Тафаккурда акс этган дунё

/
Швейцариянинг Давос шаҳрига бўлиб ўтадиган “Бутунжаҳон иқтисодий форуми”да ҳар гал Ер юзидаги 700 дан ортиқ экспертлар дунё миқёсида илм-фан, ишлаб чиқариш, янги технология ва бошқа кўплаб соҳаларда юзага келадиган янгиликлар, ихтиролар, кашфиётлар хусусида ўз илмий хулосалари, маълумот ва башоратларини ўртага ташлайдилар. Бу галги форум олдидан ҳам олимлар кейинги ўн йилликларда, чорак аср давомида юз бериши мумкин бўлган ҳаётий ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида илмий мулоҳазаларини билдирдилар. Олимлардан баъзилари илм-фан ва технология соҳаларида юзага келаётган янгиликлар Ер юзида тараққиётни янада кучайтиради, инсоният ҳаётини, унинг ижтимоий-иқтисодий турмуш тарзини юксалтиришга хизмат қилади, деб ҳисобласалар, улардан айримлари эндиликда дунё цивилизациянинг янги босқичи арафасида турибди, 2020-2040 йиллар оралиғида она заминда шундай технологик кашфиётлар яратиладики, башарият уларни назорат этишга қодир бўлмай қолади, натижада оламшумул инқирозлар содир бўлади, бу жаҳонни ҳалокатга олиб келади, деб фараз қиладилар. Албатта, Ер юзида турлича қарашлар мавжуд экан, бу илм-фан соҳасида юзага келадиган янгиликлар, ихтироларга муносабатларда ҳам аксини топиши табиий. Хўш, бу юксалиш ва инқирозлар нималарда намоён бўлади?

ИНСОНИЯТГА ЁРДАМ БЕРАДИГАН РОБОТЛАР КЕРАК
Давосдаги “Бутунжаҳон иқтисодий форуми”да олимлар томонидан қилинган маърузаларнинг аксариятида XXI асрда инсоният олдида юзага келадиган жиддий муаммолардан бири роботларнинг ниҳоятда тараққий этиши билан боғлиқ жараён деб эътироф этилган. Иқтисодчилар буни инсониятни ваҳимага соладиган аҳвол деб атамоқдалар. Негаки, янги типдаги роботларнинг пайдо бўлиши билан одамлар ўз иш ўринларидан ажрала бошлайдилар. Шундай илмий тахминлар борки, келгусида ҳар икки мутахассисликдан биттаси автоматик технологиялар ёрдамида бошқарилиши мумкин. Шу сабабли Ер юзидаги фаолият юритаётган ҳар уч одамдан биттаси ишсиз қолади. 2024 йилга бориб Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Канада каби давлатлар аҳолисининг тўртдан бири ўз иш ўринларини йўқотади. Яқинда Россия давлатидаги банклардан бири ишлаб чиққан илмий ахборотида “технологияларга янги сунъий интеллект жорий этилса, у корхоналарда 3 мингта ишчининг вазифасини бажара олади”, деган маълумотни тарқатган. Инсониятни ишсиз қолдиришга хизмат қиладиган бу технологиянинг номи машина таълими тараққиёти деб аталади. Яъни яратилаётган сунъий интеллект ишлаб чиқариш жараёнида худди онгли инсон каби барча маълумотларни тўплаш, ўзини-ўзи бошқариш, муаммоларни бартараф этиш, эркин фикрлаш имкониятига эга бўлар экан. Агар роботларнинг ишлаб чиқаришда одамларга нисбатан чидамлилиги, аниқ ишлаши, тезкорлиги, бирор-бир камчиликка йўл қўймаслиги билан бирга уларга сунъий интеллект тизими жорий қилинишини ҳисобга оладиган бўлсак, келгусида бу роботлар нафақат ишчилар, балки ўқитувчилар, докторлар, кассирлар, официантлар, полициячилар, ҳуқуқшунослар, ҳисобчилар ва яна кўплаб касб эгалари ўринларини эгаллашларига ҳам шубҳа қилмаса бўлади. Бу эса ақлли роботлар миллионлаб одамларни ишсизлар армиясига айлантиради, деган гап.
“Агар сунъий интеллект ўз-ўзини бошқариб, онгини ўстириб, мукаммаллашиб борадиган бўлса, — деб ёзишади олимлар, — у ҳолда бундай хусусиятга эга бўлган роботлар ҳар қандай компьютер тармоқларини, интернет ва давлатни бошқариш тизимларини ҳам ўз назоратларига олишлари мумкин. Айни пайтда, у нафақат инсониятга рақобатдош сифатида, балки рақиб сифатида ҳам майдонга чиқиши мумкин”. Шунинг учун бугунги кунда олимларимиз олдида илм-фан, техникага таяниб шунчаки роботлар, сунъий интеллектлар яратиш эмас, балки инсонга яқиндан ёрдам берадиган, ҳаёт тараққиёти учун кўмаклашадиган ниҳоятда ақлли, етук сунъий интеллектлар кашф этиш вазифаси турибди.

ОНА ЗАМИН ҲАРОРАТИНИ ОШИРМАЙЛИК
Об-ҳавони кузатувчилар фикрига кўра, 2016 йил дунё тарихида табиатнинг энг иссиқ келган йили бўлди. Ер юзида иссиқликнинг ўртача миқдори ўтган аср об-ҳавосининг ўртача миқдоридан бир градусга кўтарилган.
Аксарият олимларнинг айтишича, дунё миқёсида иссиқликнинг ҳаддан ташқари кўтарилишига инсон фаолияти билан боғлиқ жараёнлар сабаб бўлмоқда. Масалан, бугунги техника тараққиёти ёқилғиларнинг, мойларнинг ниҳоятда кўп ёндирилиши билан боғлиқ. Ёндирилган мойлар эса атмосферада буғланган сувлар, углекислородлар, метанлардан иборат чиқинди газлар таркибини кўпайтиради. Булар эса ўз-ўзидан атмосферада ҳавонинг янада исишига хизмат қилади. Тўғри, ҳозирги пайтда ҳавода чиқинди газларнинг миқдори бизга хавф туғдирадиган даражада кўп эмас, лекин улар миқдори ва иссиқлик таъсири йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ аномалик ҳодисалар инсоният ҳаётида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш ва бошқа ижтимоий масалалар билан боғлиқ муаммоларни ҳам келтириб чиқаради. Яъни одамлар Ер юзининг маълум нуқталарида аста-секинлик билан ичимлик суви ва озиқ-овқат танқислигига дучор бўла бошлайдилар. Бу эса юқоридаги муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳароратнинг кўтарилиши нафақат бугунги авлодга, балки келажак авлодларнинг тақдирига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Об-ҳавонинг ўзгариши натижасида ҳаётда мавжуд бўлган кўплаб биологик турлар, жумладан, инсоннинг ўзи ҳам орадан 200-300 йил ўтганидан кейин ҳалокат ёқасига бориб қолиши мумкин.
“Ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши ва унга чиқинди газларнинг таъсири ҳақида ҳар хил фикрлар билдирила бошлаган пайтларда мен тенгламалар ёрдамида ҳаво таркибидаги ўша газларнинг ўзаро боғланиш сабабини аниқламоқчи бўлдим, — дейди россиялик физик олим Алексей Карнаухов. — Бу одатдаги анъанавий тадқиқот эди. Математик жиҳатдан юзага келган хулосани кўриб, ҳароратнинг кўтарилиши бу олам учун “офат” эканлигини билдим. Аммо ҳақиқий фожиани қилган тадқиқотимнинг моделини яратганимдан кейин яққол англадим. Агар биз ҳозирги ҳолатда ёқилғиларни ёқиш орқали ҳаво ҳароратини оширишда давом этсак, келгуси икки-уч аср ичида она заминимизнинг иссиқлик даражасини юзлаб градусга оширар эканмиз. Бу оғир фожиага олиб келади”.
Ҳаётда ҳар бир нарсанинг ўз меъёри, амали бор. Агар бирор инсон касалга чалиниб, ҳарорати кўтарилса, докторлар унга дори-дармон бериб соғайтиришга, асл ҳолига қайтаришга ҳаракат қилишади. Мабодо она заминимиз ҳарорати кўтарилиб, касаллик хуруж қиладиган бўлса, бунга олимларимиз, ҳар биримиз даво топиб, уни хасталиклардан фориғ этишимиз керак. Бунинг давоси ҳаётда илм-фан, техника, ишлаб чиқариш тараққиётидан оқилона фойдаланиш, дунё тамаддуни учун тўғри йўл белгилашдан иборатдир.

“ШИФОКОР”ЛАР ҲАМРОҲИНГИЗГА АЙЛАНИШАДИ
Ҳаёт тараққий этгани сайин ҳар бир жабҳада янгиликлар, ихтиролар вужудга келгани каби тиббиёт соҳасида ҳам кўп кашфиётлар амалиётга татбиқ этилмоқда. Бугунги кунда табобат илми билимдонлари ниҳоятда “ақлли” малҳамларни ўйлаб топмоқдалар. Масалан, қондаги глюкоза таркибини доимий равишда ўлчаб турадиган, баданга ўрнатилган митти табобат ускунасидан тортиб, мижознинг танасига зарур дори-дармонларни тери орқали етказиб берадиган осма ёрлиқчаларгача ишлаб чиқилган. Шунингдек, беморлар учун инсон организми талаби асосида ёхуд олдиндан белгиланган дастурга мувофиқ уларни тўла даражада ёки қисман дорилар билан таъминлайдиган кичик “имплант”лар табобат илмида кенг қўлланилаётгани сир эмас.
Келгусида ҳам табобат илмида инсон саломатлигини асраш учун бундай янгиликлар, ихтиролар амалга оширилиши аниқ. Яқин йиллар ичида ҳаётимизга татбиқ этиладиган, саломатликни асрашда алоҳида аҳамиятга эга бўлган янги тиббий технологиялардан бири руҳий касалларни гап-сўзларига қараб аниқлаб берадиган миттигина диагностика ускунаси бўлса, иккинчиси кичик чип бағрига жойлаштирилган жажжи биокимё лабораторияси асбоби ҳисобланади. Бу асбоб ва ускуналар касалликларни илк пайдо бўлган давридаёқ аниқлаш имконига эга. Чўнтакка сиғадиган бу аппарат барча касалликларни, хусусан, саратон каби оғир хасталикни ҳам ҳали аниқлаш имконияти ниҳоятда қийин бўлган илк давридаёқ диагностик аломатларини яққол кўрсатиб бера олади.
Шу билан бирга, инсон организмини ички томондан, яъни тананинг ичида туриб даволайдиган, айтайлик, қонни тозалайдиган, мураккаб хирургия операцияларини амалга оширадиган янги кичик роботларни ишлаб чиқариш устида илмий изланишлар давом этмоқда. Россиялик олимлар, тиббиёт илмининг билимдонлари эса ёруғликни ниҳоятда ёрқин ҳис қиладиган бактериялар ёрдамида туғма кўр бўлган инсонларни ҳам ёруғлик нуридан баҳраманд этиш йўлидаги тадқиқотларини давом эттирмоқдалар. Умуман, яқин келгусида тиббиёт соҳасида улкан ўзгаришлар, илм-фан янгиликлари ҳаётга татбиқ этилиши кутилмоқда. Шифокорлар, яъни инсонга шифо бағишлайдиган, унинг касалини аниқлайдиган жажжи асбоблар танангизда ёки чўнтагингизда бўлиб, сизга ҳамроҳлик қилиб, соғ-саломат бўлишингизга хизмат қилади.
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармал...
01 янв 1970
Профессор Мавлон Жўрақуловни Европада ҳам, океанорти мамлакатларида ҳам, қадимий эҳромлар юрти Мисрда ҳам Улуғбек академиясининг муносиб давомчиси ...
01 янв 1970
Ҳурматли “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари, “тўртинчи ҳокимият”нинг жонкуяр вакиллари!...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...