Келажак йўлидаги имкониятлар

/
Халқимизда “Сувнинг лойқа бўлсада оқиб тургани яхши, у тиниб, узоқ туриб қолса айнийди”, деган гап бор. Бу вақт синовидан ўтган ҳақ гап. Ҳаёт ҳам шундай. У доим ўсиш, ривожланишда давом этади. Ўсиш, ривожланиш тўхтаган жойда турғунлик бошланади. Турғунлик эса таназзулга йўл очиб беради. Гапни айнан тараққиёт, тамаддун, турғунлик билан боғлиқ фикрдан бошлаётганимиз бежиз эмас. Тўғри, мамлакатимизда мустақилликдан кейинги чорак асрдан ошиқ вақт мобайнида ҳамма соҳада ўсиш, ривожланиш тўхтагани йўқ. Ҳаётимизда бунёдкорлик, яратувчилик, ободончилик, иқтисодий юксалиш жараёнлари давом этмоқда. Аммо бу юксалиш, ўсиш жараёнлари мамлакатимизда мавжуд имкониятлар миқёсидаги тараққиёт даражасига, жаҳон ҳамжамиятидаги юксак ривожланишлар кўрсаткичига, бугунги кун тамаддуни талабларига тенг бўла олмаётибди. Бошқачароқ айтганда, ҳаётда ҳур, эркин, яхши, яратувчиликлар руҳи билан яшаяпмизу лекин бу яшаш тарзимиздан қалбан ўзимиз ҳам тўла қаноат ҳосил қила олмаётибмиз.
Ушбу ҳолат биздан бугунги тезкор замонда янги бунёдкорлик ғояларини яратишни, бундан ҳам яхшироқ яшаш учун ҳаракат қилишни, тараққиётнинг янги йўлларини излаб топиш ва уларни ҳаётга жорий қилишни, гўзал турмуш кечиришни, қўлга киритилган ютуқлар билан кифояланиб қолмасдан янада фаолроқ ишлашни талаб қилмоқда.
Шунинг учун республикамиз Президенти ўзининг раҳбарлик фаолиятида асосий мақсадни мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маънавий ҳаётини янгича асосда тараққий эттиришга бағишлади. Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ана шу асосда юзага келди. Президент юртимизнинг барча вилоятларида бўлиб, уларни истиқболли ривожлантиришнинг ўзига хос дастурларини белгилаб берди.
Хўш шундай экан, бир томони Тожикистон Республикаси, бошқа томонлари Жиззах, Навоий, Қашқадарё вилоятлари билан чегарадош бўлган, салкам 17 минг квадрат километр ҳудудда ястаниб ётган, 11 та шаҳар, 88 та шаҳар типидаги посёлкалар, 1829 та қишлоқни бағрига бирлаштирган, 3,5 миллиондан ортиқ аҳолига эга Самарқанд вилоятида аҳвол қандай кечмоқда?
Табиийки, Самарқанд автомобиль заводи, “Мan auto Uzbekistan”, “Sam antep gilam”, “Бритиш-Американ тобакко”, “Urg-Gaz Carpet”, “Дака текс”, “Агромир Самарқанд” қўшма корхоналари, “Sino”, “Самарқанд кимё” акциядорлик жамиятлари, “Шарқ саноати” хусусий концерни сингари йирик ишлаб чиқариш қувватларига эга вилоятнинг иқтисодий ривожи юксак. Бу вилоятнинг 2016 йилдаги иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларида ҳам ифодасини топган. Жумладан, ўтган йили ялпи ҳудудий маҳсулот олдинги йилга нисбатан 108,7 фоизга ўсган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш салкам 8 триллион сўмдан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш 5,7 триллион сўмдан иборат бўлган. Қурилиш-пудрат соҳасида 2,5 триллион сўмлик иш бажарилган. Вилоятда 2016 йилда 263 та қўшма корхоналар фаолият юритган. Уларнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 195 миллион долларга етган. Экспорт ҳажми 2015 йилга нисбатан 135,6 фоизга ўсган.
Ана шундай ютуқлар вилоятда 2017 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар миқёсида ҳам кўзга ташланади. Айтайлик, шу даврда вилоятда асосий капиталга киритилган инвестициялар 588 миллиард сўмни ташкил этган ва олдинги йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 104,1 фоизга ошган. Қисқа давр ичида янги 1283 та кичик бизнес субъекти иш бошлаган ва уларнинг умумий сони 16400 тага етган. Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига мувофиқ 2017 йилнинг биринчи чорагида умумий қиймати 61,4 миллиард сўмлик 95 та лойиҳа ишга туширилган ва 871 нафар одам иш билан таъминланган. Шу давр ичида вилоятда бандлик дастури доирасида 12600 дан ошиқ иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 126 фоизга бажарилган. Яна бир рақам: вилоят қишлоқ хўжалигидаги энг муҳим 9 та йўналишни ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар асосида умумий қиймати 8,5 миллиард сўмлик 63 та қорамолчилик, 13 та паррандачилик, 20 та балиқчилик, 11 та асаларичилик лойиҳалари ишга туширилган. Булар ҳам янги иш ўринлари, янги иқтисодий фойда демак.
Буларнинг ҳаммаси қўлга киритилган ютуқлар. Ютуқлар яхши, аммо... Бугунги ютуқлар учун имкониятлар мана шуларнинг ўзидангина иборатми? Келажакда янада кўпроқ муваффақиятларга эришиш учун шароитлар йўқми? Албатта, бор. Мамлакатимиз Президенти шу йилнинг 14-15 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи пайтида бу ерда амалга ошириладиган ишлар кўлами ниҳоятда катта эканлигига, қилиниши зарур бўлган меҳнат ресурсларининг жуда кўплигига эътиборни қаратди. Саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш, хорижий сармоядорлар билан қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек, яна кўплаб соҳаларда келгусида қилиниши зарур бўлган ишлар дастурини белгилаб берди. Мана, шундан бери орадан олти ой вақт ўтди. Хўш, бу белгиланган дастурий ишларни амалга ошириш жараёни қандай кечмоқда?
Очиғини айтиш керак, бугун вилоятнинг қайси гўшасига борманг қурилиш, бунёдкорлик, яратувчилик ишларининг гувоҳига айланасиз. Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган замонавий ва миллий шаҳарсозлик намуналари сингари иморатлар, иншоотлар эндиликда вилоятнинг Пастдарғом, Ургут, Оқдарё, Иштихон, Булунғур, Каттақўрғон, Қўшработ каби туманларида ҳам қад ростламоқда.
Каттақўрғон вилоятнинг йирик шаҳарларидан бири ҳисобланади. Бу шаҳар бугунги кунда ҳам энига, ҳам бўйига кенгаймоқда. Бир пайтлари Марказий ўзбек тракти шаҳарнинг ўртасидан кесиб ўтарди. Йўл торлиги учун турли хил қийинчиликлар келиб чиқарди. Бу йўл кейинги йилларда шаҳар чеккасига олинди. Трактга хос қилиб қурилди. Йўлнинг икки томонида замонавий иншоотлар бунёд этилди. Натижада Каттақўрғоннинг жанубий-шарқ қисмида янги қиёфага эга шаҳарсозлик мажмуаси пайдо бўлди. Бундай ўзгариш шаҳарнинг қадимий тарихий қисмида ҳам бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг юзага келишига йўл очиб берди. Бу ерда кўчалар кенгайтирилиб, йўлаклар яратилиб, кўп қаватли уйлар, савдо расталари тикланмоқда. Одамларнинг кўнглида янгича яшаш иштиёқи кучаймоқда.
Жума шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб кезган одам ўзини Самарқанднинг қайтадан қурилган, обод, замонавий масканларидан бирида юргандек ҳис қилади. Бу ердаги қурилишлар шаҳарни тубдан ўзгартирмоқда. Айниқса, ушбу кўчадаги Маданият ва истироҳат боғи тўла равишда қайтадан таъмирланиб барпо этилганки, унга кирган одам чиққиси келмайди. Ургутни самарқандликлар Зарафшон водийсининг жаннатмонанд маскани деб таърифлашади. Бу бежиз эмас. Тоғ бағридаги сўлим гўшалар, мусаффо булоқлар, боғ-роғлар, кўп асрлик дов-дарахтлар, тарихий ва табаррук масканлар туманнинг маркази ҳамда қишлоқлари қиёфасига алоҳида бир тароват бағишлайди. Ургутликлар эндиликда ана шу табиий гўзалликни бунёдкорликлар, яратувчиликлар билан уйғунлаштирмоқдалар. Бундай уйғунлик бугунги кунда нафақат Ургут шаҳрида, балки тумандаги “Тўрткўл” маҳалласи ҳаётида ҳам кўзга ташланади. Маҳалланинг марказида гузар билан бирга янги қишлоқ врачлик пункти, деҳқон бозори, амфитеатр, ҳаммом, спорт майдончалари, кўплаб маиший хизмат объектлари бунёд этилган. Бундай замонавий иншоотлар қурилишлари учун 6,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
— Туманимиз марказидаги истироҳат боғи ҳам Ургутнинг энг кўркам масканларидан бирига айланмоқда. Бу ерда амфитеатр, мусиқа мактаби, сузиш ҳавзаси ва спорт мажмуалари ёнида “Нуронийлар маскани” барпо қилинмоқда, — дейди ургутлик шифокор Шамсиддин Тошбоев, — Энг муҳими, Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги фармонига кўра ташкил этилган “Ургут” эркин иқтисодий зонасида ҳозирги кунда ўнлаб янги лойиҳалар асосида ишлаб чиқариш корхоналари яратилмоқда. Шу билан бирга, бу корхоналарнинг янги, муҳташам иморатлари, иншоотлари ҳам қад ростламоқда. Қишлоқларда эса аҳоли учун янгиланган лойиҳалар асосида юздан ортиқ арзон уй-жойлар қурилмоқда. Буларнинг ҳаммаси Ургутнинг эртанги истиқболидан дарак беради.
Аслида қурилиш, бунёдкорлик ишлари вилоятнинг айрим туман ва шаҳарларида эмас, барча нуқталарида амалга оширилмоқда. Шу маънода жорий йилда вилоятда инвестиция дастури асосида 3 триллион сўм маблағ сарфланадиган 251 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш режалаштирилган. Булар орасида 69 та умумтаълим мактаби, 12 та касб-ҳунар коллежи, 13 та соғлиқни сақлаш муассасаси, 59 та болалар спорти объекти капитал таъмирланади. 37 та қишлоқ массивида янгиланган лойиҳалар асосида 1758 та уй-жойлар қурилади. Демак, янги изланишлар бунёдкорлик соҳасида ана шундай имкониятларни юзага келтирди.
Мамлакатимиз, жумладан, Самарқанд тарихий обидалари, қадимий ёдгорликлари билан дунёга танилган. Бу ердаги ҳар бир ёдгорлик ва обидада нафақат олис қадимият ва тарих излари, балки уларда халқимизнинг, улуғ аждодларимизнинг теран тафаккури, ақл-заковати, буюк ижодкорлиги ҳам ифодасини топган. Шундай экан, бурунги кунда ҳар бир тарихий ёдгорлик шунчаки томошабоп экспонат эмас, ўтмишнинг илмий, ижодий намунаси бўлиб ҳам хизмат қилиши керак. Шунинг учун ҳам Президентимиз 2016 йил 18 октябрида Тошкентда ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси очилиш маросимида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган ва Самарқандга ташрифи пайтида шу марказ қурилиши лойиҳаси билан танишган эди.
Эндиликда мажмуада ана шу марказни яратиш, бунёд этиш билан боғлиқ ишлар бошлаб юборилган. Айниқса, Имом Бухорий ва бошқа алломаларимизнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган қўлёзмаларнинг электрон нусхаларини тўплаш сингари масалалар ҳал қилинмоқда. Бунёд этиладиган марказда Имом Бухорий билан биргаликда яна ўнлаб алломаларнинг ҳаёти, илмий меросини намоён этувчи алоҳида хоналардан иборат тарихий-илмий кўргазмалар ташкил этилади.
Имом Бухорий мажмуаси зиёратчиларга хизмат қилса, халқаро марказ мамлакатимизда илм-фаннинг ривожини акс эттирувчи ҳамда хорижий ва юртимиз олимлари учун илмий тадқиқотлар олиб боришга имкон берувчи масканга айланади.
Бу ерда халқаро марказдан ташқари ёдгорлик мажмуа атрофида кўплаб маиший хизмат объектларини, шунингдек, Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳидан Имом Бухорий мажмуасигача бўлган йўл бўйида икки қаватли замонавий уйлар ва ижтимоий йўналишга хизмат қиладиган иншоотларни бунёд этиш, шу асосда мазкур ҳудудни янада обод қилиш режалари ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга киришилмоқда.
— Президентимизнинг бу режаси ниҳоятда улуғвор, — дейди шарқшунос олим Убайдулла Уватов. — Аввало, бу ишлар амалга ошиши билан мажмуа, марказ ва унинг атрофидаги катта ҳудуд янада обод бўлади. Иккинчидан, бу ерда янги сайёҳлик йўналиши юзага келади. Эътибор беринг, Самарқанд шаҳри марказидан чиққан сайёҳ ёки зиёратчи, аввало, Абу Мансур Мотурудий ҳаёти кечган Мотуруд қўрғони бўйлаб ўтади. Ундан кейин Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳини кўздан кечиради. Шундан кейин Имом Бухорий мажмуаси ва халқаро марказга етиб боради. Учинчидан, мажмуа яқинида халқаро илмий-тадқиқот марказининг очилиши республикамизнинг бошқа жойларида, жумладан, Сурхондарё, Тошкент, Бухоронинг тарихий масканларида ҳам шундай халқаро илмий марказларнинг пайдо бўлишига йўл очиб берди. Яъни, тарихга янгича муносабат, бугунги авлодларнинг аждодлар меросига эҳтироми юртимизда ана шундай ўзига хос тарзда шаклланадиган бўлди.
Самарқанд вилояти деҳқонлари, боғбонлари республикада ўз тажриба мактабини яратган ва бошқаларга ибрат бўлиб келаётган соҳа вакиллари ҳисобланишади. Вилоятда 10 минг гектар ерда интенсив боғ, 1000 гектардан ошиқ ҳудудда токзор яратилганлиги, полиз маҳсулотлари етиштиришда юқори кўрсаткичларга эришилаётганлиги шундан дарак беради. Бу соҳаларга ихтисослашган “Шарқ саноати” концерни ҳам шу вилоятда фаолият юритади. Лекин давлатимиз раҳбарининг Самарқандга ташрифи натижасида бу соҳаларда ҳам ҳали амалга оширилмаган имкониятлар кўп эканлиги кўзга ташланди. Хусусан, вилоятда картошка етиштириш бўйича марказ ташкил этиладиган, унинг филиаллари ва лабораториялари ҳудудларда фаолият юритадиган бўлди. Ана шунда бу маҳсулотга бўлган талаб тўла қондирилади. “Шарқ саноати” концерни илмий ходимлари польшалик мутахассислар билан биргаликда интенсив боғлар учун тезпишар, касалликка чалинмайдиган, юртимиз иқлимига мос кўчатлар етиштирмоқдалар. Демак, ана шу кўчатлар асосида янги боғлар яратиш ҳаётий зарурат ҳисобланади. Шу мақсадда Булунғур туманида “Тоҳир”, “Самарканд гарден пласт”, Жомбой туманида “Грин агро экспорт” масъулияти чекланган жамиятлари, “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалигининг мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш марказлари ташкил этилмоқда.
— Самарқанд замини ниҳоятда унумдор, — дейди польшалик мутахассис Ф.Ежецкий. — Бу ерда етиштирилаётган кўчатлар тез ҳосилга кирмоқда. Ҳосили бизнинг юртимиздагиларга нисбатан юқори. Айниқса, меваларнинг мазаси, шираси ниҳоятда яхши. Шунинг учун улар дунё бозорида талабгир бўлиши шубҳасиз. Бунинг учун вилоятда меваларни сақлайдиган, қайта ишлайдиган, уларни қадоқлайдиган саноат корхоналарини кўпроқ қуриш керак. Ана шунда экспорт ҳажми ҳам, хариди ҳам янада кўпаяди.
Ҳозирги пайтда вилоятда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган 40 дан ошиқ корхона мавжуд. Улар кучи билан 500 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаш мумкин. Бу, бир қарашда, катта кўрсаткич. Аммо республикада ташкил этилган интенсив боғларнинг 42 фоизи Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келгани ҳолда шу кўрсаткич билан чекланиб қолиш мавжуд имкониятлардан етарли фойдаланмаслик демакдир.
Бугун Самарқандда яна бир масалага алоҳида эътибор берилмоқда. Вилоятнинг Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут, Қўшработ туманларининг тоғолди ҳудудларида 2017-2018 йилларда 4211 фермер хўжалиги ташкил этиладиган ва бу хўжаликларда 5,7 минг гектар ёнғоқзор, 13 минг гектар токзор яратиладиган бўлди. Шу йилнинг ўзида бу ишларнинг ярми амалга оширилади. Барча ишлар қилинганидан кейин 15 минг тонна ёнғоқ, 50 минг тонна узум ва узум маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти юзага келади. Яна 26 мингдан ортиқ иш ўрни пайдо бўлади. Айни кунларда вилоятда балиқчилик, паррандачилик, чорвачилик соҳаларини ривожлантириш, бу борадаги имкониятларни ишга солиш учун ҳам янги-янги корхоналар, фермер хўжаликлари, фирмалар иш бошламоқдалар.
— Сув Ўрта Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ниҳоятда жиддий, ҳаёт-мамот масаласи ҳисобланади. Ундан унумли фойдаланишга алоҳида эътибор берилади. Шу мақсадда вилоятимизда сўнгги йилларда мавжуд сув омборларидан ташқари яна учта сув иншоотлари қурилди, — дейди Самарқанд вилояти ҳокимияти мутахассисларидан бири Комилжон Тошев. — Ургут туманида “Камонгарон”, Қўшробот туманида “Оқчобсой” сув омборлари, Нуробод туманида “Омондара” сув тўғонининг барпо этилиши минглаб гектар майдонларни сув билан етарлича таъминлаш имконини берди. Булардан ташқари, вилоятда кейинги 2-3 йил ичида сув иншоотлари, насос станциялари таъмирланиши оқибатида салкам 61 минг гектар майдонда сув таъминоти яхшиланади. Йилига 30 миллион киловатт соат электр энергияси иқтисод қилиниб, жами 6,5 миллиард сўм маблағ тежалади.
Мутахассис ҳақ! Бу ҳам аслида вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда кўзга кўринмай ётган имкониятлардан бири. Сувсизликдан қақраб ётган Нуробод даштларини кесиб ўтиб “Омондара” тўғонига келганимда об-ҳаёт деб аталган сув бу заминнинг чанқоғини қондирадиган, шаҳар ва қишлоқларини кўкаламзор, обод қиладиган, хонадонларига нур бағишлайдиган манба эканлигини яна бир бора дилдан ҳис қилдим. Умуман, Самарқандни, вилоятнинг турли масканларини айланар эканман, кўм-кўк далалари, серҳосил боғлари, бойликларга кон ўрмону тоғлари, шаҳару қишлоқларида бу юртни ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий юксалтиришга хизмат қиладиган кўплаб имкониятлар мавжудлигини кўрдим. Аммо, назаримда, бу ердаги энг катта имконият шу юртни, Самарқандни қалбдан севадиган фидойи, меҳнатсевар одамлар эди!
Камол МАТЁҚУБОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сирдарё вилояти қадимий Сайҳун дарёсининг қирғоқларида, Мирзачўл бағрида, бир томони Тошкент вилояти, иккинчи томони Тожикистон Республикаси, учинч...
01 янв 1970
Неча асрлар мобайнидан шаклланиб, сайқал топиб, турмуш тарзимизга сингиб кетган урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан бир қаторда, кундалик мулоқотл...
01 янв 1970
Зиёлилар, олиму шоирлар вилоятимизнинг чекка ва чегарадош ҳудудларида яшовчи кам таъминланган, кўп болали оилаларга маърифат туҳфалари билан кириб ...
01 янв 1970
Яна саноқли кунлардан кейин мамлакатимизда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 26 йиллиги кенг нишонланади....