Илмга айланаўтган ҳақиқатлар

/
Ҳаёт доимо ўсишда, ривожланишда. Лекин уни янада тараққий эттириш, юксалтириш учун илм-фан ривожи алоҳида роль ўйнайди. Бошқача айтганда, бу мураккаб дунёнинг азалий ва абадий муаммоларига, ҳар бир даврнинг долзарб масалаларига асосли илмий жавоблар топилгандагина юксалиш сари йўл очилади. Инсон қалбидаги янги фикр ва янгича дунёқараш илмий янгилик, кашфиёт сари бошлайди. Кашфиёт ва янгилик эса тараққиёт томон етаклайди.
Бугунги кунда ҳар бир давлатнинг, жамиятнинг ривожланишини илм-фан, техника тараққиётисиз, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий юксалишларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун мамлакатимизда бу борада энг тўғри йўл танланди — илм-фан, техникани ривожлантиришга, етук кадрлар тайёрлашга, олимлар фаолиятини рағбатлантиришга, янги технологияларни ҳаётга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Эътибор беринг, салкам бир йил ичида республикамизда илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган 35 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Шулар орасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 8 та қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар янгидан тузилди. Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси каби ташкилотлар иш бошлади. Бу масалаларнинг ҳаммасини амалга оширишда республикамиз Президентининг 2016 йил декабрида мамлакатимиз академиклари, илм-фан зиёлилари билан учрашувда билдирган таклифлари ва 2017 йилнинг 17 февралида “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Албатта, илм-фанни ривожлантириш, уни ҳаётга татбиқ этиш, шу асосда мамлакат тараққиётига йўл очиб бериш осонлик билан кечадиган жараён эмас. Бу борада мамлакатимиз раҳбари кўрсатмаларига мувофиқ бир неча босқичда ишлар амалга оширилди.
Энг аввало, республикамизнинг илм-фан намояндаларига, академиклар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг илмий фаолиятлари учун имкониятлар яратилди, илмий муваффақиятлари рағбатлантирилди. Илмий мактабларини яратиш учун кенг йўл очилди. Энг асосийси, илм-фан намояндаларининг кашфиётлари, яратувчиликлари давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Иккинчидан, республикамиз Фанлар академиясининг нуфузи ошди. Унинг ҳисобидаги илмий-тадқиқот институтларига, марказларига, уларнинг жойлардаги филиалларига илмий фаолият учун кенг йўл очиб берилди. Илмий тадқиқотларни инновация соҳасига жорий қилиш, бундай фаолиятни рағбатлантириш йўллари белгиланди.
Учинчидан, ёш илмий кадрларни тайёрлаш ва улар салоҳиятини оширишга, илмий муассасалар билан ҳамкорлигини кучайтиришга эътибор қаратилди. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий лаборатория ва кафедралари, илмий кенгашлари, вазирлик ва идоралардан иборат кўп тармоқли илмий-ташкилий инфратузилма фаолият олиб бормоқда. Бошқача айтганда, илм-фан ва инновация соҳасига ёш олимларни жалб қилиш йўллари яратиб берилди.
Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш ва унинг инновация билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида ана шундай масалалар ҳал қилинишига қарамасдан, соҳада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган навбатдаги ишлар ҳам бор эди. Булар илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва хоналарини реконстуркция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, бутловчи қисмлар, зарур материаллар ва реактивлар билан таъминлаш каби ишлардан иборат эди. Негаки, бугунги илм-фан тараққиётини замонавий бинолар ва энг янги лаборатория ускуналарисиз амалга ошириб бўлмасди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги томонидан давлат илмий-техника дастурларини, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини, фундаментал, амалий илмий тадқиқотлар ва инновация ишланмаларини ҳар йили молиялаштириш, маблағ билан таъминлаш борасида ҳам айрим муаммолар юзага келганди. Ёки бўлмаса, хўжалик юритувчи субъектларнинг илмий тадқиқотларини молиялаштириш, тажриба-тадқиқот билан боғлиқ ишлаб чиқаришларини ташкил этиш, илмий-техник ишланмалар натижаларини амалиётга жорий этишдан манфаатдорлигини тубдан ошириш борасида ҳам чора-тадбирлар белгилаш ҳаётий заруратга айланганди. Яъни илм-фан ва инновация соҳасида жиддий иқтисодий базис яратилиши керак эди. Ана шу масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 ноябрда “Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор илм-фанни, илмий-тадқиқот муассасалари билан инновация ўртасида ҳамкорликни кучайтиришда, тараққиёт асосларини белгилаб беришда навбатдаги яна бир муҳим босқич бўлди.
Қарорда фан ва инновация соҳасида 6 та устувор йўналиш белгиланган бўлиб, бу йўналишларда 2017-2021 йиллар давомида 40 дан ошиқ тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. Ана шу йўналишлардан бири, иқтидорли ёшларни илмий-тадқиқот фаолиятига кенг жалб қилиш учун докторантурада ўқиш даврига мақсадли квоталар ажратиш ва уларнинг илмий ютуқларини қўллаб-қувватлаш тарзида белгиланган. Кейинги йўналишда илмий фаолият билан таълим жараёнини уйғунлаштиришга, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходим ва мутахассисларини олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнига кенг жалб қилиш, магистрлик диссертацияларининг дастлабки ҳимоясини амалиёт ўталган муассасаларда ўтказиш, яъни илмий ишни амалиётда синаб кўриш тартибига эътибор қаратилган. Яна бир йўналишда республика илмий муассасаларида олиб борилаётган тадқиқотлар савиясини юксалтириш, тадқиқотлардан халқаро миқёсда фойдаланиш имкониятларини юзага келтириш белгиланган. Навбатдаги йўналишга илмий-тадқиқот муассасаларидаги мавжуд ҳамда янги тузилаётган илмий лабораториялардан илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ходимлари илмий ишларда биргаликда фойдаланиш механизми асос қилиб олинган. Бешинчи йўналишда қилинадиган ишлар сирасига илмий ва инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг патент-лицензия фаолиятини такомиллаштириш, яъни интеллектуал мулк объектларига муаллифлик қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш масалалари киритилган. Охирги йўналишда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва иншоотларини сақлаш, уларнинг айрим тоифадаги ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириш белгилаб қўйилган.
Қарорда режалаштирилган тадбирларга ҳам алоҳида эътибор берилган. Жумладан, мазкур қарор шарҳида шундай дейилади: “Тадбирлар доирасида 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот муассасаларида таъмирлаш-қайта тиклаш ишлари, 40 та илмий-тадқиқот муассасасини замонавий илмий лабораториялар, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш режалаштирилган. Бунда лабораторияларни сарфланувчи материаллар ва реактивлар билан узлуксиз таъминлашга сарфланадиган харажатлар алоҳида назарда тутилган.
Умумий қийматда, 2018-2021 йилларда Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 116 миллиард сўмдан зиёд, замонавий илмий ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш, зарур материаллар ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш учун 32,2 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган”.
Юқоридагилардан англашилиб турибдики, мамлакатимизда илм-фанни, илмий-тадқиқот муассасалари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш билан боғлиқ механизмнинг барча босқичлари тўла ишлаши учун имкониятлар тўла яратилган. Эндиликда илм-фанни, илмий-тадқиқотларни амалга ошириш учун ҳамма шароитлар мавжуд. Демак, энди жиддий ишлаш, янгиликлар, илмий кашфиётлар яратиш даври келди. Мамлакатимиз раҳбари бу борада олимларимиз олдига нафақат республикамиз ижтимоий ҳаётини юксалтиришга хизмат қиладиган илмий янгиликларни яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш вазифасини қўйди, балки Ватанимиз илм-фанини дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари илм-фани даражасига кўтариш, улар билан рақобатга кириша оладиган миқёсда кашфиётлар яратиш, илм-фанимизнинг халқаро нуфузини янада ошириш масаласини ҳам белгилаб берди.
Х асрда яшаб ўтган улуғ аллома ва шоир Абубакр Абулхайрдан “Ҳақиқат нима?” деб сўрабдилар. “Ҳақиқат — барча нарсаларнинг илмда зоҳир бўлиши”, деб жавоб берибди у. “У ҳолда илм нима?”, деб сўрашибди атрофидагилар. “Илм — барча нарсаларнинг ҳақиқатга айланиши”, дебди у. Бу ўтмиш тарихдан бир узви. Лекин бугунги кун ҳаётимизда барча нарсалар илмий асосда зоҳир бўлаётган, илм эса ҳақиқатга айланаётган экан, демак, бу ҳаётимизнинг, жамиятимизнинг ниҳоятда тўғри йўлдан тараққий этаётганлигидан, келажак ҳаққоний асосда белгиланаётганидан дарак беради.
Саидахрол ТЎХТАЕВ,
академик

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўттиз олтита маҳаллани бирлаштирган ва юз минг нафардан ортиқ киши истиқомат қиладиган Каттақўрғон шаҳрида болалар тарбиясига ҳамма жойда бўлгани с...
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг минглаб йиллар, кўп асрлар давомида шаклланган ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия борасида тўпланган бо...
01 янв 1970
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим....
01 янв 1970
Биз Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга мурожаат этдик....