Алифбобозлик ёхуд тарих сабоқлари

/
Отам ҳар гал келганида ёнида олиб юрадиган сумкасида невараларига атаб Хоразмдаги боғимизда пишган мева-чевалардан ва ҳар хил егуликлардан олиб келар, улардан болаларим ҳамда невараларим баҳраманд бўлишар, шу сабаб бу сумкани улар интиқ бўлиб кутишарди. Аммо отамнинг бу галги келиши болаларимни ҳам, невараларимни ҳам одатдагидай қувонтирмади. Сумкадан мева-чевалар, ҳар хил егуликлар ўрнига арабий имлода ёзувлар битилган қоғозлар, қўлёзма китоблар, эски рисолалар чиқди. Улар тахлам-тахлам қилиб боғланганди. — Буларни сенга олиб келдим, — деди отам менга, — уларни ўқишга тишим ўтмади. Бу китоблар, қоғозлар отамдан, отамнинг отасига бувамдан қолган. Уларнинг ичида нималар ёзилганини билмайман. Шуларни ё ўзинг ўқиб, ё кимгадир ўқитиб, нима гаплар, сўзлар ёзилганини билиб берсанг?
Аждодларимдан қолган эски қўлёзмаларни бирма-бир варақлаб чиқдим. Уларнинг бир қисми эски ўзбек тилида, араб алифбосида битилган ёзувлар экан. Яна бир қисми араб тилидаги қўлёзмалар бўлиб чиқди. Бу ёзувлар ва қўлёзмаларнинг ҳаммасини ўқий олмадим. Ҳижжалаб ўқиганларимдан шу нарса маълум бўлдики, улар орасида Қуръони карим, муҳаддислар асарларидан намуналар, қурилиш ишларига оид, математикага доир рисолалар, шунингдек, Сайфи Саройи, Носириддин Рабғузий, Фахриддин Розий, Паҳлавон Маҳмуд, Мирзо Абдулқодир Бедил ва яна кўплаб алломалар ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маълумотлар, асарларидан парчалар бор экан. Арабий қўлёзмалар ва улар ҳошиясидаги битикларни эса ўқий олмадим. Булар Хива мадрасаларидан бирида мударрис бўлиб ишлаган бувам ва унинг отаси қаламига мансублиги аниқ эди. Лекин мен бу ёзувларнинг ўтган асрнинг 20-40-йилларида собиқ шўролар давлатининг арабий имлодаги меросни ҳам, бу меросни ўқий оладиган алломаларни, уламоларни ҳам, бундай битикдаги асарларни, китобларни, сақлаган одамларни ҳам қатағон домига олганини, уларни шундай китобларни, ёзувларни сақлаётганини билса, отишга, сургун қилишга, қамашга ҳукм этгани ҳолда бу мерос намуналари бугунги кунга қадар қандай етиб келганига ҳайрон эдим. Ҳайрон эдиму, аммо унинг заминида буваларимдан етиб келган кичик бир меросга етишишдек бахт ва қувонч ҳам бор эди. Бироқ, афсуски, аждодларимиздан мерос қолган, давр талотумларидан эсон-омон ўтиб келган бу бойликларни, арабий битикларни на отам, на мен ўқий олардик.
Ушбу қўлёзмалар орасида отамнинг ўтган асрнинг 30-йилларида ёзган ёзувлари ҳам бор экан. Чоғроқ кўк дафтарга битилган бу ёзувлар лотин алифбосида эди. Лотин алифбосидаги ҳарфлар бошқа тиллардаги ҳарфларга нисбатан кирилл алифбосига яқин бўлса-да, уни мен ҳам, болаларим ҳам равон ўқий олмадик. Мен ва болаларим саводимизни кирилл алифбосида чиқарганмиз. Ёзув ва ўқишимиз ҳам шу алифбода кечган. Аммо невараларим эндиликда мактабда лотин алифбосига асосланган ўзбек ёзувида таълим олишмоқда. Шундай қилиб, бугунги кунда неваралар ёзувларини оталар, оталарнинг ёзувларини эса неваралар қийналиб мутолаа қиладиган ёки билмайдиган авлод пайдо бўлди. Бошқачароқ айтганда, ҳаётда бувалар ёзувини оталар, оталар ёзувини болалар, болалар ёзувини эса набиралар ўқий олмайдиган ҳолат, фожиа юзага келди.
Агар ушбу ҳолат фақат бизнинг оиламиз доирасида юзага келган муаммо бўлганида эди, бу хусусда сўз очиб ўтириш ўринсиз бўларди. Ваҳоланки, бу ҳолат бутун бир халқимизнинг, миллатимизнинг умум муаммосига айланган. Шунинг учун бу хусусда сўз айтиш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Келинг, бу хусусда сўзимизни яқин ўтмиш тарихимиздан эмас, олис қадимиятимиздан бошласак.
Қадимшуносларнинг маълумотларига кўра, Ўрта Осиёда, хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида алифболар милоддан олдинги II-I минг йилликлар оралиғида пайдо бўлган, деб эътироф этилади. Уларнинг пайдо бўлиши 3-4 минг йиллик тарихга эга, деб қаралади. Бу алифболар орасида Хоразм, Сўғд, Бақтр тиллари билан боғлиқ алифболар алоҳида нуфузга эга бўлган. Алифбонинг пайдо бўлиши, бу ёзув маданиятидагина эмас, давлатчилик тарихида ҳам муҳим роль ўйнаган. Ҳозирги замон тарихчиларининг хулосасига кўра, қадим замонларда бошқарув, ҳукмдорлик тизимида барча жиҳатларга эга бўлган мамлакат ўз алифбоси ва ёзувига эга бўлмаса, у давлатчилик мақомига эриша олмаган.
Шу сабаб бўлса керак, Абу Райҳон Беруний Хоразмда ҳукмдорлик милоддан олдинги XIII асрда бошланганлиги ҳақидаги маълумотни келтирар экан, унинг ўз алифбоси ва ёзуви бўлганлиги хусусидаги фикрни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтади. Ўрта Осиёда алифболарнинг, ёзувларнинг пайдо бўлиши ҳақида олимлар ҳар хил фикрлар билдирадилар. Баъзи олимлар бу алифболар бошқа алифболарнинг таъсири остида шаклланган, дейдилар. Таниқли археолог Сергей Толстов “Қадимги Хоразм маданиятини излаб” асарида “Эрон ва Ўрта Осиёнинг турли-туман алифболари — аршиакий паҳлавийлари ва сосоний паҳлавийларининг алифболари, “Авесто” алифбоси, Сўғд алифбоси ва унинг Марказий Осиё ва Узоқ Шарқдаги кейинги уруғлари — уйғур, мўғул ва маньчжурия алифболари, Бухоро ва Усрушонанинг Сўғд алифбосидан фарқ қиладиган алоҳида бир алифболари ўз шажараларини оромий ёзувидан бошлайдилар. Хоразм алифбоси классик оромий алифбосига бориб тақалувчи мустақил бир тармоқни ташкил этади. Бу алифбода оромий алифбоси анъаналари юқорида санаб ўтилган алифболарнинг ҳаммасидан кўра кўпроқ сақланиб қолган”, деб ёзади. Маълумки, Хоразм, Сўғд, Бақтр алифболарида 20 дан ортиқ харфлар бўлган. “Авесто” алифбосида эса сўзларни тўла ва мукаммал ифодалаш учун 30 дан ортиқ ҳарфлар ишлатилган.
Улар ўз даврида давлат тиллари ҳисобланган ва бу тилларда халқлар мулоқот қилган, қонунлар чиқарилган, асарлар яратилган, шу тилларда таълим берилган. Бу алифболар ва тиллар милодий VIII асрнинг бошларида арабларнинг юртимизга босқини натижасида босқинчиларнинг халқимиз устидан ҳукмронлигини кучайтириш мақсадида мажбурий равишда муомаладан чиқариб ташланди. Арабларнинг юртимизга босқини ва бошқа тилларни муомаладан чиқариб ташлаши ниҳоятда хунрезлик билан амалга оширилган. Бу хусусда Абу Райҳон Беруний “Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида “Қутайба хоразмликларнинг ёзувини билган, уларнинг ривоятларини сақлаб қолган барча кишиларни, улар ичидаги ҳамма олимларни имкон борича қувғин қилди ва қириб юборди, натижада уларнинг ўтмиши шу қадар зулмат билан чулғандики, энди биз бу ерга ислом кириб келган вақтга қадар уларнинг тарихида маълум бўлган воқеалар тўғрисида ҳақиқий билимга эга эмасмиз”, деб ёзади. Улуғ алломанинг бу фикри нафақат хоразмликларнинг тарихи ва ёзувига нисбатан, балки ўша даврдаги сўғдиёналиклар, бақтрлар тарихи ва тилига нисбатан ҳам айтилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Негаки, исломгача бўлган даврдаги қадимиятдан нишона сифатида хоразмликлар билан бирга сўғдиёналиклар, бақтрияликларнинг бирорта тарихий асари, маълумотларга эга архив ҳужжатлари сақланиб қолмагани бу фикрни тасдиқлайди.
Ҳатто, кейинги йилларда тарихимизни тадқиқ этиш борасида жиддий ишлар қилинганига, кўплаб археологик қазишмалар олиб борилганига қарамай қадимий Хоразм, Сўғд, Бақтр тиллари, алифбоси ҳақида маълумот берувчи янгиликлар деярли қўлга киритилмади. Улардан бизларга етиб келган намуналар фақат қадимий турли идишларга, ҳайкаллар остидаги тошларга ўйиб ёзилган сўзлардан парчалар, тери, тахта, сополлар, деворий суратлардаги айрим битиклар, номаълум ҳужжатларда сақланиб қолган баъзи лавҳалардан иборат, холос. Шунинг учун бўлса керак, уларни ўрганишга ҳам эътибор суст. Айтайлик, республикамизда қадимий Сўғд ва Бақтр алифбосини, тилини биладиган иккита олим бор. Қадимий Хоразм ва “Авесто” тилини биладиган бирорта ҳам мутахассис йўқ. Бу ҳам бизнинг қадим меросимизга, тилимиз тарихига муносабатнинг бир ифодасидир.
Араб тилининг юртимизда давлат тилига айланиши IX-XII асрлар оралиғида юз берди. Албатта, бир халқ ҳаётига бошқа бир тилнинг кириб келиши маълум маънода ижобий ҳодиса ҳисобланади. Икки халқ ўртасида ҳамкорлик юзага келади. Тил билан боғлиқ луғатлар бойийди. Маданий, маънавий алоқалар кучаяди. Илм-фан соҳасидаги алоқалар тараққиётни кучайтиришга хизмат қилади. Араб тили юртимизга, гарчи босқинчилар тили сифатида кириб келган бўлса ҳам, юқоридаги каби ижобий омилларнинг юзага келишига имкон яратди. IX-XII асрлар оралиғида яшаб ўтган барча алломаларимиз, шоиру адиблар Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Аҳмад Сағоний, Абу Наср Фаробий, Имом Бухорий, Қаффол, Шоший, Наршахий, Беруний, Ибн Сино, Насафий, Маҳмуд Чағминий ва бошқалар шу тилда жаҳонга машҳур асарлар яратиб қолдирдилар. Шу билан биргаликда Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад ал-Бофий, Абдуллоҳ Барақий, Муҳаммад Табархазий каби тилшунос олимлар араб тилининг илмий асосини, грамматикаси ва луғатини яратиб бердилар. Бу тил кейинчалик ана шу алломалар ишлаб чиққан илмий асосда ривож топди.
Аммо, ана шу ютуқларга қарамай, араб тилининг юртимизда давлат тилига айланиши халқимиз учун инсоннинг ўз уйида ўзи ижарада туришидай гап эди. Чунки инсон бу уй меники деб мақтана олмагани каби, халқимиз ҳам бу тил бизники дея ғурурлана олмасди. Бунинг сабаблари аён эди. Юқоридаги алломалар ўша даврда асарларини араб тилида ёзганликлари сабабли улар араб алломалари деб эътироф этилдилар. Илм-фан, адабиёт, маданият соҳасидаги муваффақиятлар ҳам араб халқининг, араб тилининг ютуқлари деб баҳоланди. Орадан кўп асарлар ўтганидан кейингина бу алломалар ва уларнинг яратган асарлари Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан боғлиқлиги тан олинди. Ўрта асрларда араб тилининг давлат тилига айланиши оқибатида келиб чиққан муаммолардан бирини бугунги кунда ҳам ҳал қилиш билан оворамиз. Яъни аждодларимиз томонидан яратилган асарларни араб тилидан ўз тилимизга таржима қилиш билан машғулмиз. Бу иш ҳали кўп йиллар давомида якунига етмаса керак. Акс ҳолда биз халқимизнинг IX-XII асрлар билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий, илм-фан ривожи тарихидан бехабар бўлиб қолаверамиз.
XIII асрдан кейин Ўрта Осиё ва ўлкамиз ҳудудларида араб тили билан биргаликда араб ҳарфлари асосида ўзбек алифбоси ва ёзуви ҳам шаклланди. Бу алифбо ва ёзув асосида ривож топган тил кейинчалик тарихда эски ўзбек адабий тили мақомини олди. Ушбу тилда давлат ҳужжатлари юритилди. Мактаблар ва мадрасаларда таълим берилди. Илм-фан ва маданиятимизнинг улуғ намояндалари бўлган Хоразмий, Рабғузий, Сайфи Саройи, Отоий, Саккокий, Лутфий, Алишер Навоий, Муҳаммад Солиҳ, Муҳаммад Шайбонийдан тортиб то Бобораҳим Машраб, Абулғозий, Огаҳий, Муқимий, Фурқат, Аваз Ўтар, Абдулла Қодирий каби кўплаб ижодкорлар ва алломалар бу тилда ўлмас мерос яратдилар. Бу ёзув ва тил кўп асрлар мобайнида халқимиз маданиятининг намунаси бўлиб келди.
Аммо 1917 йилда давлат тепасига шўролар ҳукумати келганидан кейин мамлакатимиздаги мавжуд араб ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига нисбатан ҳужум бошланди. Бу алифбо ҳаётда ижтимоий қолоқлигимиз, саводсизлигимиз ва диний жабҳада мутаассиблигимиз сабабчиси қилиб кўрсатилди. Аслида бу ҳужумдан кузатилган мақсад бошқа эди. Яъни улар мавжуд алифбомизни ўзгартириш билан миллатимиз маънавиятини юксалтиришни эмас, балки халқимизни асрлар давомида яратган маданий мероси, бой тарихи, гўзал анъаналари, илмий ва адабий асарлари, имон-эътиқоди манбаларидан узиб қўйишни ният қилган эди. Шу мақсадда 1920-1921 йилларда ушбу алифбодаги баъзи ҳарфлар имло қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, яъни истилоҳ қилинди. Бироқ шўро раҳбарлари бу истилоҳ билан ҳам қаноатланиб қолмадилар. Улар араб ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини йўқ қилиш учун халқимиздан ихтиёрий-мажбурий равишда лотин ёки кирилл алифбосига ўтишни талаб қилдилар. Натижада 1929 йилда лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси жорий қилинди. Бу ҳам ҳали ишнинг ҳаммаси эмас эди. Орадан ўн йил ўтгач, 1939 йилда собиқ Иттифоқ тазйиқи билан республикамизда мажбурий равишда кирилл-рус ёзуви асосидаги ўзбек алифбоси яратилди. Шундай қилиб, шўроларнинг алифбобозлик сиёсати натижасида халқимиз 20 йил ичида учта алифбони—араб (истилоҳ қилингани), лотин ва кирилл ёзувларини ўрганишга мажбур бўлди. Оқибатда ўзининг салкам 1400 йиллик тарихидан, маданиятидан, илм-фан, адабиёти бойликларидан узилиб қолди.
Дунёда ҳеч бир халқ бизнинг миллатимиз каби алифбобозлик сиёсатининг қурбонига айланмаган бўлса керак. Табиийки, алифбобозлик сиёсатини амалга оширганлар доимо бир алифбонинг бошқа алифбодан афзаллиги илм-фан, маданият соҳасида кенгроқ имкониятларга эгалиги ҳақидаги фикрларни ўртага ташлаганлар. Лекин бугунги ҳаёт, тараққиёт бундай фикрларнинг ҳам, қарашларнинг ҳам нотўғри эканлигини исботлади. Эътибор беринг, бугунги кунда Япония ва Хитой ўз иероглифлари билан ҳам иқтисодий, ҳам маданий, ҳам илм-фан соҳаларида дунёнинг етакчи мамлакатларига айландилар. Жанубий Корея, Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон каби мамлакатлар кўп асрлардан бери ишлатиб келаётган алифболари билан тараққиётга эришмоқдалар. Ҳатто биз рад қилган араб алифбоси асосида фаолият олиб бораётган кўплаб араб давлатлари ҳам катта ютуқларни қўлга киритмоқдалар. Демак, бу ўринда гап, тараққиёт асоси қайси ёзувни алифбо сифатида қабул қилишда эмас, ўша алифбодан қандай самарали фойдаланишда экан.
Мамлакатимизда алифбони ўзгартириш борасидаги сиёсат, афсуски, ўтган асрнинг 40-йилларида кирилл ёзувига ўтиш билан ниҳоясига етмади. 1993 йил 2 сентябрда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун чиқарилди. Шундай қилиб, ўтган асрнинг ўзида алифбомиз 3 марта ўзгарди. Шунинг учун бугун халқимизнинг катта авлод вакиллари кириллда, ёшлар эса лотинда ўқиш, ёзиш билан банд. Эндиликда иккита алифбодан битта алифбога ўтиш фурсати етди.
Яқинда таълим тизимида ишлайдиган дўстларимдан бири шундай деб қолди: “Ҳар йили мактаб ўқувчиларига қўшимча ўқишлари учун 10 тадан ошиқ адабий-бадиий асарлар рўйхатини бераман. Ўқувчилар шулардан 3-4 тасини ўқийди, холос. Қолганлари кирилл ёзувида бўлгани сабабли ўқий олишмайди. Булар ҳали мактаб дастури доирасидаги аҳвол. Шундай экан, бу борада олий ўқув юртида таълим олаётган талабаларнинг лотин ёзувидаги алифбомиз бўйича китобхонлик даражаси қандай кечаётган экан?”
Вақт бетиним, ҳаёт тезкор. Келгуси йили лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси қабул қилинганига 25 йил тўлади. Демак, шу алифбода сабоқ ола бошлаган ёшлар ҳам 25-30 йиллик ҳаёт йўлини босиб ўтадилар. Уларнинг янги алифбони мукаммал ўрганаётганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Аммо бу ёшларнинг ушбу алифбо орқали олаётган билимлари савияси, қамрови қандай кечмоқда? Улар янги алифбо орқали юртимизнинг олис ва яқин ўтмиш тарихини билиш, аждодларимизнинг бой меросидан, адабий-бадиий, илмий асарларидан баҳраманд бўлиш имкониятларига эгами? Халқимизнинг кўп асрлар давомидаги миллий анъаналари, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ҳаётини яхши билишлари учун етарли шароитлар яратилганми? Бошқа ёзувлардаги маданий бойликларимизни ҳозирги ёзувга ўтказиш учун саъй-ҳаракатлар талаб даражасидами? Бугунги авлод ўтмиш меросимиздан узилиб қолмаётибдими? Зеро, мамлакатимизда амалга оширилган алифбо янгиланишлари, ўзгаришлари ва ислоҳотлари ҳам ана шунга хизмат қилиши керак эмасми? Бу борада Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?!
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бутун юртимиз бўйлаб урфга кириб улгурган “I love Uzbekistan!” деб ёзилган, аслида “love” сўзи ўрнига юрак тасвири туширилг...
01 янв 1970
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. ...
01 янв 1970
Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Эргаш ХУДОЙНАЗАРОВ билан суҳбат
01 янв 1970
Энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳудудий ташкилотлари, партия фаолла...