Махтумқули ижодида адолат ғоялари

/
Яқинда пойтахтимиз марказий кўчаларидан бирига буюк туркман шоири Махтумқули номи берилди. Бу бежиз эмас, албатта. Ўз ижодида умуминсоний фазилатлар, эзгулик, инсонийликни тараннум этган Махтумқулининг ижтимоий адолатни қадрлаш, жамиятда адолат устуворлигини таъминлаш борасидаги ўлмас ғоялари, доно ўгитлари бугун ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб турибди.
Мутафаккир Махтумқули шеърларидан бирида: «Жўмардни эл танир, одилни девон», – деб уқтирганди. Одиллик, адолатпарварлик – жўмард инсоннинг муҳим сифатларидан бири. Шоир айтмоқчики, эл ичида мард бўлиб танилган инсонни адолат соҳиби сифатида салтанат аҳли ёки унинг мутасаддилари ҳам яхши билишади ва қадрлашади. Девон – аркони давлат, сарой, қолаверса, рамзий жиҳатдан маҳшар кунидаги гуноҳ-савоблар сўраладиган, одамнинг кимлиги баҳоланадиган илоҳий салтанат маъноларини билдиради. Демак, одилликни, мардликни фазилатга айлантириб яшаган кишилар икки дунёда ҳам азиз ва мукаррам бўлади, демоқчи донишманд шоир.
Махтумқулининг «Фармонлари равон хонлар, султонлар! Эл-улусга бир адолат керакдир» каби халқ манфаати учун куюнчаклик руҳи билан суғорилган ўтли мисралари бекорга битилмаган. Шу бир байт маъноси ортида унинг ўз ижтимоий даврига нисбатан ёзғиришлари бор. Эътибор беринг, мисралар мазмунидан шоир замонасининг адолатсизлигини тўла ҳис қилиб турганлиги маълум бўлади. Аммо донишманд инсон «равон» кўринишдаги қатор фармонлар қабул қиладиган ўз даври ҳукмдорларининг асли адолатсизлигини ҳис қилиб ҳам турибди. Шу боисдирки, у ана ўша ваъда қилинадиган адолатпешаликнинг ҳатто бир қисмини, биттагинаси эл-улус учун, бечора халқ учун раво кўрилишини илтижо қилмоқда. Бу эса ўз даврига, ҳукмдорларга, барча аркони-давлатга нисбатан буюк халқпарвар зотнинг ижтимоий исёни ҳам ҳисобланади.
Фикримиз исботига шоирнинг мана бу мумтоз мисралари ҳам асос бўлиб хизмат қилиши аниқ:
Йигит улдир, сўзга айласа амал,
Қўлдан келмас ишга этмаса жадал,
Аллоҳнинг ажрига қилмагил бадал,
Бекка – саховат, шоҳга – адолат яхши.

Юқоридаги шеърий парчалар Махтумқулининг нақадар аччиқ бўлмасин, ҳамиша ҳаёт ҳақиқатини айтганлигини чуқурроқ англаб етишга ёрдам беради. ўариб банданинг бундай мискин ва тушкун ҳолда қолиб кетмаслигига юксак ишонч билан, уларнинг ҳаётига, шўр қисматига нисбатан нақадар ачиниш ва дилдошлик билан қараган Махтумқули кўз олдимизда ҳамиша юксак раҳм-шафқат соҳиби сифатида адолат тарозисини қўлдан қўймаган шоир эканлигини намойиш этиб туради. «Мискинларга жабр этсанг, Кофирсан, иймонинг қолар» дейиш билан оддий одамларга жабр-зулм этувчи мунофиқ кимсалар жазоси тайин эканлиги тўғрисидаги илоҳий ҳақиқат – Махтумқули ижодининг марказидаги муҳим масала ҳисобланади.
Махтумқули, ғарибларнинг кўз ёши
Тоғларни ёндирар, эритар тошни –

деб ёзган шоирнинг қарашлари ҳам юқоридаги фикрларни тўлдиради. Бу ҳақдаги янада батафсил талқин эса «Фақирга жабр этган золимнинг иши – Рўзи маҳшар девонида билинар» каби кескин фикр, балки ҳукм мазмунида анча батафсил акс этган. Демак, бировга жабр қилган, бечораларнинг ҳақ-ҳуқуқини оёқости қилган адолатсиз одамнинг жазоси рўзи маҳшар куни – қиёматда дўзах азоби билан ўз жазосини топади. Бу одамизот учун муҳим танбеҳ, кескин огоҳлик садосидир.
Улкан адиб Чингиз Айтматов ёзган эдики, «Махтумқули ўзининг исёнкор шеърияти билан халқ манфаати, бечора меҳнат аҳллари ҳимояси йўлида бошини жаллод кундасига қўйган беназир жасорат соҳибидир».
Бу Махтумқулининг адолатпарварлигига, адолат ғояларини улуғлаган ижод маҳсулларига берилган жуда юксак баҳо саналади. Махтумқулининг «Кимлар кимхоб кияр, қанчалар тўнсиз», «Мискин айтар: катта-катта тўй берсам» ёки «ўариб оёқяланг, чандир белбоғдир, Маъракага борса, ўрни пойгакдир» каби беҳад катта инсоний адолатпарварлик ва дардкашлик билан яратган мисралари миллионлар қалбида оддий ва ғариб кишиларга нисбатан ачиниш ва дилдошлик туйғуларини уйғотиб келмоқда.
Махтумқули ижодий яратмаларидаги мана шу жиҳатга – бечора ва ҳимоясиз кишиларга ачиниш ғояларига урғу бериб, унинг адолатпарварлик тарбиясидаги аҳамиятини таъкидлаш имкони яратилади. Дарҳақиқат, ўзи шахс сифатида эзгуқалб бўлмай, эзгулик ҳақида, эзгу амаллар тўғрисида гапириши асоссиз бўлганидек, асли адолатпарвар зотгина Махтумқулидек адолат билан бечора кишилар ғамини чекиши, улар учун бу қадар ёниб қайғуриши, шу баробарда ўзгаларда ҳам шундай одамий туйғуни, адолат фазилатини уйғота олиши мумкин.
Адолат тарбияси ҳақида гапирарканмиз, бугун миллий истиқлол ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, ислоҳотлар бағрида мумтоз ижодкорларимиз қатори Махтумқули асарларидан ҳам унумли фойдаланиш мумкинлигини айтиш керак. Бунда донишманд шоирнинг адолатпарварлик ғоялари барча замонда ҳам долзарб аҳамиятини йўқотмайди.
Абдуғаффор ХОН,
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик жамияти фаоли, адабиётшунос олим, ёзувчи ва таржимон

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
1991 йил. Тарих саҳифаларига бу сана юртимиз ҳаётида катта ўзгаришларга, буюк янгиланишларга бой йил сифатида муҳрланди....
01 янв 1970
2005 йилда республикамизда яна бир тантана — Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллик тўйи ўтказилди. ...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...
01 янв 1970
Муборак Рамазон ойида эзгу амаллар бажарилади, ўз хонадонларида ифторлик қилиб, рўзадорларни меҳмон қиладилар....