Тинчлик қўрғонининг қалқонлари

/
Бу даргоҳда ҳамма нарса юксак интизом, уюшқоқлик, ҳозиржавоблик, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишнинг юрак-юракдан ҳис этилган шарафли масъулиятидан далолат бериб туради. Аниқ жадвал асосида олиб борилаётган ҳарбий-жисмоний машғулотлар, техникавий-тактик ўқув жараёнларини кузатиб, профессионал миллий армиямиз учун муносиб кадрлар тайёрлашнинг мустаҳкам пойдевори яратилганлигини сезасиз.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг Самарқанддаги Сержантлар тайёрлаш мактаби бошлиғининг шахсий таркиб бўйича ўринбосари, полковник Шуҳрат Юсупов билан суҳбатимиз ҳам минтақамиз хавфсизлиги ва армиямиз жанговар шайлигини таъминлашга қодир бўлган ҳарбий кадрларни ўқитиш ҳамда бу соҳада яратилаётган шарт-шароитлар, ёшлар томонидан ватанпарварликнинг чуқур идрок этилиши хусусида бўлди.
— Шуҳрат Набиевич, аввало суҳбатни шахсан ўзингиз ва жамоангиз вакиллари иштирок этган Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида бўлиб ўтган республика Мудофаа вазирлиги миқёсидаги кўргазмали дала-ўқув машғулотларидан бошласак. Бу тадбир Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жанговор тайёргарлик даражаси ва турли бўғиндаги ҳарбий кадрларимизнинг профессионал маҳоратини яққол намоён эта олдими?
— Ўринли савол бердингиз. Чиндан ҳам шу йилнинг 28 август куни Каттақўрғонда Мудофаа вазирлигининг кўргазмали дала-ўқув машғулотларида қўшинларнинг барча турлари иштирок этиб, миллий ҳарбий кадрларимиз жанговар техника ва замонавий қурол-яроғлардан моҳирона фойдалана олишларини намойиш этишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев мазкур ўқув машғулотларига шахсан ташриф буюриб, жанговар тайёргарлик даражасидан мамнун эканлигини таъкидлаш билан бирга мудофаа ва хавфсизлик соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган ишлар кўплигини таъкидлади. Жумладан, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда мамлакатимизда ҳарбий саноат соҳасида ягона сиёсатни амалга оширишга масъул бўлган тегишли давлат органини ташкил этиш таклифи билдирилди. Мазкур йўналишдаги корхоналар фаолиятини такомиллаштириш, зарур илмий-ишлаб чиқариш базаси, сервис марказлари ва қўшма корхоналар барпо этиш, ҳарбий аҳамиятга эга айрим турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари кун тартибига қўйилганлиги мудофаа соҳасидаги ислоҳотларга янгича ёндашувлардан далолат бериб турибди.
— Қуролли Кучларимиздаги ислоҳотлар ҳарбий-техник имкониятларни мустаҳкамлашдангина иборат бўлмаса керак...
— Албатта, Қуролли Кучларимизнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини оширишда ҳарбий хизматчиларга кўрсатиладиган эътибор, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу мақсадда ҳарбийларнинг фарзандлари, биринчи навбатда, боғча ва мактабларга қабул қилинишини таъминлаш, уларга намунали уй-жойларни қисқа муддатда қуриб бериш ва бу ишни доимий давом эттириш асосий талаблардан бири сифатида мутасадди ташкилотлар зиммасига юклатилган. Агар 2017 йилда ҳарбий хизматчилар учун 56 та шундай намунали уй-жойлар қуриб топширилган бўлса, 2018 йилда бундай турар жойларни 100 тага етказиш режага киритилгани бизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яққол ифодасидир.
— Президентимиз дунёда ва минтақамиздаги вазиятнинг ривожланиш динамикасини ҳисобга олганда вужудга келадиган хавф-хатар ва таҳдидларга муносиб зарба бериш зарурати Ўзбекистон Республикаси Мудофааа доктринасини қайта ишлаб чиқишни талаб этишини таъкидлади. Унинг замиридаги вазифалар кўп ва ғоятда масъулиятли. Айтинг-чи, Сиз фаолият кўрсатаётган Сержантлар мактаби кадрлар тайёрлашга янги талаблардан келиб чиққан ҳолда қандай ёндашиши лозим?
— Дарҳақиқат, мактабимиздаги таълим-тарбия жараёнлари, ўқув-тактик машғулотлар ҳарбий бўлинмаларга юклатилган вазифаларга мос бўлиши лозим. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз Мудофаа вазирлигининг мото-ўқчи взводлари, Миллий хавфсизлик хизматининг жанговор гуруҳи, Миллий хавфсизлик чегара қўшинларининг жанговор гуруҳлари командирлари ўринбосарлари, гранатамёт-пулемёт ва мерганлик секцияси командирлари, артиллерия мутахассислари, радио-электрон разведкаси ва кураши, муҳандислик бўлинмалари мутахассислари, алоқа воситалари ва автомобиль техникаларини созлаш бўйича мутахассислар ҳамда бошқа кўплаб ҳарбий соҳадаги кадрлар тайёрлашга қаратилган. Бу вазифани амалга оширишда биз таълим жараёнига энг янги усул ва технологияларни жорий этишга ҳаракат қилаяпмиз. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, профессионал миллий армиямизда шартнома асосида ишлайдиган сержантларга катта ўрин ажратилган. Юз бериши мумкин бўлган хавф-хатар ва таҳдидларга биринчи бўлиб зарба берадиганлар ҳам улар. Демак, уларнинг жанговар тайёргарлик даражаси ҳар доим юқори бўлиши керак.
— Демак, сержант армиянинг ҳаракатдаги кучли, ишончли қалқони. Шундай номга муносиб кадрлар рўйхатида дастлаб кимларни таъкидлаган бўлардингиз?
— Уларнинг таҳсинга лойиқлари кўпчилик. Мисол учун, сержант Отабек Саъдуллаев. У ҳарбий касбни мукаммал эгаллаб бормоқда. Отабек бешта мамлакат ҳарбий полигонларида ўтказилган 2017 йилги Халқаро армия ўйинларида Мудофаа вазирлигимиз вакиллари қаторида иштирок этиб, ҳарбий-муҳандислик йўналиши бўйича ғолиблар қаторидан жой олди. Яна бир курсантимиз Муроджон Эргашев ҳарбийлар ўртасидаги республика бокс мусобақасида 2-ўринни, қўл жанги беллашувларида эса 3-ўринни эгаллади. Республика миқёсидаги “Қувноқлар ва зукколар” танловида мактабимиз жамоаси совринли ўринга лойиқ деб топилгани ҳам кадрларимизнинг интеллектуал, илмий салоҳияти юқорилигидан далолат беради.
— Сержантлар мактабида хотин-қизлар орасидан ҳам танлов асосида ўқишга қабул қилинганлар борлигини эшитдик.
— Рост. Бизда хотин-қизлар орасида сержант қадрлар тайёрланмоқда. Гулжон Ўтемуродова, Зуҳро Гаипова, Гулжон Қуролбоева, Музаяна Раҳмонова, Дилфуза Гафадинова шундай истак билан мактабимизда таълим олаётган вакилларимиздан.
— Ҳарбий-жисмоний ўқув машғулотларида ёки вақтни режалаштиришда уларга бирор-бир енгиллик ёки имтиёз берилганми?
— Йўқ. Фақат хотин-қизларнинг жисмоний, ҳарбий тайёргарлик бўйича бажарадиган ўз талаблари бор. Шу талабни уддалаб ўқишни битирганлар Қуролли Кучларимизнинг исталган қўшинида хизматни ўташи мумкин.
— Сержантлар мактабида бўлган ҳар қандай киши ватанпарварлик, Ватанга садоқат билан хизмат қилишнинг том маънодаги амалий ифодасини сезади. Чунки курсантлар нима учун таълим олаётганликлари, Ватанга қандай хизмат қилиш кераклигини чуқур англаб олишганки, бу йўлда ҳар қандай машаққатли синовларга ўзларини тайёр деб билишади. Айтинг-чи, шундай туйғуни касбу кори, машғулоти турлича бўлган ёшларимиз қалбига чуқурроқ сингдириш учун нима қилиш керак?
— Биринчи галда ёшларимизни маънавиятли қилиб тарбиялайлик. Чунки маънавият ватанпарварликнинг ўзагини ташкил этади. Шу мақсадда ёшларнинг ҳарбийлар билан учрашувларини тез-тез ўтказиб туриш лозим. Мудофаа ишлари бўйича бошқарма ва бўлимлар маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ана шундай тадбирларни ташкил этиб турсалар, айни муддао бўлур эди. Ҳокимлар жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳарбий қисмларга ташриф буюришса, ҳарбийларнинг шароитидан хабардор бўлишса, улар билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйишса, учрашувлар ташкил этишса, ёшларимизда Ватанга, унинг ҳимоясига бўлган қатъият янада кучаяди.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.
Суҳбатдош:
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. ...
01 янв 1970
Маълумки, ўзининг буюк иқтидори билан ҳамма замонларнинг тенгсиз устози бўлган Мир Алишер Навоий ҳазратлари оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош...
01 янв 1970
Таҳририятдан: Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг нуфузи, обрў-эътибори, танилувчанлиги нафақат юртимизда, балки хорижда...
01 янв 1970
Бу даргоҳда ҳамма нарса юксак интизом, уюшқоқлик, ҳозиржавоблик, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилишнинг юрак-юракдан ҳис этилган шарафли масъулиятид...