Албания: парламент сайловида социалистик партия ғолиб

/
2009 йилдан буён НАТОнинг тўлақонли аъзоси ва 2014 йилдан бошлаб ЕИга аъзо бўлишга расман даъвогарлик қилиб келаётган Албанияда муҳим ижтимоий-сиёсий жараён — парламент сайлови натижалари эълон қилинди.
Албания Марказий сайлов комиссияси раҳбари Клемент Згури мамлакатда жорий йилнинг 25 июнида ўтказилган бир палатали парламент сайловида Албания социалистик партияси етакчи ўринни эгаллаганига оид маълумотни расман тасдиқлади.
— Албания Бош вазири Эди Рама бошчилигидаги партия сайловчиларнинг 48,33 фоиз овозини тўплаб, ғолибликни қўлга киритди, — деди Згури ўз баёнотида. — Партиядан сайланган депутатларга парламентдаги 140 ўриндан 74 таси ажратиладиган бўлди. Люльзима Баши раҳбарлигидаги Албания демократик партияси 28,81 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлиб, 43 та мандат билан иккинчи ўринни эгаллади. Интеграция учун социалистик ҳаракат партияси сайловчиларнинг 14,28 фоизи қўллаб-қувватлаши билан парламентдаги 19 та ўринга эга бўлди.
Бундан аввалги парламент сайловида бир палатали парламент — Халқ кенгашида Социалистик партиянинг 64 нафар, Демократик партиянинг 49 нафар, Интеграция учун социалистик ҳаракат партиясининг 20 нафар депутати фаолият юритган эди.
Бу йилги сайлов натижалари ундан аввал Tanjug агентлиги томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижасидан кўп ҳам фарқланмади. Сўровнома иштирокчиларининг 45-49 фоизи Социалистик партия номзодларига, 34 фоизи Демократик партия номзодларига овоз беришини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, аслида жорий йилнинг 18 июнида бўлиб ўтиши белгиланган парламент сайлови партиялараро баҳс-мунозаралар, ички сиёсий низолар кучайиши оқибатида бир ҳафта кечиктирилиб, 25 июнга кўчирилган эди.
Албания Марказий сайлов комиссияси берган маълумотларга кўра, бу йилги сайловда 3 451 896 нафар фуқаро (улардан 136 239 нафари илк марта сайловда иштирок этувчилар) сайлаш ҳуқуқига эга бўлган.
Бироқ бу йилги парламент сайловида сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 46,6 фоизигина ўз овози билан иштирок этди. Гарчи сайловчиларнинг ҳурмати ва ишончини қозона олган учта асосий партия сайловда муносиб натижаларга эга бўлган бўлишига қарамай, сайловда 2666 нафар номзодга эга 18 та партия рўйхатдан ўтган эди. Албания миллий қонунчилигига мувофиқ, қонун чиқарувчи орган — парламент сайловида иштирок этиш ва Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинишни истаган партиядан аҳоли 3 фоизининг имзосини тўплаш талаб этилади. Коалиция сифатида иштирок этган партиялар эса 5 фоиз имзони тўплаган бўлиши керак.
Парламент сайловида энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия — Бош вазир Эди Рама бошчилигидаги Албания социалистик партияси ўтган йиллар давомида кичик бизнес субъектлари учун солиқ имтиёзларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашга давлат томонидан қаратиладиган эътиборни кучайтириш ҳамда бошқа масалаларга оид ғояларни илгари суриб келмоқда.
 
Буюк Британия: кутилмаган натижа ва кутилган ечим
Буюк Британияда ҳам муҳим ижтимоий-сиёсий воқеликларга бой бўлган навбатдан ташқари парламент сайлови якунига етди.
Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй таклифига асосан, мамлакатнинг Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқиб кетиш масаласига доир музокаралардан олдин навбатдан ташқари парламент сайлови ўтказилди. Сайлов жорий йилнинг июнь ойида бўлиб ўтди. Сайловдан кўзланган яна бир муҳим мақсад — парламентда кўпчиликни ташкил қилаётган консерваторлар партиясининг нуфузини янада мустаҳкамлашдан иборат эди.
Бироқ сайлов натижалари кутилганидек бўлмади. Маълум бўлишича, консерваторлар 314 та, лейбористлар 261 та, Шотландия миллий партияси вакиллари 36 та мандат, либерал-демократлар 12 та мандатга эга чиқишди. Мамлакат миллий сайлов қонунчилигига кўра, парламентда 326 та мандатни қўлга киритган сиёсий партия кўпчилик овозга эга бўлган ҳисобланади ва ушбу партия ҳукумат раҳбарлигига ўз номзодини илгари суради.
Кутилмаган натижадан сўнг айрим сиёсатчилар Тереза Мэй тез орада истеъфога чиқишини башорат қилди. Бироқ бу тахминлар ҳам рўёбга чиқмади. Гап шундаки, Бош вазир парламент олдида ўзининг дастурини эълон қилди ва парламент аъзоларининг 309 нафари дастурни маъқулламаган бўлса, 323 нафар депутатлар дастурни ёқлаб овоз берди ва Буюк Британия парламенти Тереза Мэй бошчилигидаги ҳукуматга ишонч билдирди.
Кези келганда айтиш лозим, сайлов натижаларига кўра консерваторлар етарлича овоз тўпламаганлиги сабабли Тереза Мэй ҳукуматни шакллантириш жараёнида Шимолий Ирландиянинг Демократик юнион партияси билан ҳамкорлик ўрнатишига ҳамда қиролича Елизавета II нинг рухсатини олишига тўғри келди.
Шундай қилиб, Тереза Мэй бошчилигидаги янги ҳукумат илк муҳим синовни ўз бошидан кечирди. Ҳукумат асосий эътиборни иқтисодиётдаги муаммоларни бартараф этиш ва янги иш ўринларини яратишга қаратишда давом этмоқда.

Марсда инсон яшайдими?
Mars Odyssey орбитал кемаси Ерга ажабтовур тасвирни юборди. Суратда Марснинг юзаки қатламида гўёки инсон юзини ёдга солувчи тасвир акс эттирилган.
Сурат Mars Odysseyга тегишли THEMIS (Thermal Emission Imaging System) воситаси ёрдамида туширилган. Мазкур геологик рельеф фотокамерага қараб турган инсон нигоҳини эслатади. Ушбу сурат NASA фотонашрида эълон қилинди.
Яқинда Американинг аэрокосмик агентлиги NASAга тегишли Curiosity кемаси Қизил сайёрада шубҳали воситаларга гувоҳ бўлгани ҳақидаги хабар тарқалган эди. Айрим мутахассислар бу ўзга сайёраликларнинг суяги, деб тахмин қилмоқда. Ҳатто номаълум мавжудотнинг бош чаноғига ўхшаш воситалар тасвирга олинган видеотасма ҳам мавжуд.
Уфологлар тасвирдаги воситалар археологлар томонидан топилган ибтидоий давр одамларининг суякларига ўхшаб кетишини айтишмоқда.
Мутахассислар фикрига кўра, Марсда олинган суратни томоша қилган инсонда “парейдолия” деб аталувчи ҳолат кузатилади. Яъни тасвирдаги тушунарсиз шакл ва воситалар бир қарашда “инсон”, яна синчиклаб томоша қилинганида “ҳайвон” ёки бошқа жонзотларга ўхшаб кетади.
Интернет хабарлари асосида тайёрланди.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
Таълим. Шу сўз эшитилганида кўз ўнгимизда жонкуяр муаллиму меҳрибон муаллималар гавдаланади. ...
01 янв 1970
Қорақалпоқ халқи маданияти ва санъати тарихида бахшичилик эл орасида ўзининг кўп сонли мухлисларига эга бўлиб келган. ...