Аёл ва... жиноят

/
Аёл — жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси. У гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. Жонидан жон бериб фарзандни дунёга келтирган, унинг бир табассуми учун ҳаловатидан кечадиган меҳрибон ва мушфиқ она у. Меҳр-оқибатлилик, фидойилик, ҳалоллик каби фазилатларни сингдиради у бизнинг шууримизга. Аммо, минг афсуски, бундай юксак рутбага барча аёлларимиз бирдай муносиб бўлишмаяпти.
Панжара ортида ўтирган онани кўрган фарзанд қай аҳволга тушишини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Онасини фаришта сифатида кўриб, унга ўхшашни орзу қилиб юрган қиз волидаи муҳтарамасининг ўғри ёки қотил эканини билгач, қандай аҳволга тушади? Тенгқурлари юзига қандай қарайди?..
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Наргиза Қосимова билан ана шу оғриқли мавзу юзасидан фикрлашдик.

– Аввало шуни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардимки, инсон ҳеч қачон ўз-ўзидан ҳуқуқбузар ёки жиноятчи бўлиб қолмайди. Бунга унинг ёшлигидан олган тарбияси, оилавий ва ташқи муҳит, муносабат ўрнатган кишиларининг қарашлари ва жамиятда тутган ўринлари ҳам таъсир кўрсатади. Энг ачинарлиси, баъзида ўз ҳуқуқларини яхши билмасликдан жиноятга қўл урадиганлар ҳам бор.
Шукрки, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Меҳнат қилган одам элда азиз бўлиб, турмуш даражаси ҳам юксалиб бораверади.
Халқимиз аёлни келажак яратувчиларининг тарбиячиси, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдоши ва жамиятда ўз мавкеига эга фаол инсон сифатида ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Лекин баъзи аёлларнинг ўз шаънига номуносиб тарзда жиноятга қўл ураётганлиги ачинарли бўлса ҳам, аччиқ ҳақиқатдир.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида Тошкент шаҳрида аёлларга нисбатан кўрилган жиноят ишларига назар ташлайдиган бўлсак, 1378 нафар шахсга нисбатан 1184 та жиноят иши кўрилган. Бу ракамлар кишини мулоҳазага чорлайди, ўйга толдиради. Қўллари бешик тебратган, тиллари алла айтиб, Яратганнинг фарзанддек улуғ инъомини бағрига босиб улғайтирган аёлнинг жиноятга қўл уришига сабаб нима?
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида кўрилаётган чора-тадбирлар, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан фирибгарлик жиноятлари камайишига эришилмаётганлигини куюнчаклик билан таъкидлаб ўтди. Биз юқорида қайд этган жиноятчи аёлларнинг ҳам 300 нафари Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан айбланган. Янаям аниқроғи, фирибгарлик жиноятини содир этишган. Юртбошимиз таъкидлаганидек, бундай жиноятларнинг асосий сабаби фуқаролик муносабатларини қонун доирасида амалга оширмасликка бориб тақалади.
Ўтган 10 ойда Тошкент шаҳрида қўшмачилик ва фоҳишахона сақлаш жиноятини содир этган аёллар сони 203 нафарни ташкил этади. Фарзандини ҳалол ризқ-насиба билан боқиб, одоб-ахлоқли, маънан етук қилиб камолга етказиши лозим бўлган аёлларнинг ўзлари тубанлик ботқоғига ботганларини қандай изоҳлаш мумкин?
156 нафар аёлнинг ўғирлик содир қилганлиги ҳам азал-азалдан меҳнаткаш, ҳаромдан ҳазар қиладиган элимиз шаънига тушган доғ эмасми?
Жорий йилнинг ўтган 10 ойида шаҳримизда аёлларнинг 18 нафарига Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддасида, 43 нафарига эса 135-моддасида белгиланган — қасддан баданга оғир шикаст етказиш, одам савдоси каби жиноятларни амалга оширганликлари туфайли жазо тайинланди.
Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жиноятини 89 нафар, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш жиноятларини 14 нафар, ЖКнинг 210-212-моддаларида кўрсатилган пора олиш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш жиноятини 29 нафар хотин-қизлар содир қилишган. Булардан ташқари, 24 нафар хотин-қиз гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, 30 нафар опа-сингилларимиз эса ЖКнинг 277-моддасида кўрсатилган безорилик жиноятини содир этганлиги учун жазога маҳкум этилдилар.
Қонунбузилишларга йўл қўйгани учун уларнинг 192 нафарига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 769 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар қўлланилди.
Ўтган 10 ойда Тошкент шаҳрида хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятчилик Сергели, Чилонзор ва Юнусобод туманларида юқори даражада эканлиги қайд этилган. Статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, Учтепа ва Бектемир туманларида жиноят содир қилган аёлларга нисбатан 61-59 та иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич Сергели туманида 295 нафар опа-сингилларимизга нисбатан 280 та, Чилонзор туманида 161 нафар хотин-қизларга нисбатан 140 та, Юнусобод туманида эса 150 нафар аёлларимизга нисбатан 120 та жиноий иш кўрилиб, қонун асосида жазо тайинланган.
Ўз хатосини тушуниши ва такрор жиноятга қўл урмаслиги, ўзгалар ҳаётига дахл қилмаслиги, уларда инсонийлик ва ватанпарварлик каби олий қадриятларни тарбиялаш мақсадида жиноятчининг эркинликлари чекланади. Афсуски, орамизда ҳаётининг маълум қисми жамиятдан, оиласидан, яқинларидан ажралган ҳолда ўтганига қарамасдан, қилмишларидан тўғри хулоса чиқармасдан такрор жиноятга қўл урган аёлларимиз ҳам учраб туради. Муқаддам судланган ва такрор жиноят содир этганлар сони Тошкент шаҳри бўйича 269 нафар бўлса, бу кўрсаткич Сергели туманида 42 нафарни ташкил этади. Бу рақамлар ҳудудларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари қай даражада олиб борилаётганидан ҳам дарак беради.
Жиноят тафсилотларини ўрганиш жараёнида уларнинг содир этилиш сабаблари билан ҳам қизиқамиз. Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 631 аёл ғараз ва чиркин ниятларда, 418 нафари бошқа сабаблар билан, 3 нафари эса маст ҳолатда жиноятга қўл уришган.
Касбимдан қатъи назар, аввало оила бекаси ва онаман. Шунинг учун аёллар томонидан содир қилинган ҳар бир жиноий ишни кўриб чиқаётганимда, айниқса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаётганда унинг оқибатини, жамиятдан ажратган ҳолда ахлоқан тарбиялаш мақсадга мувофиқлигини, уларни оиласидан, фарзандларидан ажратиш тўғри ёки нотўғрилигини синчковлик билан текшираман. Чунки инсонга берилган ҳаётнинг ўзи Яратганнинг улуғ инъомидир.
Баъзи кимсаларнинг жиноят кўчасига кириб кетишларига сабаб юртимиз тинчлигининг, фаровон турмушимизнинг, соғлиқ ва ҳаёт аталмиш саодатнинг, фарзанд ва оила бахтининг қадрига етмаётганликлари деб биламан. Энг ачинарлиси, уларнинг орасида ҳуқуқий маданияти паст даражада эканлиги, ўзи ва ўзгалар ҳуқуқларини билмасликлари туфайли жиноятчига айланиб қолаётганларнинг ҳам борлигидир.
Аёллар жиноятчилиги ҳақида сўз борар экан, уларнинг ижтимоий даражаси кишини мулоҳазага чорлайди. Статистик маълумотларга яна бир бор эьтибор қаратсак: жиноят содир этган ҳамшаҳарларимизнинг 208 нафари олий, 414 нафари ўрта махсус, 746 нафари эса ўрта маълумотга эга бўлган хотин-қизлардир. Бундан кўринадики, ўтган 10 ой ичида содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ўрта мактаб билимига эга бўлганларга тааллуқли.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. У жамиятимизнинг кўрки бўлмоғи лозим. Унинг тилларидан пушаймонлик, афсус ноласи эмас, аллалар учсин, бахтдан, толедан куйласин. Бунинг учун эса аёллар қонунбузарлигининг олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим.
“Adolat” мухбири Саодат МАТЁҚУБ қизи ёзиб олди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида, бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинч...
01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...
01 янв 1970
Дунёда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларга ҳамоҳанг равишда мамлакатимизда ҳам ахборот-коммуникация технологияларидан барча соҳаларда кенг фой...