Халқ фарзанди

/
Жиззахлик кекса ижодкор Мели Норматовнинг "Халқ фарзанди" китобида таниқли давлат арбоби Шароф Рашидов ҳақида хотиралари жамланган.
Мели Норматовнинг болалик, ўспиринлик йиллари Шароф Рашидов билан бирга кечган. Айнан Ш.Рашидовнинг даъвати билан Мели Норматов сингари йигитлардан бир гуруҳи Самарқандга ўқишга келишган, талаба бўлишган.

Муаллиф хотираларида Шароф Рашидов болалигининг, йигитлик даврининг ёрқин дамлари жонланади. Мазкур самимий эсдаликлар орқали биз Шароф Рашидовнинг болаликданоқ ўз тенгдошларига нисбатан интилувчан, билимга ташна, ўзгаларга меҳрибон, тинмай маърифатни тарғиб этадиган камтарин инсон бўлганлигини билиб оламиз. Муаллиф ўзи кўрган-билган, шоҳид бўлган воқеалар орқали ўзининг ҳам дўсти, ҳам устози Шароф Рашидовга нисбатан самимий меҳр-эҳтиромини ифодалайди.
Қуйида ушбу китобдан кичик парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.
Шароф ака адабиётга, хусусан, журналистикага болалигиданоқ қизиқарди. Ҳамид Олимжонга тақлид қилиб шеърлар ёзарди. Ҳамид ака жиянидаги зўр иштиёқни ўз вақтида пайқаб, уни туман газетасида фаолият кўрсатаётган дўстлари Юсуф Йўлдошев, Маъмур Зарипов, Соиб Султон, Тожи Одилов билан таништирганди. Шу-шу, у таҳририятга тез-тез бориб турар ва у ердан топшириқ ва кўрсатмалар олиб, ёш мухбир сифатида қишлоқларга чиқиб кетар эди. Дастлаб мактаб ҳаётидан ёзилган лавҳаси чоп этилганда боши кўкларга етгудек севинганди. Энди унга йўл очилди: мақола ва шеърлари, лавҳа ва термалари бирин-кетин эълон қилина борди. Айниқса, илғор жамоа хўжалиги ҳақидаги мақоласи вилоят газетасида чоп этилгач, ёш журналист ва фаол мухбир сифатида танилиб қолди. Ўша пайтда ўқувчи-ёшлар журналистикага шу қадар катта ҳавас ва қизиқиш билан қарар эдики, дарсдан кейин таҳририятга югурар, у ердан бирон топшириқ олиб мақола ва хабар ёзишга ошиқишарди. Бироқ ишқ бошқа, ҳавас бошқа экан. Газета саҳифаларида кўриниш, битиклари билан қатнашиш барчага ҳам насиб этавермайди. Бунииг учун дид-фаросат, қизиқиш ва энг муҳими, керакли нарсаларни ҳис этиш ҳамда илғай олиш қобилияти зарур эди. Бошқача айтадиган бўлсак, ҳаёт қўйнида қайнаб, юз бераётган воқеа-ҳодисалар ичида яшаб, замон руҳини чуқур англаган ҳолда иш кўриш лозим.
Шароф ака Самарқанд давлат университетига ўқишга кирган йилиёқ вилоят газетасига ишга таклиф этилди. Ундаги ижод ва журналистикага бўлган катта салоҳият, илм-фанга ташналикни ўз вақтида пайқаб олган бош муҳаррир ёш ходимга алоҳида эътибор билан қарай бошлади. Битикларини шахсан ўзи кўрар ва зарурат бўлса таҳрир қиларди. Унга шунчалик меҳр қўйиб, ишониб қолган эдики, ҳатто муҳим сана ва мавзулар хусусидаги бош мақолаларни ҳам бемалол топширарди.
— Шарофжон, — деди у кунларнинг бирида ёш мухбирни кабинетига таклиф этиб. — Ишларингиздан хурсандман. Муҳими, сизни ўз иним, фарзандларимдек яхши кўраман ва қадрлайман.
— Ишончингиз учун миннатдорман, устоз, — деди ёш мухбир ва ноқулай аҳволга тушди. — Ҳали сиздан кўп нарсаларни ўрганишим зарур.
— Бир ёқадан бош чиқариб, қўлни-қўлга бериб ишлайверсак, ҳаммаси жойида бўлади.
Бош муҳаррир Шароф Рашидов сиймосида ўта маданиятли, одоб-ахлоқли, сабр-тоқатли, меҳр-мурувватли, садоқатли, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзини қўлга ола биладиган бир сўзли зиёлини кашф этган эди. Шу боис унга холисона меҳрибонлик кўрсатар, газетанинг икир-чикирларини ўрганишга, энг муҳими, бунинг учун шарт-шароит яратиб беришга ҳаракат қиларди.
Муҳаррир унга диққат билан тикилди:
— Сизни масъул котибликка ўтказсак, нима дейсиз?
— Ишончингиз учун катта раҳмат, — дея жавоб қилди у ва қизариб, ерга қаради. — Ҳали эрта эмасмикин? Эплай олмасман...
— Йўқ, Шарофжон, фикрим қатъий. Бемалол эплайсиз. Ўртоқлар билан ҳам маслаҳатлашганман. Ҳамма маъқуллади.
— Ҳеч бўлмаса учинчи курсга ўтиб олай.
— Сиз бир йўла икки мактабни ўтаяпсиз ва ҳар иккисини аъло даражада бажараяпсиз.
Ёш мухбир ўйланиб қолди. "Газетанинг масъул котиби жуда катта ва масъулиятли вазифа. Котиб таҳририятнинг ҳам юраги, ҳам кўз-қулоғи. Ҳамма нарсани билиб, масъулиятни сезиб, барча ходимларга бош-қош бўлиши ва яхши, соғлом муҳит ярата олиши зарур. Энг нозик ва мураккаб томони — ташкилотчи, ҳа, ташкилотчи бўлиши керак. Яна бир жиҳати — ишбилармонлик, шунинг билан бирга, ҳалол ва покизалик. Унда шу сифатлар мужассамлашса муҳаррирнинг жони киради, оғири енгил бўлиб, ишонган тоғига айланади. Мустақил шахс сифатида эътироф этилади. Мен бунга тайёрманми? Билмадим. Ҳақиқий журналист, ўткир қалам соҳиби олам-жаҳон маъно-мазмунни бир сатрга сиғдира олиши шарт. Бу алоҳида маҳорат ва катта санъатни талаб этади. Афсуски, буни ҳамма ҳам ҳис эта олмайди ва шу боис, бу санъатни барча ҳам мукаммал эгаллай олмайди. Бу ўта тийраклик ва сабр-тоқатни, чуқур билим соҳиби, катта қалб, санъаткорона салоҳиятни талаб этади. Муҳарриримиз сиймосида ҳақиқий журналист ва чин инсоний фазилатларни кўраман ва ҳис этаман...”
Ўша куни “Шароф Рашидов вилоят газетасининг масъул котиби этиб тайинлансин”, дейилган буйруққа имзо чекилди.
***
1939 йил. Масъул котиб таҳририятнинг барча ишларини қўлга олди. Аввалига тортиниб юрди. Бироқ муҳаррир буни сезиб қолиб, навбатдаги суҳбатида очиқ-ойдин юзига айтди:
— Ўзингизни эркин тутинг. Эркинлик йўқ жойда ижод бўлмайди. Газета иши эса катта ижодий жараён...
У устозининг бу ўгитини сидқидилдан қабул қилди ва барча ишларини шу асосда ташкил этди. Муҳаррир ишончини заррача суиистеъмол қилмади. Бундай қилиш унинг табиатида ҳам, қонида ҳам йўқ. Ўз фаолиятида берса ҳалолликдан берсин, акс ҳолда ҳеч нарсанинг кераги йўқ ақидасига қатъий амал қилди.
Одатда ҳалол-покиза одамларнинг кўнгли ўта нозик бўлади. Барчани ўзидек билади. Бировнинг молига ола қарамайди. Ерда ёмби ётган бўлса ҳам индамай ўтиб кетаверади. Мабодо бир чақага хиёнат қилса, юз чақа зиён бўлиб қайтишини яхши билади.
Масъул котиб ишни ходимларни астойдил ўрганишдан бошлади. Фақат қалам қудратини синаб, кўз-қулоқ бўлиб юриш эмас, одоб-ахлоқи, оилавий шароити, ўзини қандай тутиши, одамлар билан муомаласи, барча-барчаси эътиборидан четда қолмади. Кейинги пайтда таҳририятга бир неча ёш қаламкашлар ишга олинганди. Улар билан алоҳида иш олиб бориш зарур эди. Айниқса, хулқ-атвор масаласи долзарб эди. Шу боис у ёшлар билан ишлашга киришди, уларнинг юриш-туриши, ижодига алоҳида аҳамият берди.
***
Вақт тез ўтиб борарди. Кечагина Самарқандда ўқишни орзу қилган Шароф Рашидов бугун университетни имтиёзли диплом билан якунлаб, чинакамига иш ва ижодга шўнғиб кетди. Ҳамма нарса кўнгилдагидек эди. Охирги курс талабаларини ишга тақсимлаш пайтида комиссияга Шароф Рашидов номига нақд ўнта ташкилотдан талабнома келиб тушди. Энг қувонарли жиҳати шу эдики, бир вақтнинг ўзида уч кафедрадан — адабиётшунослик, тилшунослик ва фалсафа кафедраларидан аспирантурага тавсия этилган эди. Бироқ Шароф ака бутун ўқиш давомида ишлади, шу боис комиссия таҳририятда фаолиятини давом эттиришини лозим топди ва уни вилоят фирқа қўмитаси ихтиёрида қолдирди.
Шароф Рашидов университетни муваффақиятли тугаллаганидан, айниқса, бош муҳаррир бениҳоя хурсанд эди. "Ниҳоят, газетанинг ҳақиқий эгаси ўзимиздан етишиб чиқди", деб ўйлаган бош муҳаррир барча ходимларни йиғиб, кўнглидаги гапларни айтди:
— Азиз дўстлар, бугун биз учун ҳақиқий байрам. Бунинг боиси шуки, таҳририят тарихида, адашмасам, биринчи бор бундай қувончли кун нишонланиши. Беш йил, айтишга осон, ҳам аъло баҳолар билан ўқиб, ҳам қойиллатиб ишлаб, яна сафимизда фаолиятини давом эттириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Бу муболаға эмас, ҳақиқат. Қаранг, бир эмас, ўнта ташкилот ишга таклиф этипти-я. Истагимиз шуки, Шароф Рашидович, бир умр ана шундай эъзозда, иззат-ҳурматда бўлинг. Бахт-иқбол ҳамиша ёр бўлсин!
Ходимлар орасида шивир-шивир бошланди: нима учун янги лавозимга тайинлангани хусусида гап очилмади. Ҳозир айтиш пайти-ку.
Муҳаррир гап-сўзларни эшитиб қолди, шекилли, секин ўрнидан турди:
— Яна бир янгиликни айтиб қўймоқчиман. Илтимосимиз инобатга олиниб, Шароф Рашидов газетамизнинг бош муҳаррири муовини лавозимига ўтказиладиган бўлди. Шарофжон, сизни эртага суҳбатга чақиришади.
Қарсаклар, табриклар янгради:
— Жуда зўр иш бўпти-ку!.. Кўпдан бери кутардик!.. Қутлаймиз...
Ноқулай аҳволга тушиб қолган Рашидов ўрнидан турди ва икки қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилди:
— Раҳмат! Раҳмат...
Аслида у "Бу сизнинг хизматингиз, устоз, бир умрга миннатдорман, юзингизни ерга қаратмайман", демоқчи эди-ю, лекин ҳозир бу гапнинг мавриди эмаслигини сезди.
Сирасини айтганда, муҳаррир муовини ўрни бўш эди. Шароф Рашидовга катта ишонч билдирилиб, вақтинча икки вазифа зиммасига юклатиб қўйилганди. Унинг иш юритишидан ва ташкилотчилик қобилиятидан жамоа хурсанд эди. Галдаги долзарб масалалардан бири — газетанинг тили ва услубига алоҳида эътибор қаратилиши, бунинг учун эса, даставвал шахсий намуна кўрсатиши лозим. Энди у оддий журналист эмас, ёзувчи ва шоир, мақолаларга маҳорат билан сайқал бериши, қайнаб-тошиб ва жўшиб-ёниб таҳрир қилиши жоиз. Пировард натижа шундай бўлиши керакки, унинг қаламидан чиққан ҳар қандай материал янада жонланиб, янада жозиба касб этиб, газетхонлар қалбига чўғ солсин, сермаъно фикрлари одамлар қалбидан муносиб ўрин топсин.
Шароф Рашидов бир сўзли раҳбар, тили билан дили бир, айтганини қиларди. Шахсий намуна кўрсатиб, долзарб мавзудаги публицистик мақолаларни, фельетон, очерк, ҳикояларни босмахонага теришга туширишдан аввал, албатта, кўриб чиқарди, зарурат бўлса, қайта-қайта ўқиб, таҳрир қиларди. Унинг ўткир нигоҳидан ҳеч нарса четда қолмасди. Жумлалардаги баъзи ортиқча сўзлар ҳам, ноаниқликлар, эътиборсизликлар, хуллас, барча каттаю кичик қусурлар тузатиларди...
Мели НОРМАТОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ер юзида инсоният маънавий юксалишига бешик бўлган, кечмиши бир неча минг йиллик тарихга бориб боғланадиган, башариятнинг барча тараққиёт босқичлар...
01 янв 1970
Қорақалпоғистон Республикаси мамлакатимиз шимолида жойлашган, ёзи жазирама иссиқ, қиши ўта совуқ ушбу ҳудуд ўзига хос иқлим шароитига эга....
01 янв 1970
Инсонларнинг ахборот билан таъминланганлик даражаси сўнгги йилларда анча ошди. Энди фақат оммавий ахборот воситалари эмас, ижтимоий тармоқлар ҳ...
01 янв 1970
Рамазони шариф диёримизда ҳар қачонгидан-да файзли ва тароватли ўтди.