Шундай касб борки...

/
Ҳа, дунёда касблар кўп. Ҳар касбнинг фақат ўзига хос хусусиятлари, жиҳатлари бор. Айни пайтда дунёда шундай алоҳида масъулиятли ва шарафли касб борки, бу Ватанни ҳимоя қилиш, уни қўриқлашдир.
Ватанимиз сарҳадлари дахлсизлигини туну кун сақлаётган, элнинг хотиржам ҳаётини кафолатлаётган миллий армиямиз ҳақида гапирарканмиз, беихтиёр устоз Ойбек домланинг ўтли мисралари ёдга тушади: “Ватанни сев, тупроғини ўп, Ҳар қаричи муқаддас бизга. Чўлидаги ҳатто қуруқ чўп Жондан яқин юрагимизга”. Дарҳақиқат, айнан ҳарбийларимиз фаолиятининг моҳият-мазмунини очиб берадиган, унинг қадр-қимматини намоён этадиган мисралар бу.
Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз, истиқлол йилларида мутлақо янги кўринишдаги Қуролли Кучларимиз шаклланди. Армиямиз жанговар тайёргарлиги, техникаси ва имкониятлари бўйича Марказий Осиё давлатлари ҳарбий кучлари орасида етакчи ўринни эгаллаётгани бежиз эмас. Буни яқинда Россияда ўтказилган кўрик-танлов натижаларидан ҳам англаб олдик. Бугун, дунё миқёсида вазият ҳар лаҳза ўзгариб, мутлақо кутилмаган ҳудуд ва нуқталарда қуролли тўқнашувлар юз бериб турган шароитда юртимиз ўзининг қудратли мудофаа қалқонига эга бўлиши фаровон ҳаётимизнинг ва янада юксалишларга кўз тикаётган эртанги кунимизнинг ишончли кафолатларидан биридир.
Бир пайтлар, шўролар даврида ёшлар ўртасида армиядан қолишнинг минг бир усул-найранглари ишлаб чиқилганди, ота-оналар эса шу мақсадда ҳарбий комиссариатлардан, шифохоналардан таниш-билиш топиб, фарзандларини ҳарбий хизматдан олиб қолиш йўлларини излашарди. Икки йил, баъзан ҳатто уч йил давом этадиган армия хизматининг ўзи ҳам қўрқинчли ҳолатга, адолатсизлик ҳукмрон ёвуз гўшага айлантирилганди: ваҳший “дедовшина”, ошкора миллатчилик; номи “армия”, аскарнинг қиладиган юмуши эса “қора” иш: ғишт ташиш, сувоқ қилиш, бетон қориш... Бу ҳам етмагандек, ҳарбий қисмлардан қаторлашиб тобутлар келарди...
Булар энди қўрқинчли туш каби ортда қолди. Шукрки, Мустақиллик туфайли шундай дориломон замон насиб этди. Энди ҳарбий хизматга бориш, унинг сарҳадларини ҳимоя қилиш учун бел боғламаган йигитнинг ўзи йўқ. Ҳарбий хизмат ўташ мақсадида йиллаб танловларга тайёргарлик кўраётган Ватан ўғлонлари қатор жисмоний ва тест синовларидан ўтказилмоқда, уларнинг орасидан энг муносиблари танлаб олинмоқда. Улар “Ватанга қасам” дея йил давомида шу муқаддас заминни кўз қорачуғидек асраш учун йигитлик куч-қувватини бахшида этишмоқда.
Бугун биз миллий армиямиз қудратига ишонамиз. Ҳа, улардан ҳаммамизнинг, халқимизнинг кўнгли тинч. Ҳарбий хизматчиларимиз ҳам оиласидан, яқинларидан шунчалар хотиржам, ўзларининг келажакларига, ёруғ юз билан ота-онаси, қадрдонлари бағрига қайтишига ишонч билан боқишади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугун ҳарбий хизматга бориш йигит киши учун муқаддас ва шарафли бурчга айланган. Қолаверса, бирон хонадонга совчилар боришганда савол-жавоб “Куёв бўлмиш ҳарбий хизматга борганми?” деган жиддий саволдан бошланади. Шу боис ҳам йигитлар болалик кезларидан Ватанни ҳимоя қилишга қатъий бел боғлайди. Аслида бу мақсад бўлажак ота-онанинг қалбидан бошланади. Айниқса, оталар Яратгандан Ватанини ҳимоя қилишга қодир бўлган, унинг корига ярайдиган фарзандлар вояга етишини умид қилишади. Шундай фарзандларга ота-она бўлишнинг ўзи ҳам бир бахт...
Бугун унинг сафларида бўлиш ҳақиқий бахтга айланган. Миллий армиямизни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлаш борасида ишлар узлуксиз ва изчил давом эттирилмоқда.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 август куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинларининг жанговар тайёргарлик режасига мувофиқ “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонида ўтказилган оператив тактик машқларни кузатгани ҳам фикримиз далилидир. Юртимиз етакчиси бу ерда қўшинларимиз сафида қўлланиб келинаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар, яъни зирҳли техникалар, артиллерия қуроллари, мотоўқчи бўлинмаларидаги автомобиллар, разведка ва алоқа воситалари билан танишди, дала-ўқув майдонида ҳарбий мутахассислар билан суҳбатлашди, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хизмат ва ҳаёт шароитларини яхшилаш, билими ва маънавиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, ҳарбий хизматчилар учун ҳар йили кўп қаватли турар жой бинолари қуриш дастурига мувофиқ, жорий йилнинг ўзида 1 минг 224 ҳарбий хизматчининг оиласи учун 56 та турар жой биноси қурилиши мўлжалланганлиги ҳам бу фикрнинг тасдиғидир.
Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселекторда эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳудудларда мудофаа тизимида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботлар беришди.
Юртимиз етакчиси бир муаммони таъкидлаб ўтди. Чиндан ҳам, ҳавас қилса арзийдиган Қуролли Кучларимиз бор. Афсуски, ҳарбий-ватанпаварлик мавзусида ғоявий-бадиий савияси етук, замонамиз қаҳрамони улуғланган бадиий асарлар, кинофильмлар яратилмаяпти ҳисоб. Бу вазифани адо этиш, табиийки, барча ижодкорларнинг биринчи навбатдаги бурчи бўлиб қолиши керак. Эндиликда юртимиздаги ҳарбий таълим муассасаларимиз “Темурбеклар мактаби” деб аталаётгани, шу билан бирга юртимизда, бошқа лицейлардан тубдан фарқ қиладиган 29 академик лицей фаолияти йўлга қўйилаётгани ижодкорларга ҳам илҳом бағишлаши аниқ.
Биз ҳарбийларимизни ҳар қанча шарафласак, уларни ҳар қанча мадҳ этсак оз. Юртимиз етакчисининг Қуролли Кучларимиз ташкил этилган сана ва Ватан ҳимоячилари кунини одатдаги тайёр қолиплар бўйича эмас, мутлақо янгича ёндашув асосида, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш юзасидан аниқ топшириқлар бергани ҳам ҳаммамизни ижодий фаоликка ундади.
Бир сўз билан айтганда, Ватан тинчлиги учун, унинг сарҳадларида тик туриб ҳар қандай таҳдидларнинг олдини ола биладиган Қуролли Кучларимиз бутун элнинг ардоғида ва эътиборида бўлиши жоиз. Бу бугунимизнинг ҳам, эртанги кунимизнинг ҳам асосий талабларидан бири бўлиб қолаверади. Бу талабга “лаббай” дея жавоб бериш эса барчамизнинг бурчимиздир.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тарихий ҳақиқатни тиклаш давлат сиёсати даражасида белгиланди.
01 янв 1970
Навоий мамлакатимизнинг саноати юксак тараққий этган вилоятларидан бири саналади....
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
“Ҳаётда иложи йўқ нарсанинг ўзи йўқ, ҳар қандай муаммони пул ёрдамида ҳал қилса бўлади”... ...