Қаламимиз қадрини ерга урмайлик

/
Тарих шоҳидки, халқимиз асрлар давомида дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўшган аллома фарзандлари, комил инсонлари, уларнинг юксак маънавий-ахлоқий фазилатлари билан ҳам бошқа халқлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлиб келган. Шарқ адабиёти ва санъатида, таълим ва тарбияда ор-номус, одоб-ахлоқ, сабр-қаноат, бағрикенглик, саховатпешалик, илм-маърифатга интилиш каби юксак фазилатлар бундан минг йиллар аввал ҳам бугунгидек муҳим аҳамият касб этган. Бу фазилатлар халқимизнинг қон томирларига сингиб кетган. Халқимизга хос бўлган маънавий комиллик асрлар давомида эл-юртни бало-қазолардан соғ-омон асраб келган. Ота-боболаримиз ҳар қандай оғир ва мураккаб шароитда ҳам ўзлигини йўқотмасдан, маънавий ҳаёт мезонлари, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиб, комиллик сари интилиб яшагани бугун ҳам барчамизга ибратдир. Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашуви инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишларини ўз асарларида акс эттиришни ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган ижод аҳли олдида турган бугунги энг муҳим, масъулиятли вазифалар, маданият ва маънавият ривожининг истиқболлари, бу соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида очиқ ва самимий фикрлашув тарзида ўтди.
Ҳар бир халқнинг асрлар давомида шаклланадиган миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналари бўлади. Адабиёт ва санъат уларни тарғиб ва ташвиқ қилиш ишига муҳим ҳисса қўшади, халқ ҳаёти, турмуш тарзи асосида бу бебаҳо хазинани янги маъно ва мазмун билан тўлдириб боради. Шу боис жамият ҳаётида маданият ва маънавият соҳаси вакилларига эътибор баланд бўлса, миллий ва маънавий ривожланиш суръатлари ҳам тезлашади.
Давлатимиз раҳбари яқин келгусида маданият, маънавият соҳасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган улкан режалар, янги лойиҳалар ҳақида сўзлар экан, бу ишларнинг барчаси инсон манфаатлари, унинг фаровон турмуши, ҳаётидан рози бўлиб яшаши, кўнглида армон қолмаслиги, мамлакатимизда ижодкорлик, яратувчанлик янада ривож топиши учун қилинаётганини, шу боис мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни тўла амалга ошириш ишига маданият ва маънавият соҳаси вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшишлари зарурлигини таъкидлар экан: “Юртимиздаги бугунги ижодий муҳитни кузатсак, у қандайдир турғунликка тушиб, бир жойда депсиниб тургандай, кўпчилик ижодкорларимиз ўз ташвиш ва муаммолари билан ўралашиб қолгандай таассурот қолдиради. Ҳолбуки, маданият ва санъат арбоблари ҳамиша жамиятнинг энг олдинги сафларида бўлиши, ўз асарлари, фаол фуқаролик позицияси билан одамларни эзгу мақсад ва марралар сари бошлаши, илҳомлантириши керак эмасми?”, деган савол юзага қалқиб чиқди. Бунинг боиси шуки, адабиёт ва санъат, таъсирчан сўз ҳамма замонларда ҳам одамларни эзгу ишларга, яратувчанликка бошлаган, бир мақсад йўлида бирлаштирган, ёш авлод тарбиясида муҳим аҳамият касб этган.
Шундай экан, ижодий уюшмалар шиддат билан ўзгараётган замонга ҳамқадам бўлишдан орқада қолаётганларини ҳис этиб, ҳамжиҳатлик билан жамиятимизнинг янги, баркамол авлодини тарбиялаш, уларнинг онги ва қалбини ёт ғоялардан асраб-авайлаш, мамлакатимизнинг шаън-шавкати, иқтисодий қудрати ва маънавий комиллигини кучайтириш йўлида ишлашлари талаб этилади. Бунинг учун эса ўз фаолиятларидаги камчиликларни бартараф этишлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан самарали ҳамкорлик қилишлари, Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ҳар бир ёш йигит-қиз онгига етиб боришига эришиш, 15-20 йилдан кейин Ўзбекистоннинг маданий ривожланиши қандай кечиши, бугун биз яшаётган Интернет ва юксак технологиялар асрида адабиёт ва санъат, маданиятимизнинг ўрни ва таъсирини нафақат сақлаб қолиш, балки қандай қилиб уни кучайтириш мумкинлиги хусусида ҳам фикр юритишлари зарур бўлади. Президентимиз алоҳида таъкидлаб ўтганидек: “Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижодий уюшмаларнинг бугунги фаолиятида тадбирбозлик, шунчаки хўжакўрсинга ишлаш, сусткашлик ва лоқайдлик кайфиятлари тобора яққол кўзга ташланмоқда. Ижодий ташкилотлар раҳбарларининг аксарияти фақат юқоридан буйруқ кутиб ишлашга ўрганиб қолгани, уларнинг фаолиятида умумий мақсад учун жон куйдириш, ташаббус ва ташкилотчилик сезилмаётгани, албатта, ачинарли ҳол”.
Учрашувда республикамизнинг қатор йирик ташкилотлари, фирма, банк ва компанияларнинг ижодий ташкилотлар, театр ва бошқа жамоатчилик уюшмаларини оталиққа олиш, уларга ҳомийлик қилиш тўғрисидаги ташаббуслари маъқулланди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ижодий соҳалар, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ва проференциялар муддатини яна беш йилга узайтириш, муаллифларга тўланадиган қалам ҳақини сезиларли даражада ошириш, ёш ижодкорларни уй-жой билан таъминлаш, қоғоз муаммосини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланаётганини маълум қилди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, бугунгача ҳам жонкуяр журналистларимиз турли хусусий телерадиоканаллар, газета-журналларда миллий менталитетимизга ёт, оммавий маданиятни тарғиб қилувчи кўрсатув, клип, кино ва эшиттиришлар, мақолалар, шунингдек, қўштирноқ ичидаги қисса-ю ҳикоялар ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек бодраб чиқаётгани ҳақида бот-бот бонг уришди, чиқишлар қилишди. Лекин негадир соҳа мутасаддиси ҳисобланмиш Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бу муаммоларга, бир умр қаламини қадрлаб яшаган журналистларимизнинг чиқишларига эътибор қаратмади. Тўғри, улар менинг бу фикримга қарши “Биз ҳам жим турмаганмиз, ишонмасангиз, келинг, кўринг. Бу қоидабузарларни неча марта хат орқали огоҳлантирганмиз”, дейишлари мумкин. Албатта, уларни ҳам тушунишга ҳаракат қиламиз. Аммо қонунбузарларга, миллат маънавиятига дахл қилаётганларга қарши бирон-бир кескин чора кўрилмагани барибир киши кўнглини хижил қилади. Мамлакатимиз раҳбари ижодкорлар билан учрашгандан сўнг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигига тайинланган янги Бош директор Лазиз Тангриевнинг ижтимоий тармоқлардаги чиқишини ўқиб эса, кўнглимизда таскин-тасалли пайдо бўлди. Қуйида унинг айрим фикрларини келтираман:
“...Нега биз дўкондан сифатсиз, муддати ўтган маҳсулот олсак, сотувчи билан ёқа буғишамиз-у маънавиятимизга зарба бераётган, саводсизликни урчитаётган, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган хусусий оммавий ахборот воситалари ва нашриётларга миқ этмаймиз?
...Юртбошимиз айтганидек, бу балога қарши жамоатчиликни ўйғотмасак, бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб бермасак, у кун сайин мадда бойлаб бораверади.
...Айримлар бор. Журналистикадан мутлақо йироқ. Ҳатто касбининг тайини йўқ. Тижоратда ўзини у тошга уради, бу тошга уради-да, омади чопмаса шундай дейди: “Ҳамма ишни қилиб кўрдим, энди бир газета ёки нашриёт очиб кўрай”. Ахир эркинлик ниқоби остида мўътабар ижод бўстонини пайҳон қилишга, муқаддас қалам обрўсини ерга уришга унга ким ҳуқуқ берди?
Маънавиятимизнинг дўсти ким-у, душмани ким, халқимиз очиқ билсин.”
Шундан сўнг Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган яна бир мақола ўқувчиларнинг эътиборини тортди. “Оммавий ахборот воситаси — жамият кўзгуси, миллатнинг юзи”, деган сўзлар билан бошланувчи ушбу мақолада бир қатор хусусий нашрлар ва телерадиоканаллар фаолияти таҳлил этилиб, улар йўл қўйган хатолар очиқ-ошкор айтилди. Демак...
Демак, қилса бўлар экан. Оммавий маданият деган балонинг олдини олиш учун кескин чоралар кўрса бўлар экан. Энди қаламини қадрлаган, умрини журналистика аталмиш сермашаққат ва шарафли касбга бағишлаган ҳамкасбларимиз қўлни қўлга бериб, қаламнинг қадрини ерга ураётган, оммавий ахборот воситаларидан бойлик орттириш мақсадида фойдаланишга ҳаракат қилаётган, касбимиз шаънига доғ тушираётган айрим қўштирноқ ичидаги ижодкорларга қарши кескин курашмоқлари лозим. Шундагина биз халқимиз ҳамиша айрича ҳурмат билан қараб келган оммавий ахборот воситалари обрўси, журналист деган шарафли номнинг мақомини яна тиклаб оламиз. Эл-юрт олдида юзимиз ёруғ бўлади.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Китоб инсон ҳаётига нур бағишлаб турувчи сеҳрли машъаладир.
01 янв 1970
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди....
01 янв 1970
Жаннатмонанд ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб ...
01 янв 1970
Термиздаги Археология музейининг кириш залида танга шаклидаги катта экспонат қўйилган. Бу экспонатда қайиқ ва лангар тасвири акс эттирилган. ...