Табиат мусаффолиги — юрт бойлиги

/
Яқинда “Ўзбекистон” телеканали орқали эфирга узатилган “Муносабат” ток-шоусини диққат билан томоша қилдим. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан амалга ошаётган лойиҳанинг экология ва атроф-муҳитни асраш мавзусида эканлиги эътиборимни тортди.
Шуни айтиш жоизки, Бош қомусимизда барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз мустаҳкам кафолатлаб қўйилган. Албатта, биз улардан ҳеч қандай монеликсиз фойдаланишимиз мумкин. Конституцияда бажаришимиз мажбурий бўлган фуқаролик бурчларимиз ҳам ўз аксини топган. Аммо кўпинча биз ҳуқуқ ва эркинликларимиздан фойдаланишни, уларни талаб қилишни яхши биламиз-у, лекин фуқаролик бурчларимизни бажаришда баъзан бепарволик қиламиз.
“Адолат” СДП томонидан қўл урилган хайрли ташаббус, яъни “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасида ва “Муносабат” кўрсатувида ўз ифодасини топган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини асраш масаласи ҳам биринчи галдаги фуқаролик бурчимиз саналади. Бош қомусимизнинг 50-моддасида “Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар” деб белгиланган. Энг муҳими, мана шу мусаффо ҳаводан барчамиз нафас оламиз, атроф-муҳит гўзаллигидан баҳраманд бўламиз. Ўз навбатида, табиатнинг, ҳавонинг ифлосланишидан бирдек азият чекамиз. Шундай экан, “Муносабат” кўрсатувида тилга олинган ҳамда кундалик ҳаётимизда учраётган экологик муаммоларни бартараф этиш учун биргаликда иш олиб боришимиз, аниқроғи, айни масалада Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва уларнинг қуйи бўғинлари ходимларига ҳар биримиз елкадош бўлишимиз лозим.
Кези келганда кўрсатувда минг бир таассуф билан тилга олинган масала – пойтахтимизнинг кумуш камари бўлган Бўзсув анҳорининг ифлослантирилиши хусусида ҳам ўз фикр-мулоҳазаларимни билдирмоқчиман. Эсимда, талабалик давримизда анҳор ёқаси шаҳарнинг энг сўлим гўшаларидан бири саналарди. Айни пайтда хизмат юзасидан пойтахтимизга бориб турамиз. Гувоҳи бўлганимиздек, ҳозир ҳам Бўзсув бўйида шундай жойлар талайгина. Аммо ўтган йиллар мобайнида аҳоли ва тадбиркорлар томонидан анҳорнинг устигача чиқариб қурилган бино ва иншоотлар, усти ёпиқ сўрилар, чойхона ҳамда дам олиш масканлари кўпайганини ҳам кузатдик. Ваҳоланки, бунга йўл қўйган шахслар ҳар қандай сув ҳавзасининг муҳофаза зонаси борлигини хаёлларига келтиришмаяпти. Бу ҳам етмагандек, турли чиқиндиларни ташлаб, анҳор сувини булғашмоқда. Негадир ён-атрофдагилар, айниқса, қўни-қўшни ва маҳалла-кўйдагилар, ҳатто тегишли МФЙ масъуллари ҳам бу ҳолатни кўриб, кўрмаганга олишмоқда, “ишбилармон”ларни тартибга чақириш ўрнига томошабин бўлишдан нарига ўтишмаяпти. Қолаверса, ўша тумандаги назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ҳам бу хатти-ҳаракатларга нисбатан муносабат билдирилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмаяпти.
Албатта, бундай аянчли ҳолатларни фақатгина пойтахтимизда эмас, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам учратиш мумкин. Бинобарин, уларга нисбатан қатъий ҳуқуқий таъсир чораларини кўриш зарур. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг VIII боби “Табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” дея номланиб, унинг 65-96-моддаларида бу тоифадаги қонунбузилиш ҳолатлари учун қўлланиладиган маъмурий жавобгарлик чоралари ўз аксини топган. Жиноят кодексининг “Атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги жиноятлар” деб номланган XIV бобидаги 193-204-моддаларида эса бундай қилмишлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ёки чиқиндиларни белгиланган жойга эмас, балки дуч келган ерга улоқтириб кетиш ёхуд сувга оқизиш ҳолатлари билан ҳам асло муроса қилиб бўлмайди. Негаки, чиқиндилар турли юқумли касалликларни келтириб чиқариши фан ва тиббиётда қайта-қайта исботланган. Кўрсатувда партия фаолларидан бири дунёда чиқиндилардан заҳарланиб вафот этганлар сони турли уруш ва қирғинбаротларда қурбон бўлганлардан кўпроқни ташкил қилишини таъкидлаб ўтди. Бу эса жиддий мушоҳада қилиш ва ҳамиша ҳушёр бўлишга ундайди.
Маълумки, тозаликка риоя қилиш, табиат мусаффолигини асраш учун инсон болалигидан шу руҳда тарбияланган бўлиши керак. Бу ҳақиқатни биз катталар, ота-оналар теран ҳис қилишимиз шарт. Шу боис, аввало, оилада, мактабгача таълим муассасаларида ўтиладиган машғулотлар ҳамда умумтаълим ва олий таълим муассасаларидаги дарсларда мавзуга оид билимларни янада чуқурроқ сингдириш, бир сўз билан айтганда, ёшларнинг экологик маданиятини шакллантириш зарур. Бундан ташқари, тилга олингани каби ғайриқонуний ҳолатлар ва лоқайд инсонларга нисбатан қўлланиладиган жазо чораларини кучайтириш керак. Ана шундай жазо чораларини айбдорлар билан бирга тегишли маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва айни масалага масъул ходимларга нисбатан ҳам қўллаш мақсадга мувофиқдир. Шундагина улар ўз ҳудудларида назоратни янада кучайтириб, ҳуқуқбузарларга нисбатан жиддий муносабатда бўлиши мумкин. Зеро, нечоғлик узоқ ёки қисқа умр кўришимиз табиатга бўлган муносабатимиз ва уни асраб-авайлашимизга ҳар жиҳатдан боғлиқ.
Хосиятхон МАМАЖОНОВА,
Бешариқ туман ФҲДЁ бўлими мудири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлигининг таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг талаб даражасида фаолият олиб боришига боғлиқ....
01 янв 1970
Чеченистон маданият вазири Хож-Бауди Дааев ижтимоий тармоқларда юртдошлари томонидан машҳур бўлиб кетган чечен поп-хонандаларига ҳукуматнинг рухсат...
01 янв 1970
Ҳеч эътибор берганмисиз: ота-онасининг тиззасига ўтириб олиб, улар қўлидаги телефондан кўз узмаётган кичкинтойнинг ҳолати қандай бўлади?...
01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...