андижон, Наманган, Марғилон, "Поп-2" темир йўл вокзаллари ногиронлик аравачалари билан ҳам таъминланди. Қолаверса, ҳар бир вокзалда ногиронларга хизмат кўрсатувчи алоҳида тиббиёт хоналари ташкил қилинди. Шу билан бирга, поездларга чиқишдан олдин йўловчилар ногиронларга кўмак бериши хусусида мунтазам равишда огоҳлантирилмоқда, — дейди "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ Фарғона филиали бошлиғи Раҳатжон Зоҳидов.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан эса барча йўловчи ташишга ихтисослашган корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектларига ушбу фармон ижросини тўлиқ таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилган. Давлат дастурига биноан 2018 йилда қурилиши режалаштирилган Қувасой шаҳар ва Бешариқ туман автошоҳбекатларини ана шу талаблар асосида лойиҳалаш ва жиҳозлаш белгиланган.
Биз мазкур мақолани тайёрлашда бежиз вилоят прокуратураси органлари томонидан амалга оширилган ишларга алоҳида эътибор қаратмадик. Негаки Юртбошимизнинг фармони ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори зиммасига ҳам юкланган. Бинобарин, мазкур идора ходимлари нафақат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашаяпти, балки 2017 йилда улар томонидан ногиронликка оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда амалдаги қонунларни татбиқ қилишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича 17 та таклиф берилди. Зеро, эзгуликка йўғрилган саъй-ҳаракатлар ҳамиша бардавомдир.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Носир Нурназаров яқин кунларда 90 ёшини қарши олади....
01 янв 1970
Обод ва озод юртда яшаш, мустақил Ватан истиқлоли йўлида хизмат қилишдан улуғроқ саодат йўқ. ...
01 янв 1970
Юксак нуқтадан назар ташласангиз, Денов тумани ҳудуди улкан амфитеатрни эслатади....
01 янв 1970
Маълумки, Қашқа воҳасида қадимда кўплаб алломалар, донишманд мутафаккирлар яшаб ўтганлар....