Кексалари эъзозланган юрт

/
Ёши улуғ отахонлар билан суҳбатлашар экансиз, улар тилидан тушмаётган шукроналик, эл-юртга тинчлик-омонлик, элга тўкин-сочинлик тилаб қилинаётган дуолардан кўнгилда ёруғ туйғулар уйғонади. Ҳаётнинг не-не сир-синоатлари-ю кутилган-кутилмаган қийинчиликларига дош бериб, ёруғ кунларга ишончларини сусайтирмай яшаган бундай инсонларнинг ибратли умр йўли нафақат уларнинг ўғил-қизларига, балки бугун катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган барча ёшларга сабоқ бўлишга арзийди.
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, “Қари билганни пари билмас” деган мақоллар бор. Улар замиридаги маъно шуки, кексалик умр дарахтининг ҳар жиҳатдан вояга етган, ҳосили пишиб етилган, биргина соясининг ўзи минг дардга даво, ҳар бир сўзи минг маънога эга фаслидир. Кексалари бор уйда қут-барака, тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик бўлиши ҳам шундан. Умрини ҳалол меҳнат билан ўтказган, солиҳ фарзандлар тарбиялаб етиштирган, ўзидан ибратли амаллар қолдираётган бундай инсонлар билан мулоқот қилишнинг ўзи катта бахт.
Наманганлик 93 ёшли отахон, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, саккиз фарзанднинг отаси, элликдан ортиқ невара-чевараларнинг суюкли бобоси, маҳалла фахри Абдусалом ота Раҳмонов билан суҳбатлашган киши бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилади. Касбим тақозосига кўра, турли касб эгалари, тақдир тақозосига кўра, ҳаётнинг оғир, шафқатсиз дамлари билан юзма-юз келган инсонларнинг хотираларини тинглашга тўғри келади. Абдусалом ота билан мулоқот қилар эканман, имон-эътиқоди мустаҳкам, нияти пок, юртига садоқатли кишилар олдида ҳар қандай синов ҳам ожиз қолишига амин бўлдим.
Отахон, гарчи Иккинчи жаҳон урушининг даҳшатли азоблари, оғир йўқотишларини ўз бошидан ўтказган, ўз кўзи билан кўрган, не-не воқеаларга гувоҳ бўлган бўлса-да, гапни урушдан, жанг манзараларидан, бомба-снарядларнинг портлаши-ю “тенгсиз олишувдаги мислсиз жасоратлардан” эмас, тинчлик-тотувликдан, истиқлол туфайли халқимиз кўксига шамол текканидан, юртимизда, одамларнинг ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан, шу саодатли кунларнинг қадрига етишдан, огоҳликдан, инсоний одоб-ахлоқдан, шукроналикдан, илм-маърифатдан бошлайди.
— Истиқлол ота-боболаримизнинг дили тубига чўкиб ётган орзу-умидларини рўёбга чиқарди, юртимиз озод бўлди, — дейди Абдусалом ота хушнудлик билан, — мана энди, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов сўзлари билан айтганда, ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳеч кимдан қарз кўтармай, қадди-бастимизни ростлаб, урф-одатларимизга риоя қилиб яшамоқдамиз. Фарзандларимиз имон-эътиқодли, билимли, ҳунарли, одобли, иззат-икромли бўлиб вояга етишмоқда. Наманган азалдан тадбиркорлар юрти бўлган, бу ерда меҳнат қилмай, бир ишнинг бошини ушламай, куни билан ёнбошлаб ётиш, вақтни исроф қилиш одат бўлмаган, ҳамма ҳаракат қилган, болалар ёшлигидан меҳнатга ўргатилган, ҳар кимнинг ҳаракати, ниятига яраша Яратган эгам ризқ-насибасини берган. Афсуски, шўролар даврида элнинг бу ғайрати йўлига тузоқ қўйилди, тадбиркорлик тақиқланди, ҳунармандлар, дурадгорлар, моҳир косиблар, тўқувчилар сулолалари тўхтаб қолди. Шукрки, истиқлол боис, бу тўсиқлар олиб ташланди. Мана, қаранг: юртимиз тамомила янги бўлди, одамлар ўзгарди, ёшларни айтинг, улар бугун аввалги замонда етти ухлаб ҳам тушингга кирмайдиган ишларни қилишмоқда. Кўрмаган одам ишонмайди: ёшлар чет элликларга ҳам ёқдиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда, хорижлик харидорларга сотишмоқда, савобли ишларга қўл уришмоқда. Бугун дунё алғов-далғов бўлиб турган, кўп жойларда уруш ҳаракатлари тўхтамай, одамларнинг уйлари ёниб, фарзандлари ҳалок бўлаётган, қанча-қанча бегуноҳ кишилар ўз юртларини ташлаб, бошқа жойларга бориб, бир бурда нон топиш илинжида сарсон-саргардон юрган бир пайтда Оллоҳнинг назари тушган Ўзбекистонимизда тинчлик-тотувлик.
Иккинчи жаҳон урушидан етти йил деганда қайтиб келдим. Кўрмаган азобим қолмади. Неча бор ярадор бўлдим, қанчадан-қанча навқирон йигитларнинг умри хазон бўлди. Ёшлар билан учрашувларда ўтган кунларни айтиб беришнинг ўзи азоб. Илоҳим, биз кўрган кўргуликларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Урушдан кейин одамлар амал-тақал қилиб кун кўришди, бугунги йўллар, кўчалар қаёқда дейсиз? Бошига мусибат тушмаган хонадоннинг ўзи йўқ. Болалар мактабга ялангоёқ боришади. Китоб-дафтар кам, эски титилиб кетган дарсликларнинг четига ёзишга тўғри келади. Ўқитувчиларнинг аҳволи бундан-да оғир.
Бугун бу гаплар чўпчакка ўхшаб қолди. Баъзи мамлакатлар эллик-олтмиш йилда ўзини ўнглаб олган бўлса, Ўзбекистон йигирма беш йилда дунёнинг ривожланаётган мамлакатларидан бирига айланди. Наманганнинг ўзида, қишлоқ ва туманларимизда янгилик устига янгилик. Ёш оилаларга қурилаётган уйларни кириб кўринг, янги боғларни, гулзорларни, янги мактабларни, лицей ва коллеж биноларини, спорт ўйинлари ўтказиладиган муҳташам саройларни, йўлларни, маҳаллаларни, хусусий боғларни кўринг. Бозорларимиздаги мўл-кўлчилик яна қаерда бор? “Олинг-олинг, еганга пул йўқ” дейдиган саховатли деҳқонлар бошқа жойда ҳам бормикин ўзи? Қаёққа қараманг, ободончилик, мўл-кўлчилик, саранжом-саришталик. Юртимиздаги шу улуғ фазилатларни асраб-авайлаш, ўғил-қизларимизни меҳр-мурувватли, ота-онага ҳурмат-эътиборли қилиб тарбияламоқ, уларни эзгу, савоб ишларга илҳомлантирмоқ биз, кексаларнинг вазифамиз. Тинчликнинг қадрига етиш, ҳамиша ҳушёр ва огоҳ бўлиш, фарзандлар тарбиясида сусткашликка йўл қўймаслик керак. Бир кунлик жанжал, ноаҳилчилик қирқ йиллик баракани қочиради, деган гап бор. Умрим давомида бунга кўп бор амин бўлганман.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Наманган аҳлига меҳрлари ўзгача эди. Ҳар келганларида биз, кексаларни бағриларига босиб, кўп яхши гапларни айтиб, кўнглимизни кўтариб кетардилар. Бугун у кишининг ишини муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз кутганимиздан ҳам зиёда қилиб давом эттирмоқда. Президентимизнинг уруш қатнашчиларини қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги фармон ва қарорларини эшитиб, кўнглим тоғдек кўтарилди. Кексалари эъзозланган юрт ҳеч қачон ёмон бўлган эмас. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига наманганлик нуронийлар номидан чексиз миннатдорлик билдираман.
Гарчи ёшлигимнинг оловли йиллари уруш окопларида ўтган бўлса-да, мен ўзимни бахтиёр инсонлардан бири, деб биламан. Турмуш ўртоғим билан саккиз фарзандни тарбиялаб вояга етказдик, оёққа турғаздик. Икки ўғлим бугун олий таълим уассасаларида ёшларга сабоқ беришади. Ўзим ҳар жиҳатдан иззатдаман. Шуларни ўйлаб, юрагим тўлқинланиб кетади. Фарзандларим, набираларим, эвараларим тинч-хотиржам вояга етиб, биз кексалар чиқа олмаган чўққиларни забт этишаётганидан хурсанд бўламан. Илоҳим, шундай юрт омон бўлсин, халқимизнинг тинч-тотув ҳаётига кўз тегмасин.
А.МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгуликлар манбаи бўлиб келган. ...
01 янв 1970
1966 йилнинг бошлари анча ташвишли бўлди. 4-10 январь кунлари Тошкентда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида музокаралар ўтказилиб, Тошкент Декларацияси ...
01 янв 1970
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш бўйича Тошкент вилоят ва туман ҳокимларининг қарорлари қабул қилинди....