Болангиз билан дилдан суҳбатлашсангиз...

/
Ҳар йили 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан кимдир фарзандини истироҳат боғига олиб борса, кимдир узоқ кутилган совға тақдим этади. Хуллас, бу кун болажонлар қувончига қувонч қўшади.
Зеро, болалар байрами ҳақиқий байрамдек ўтиши ҳам керак-да. Ўйлаб қарасак, баъзан аслида болага ота-она, яқинларининг эътиборидан бўлак ҳеч нарса керак эмаслигини унутиб қўйгандекмиз. Ишонасизми, бола билан унинг севимли эртак қаҳрамонлари ҳақида соатлаб мароқли суҳбатлашса бўлади. Қаҳрамонлардан фарзандингизга ўхшаш жиҳатларини топиб бера олсангиз ёки ўша қаҳрамоннинг ўрнига ўзини қўйиб кўришини сўрасангиз борми, болангиздан бахтиёр инсон бўлмайди! Шундай пайтларда севимли қаҳрамони ҳақида тўлқинланиб сўзлаётган, ҳеч кимдан кам бўлмай, соғ-саломат вояга етаётган, фикрлашдан, саволлар беришдан, ўсишдан тўхтамаётган фарзандингиз борлигига шукроналар айтасиз, албатта...
Маълумотларга қараганда, бугунга келиб Ўзбекистонда йилига ўрта ҳисобда 720-730 минг нафар бола дунёга келаяпти. Қарийб 20 йил аввал бу кўрсаткич 600 мингга яқинни ташкил этган. Бу ўсиш сабаби, назаримизда, халқимиз ўзининг бугуни ва эртасидан кўнгли тўқлигида ҳам. Юртдошларимиздаги кўнгил хотиржамлиги ва эртага бугунга қараганда яхшироқ яшашга бўлган иштиёқнинг баландлиги туғилаётган болалар сони кўпайишига сабаб бўлаётган бўлса ажабмас. Асосийси, болаларимиз давлат, жамият эътиборидан четда қолмаяпти.
Бундан бир неча йил аввал ўқиб қолгандим: БМТнинг UNICEF Болалар жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Европанинг ривожланган давлатларидан бири — Литвада ота-оналар болаларига кунига ўртача 7 дақиқа вақт ажратар, шу сабаб болалар ўзларини бахтсиз ҳис қилар экан.
Ажабо...
Биз одатда ривожланишига, одамларининг турмуш шароитига ҳавас билан назар ташлаган давлатларда болалар ўзини бахтсиз ҳисобласа-я?..
Албатта, дунё миқёсида жаҳон ҳамжамияти томонидан болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мавзусида сўз юритилганда Африка давлатларида қашшоқлик, сувсизлик, очлик оқибатида бевақт ҳалок бўлаётган болалар ачиниш билан ёдга олинади, уларга ёрдам беришга ундалади. Сайёрамизнинг энг бадавлат кишиси, “Microsoft” асосчиси, дастурчи Билл Гейтс суҳбатларнинг бирида бу ҳолатга қуйидагича изоҳ беради: “Мен ҳаётда бир нарсани имкон қадар эртароқ англаб етишни истаган бўлар эдим, бу — адолатсизлик. 30 ёшимга қадар, Мелинда (турмуш ўртоғи) иккаламизнинг Африка бўйлаб саёҳатимизгача, афсуски ноҳақлик нималигини чиндан ҳис қилмаган эканман. Инсон аталмиш буюк мавжудотнинг қанчалар қашшоқликда ҳаёт кечираётганини кўриб, даҳшатдан сўзлолмай қолган эдик ўшанда. Ортга қайтишимиз билан биринчи ишимиз кўрганларимизни яқиндан ўрганишга бағишланди. Касаллик сабаб миллионлаб африкалик болаларнинг ўлими қаршисида барча — энг қудратли давлатлар ҳам бефарқ ва совуққонлик билан қараб туришлари — адолатсизлик эди. Биз буни жаҳондаги энг жирканч ноҳақлик эканини ҳис қилдик, қўл қовуштириб тура олмай, шу заҳотиёқ ишга киришдик...”
Очиғини айтганда, байрам арафасида дунё болаларига тегишли тушкун хабарлар ва воқеликлар ёки адолатсизликлар ҳақида сўзламасак ҳам бўлар эди. Аммо боланинг бегонаси бўлмайди деганларидек, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, қайси миллат вакили бўлмасин, боланинг кўзи бекорга намланиши, бешафқат инсонларнинг қурбонига айланиши, катталарнинг беўй хатти-ҳаракатидан жабрланишига жим қараб туриб бўлмайди. Қолаверса, бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қил дейилганидек, баъзан “уним кам, буним кам, яшаш шароитим ҳаминқадар” дея нолишга одатланган айрим юртдошларимизга эртамиз эгалари ҳисобланмиш болаларнинг маънан, жисмонан ва руҳан баркамол бўлиб вояга етишига Ўзбекистонда яратилгандек шароит бошқа давлатларда учрамаслигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Фикримиз сўнггида Ўзбекистонда болалар ҳуқуқининг мамлакат миқёсида ҳимоя қилинаётганлигини англатувчи айрим факт ва рақамларни келтирсак:
Сўнгги ўн йилда туғма нуқсонлари бўлган болалар сони 1,3 баробар камайган. 6-15 ёшли болалар орасида ўткир юқумли касалликлар билан оғриш 34,4 фоизга, пневмонияга чалиниш 49,7 фоизга, бронхит билан хасталаниш 32,8 ва сколиоз билан касалланиш 32,7 фоизга камайди.
Кейинги беш йилда мамлакатимизда ҳар 100 минг чақалоққа нисбатан оналар ўлими 23,1 дан 19 тага, 5 ёшгача бўлган болалар ўлими 14,8 тадан 13,9 тага, чақалоқлар ўлими 11 тадан 10,7 тага камайди. Ушбу кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига тўлиқ эришди.
Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ 18 ёшгача бўлган болалар 11 та касалликка қарши эмланади.
Сўнгги беш йилда ёшлар учун мамлакатимизда 278 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 523 та спорт иншооти ва 100 дан ортиқ сузиш ҳавзалари қуриб, реконструкция қилинди.
Ўзбекистонда болалар учун “хавфсиз интернет” тарифи жорий қилинган.
Мамлакатимиздаги умумтаълим мактабларида 1-синф ўқувчиларидан бошлаб чет тили фанидан сабоқ берилади.
Давлат таълим муассасаларида болаларни ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда.
Саодат ЖАББОРОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, бағрикенг ва олижаноб халқимиз бола тарбияси ва тақдирига ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келган. ...
01 янв 1970
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам т...
01 янв 1970
Бугун улкан қурилиш ва бунёдкорликлар майдонига айланган Самарқандда шаҳарликларни бир-биридан кўркам иморатлар барпо этилаётганлиги билан ҳайратга...
01 янв 1970
“Ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга”.