Парламент ва жамоатчилик назоратининг муҳим омили

/
Демократик ислоҳотларнинг янги босқичида мамлакатимизда вакиллик ҳокимияти ваколатларини янада кенгайтириш, давлат бошқарувида нодавлат нотижорат ташкилотлар ролини ошириш, ижро ҳокимияти устидан уларнинг назоратини кучайтириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани барча даражадаги давлат органларининг мансабдор шахсларидан тортиб биз, парламент вакилларини ҳам халқ билан янада яқинлаштирди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятидан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари вилоятнинг Қарши туманидаги мавжуд аҳвол билан яқиндан танишиш, бу ердаги муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида жорий йилнинг 1-6 май кунлари аҳоли билан бевосита мулоқотлар ўтказиб, уйма-уй юриб, фуқароларнинг фаровон турмуш кечиришларига тааллуқли бўлган ижтимоий масалалар, тадбиркорлик, аҳолига савдо ва бошқа хизматларни кўрсатиш субъектлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларининг фаолияти билан яқиндан танишиб чиқдилар.
Айтиш жоизки, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича Президентимиз ва ҳукумат топшириқлари ижросини таъминлаш борасида ўтган даврда муайян ишлар амалга оширилган.
Хусусан, туманда 2016 йилда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 171,3 миллиард сўмни ташкил қилиб, 2015 йилга нисбатан 107,1 фоизга, халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 54,1 миллиард сўмни ташкил қилиб, 117,4 фоизга ошган. Туман маҳаллий бюджети харажатлари ўз даромадлари ҳисобидан қопланмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари 2017 йилнинг 1-чорагида 19,3 миллиард сўмга белгилангани ҳолда 19,4 миллиард сўмга ёки 100,6 фоизга бажарилганлиги эътиборга молик.
Ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорлик йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга оид кўрилган чора-тадбирларни ҳам ижобий баҳолаш мумкин.
Ўрганишлар жараёнида депутатлар ва Сенат аъзолари ҳудуддаги 654 та хонадонга ташриф буюриб, жами 2000 га яқин фуқаролар билан бевосита мулоқот олиб боришди. Учрашувлар жараёнида аҳолини ўйлантираётган 20 га яқин турли йўналишдаги муаммолар кўтарилиб, уларнинг айримлари депутатлар томонидан ўз жойида ҳал этилди.
38 нафар фуқаро ишга жойлаштирилиб, 4 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳолига 60 дона суюлтирилган газ баллони етказиб берилди, “Боғобод” ҚФЙ ҳудудидаги уйлар атрофида йиғилиб қолган катта миқдордаги чиқиндилар тўлиқ олиб чиқиб кетилди, 10 га яқин мурожаатлар туман ҳокимлиги орқали туманнинг тегишли мутасадди ташкилотларига ижро учун юборилди ҳамда вилоят даражасидаги айрим муаммолар вилоят ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этилди. Республика даражасида ҳал қилиниши лозим бўлган 10 га яқин муаммолар мутасадди ташкилотларга ҳал этиш учун ҳавола қилинди ва ижроси назоратга олинди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, жойларда аҳоли томонидан асосан ичимлик сув таъминоти, таълим муассасаларида ўқитиш сифатининг қониқарли эмаслиги, тиббиёт муассасаларида инвентарлар эскирганлиги, олий маълумотли умумий амалиёт шифокорлари етишмаслиги, айрим бинолар таъмирталаб аҳволда ва етарли даражада иситилмаслиги, тиббий хизмат сифати пастлиги, 16 ёшдан ошган фуқаролар паспорт олишидаги жарима миқдори кўплиги каби масалалар кўтарилди.
Ўрганишлар натижаси халқ депутатлари Қарши туман Кенгаши сессиясида кенг муҳокама қилинди. Сессия ишида аҳоли томонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан масъул раҳбарлар ахбороти эшитилди.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига танқидий баҳо берилди. Жумладан, сессия йиғилишлари тизимли ўтказилмаётганлиги, унда масалалар юзаки муҳокама қилинаётганлиги, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз фаоллигини янада ошириши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан мулоқот ўтказаётганлиги, қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида тушунтиришлар олиб борилаётганлиги долзарб аҳамият касб этиб, депутатлар фаолиятига ва қонун ижодкорлиги жараёнига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлашди.
Мулоқотларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши қарори билан комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, унда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан масъуллар белгиланди.
Бугунги кунда Қонунчилик палатасида жойлардаги мулоқотлар давомида аҳоли билдирган кўплаб таклифлар депутатлар томонидан кенг таҳлил қилиниб, улар асосида айрим қонунчилик ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Биз учун аҳамиятлиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциядошларимиз томонидан сайловчиларнинг мурожаат ва таклифларига асосан 16 ёшдан ошган фуқаролар ҳар хил сабабларга кўра фуқаролик паспорти олиш юзасидан белгиланган муддатда мурожаат қилмаганлиги учун қўлланиладиган жарималар миқдорини енгиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, муҳокамага киритилди.
Таъкидлаш жоизки, халқ билан мулоқот қилиш бўйича йўлга қўйилган янги амалиёт мансабдор шахсларнинг, шу билан бирга, Ватанимиз тараққиётига ўзини дахлдор деб ҳисоблайдиган ҳар бир фуқаронинг масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Абдуғани УМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Яқинда вилоят жамоатчилик гуруҳи аъзолари Қибрай туманининг бир қатор маҳаллаларида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, уларни қийнаётган муаммолар била...
01 янв 1970
Ўтган ҳафтада вилоятимиз аҳли ҳаётида катта воқеа юз берди. 
01 янв 1970
Ҳар сўзидан ҳикмат ёғилиб турадиган, маънили сўзлари билан кишини бир зумда ўзига тортадиган нуроний отахон билан суҳбатлашсангиз, худди қадрдон од...
01 янв 1970
Холиджон Комилов ҳам устоз кўрган, ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаган шахс сифатида ардоқланади....