Элдан қувват олиб яшамоқни саодат деб билган 98 ёшли отахоннинг ҳаёт ҳикмати

/
Ҳар сўзидан ҳикмат ёғилиб турадиган, маънили сўзлари билан кишини бир зумда ўзига тортадиган нуроний отахон билан суҳбатлашсангиз, худди қадрдон одамингизни топиб олгандек бўласиз. Шунда тириклик мазмунини, инсонни саодатга етакловчи эзгу амалларнинг қадр-қимматини қайтадан уқиб олганингизни ҳис қиласиз.
Ҳа, инсон борки, киндик қони тўкилган тупроқдан, она заминдан, эл-улусдан қувват олиб яшайди. Ўзлигини англатган, улғайтириб, комил инсонлар қаторига қўшган элининг қалбига қувват бўлади. Кўпнинг дуосини олиб, кўпнинг назаридан тушмай юрадиган, катта-кичик давраларда ўрни сезилиб турадиган бундай кишилар билан кўришганингиз заҳоти кўнглида одамларга тафти тегиб турадиган қуёши бор, дегингиз келади.
Булунғурлик табаррук инсон, бу йил 98 баҳорни қарши олган уруш ва меҳнат фахрийси, халқ таълими заҳматкаши Раҳмон Назаров билан суҳбатлашганимизда айни шу фикр-мулоҳазаларни хаёлдан ўтказдик. Ўтган кунларнинг ёдини такрор эслаб туриш, бугунги кунларнинг шукронасини баралла айтиш, доим адолат билан яшаб, иш кўриш фазилатлари Раҳмон бобонинг узоқ умр кечиришига, қалби мудом бунёдкорлик ғайрати билан тўлиб-тошиб туришига имкон яратган десак, асло янглишмаймиз.
Иккинчи жаҳон урушининг азоб-уқубатларини бошидан кечирган, дунё халқлари қатори Ўзбекистоннинг ҳам озод ҳаётини сақлаб қолган Раҳмон ота Назаров инсоният тарихидаги энг мудҳиш фожиалар қайта юз бермаслиги учун ҳушёр бўлиб яшашга, Ватаннинг сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.
Урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида Раҳмон Назаров умрининг эллик йилини халқ таълимини ривожлантиришга, мактаб-маориф ишини ҳар жиҳатдан пухта, оқилона ташкил этишга, Ватан тараққиётига хизмат қиладиган муносиб кадрлар тайёрлашга бахшида этди. Халқ таълими аълочиси Раҳмон Назаровнинг кўксидаги қатор-қатор жанговар орден ва медаллари ёнига меҳнат медаллари тиркалди.
— Урушнинг ўзбек хонадонларидаги яралари ҳали битиб улгурмаган, рўзғор юритиш машаққатли бўлган эллигинчи йилларда бир жуфт пойабзал қишнинг қирчиллама кунларида бир оиланинг икки фарзандига мактабга навбатма-навбат бориб келиш учун яраганини яхши эслайман, — дейди ўша пайтларда Булунғурда мактаб директори бўлиб ишлаган Раҳмон Назаров. — Дарсга кечикиш сабабини билганимдан болага танбеҳ бермасликка, унга лойиқ пойабзал топиб беришга ҳаракат қилганман. Кам-кўстсиз яшаб, оиланинг корига яраш учун яхши ўқиб-ўрганиш, илмли мутахассис бўлиш зарурлигини уқтирганман.
Раҳмон отанинг таълим соҳасидаги заҳматли меҳнатлари бугун ўз самараларини берган. Эллик йил давомида минглаб шогирдлар унинг қўлидан илм олиб, муносиб кадрлар бўлиб вояга етишган. Устознинг илк сабоғини олганлар бугун ирригация, машинасозлик, тиббиёт, селекция сингари соҳаларда ўз қобилиятларини намоён эта олишган. Юздан ортиқ шогирди эса давлат бошқаруви ва раҳбарлик ишларида фаолият юритиб, устознинг ишончига яраша иш тутишмоқда.
Раҳмон ота Назаровнинг яна бир ажойиб фазилати унинг сиёсий эътиқодлилигида. Мана, бир неча йилдирки отахон Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Булунғур туман фаоллари билан партия аъзоси сифатида иш кўриб келмоқда.
— Тўнғич ўғлим Олим Назаров халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи раҳбари, — дейди отахон. — Шу боис мен унинг ваколат доирасидаги амалий ишларидан ҳар доим хабардорман. Халқ билан, сайловчилар билан мулоқотлар асносида қайси муаммони ҳокимиятнинг вакиллик органида муҳокама қилиш, ижобий натижага эришиш учун куч-ғайрат сарфлаётганини кузатиб бораман.
Халқ меҳри-эътирофига лойиқ ишини кўрсам ҳам ота, ҳам партиядош сифатида хурсанд бўламан.
Раҳмон ота бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган, халқнинг турмуш фаровонлигига, Ватан тараққиётига бевосита нафи тегаётган улкан бунёдкорлик ишларидан қалби фахру ифтихорга тўлиб гапиради. Президентимизнинг халқ билан мулоқоти халқ ҳаётидаги муаммоларни юзага олиб чиқаётганини, маҳаллий бошқарув идоралари раҳбарларини шахсий масъулиятга, ҳушёрликка ва ишчанликка ундаётганлигини қониқиш билан таъкидлайди. Уруш ва меҳнат фахрийлари, кексаларга кўрсатилаётган иззат-икромдан боши осмонга етиб, мамнунлик билан сўз юритади.
Биз ҳам Раҳмон ота Назаровга табаррук ёшда эзгуликлардан асло ҳориманг, яна узоқ йиллар фарзандлар ва шогирдлар бахту иқболини, меҳнатларингиз роҳатини кўриб яшаш насиб этсин, деймиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Бирор нарсага ружу қўйишнинг, мутеликнинг оқибати нималигини биласизми? Мен биламан, кўрганман, ҳис қиламан. Ожизликни-чи, яқин инсонинг қий...
01 янв 1970
Қувасой шаҳрида яшовчи Фазлиддин Азимов (мақолада исм-шарифлар ўзгартирилган) 2015 йил сентябрь ойида Қувасой саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар ...
01 янв 1970
Институтдан кейин катта одамнинг ўғли битта қўнғироқ билан аспирантурага жойлашади. Номзодлик диссертациясини аранг ёқлаган “ёш олим” к...
01 янв 1970
Тарих — босиб ўтилган йўл. Уни орқага қайтариб ҳам, қайтадан яратиб ҳам бўлмайди....