Кексалари эъзозланган юрт

/
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бугунги дориломон кунларга етишиш йўлида ёшлик куч-қудрати, ғайрат-шижоатини сарфлаган юртдошларимизга, Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли жанггоҳларида жон олиб, жон берган кекса авлод вакилларига давлат миқёсидаги юксак ҳурмат-эҳтиром ҳамда беқиёс ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Cуратда: Чилонзор туманидаги Боғзор маҳалласида истиқомат қилаётган Анна Воҳидова Хотира ва Қадрлаш куни билан табриклаш учун уйига келган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг бир гуруҳ ходимлари ва курсантларни кўриб жуда қувонди.
— Мамлакатимиз мустақиллиги туфайли кўплаб миллий қадриятларимиз сингари миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган кекса авлодни қадрлаш ва эъзозлаш, ўтганлар ёдини ҳурматлашдек юксак инсоний фазилатлари ҳам қайтадан жонланди, янгича мазмун-моҳият касб этди, — дейди Ўзбекистон фахрийлари ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Навоий шаҳар бўлими раиси Раҳматулла Улуғбердиев. — Истиқлол йилларида ушбу йўналишда ҳаётга татбиқ этилган фармон ва қарорлар ҳам ана шу згу мақсадга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда шаҳримизда истиқомат қилаётган катта авлод вакиллари, жумладан, 9 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 134 нафар уруш орти меҳнат фронти иштирокчилари ва 72 нафар якка-ёлғиз кексалар ана шундай эътибору ғамхўрликдан баҳраманд бўлиб умргузаронлик қилмоқда. Вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, тиббиёт муассасалари, жамоатчилик ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан доимий равишда уларнинг хонадонларига бориб, ҳолидан хабар олинаётганлиги, байрамлар билан қутлаб, совға-саломлар улашилаётганлиги, бу азиз инсонлар билан корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилиб, бир сўз билан айтганда, алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги уларнинг умрига умр, қувончига қувонч қўшаяпти десак, муболаға бўлмайди. Уларнинг умр сабоқлари ёшларга ибрат бўлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Шаҳарда ана шундай табаррук инсонлар яшаётган хонадонларга бориб, аксарияти қарийб бир асрни қоралаб қолган замондошларимиз билан суҳбатлашдик.
Фарғона шаҳар Мирзо Улуғбек номидаги маҳаллада яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 90 ёшли Гилмуддин ота Ҳусаиновнинг файзли хонадони бугун ҳар қачонгидан гавжум. Вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар отахонни байрам билан қутлашга келган.
Эъзоз ва эътибордан, йўқлаб келувчилар дийдоридан отахоннинг қалби қувончга тўлди:
— Президентимиз раҳнамолигида биз, кексаларга кўрсатилаётган алоҳида ғамхўрлик белимга куч, кўзимга нур, ёшимга ёш қўшмоқда, — дейди Гилмуддин ота. — Бугунги дориломон кунларни қадрига етиш, тинчлигимизни асраб-авайлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Суратда: Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Гилмуддин ота Ҳусаинов.
— Ҳозир 97 ёшдаман, — дейди Янгиариқ кўчасидаги 38-уйда яшовчи Барака бобо Зарипов. — Шукрки, умрим давомида яхши кунларни ҳам, оғир кунларни ҳам бошдан ўтказдим. Айниқса, она юртим, қариндош-уруғлардан олис-олисларда, ҳар лаҳзада ўлим шарпаси миллионлаб кишилар ҳаётига хавф солиб турган фашизмга қарши урушда кўрган даҳшатли бало-қазолар ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шуларни ўйлар эканман, мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи йўлидаги мислсиз бунёдкорликларнинг баҳоси тенгсиз эканлигини юрак-юрагимдан ҳис қиламан, беадад шукроналар келтираман. Биз, кекса авлод уруш йилларидаги оғир қийинчиликларни бошдан кечирдик, ўз кўзимиз билан кўрдик. Шу боис тинчликнинг қадри нақадар бебаҳо эканини туб мазмуни билан ҳис этамиз. Бугунги кунда фарзандлар, неваралару чеваралар бахту камолидан, давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлигидан кўксимиз тоғдек кўтарилиб, бахтиёр ҳаёт кечираяпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарори ижроси доирасида вилоят ва шаҳар ҳокимлари, “Нуроний” жамғармаси мутасаддилари хонадонимизга келиб, байрам билан қутлаганлиги, ўзим истаган пайтда навбатсиз енгил автомобиль харид қилишим учун тегишли сертификат билан тақдирлашганидан бошим кўкларга етди. Илоҳо, мустақил давлатимиз дунё турганча турсин.
Давлатимизнинг оқилона сиёсати туфайли айни пайтда Навоий вилоятида олтмишга яқин миллат вакиллари ўзларини ягона аҳил оила аъзоларидек ҳис этган ҳолда эзгу ўй-мақсадлар билан шукроналикда умргузаронлик қилишмоқда. Президентимизнинг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унда уруш фахрийларига пул мукофоти берилиши белгиланганлигидан уларнинг барчаси миннатдор бўлишмоқда.
Шаҳарнинг “Жанубий” маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Нина Попова ана шулардан биридир. Нина опа йирик саноат корхонаси ҳисобланган “Навоийазот” акциядорлик жамиятида узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилди. Бугунги кунда фарзанди, неваралари ардоғида, тинч-осуда ва фаровон юртимизда давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини дилдан ҳис этиб кексалик роҳатини кўриб ҳаёт кечирмоқда.
— Президентимизнинг қарорини телевизор орқали тинглар эканман, кўзларимга қувонч ёшлари келди, — дейди Нина Попова. — Унда биз — Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига кўрсатилган алоҳида эътибордан беҳад қувондим. Ватанимиз мустақиллиги оддий инсонлар қадрини нечоғли юксалтирганлигини яна бир бор қалбдан ҳис этдим.
Байрам арафасида навоийлик кекса авлод вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийларидан ким билан суҳбатлашмайлик, ана шундай миннатдорлик, шукроналик сўзларини тингладик. Шунда кўнглимиздан “Кексалари эъзозланган юрт ҳеч қачон кам бўлмайди”, деган фикр беихтиёр кечди.
Олим ХЎЖАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди....
01 янв 1970
27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Ўрта асрларда Шарқ мамлакатларида буюк алломалар, муҳаддислар, муфассирлар, илм-маърифатда етук инсонлар тўпланиб илмий мажлислар, анжуманлар ўтказ...
01 янв 1970
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 23 июнь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкент саммити иштирокч...