Йўлда “сузаётган” автомобиллар

/
Суратларга эътибор беринг-а! Бу айни кунларда, пойтахтимиз — Тошкент шаҳрининг аҳоли гавжум маҳаллаларидан бирида олинган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, “Мумтоз” МФЙдаги “Мумтоз” 2-тор кўчасининг бугунги ҳолати акс этган.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бу суратлар йўлдаги ҳақиқий ҳолатни тўлалигича, бор бўй-басти билан кўрсата олмайди. Чунки суратга жон бағишлайдиган техника ёки мослама ҳозирча ўйлаб топилмаган. Агар шундай имконият бўлганида эди, газетхонларимиз маҳаллий ҳокимлик ёки ободонлаштириш бошқармалари эътиборидан четда қолиб кетаётган бу кўчадан ўтаётган йўл ҳаракати иштирокчиларининг нечоғлик қийналаётгани, автотранспорт воситаларининг пастки қисми чуқурлар ичидаги “кўлмак”ларда “сузиб” кетаётгани, ундан сачрайдиган лойли сувлар махсус йўлакчаларсиз йўллар четидан юришга мажбур бўлаётган пиёдаларнинг уст-бошини расво қилаётганининг гувоҳи бўлишарди.
— “Мумтоз” маҳалласига кўчиб келганимга кўп вақт бўлмади,— дейди биз билан суҳбатда “Мумтоз” 3-тор кўча, 5-уй, 4-хонадонда яшовчи кекса онахон Тамара Бочкарёва. — Ўтган бир йил давомида бир неча маротаба туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари билан йўлни яхшилашга ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашганмиз. Ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлмади. Меҳмондўст халқмиз. Лекин хонадонимизга қадам ранжида қилган меҳмонлар олдида жуда хижолат бўламиз. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да туман раҳбарлари маҳалламиз ички йўлларини яхшилашга эътибор қаратишади, деган умиддамиз.
Очиғини айтганда, ҳам бошқариб кетаётган автотранспорт воситасига, ҳам йўлдан ўтаётган пиёдаларга шикаст етказмасликка ҳаракат қилаётган ҳайдовчиларнинг йўл ҳақидаги фикрини сўрашдан хижолат тортади, киши. Сабаби, уларнинг фикри олдиндан аён. Улар ўртасида сўровнома ўтказиш худди арининг инига чўп суқишдек гап...
Биз сўрамаганимиз билан йўлни суратга олаётганимизни кўрган ҳайдовчилардан бири мақсадимизни тушунди, шекилли, тўхтаб, ҳақли эътирозини билдирди.
— Ўнқир-чўнқир йўллар автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари тезда ишдан чиқишига сабаб бўлади, — дейди ҳайдовчи Олим Мамадалиев. — Бу маҳалладаги ички йўллар шу даражада ўйдим-чуқурки, автомобилнинг таг қисми ерга бир тегиб ўтади. Баъзан таваккалчиликка йўл қўйиб бўлса-да, кўчалардаги чуқурларни айланиб ўтиб, автоуловимизни бироз асрашга муваффақ бўламиз. Бироқ кўчадаги чуқурлар шу қадар катта ва кенгки, ёмғирли кунларда уни айланиб ўтишнинг имкони йўқ. Фақат “сузиб” ўтиш мумкин...
Жадал суръатларда ривожланиб бораётган юртимизда одамларимизнинг яшаш тарзи, фикрлаши, дунёқараши, диди ўзгарган, “бўлаверади” қабилида фикрлашдан воз кечилган бир пайтда маҳаллаларимизнинг ички йўллари текис ва равон бўлишига эришиш барчамизнинг асосий вазифамиз эмасми?
Саодат СОДИҚОВА

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...
01 янв 1970
Абдулла Қодирийни яхши кўрмай бўладими? Абдулла Қодирийдан ҳайратланмай бўладими? Абдулла Қодирийни қайта-қайта ўқимасдан бўладими?...
01 янв 1970
Х инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасига тайёргарлик доирасида инновацион ғояларнинг тақдимот кўргазмаси бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Маълумки, янги ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизда 11 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилди ва бу борада кенг кўламли ишлар қилинмоқда. ...