Ҳалоллик – барака манбаи

/
Ҳаётда барча соҳалар каби савдо-сотиқда ҳам, аввало, ҳалол, тўғрисўз ва виждонан фаолият юритиш талаб этилади. Шундагина кишининг топган даромадида барака бўлади, савдоси ривож топади. Шу боис халқимиз азалдан савдода ҳалоллик ва тўғрисўзликни барака манбаи, деб билган ҳамда бу азалий қадриятларга ҳамиша қатъий амал қилган.
Бироқ ҳаётда ана шу қадриятларни писанд этмай қинғир йўллар билан бойлик орттиришга уринадиган кимсалар ҳам учраб туради. Бунга Пахтаобод туманида яшайдиган Мухлиса Кенжаеванинг хатти-ҳаракати мисол бўла олади. Айтиш керакки, М.Кенжаева савдо-сотиқ билан шуғулланар экан, кўнглига ғараз ниятни тугди. У савдодаги шерикларини чув тушириб, осон йўл билан бойиб кетиш ҳақида ўйлади. Ниятини амалга ошириш учун режа ҳам тузиб олди. М.Кенжаева, биринчи навбатда, бозордаги шерикларининг ишончига киришга ҳаракат қилди ва ўзини ҳалол, тўғрисўз, диёнатли қилиб кўрсатишга уринди.
Унинг фириб тузоғига биринчи бўлиб Зангиота туманида жойлашган “Бек-барака” савдо мажмуасидаги чинни бозорда савдо қилувчи Хонзода Носирова илинди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, фирибгар аёл Х.Носированинг ишончини суиистеъмол қилиб, 9.000.000 сўмлик чинни буюмларини насияга олиб кетади. Аммо сотувдан тушган пулларни ўз шахсий манфаати йўлида ишлатиб юборади. Х.Носирова насияга берган маҳсулотининг пулини сўраганида М.Кенжаева турли баҳоналарни сабаб қилиб кўрсатади. Буёғини сўрасангиз, Х.Носирова бир пайтлар М.Кенжаевага ўз уйидан вақтинча яшаш учун жой берган, уни савдода қўллаб-қувватлаган эди. Аммо М.Кенжаева ўзига яхшилик қилган кишига ёмонлик билан жавоб қайтарди. Энг ёмони, аёл бу қилмиши билан чекланиб қолмади. Яъни яна ўзгаларнинг ишончига кириб, “чув” туширишни кўзлади.
Жумладан, М.Кенжаева “Бек-барака” савдо мажмуасида Умида Нуралиевани фирибгарлик йўли билан алдаб, қўшни республикадан арзон нархда чинни буюмлар олиб келиб беришини айтиб, унинг 64.262.000 сўмини олади ва ўз эҳтиёжига ишлатиб юборади.
Айтиш керакки, фирибгарлик ва алдовнинг роса ҳадисини олган бу аёл ўзгаларнинг ишончини қозониш учун узоқ вақт пайт пойлайди. Масалан, у Муқаддам Тиллаевани “чув” тушириш учун уч йил кузатади. Охир-оқибат қабиҳ ниятига эришади. Фирибгар аёл алдов йўли билан М.Тиллаеванинг 63.000.000 сўмини қўлга киритади. Бундан ташқари, М.Кенжаева бозордаги таниши Мўмин Акромовнинг 85.750.000 сўмини ҳам айнан фирибгарлик йўли билан олади. М.Кенжаева пулини талаб қилган жабрланувчиларнинг баъзиларига фирибгарлик хатти-ҳаракатини ниқоблаш ва гўёки ўзи олган “маблағларни қайтариш” мақсадида нотариал идорада тилхат ҳам ёзиб берган. Аммо жабрдийдалар чет элдан келадиган чинни буюмлар тугул ўзлари берган пулни ҳам ололмай сарсон бўлганлар. Улар турли баҳоналар, қоп-қоп ваъдалар эшитиб, анча вақтгача сабр қилиб келишди. Афсуски, на маҳсулотдан, на пулдан дарак бўлди...
Нафс измида қинғир босилган қадамлар устидан суд, албатта, ўз адолатини ўрнатди. Ниҳоят жабрланувчилар судга мурожаат қилганларидан кейингина аёлнинг жиноий хатти-ҳаракатларига чек қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судида Мухлиса Кенжаеванинг жиноят иши кўриб чиқилди. Албатта, суд жабрланувчилар фойдасига, уларнинг юқорида миқдори кўрсатилган пулларини ундириш бўйича адолатли ҳукм ўқиди.
Ўктам ХОЛИҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...
01 янв 1970
Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрта тонгда “Келес” темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезд шу турдаги одатий поездл...
01 янв 1970
Мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. ...