Хотира — муқаддас туйғу ва авлодлар умрининг давомийлиги

/
Ҳар бир халқнинг миллий-маънавий қадриятлари бўлади. Бизнинг бугунги ёруғ кунларга етиб келишимизга ўз ҳиссасини қўшган, Ватан озодлиги, юрт мустақиллиги учун жонини фидо қилган, Иккинчи жаҳон уруши фронтларида мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган ватандошларимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, айни чоғда ўзларининг ибратли ишлари билан эл-юрт тинчлиги, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилаётган, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшаётган нуроний отахон-онахонларни, устоз-мураббийларни эъзозлаш ана шундай қадриятлардан бири ҳисобланади.
Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Иноят ота Содиқов “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган замонавий автомашинани навбатсиз сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш учун имтиёзли сертификатни олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда қадим қадриятларимизга мувофиқ эзгу ишлар изчил давом этаётганидан далолатдир. Халқимизнинг асрлар давомида босиб ўтган шонли тарихи, озодлик учун курашлари саҳифаларини чуқур ўрганиш, ёш авлодни улар билан ҳақли равишда фахрланиш руҳида тарбиялаш миллий истиқлол ғоясининг, маънавий тарбия ишининг, ёш авлод қалбида ватанпарварлик, она Ватанга садоқат, аждодлар хотирасига, ота-онага, устоз-мураббийларга ҳурмат руҳини шакллантиришнинг бош мақсадига айланди десак, муболаға бўлмайди.
Ҳар йили 9 май куни пойтахтимиздаги Хотира майдонида Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида жон фидо қилган юртдошларимизни ёд этиш, уруш майдонларидан қайтмаган, бугунги мусаффо осмонимиз, халқимизнинг тинч-тотув ҳаёти учун жон берган ватандошларимиз хотираси олдида бош эгиш маънавий бурчимизга айланди. Миллионлаб одамлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, жаҳон халқлари бошига мислсиз йўқотишлар, талофат ва мусибатлар олиб келган бу уруш инсоният тарихининг даҳшатли қирғинларидан бири сифатида тарихда қолади.
Қарийб ярим миллион юртдошимиз шу урушда ҳалок бўлгани, қанча-қанчаси ўз уйига ногирон, майиб-мажруҳ бўлиб қайтгани, ёш келинчаклар бева, болалар етим бўлиб қолгани битмас-туганмас жароҳатдир. Бу жароҳатнинг азобларини ҳатто тасаввур қилиш ҳам оғир.
Уруш йиллари халқимизнинг маънавий қадриятлари, меҳр-оқибати, эзгу инсоний фазилатлари ва олижаноблиги яққол намоён бўлди. Уруш ҳаракатлари бораётган ҳудудлардан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни халқимиз ўзининг дўст-қадрдонидай, туғишган инисидай, гўдакларини фарзандидай бағрига босди, топган-тутганини улар билан баҳам кўрди, бошпана берди, ота-онасидан, уй-жойидан айрилган норасидаларга ота-она бўлди, меҳр-мурувват кўрсатди, бошини силади, ўкситмай тарбия қилди. Халқимизнинг бу буюк фазилати, энг оғир дамларда бир бурда нонни жабрдийдалар билан бўлишиб егани, дўст бошига ташвиш тушганида унга ҳамдард бўлгани ҳам тарихда катта маънавий жасорат сифатида қолади. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш мамлакатимизда миллий қадрият даражасига кўтарилган. Бугун дунёнинг қайси бир давлатига борманг, Иккинчи жаҳон уруши ва унинг асоратлари хусусида гап очилса, ўзбекистонликларнинг бағрикенглиги ҳам тилга олинади.
Йиллар ўтиб бораверади, авлодлар алмашинуви давом этаверади. Аммо Иккинчи жаҳон урушининг сўз ва саноқ билан ифодалаб бўлмайдиган жароҳатларидан узоқлашиб бўлмайди. Чунки юртимизда бу қирғинбаротнинг азоб-уқубатлари кириб бормаган бирор хонадон, оилани топиш қийин. Ҳали-ҳануз отаси, акасини кутаётган, бирор жойдан дараги чиқиб қолар, деб умид кўзи билан йўл қараётганлар бор. Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида яшовчи 88 ёшли Суйима момо шундайлардан бири. У жангга кетиб, уйига қайтмаган акасини ҳануз кутади. Шу боисдан ҳам бу қонли қирғинбаротнинг бугун ҳаёт бўлган, аммо сафлари йилдан-йилга сийраклашиб бораётган қатнашчиларига ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг хотираларини ёзиб олиш ғоят муҳим вазифадир. Урушнинг нималигини ўз кўзи билан кўрган кишиларнинг суҳбатлари ёшлар тарбиясида катта аҳамият касб этади. Айниқса, бугун, дунё чайқалиб, турли минтақаларда, ён-атрофларимизда одамларнинг тинч-тотув ҳаётини издан чиқариш, халқлар, миллатлар орасига нифоқ солиш, бирини иккинчисига гиж-гижлаш, бойликларига кўз олайтириш, ёшларни тўғри йўлдан чалғитиш ҳаракатлари давом этаётган бир пайтда, тинчлик, осойишталик, хотиржам ҳаёт, мусаффо осмоннинг қадри ҳақида кўп ва таъсирчан гапириш, эл-юртни огоҳликка чақириш, бугунги завқли, тароватли ҳаётимизни эъзозлаш, асраб-авайлашга даъват этиш жуда зарур. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари маънавий тарғибот ишларида бу мавзуга алоҳида эътибор қаратишаётганлари бежиз эмас.
Зеро, дунё турли ҳарбий, иқтисодий талатўплар исканжасида қолган, бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш ҳаракатлари тўхтовсиз давом этаётган, қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар уруш ҳаракатлари боис туғилиб ўсган жойини, қадрдон гўшаларини ташлаб, бошқа жойларга кетишга мажбур бўлаётган бир пайтда, тинч-тотув, аҳил-иноқ ҳаётимизга ҳасад кўзи билан қаровчи, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги бугунги муносиб обрў-эътиборини кўролмайдиган нияти бузуқ кучларга қарши ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, ўз уйимизни, муқаддас она тупроғимизни кўз қорачиғидек асраш, келажак наслларга обод ва озод Ватан қолдириш бизнинг бурчимиз. Истиқлол даврида туғилиб вояга етган, дунёқараши шаклланган, мустақил ва янгича фикрлайдиган фарзандларимиз ота-боболаридан мерос бўлиб қолган Ватанга муҳаббат, она юртни, туғилган тупроқни муқаддас деб билиш, унинг эртанги ёруғ куни учун хизмат қилиш руҳида тарбия топишлари, бу туйғу ёшларимиз ҳаётининг узвий бир қисмига айланишига эришиш партиядошларимизнинг асосий мақсадидир. Шу мақсадда Хотира ва Қадрлаш куни арафасида юртимизнинг барча гўшаларида уч авлод вакиллари учрашувлари ўтказилмоқда, партиямиз фаоллари маҳаллаларда, хонадонларда бўлиб, уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олмоқда, уларнинг муносиб ҳаёт тарзини таъминлаш учун кўмаклашмоқда.
Инсоният тарихидаги энг мудҳиш урушни бошидан кечирган, фашизм устидан қозонилган ғалабага муносиб ҳисса қўшган халқимиз бугунги тинч ҳаётнинг қадрига етиб, бундай ёвуз офат ҳеч қачон такрорланмаслигини, ҳеч кимнинг остонасига яқин келмаслигини ният қилади. Ҳар гал қўлини дуога очганида Аллоҳдан юртимизга, минтақамизга, дунёга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонимизга тўкинлик сўрайди. Чунки, бизга ён қўшни бўлган Афғонистонда ўттиз беш йилдан буён уруш ҳаракатлари давом этмоқда. Экстремизм, терроризм, одам савдоси, диний ақидапарастлик, гиёҳвандлик деб ном олган хатарлар кучаймоқда, фашизм балоси қайта жонланишга уринмоқда. Бунга асло бефарқ қараб бўлмайди. Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида ҳарбий блокларга қўшилмаслик, мамлакатимиз ҳудудида чет давлатларнинг ҳарбий базалари жойлашувига, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига йўл қўймаслик принципига қатъий амал қилади. Биз тинчлик, тотувлик, икки томонлама манфаатли ҳамкорлик, дўстлик, яхши қўшничилик тарафдоримиз. Халқаро майдонда она юртимиз — Ўзбекистоннинг обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани, бағрикенг ва яратувчан халқимизнинг дунёқараши, онгу тафаккури, сиёсий ва ижтимоий фаоллиги ўзгариб бораётгани, кекса авлодларнинг энг яхши ишларини давом эттирадиган янги авлод вояга етаётгани кўнгилда фахру ифтихор туйғуларини уйғотади, эртанги янада фаровон ҳаётимизга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Хотира — муқаддас туйғу ва авлодлар умрининг давомийлиги. Нафақат олис ўтмишда, кеча, бугун кўз ўнгимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳам кейинчалик моҳият эътиборига кўра тарихий сабоқ ва хулосага айланади. Миллатнинг барҳаётлиги, бу ёруғ оламга келаётган янги-янги авлодларнинг ўтмиш авждодлар хотирасига ҳурмати, улуғ боболаримиз қолдирган маънавий-ахлоқий меросдан баҳрамандлиги мана шу сабоқ ва хулосага ҳам боғлиқ бўлади. Ўз ўтмишига ҳурмат билан қараган, бутун умри давомида эл-юрт манфаатларини кўзлаб яшаган, ўзидан яхши ном, яхши амаллар, солиҳ фарзандлар қолдирган кишилар хотирасини унутмаган жамият, шубҳасиз, тараққиётга юз тутади. Чунки миллат хотирасининг уйғоқлиги уни эзгуликлар сари ундайди. Хотирасидан, миллий ва диний қадриятларидан, аждодлардан мерос бўлиб келаётган урф-одатлардан жудо қилинган халқ эса таназзулга юз тутади. Тарих саҳифаларида бунга мисоллар кўп.
Хотира сизу бизнинг, фарзандларимизнинг узоқ ва яқин ўтмиш тарих воқелигидан хабардорлигимиз, эл-юртда обрў-эътибор қозониб яшаган ватандошларимизни билишимиз, эслаб туришимиз, шундай инсонлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз демакдир. Бу эҳтиромдан ўтмиш тарихни бугунги кун ва эртанги келажак билан бевосита боғловчи миллий хотира келиб чиқади.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 январдаги фармони амалга оширилаётган ишларда янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Бугунги кунда инсоният тараққиёти глобал саноатлашиш, индустриал марказлари ҳамда шаҳарларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ кечмоқда. ...
01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....
01 янв 1970
Мамлакатимизда фуқароларга ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. ...