Буюк Соҳибқирон хазинаси

/
Музейлар маънавий етук, комил инсонни тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади. Уларда сақланаётган тарихий ашёлар, нодир қўлёзмалар, ҳужжатлар авлодларга тарихдан, аждодларимиз ҳаёти, юксак маънавиятидан ҳикоя қилади. Бу эса ёшлар қалбида ота-боболаримиз қолдирган меросга ҳурмат ва муҳаббат уйғотиш билан бирга, уларда шу азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлиш туйғусини ҳам шакллантиради.
Пойтахтимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан барпо этилган Темурийлар тарихи давлат музейи йирик маърифат марказига, халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда ўзига хос мактабга айланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 14 мартдаги «Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингач, музей қисқа вақтда – саккиз ойда бунёд этилди. Ушбу маърифат маскани очилган кун – 1996 йил 18 октябрь халқимиз тарихида унутилмас сана бўлиб қолди.
Пойтахтимизга ташриф буюрган меҳмонлар саёҳат давомида, албатта, Темурийлар тарихи давлат музейида бўлади. Муҳташам мажмуада Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти, санъати билан яқиндан танишиш имконияти мавжуд. Бу ердаги ҳар бир экспонат аждодларимизнинг улкан салоҳиятидан сўзлайди.
— Истиқлол йилларида бой миллий анъаналаримиз, бебаҳо қадриятларимиз, номоддий ва маданий-маърифий меросимизни қайта тиклашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, — дейди музей директори Хуршид Файзиев. — Ўзлигимизни англаш, тарихимизни чуқур ўрганиш, буюк аждодларимиз хотирасини эъзозлаш борасидаги бу каби изчил ва хайрли ишлар барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун алоҳида ибрат бўлди. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар самараси туфайли буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни, халқимиз, Ватанимиз олдидаги хизматлари асл мақомига қайтди.
Музей биноси ўзида темурийлар даври ва замонавий меъморчилик санъати услубларини мужассамлаштирган. Амир Темур давридаги саройлар кўринишида қурилган бу муаззам бино истиқлол йилларида бунёд этилган энг ноёб иншоотлардан бири саналади.
Музейнинг асосий вазифаси – Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан ва маданиятнинг юксак даражадаги тараққиётини ҳаққоний акс эттириш асосида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда уларга миллий истиқлол ғоясини сингдиришдан иборат. Шунингдек, Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон илм-фани, маданиятига қўшган улкан ҳиссасини кўрсатиб берадиган асл ҳужжатлар, қўлёзмалар, моддий-маънавий ёдгорлик ва топилмалар асосида ўзбек халқининг тарихини ёритувчи доимий ҳамда вақтинчалик экспозиция ва кўчма кўргазмалар ташкил этиш ҳам музейнинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Темурийлар тарихи давлат музейи “Давлат ноёб илмий объектлари” рўйхатига киритилган бўлиб, унинг хазинасида Ўзбекистон тарихини акс эттирувчи 5 мингга яқин ашёлар сақланмоқда. Улар орасида милоддан аввалги 2 мингйилликка оид Сополлитепа ва Жарқўтон топилмалари, Афросиёб ва Тошкентдан топилган Х-ХI асрга доир сопол идишлар, Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб ноёб қўлёзмалар, расмий ҳужжатлар, кумуш ва мис тангалар, сопол идишлар, мис буюмлар, меъморий қопламалар, қурол-яроғ, чолғу асбоблари, этнографик буюмлар бор.
Маълумки, диёримизда бунёдкорлик Соҳибқирон даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Амир Темур Мовароуннаҳр ва салтанат пойтахти Самарқандда, шу жумладан, қўл остидаги юртларда ҳам бунёдкорлик ишларини амалга оширгани тарихдан бизга яхши маълум. Самарқанд улуғворлигини янада ошириш мақсадида унинг атрофида Дамашқ, Бағдод, Шероз, Султония каби машҳур шаҳарлар номлари билан аталувчи боғ-роғларга кўмилган қишлоқлар барпо қилдирган.
Музейнинг асосий залидаги “Буюк Соҳибқирон — буюк бунёдкор” деб номланган маҳобатли панно улуғ аждодимизнинг бу борадаги теран фалсафасини ўзида мужассам этган. Унда буюк бобокалонимизнинг таваллуд топишидан абадиятга сафаригача, “Соҳибқирон” атамасининг мазмуни, миллатимизга хос бунёдкорлик фаолияти тасвирланган. Уч қисмли паннонинг ҳар бирида жўшиб оқаётган дарё — буюк Соҳибқироннинг, умуман, инсон умрининг ўтиб бориши рамзий акс эттирилган.
Хорижий мамлакатларда сақланаётган темурийларга оид ашёларнинг усталар томонидан ясалган нусхалари “Жаҳон хазиналаридаги темурийларга оид жавоҳирлар” номли кўргазмадан ўрин олган. Шунингдек, Санкт-Петербург давлат Эрмитажида сақланаётган Гавҳаршодбегим ва Мироншоҳ Мирзоларнинг узук-муҳрларидан нусха олиниб, музей фондига тақдим этилган.
Бундан ташқари, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани ҳудудидаги ХIV аср ёдгорлиги — Шоҳрухияда ўтказилган археологик қазишмалар давомида топилган 400 га яқин ашё музей фондида сақланмоқда. “Шоҳрухия қалъа шаҳри – Амир Темур ва темурийлар даврининг ноёб ёдгорлиги” мавузидаги кўргазма томошабинлар учун ажойиб туҳфа бўлганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
Музей қошида ташкил этилган илмий гуруҳ томонидан “Амир Темур жаҳон тарихида”, “Хива — минг гумбаз шаҳри”, “Мозийдан таралган зиё”, “Бухоро – шарқ дурдонаси”, “Шаҳрисабз — минг йиллар мероси” каби муҳим китоб-альбомлар нашрга тайёрланиб, чоп этилди. Ушбу тарихий китоб-альбомларга талаб юқори бўлгани боис улар ўтган йиллар мобайнида бир неча маротаба қайта нашр қилинди.
Сўнгги йилларда музейда экскурсиялар сони ҳам ортди. Музей сайти (temurid.uz) ўзбек, рус, инглиз тилларида ишлаб турибди. Шу билан бирга, музейнинг тўлиқ виртуал кўриниши яратилди. Унда музей заллари бўйлаб саёҳат ва экспонатлар замонавий 3D шаклда тасвирга олинди.
Музей жойлашган ҳудуд — Амир Темур хиёбонида қад ростлаган Соҳибқирон бобомиз ҳайкали кўринишида рамзий маъно мужассам бўлиб, унда Амир Темур учқур тулпорининг жиловини — гўёки улуғ салтанат ишларини маҳкам тутиб турибди. Қўлини олдинга чўзиб, жаҳон халқларига омонлик тиламоқда.
Агар хиёбонни гўзал бир узукка қиёсласак, шак-шубҳасиз, унинг ёнидаги музей шу узукнинг ёқут кўзидир. Қуёшнинг заррин нурларида товланаётган музей биноси, унинг нилий гумбази, деворларидаги санъат асарлари бўлмиш ёзувлар, оппоқ устунлар, олд томондаги фаввора-ю шаршаралар ҳар қандай кишини ўзига оҳанграбодай жалб этади. Темурийлар тарихи давлат музейи халқимизнинг ғурур ва ифтихорига, тарихчи олимлар ва темуршуносларнинг илмий марказига, барча юртдошлар ва сайёҳларнинг севимли масканига айланиб улгурди десак, асло муболаға бўлмайди.
Ўтган йиллар давомида бу ерда амалга оширилган улкан ишлар, самарали маърифий фаолият янги-янги уфқлар томон янада кенгайиб бораяпти. Бу — табиий ҳол, чунки буюк Соҳибқирон салтанатининг сарҳадлари кенг, бизга қолдирган маънавий мероси эса беқиёсдир.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Иш куни поёнига етганда хаёлингиздан бугун учун нималарни режа қилгандим-у, нималарга улгурдим, эртага бажаришим керак бўлган қандай ишлар бор, каб...
01 янв 1970
Тўй ҳар бир халқ, миллат ҳаётида ниҳоятда эъзозланадиган, бахт-қувонч олиб келадиган, инсонларни бир-бирларига яқинлаштиришга, дўстона муносабатлар...
01 янв 1970
Осмонда бир парча булут кўринмаса, ёмғир қаердан ёғаяпти? Бу саволга жавоб топиш учун бош қотириш эмас, тўрт қаватли уйнинг тепасига қараш кифоя....
01 янв 1970
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги диққатига!