Дўст танлашда адашмайлик

/
“Арпа-буғдой бир кунингга ярайди, cодиқ дўстинг ўлгунингча ярайди”, “Дўст — дўстнинг ойнаси”, “Дўстинг кимлигини айт, сенинг кимлигингни айтиб бераман”... Ўзбек халқ мақоллари, пурмаъно нақллари орасида ҳар бир инсоннинг ҳаётида вафодор, содиқ дўстнинг ўрни нечоғлик муҳим аҳамиятга эгалигини англатувчилари талайгина. Уларнинг ҳар бирида халқимизнинг неча минг йиллик тажрибасидан ўтган ҳаётий ҳақиқатлар мужассам.
Кейинги пайтларда интернет, ижтимоий тармоқ аталмиш оламга “саёҳат” қилар экансиз, айрим тушунча ва шахсларга нисбатан қўлланилаётган сифат ва таърифлар бироз эскиргандек туюлади кишига. Юқорида ёдга олганимиз — “дўст” тушунчасини олайлик. Виртуал тармоқ ҳаётимизнинг муҳим воситасига айланиб бораётган айни кунларда “лайк босиш”, “бўлишиш”, “изоҳ қолдириш” сингари сўзлар бирикмаси билан бир қаторда “дўстлашиш таклифини тасдиқлаш” ёки “дўстлашиш таклифини рад этиш” тушунчалари ҳаётимизга жадал суръатларда кириб келди ва бу жумлалар айнан шундай тезликда онг-шууримизда сақланиб қолди.
Замондан ортда қолишга йўйманг-у, гарчи виртуал оламда бўлса-да, ҳар ким, танишу нотанишлар билан “дўст тутинаверадиган” “тармоқдош”ларимизни сира тушунмайман. Ахир, дўстлик сиз ва бошқа бир инсон ёки инсонларнинг муайян вақт оралиғида, синову машаққатлар, ютуқ ва омадлар силсиласида шаклланган, ўзаро ишонч ва ҳурматга асосланган муносабат эмасми? Сизга “дўстлашиш” таклифи билан чиқаётган шахсни яхши танийсизми? У шахсни сиз билан боғловчи қандай ҳолат, воқелик ёки жиҳат бор? Айнан шу ва бошқа шу сингари саволларни ўзимизга бераяпмизми? Фарзандларимиз-чи?
Албатта, дўст танлаш ҳар кимнинг шахсий иши. Унга ҳеч кимнинг аралишиши ёки эътироз билдиришга ҳаққи йўқ. Лекин ҳали шахс сифатида тўлиқ шаклланишга улгурмаган, тажрибасиз ёшларни ўз тузоғига илинтириб, чиройли сўзлари билан уларнинг бош-кўзини айлантиришга интилаётган мутаассиб кучлардан келадиган таҳдид даражаси кучайиб бораётган бир пайтда фарзандларимизнинг ким билан дўст тутинаётганидан хабардор бўлиб туришнинг ёмон томони йўқ. Ижтимоий тармоқларда “дўст” бўлиш билан боғлиқ таклиф келиб тушиши ва аҳён-аҳёнда бўлса-да “янги дўст”ингиз билан фикр алмашиниш бир қарашда беозор ҳолатдек бўлиб туюлади. Бироқ қуйидаги рақам ва мисоллар одатий ҳолатдек кўринадиган воқеликка бефарқлик билан қараб бўлмаслигини яна бир бор кўрсатиб туради.
Маълумотларга кўра, гўёки фаолияти, умрини “Ислом давлати”ни барпо этишга бағишлаган ИШИД аталмиш гуруҳнинг тарғиботчилари сони дунё бўйича 90 мингга яқин бўлиб, улар дунёнинг 24 тилида ўз “тушунтириш ишларини” олиб боради. Улар ўз “ўлжа”ларини таълим муассасалари ёки кўча-кўйлардан излаб юрмайди. Айнан ижтимоий тармоқлар уларга бу борада асосий тарғибот майдони сифатида хизмат қилади. Мазкур гуруҳлар сафидаги аъзоларнинг 80 фоизи ижтимоий тармоқ орқали ушбу гуруҳ вакилларига айланган ёшлардир.
Халқаро экспертлар берган маълумотларга қараганда, тарғибот гуруҳлари орасида инсоннинг руҳиятига таъсир кўрсатишга қодир психологлар, психоневрологлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳисоб-китобларга кўра, ИШИДчиларнинг асосий маблағи (қурол-яроғ ва озиқ-овқатдан кейинги ўринда) айнан тарғибот гуруҳини моддий таъминлашга йўналтирилади. Рақамлар ёрдамида ифодалайдиган бўлсак, кунига ўрта ҳисобда 3-5 миллион АҚШ долларига тенг маблағни шу мақсадда сарфлашар экан. Ўзингиз ўйлаб кўринг, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш, одамларнинг ижтимоий-иқтисодий муҳофазасини таъминлашга сафарбар қилиниши мумкин бўлган катта миқдордаги бу маблағлар ёшларнинг миясини заҳарлашга, уларни “манқурт” кимсалар сифатида тарбиялашга йўналтирилаётгани фожиа эмасми?
Биргина мисол. Россия Федерациясидаги нуфузли олий таълим муассасаларидан бири Москва давлат университетининг фалсафа факультетида таҳсил олаётган билимли, иқтидорли талаба Варвара Караулова ҳақидаги хабар ва маълумотлар бутун дунё оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинганига кўп вақт ўтмади. Олий таълим муассасасида истиқболи порлоқ талаба сифатида эътироф этилган бу қиз ИШИД гуруҳи аъзоси бўлиш мақсадида Туркия орқали Сурияга йўл олаётган чоғида ота-онаси, оиласининг сергаклиги туфайли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари томонидан тўхтатиб қолинди. Варвара Караулова билан малакали психологлар, социологлар қайта-қайта суҳбатлашганида унинг онги заҳарлангани маълум бўлди.
Халқаро терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси сингари бало-қазолар камдек, жажжигина болажонларимизнинг онгини эгаллашга ҳаракат қилаётган аллақандай “ўлим гуруҳлари”нинг ташкил этилиши, ушбу гуруҳ фаолларининг психологик таъсири остига тушиб қолаётган ёш авлод вакилларининг учраётгани ва уларнинг оқибатлари ҳақида аввал ҳам бир неча бор ёзган эдик. Умуман олганда, бу каби “ўйин”лар ва уларнинг жамиятга салбий таъсири ҳақида кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Лекин ҳар қанча кўп гапирилмасин, ёзилмасин оилаларда, аввало, бола тарбиясига, уларнинг маънавий-руҳий дунёсини бойитишга эътибор қаратилмаса, барчаси бефойда. Биз, ота-оналар болаларимизда китоб мутолаасидан тортиб, юқорида тўхталганимиздек, дўст танлашгача бўлган маданиятни шакллантиришга эришишимиз лозим.
— Имом Жаъфар Содиқ розияллоҳу анҳу насиҳат қилиб, кимлар билан дўст бўлиш ҳақида шундай деган эканлар, — дейди Тошкент ислом институти ўқитувчиси Раҳматуллоҳ Сайфуддинов. — «Беш хил одамни дўст тутма! Биринчиси– ёлғончи. У билан дўст бўлсанг, доим алданасан. У саробга ўхшайди. Узоқни яқин, яқинни эса узоқ қилиб кўрсатади. Иккинчиси – аҳмоқ. У билан ҳеч нарсага эришмайсан, у сенга фойда келтираман деб, зиён келтириб қўяди. Учинчиси – бахил. Бахилни дўст тутма, чунки бахил киши сен унга муҳтож бўлиб турган пайтингда алоқани узади. Тўртинчиси – қўрқоқ. Қўрқоқ билан дўст бўлма, чунки у қийинчилик пайтида сени ташлаб қочади. Бешинчиси – фосиқ. У билан ҳам дўстлашма, чунки у бир луқма таом ёки ундан ҳам оз нарса учун сени сотади”. У зотдан “Бир луқма таомдан ҳам ози нима бўлиши мумкин?” деб сўрашганда “Ундан ҳам ози ўша нарсага нисбатан пайдо бўлган тама ва илинждир”, деган эканлар.
Юқоридаги фикр-мулоҳазалар орқали ёшларимиз ҳаётларида учраган инсонларнинг ҳаммасига шубҳа-гумон билан қараши керак ёки уларга интернет, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш лозим қабилида хулоса чиқариш ниятимиз йўқ. Шукрки, дунёда ҳали онги эзгу ва бунёдкор ғоялар билан тўла, яхши инсонлар кўп. Қолаверса, ахборот-коммуникация технологиялари, интернет мамлакатлар ҳамда инсониятнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятини юксалтиришга, одамларнинг мушкулини осон қилишга хизмат қилаётган бир пайтда фарзандларимизга интернетдан фойдаланишини тақиқлашимиз ўз томиримизга болта уришдек гап.
Лекин шуниси аниқки, биз фарзандларимизга, аввало, ҳаётни, Ватанни, оиласини, дўсту биродарларини севишни ўргатишимиз керак. Ҳаётни, ундаги мўъжиза-ю ғаройиботларни борича севадиган инсондан ёмонлик чиқмайди. Бунинг учун инсонда кенг дунёқараш, кучли билим ва мустақил фикр бўлиши талаб этилади. Буларга эса, аввало, илмий ва бадиий адабиётларни мутолаа қилиш, муттасил ўз устида ишлаш, изланиш орқали эришиш мумкин.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Тошкент шаҳрида доимий прописка, айниқса, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан келиб, бирор ташкилот, муассаса ва корхоналарда меҳнат фаолиятини юр...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир йўналиш бўйича айтаётган фикрлари, олдимизга қўяётган вазифа ва мақсадлари бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётг...
01 янв 1970
“ДЎРМОНАВТОЙЎЛ” ихтисослаштирилган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарияти диққатига!...
01 янв 1970
...Машъум уруш бошланган кунларда Эшбек бувамнинг бир йўла тўрт ўғли жангга сафарбар этилган. ...