Бундай юртда яшамоқлик бахт

/
Халқимизда “Аёл билан олам мунаввар”, “Аёл борлиги учун гўзалдир башар” деган пурҳикмат гаплар бор. Бу биз, аёллар, опа-сингиллар нечоғлик чексиз меҳру муҳаббат соҳибалари эканлигимиз ҳамда дунёдаги барча эзгуликлар инсонга она сути ва тарбияси билан сингганлиги тасдиғидир.
Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва ролини оширишга қаратилаётган эътибор бугун давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди. Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ташкил этилган тантанали шодиёнадаги фикрларини эшитиб, бунга яна бир карра амин бўлдим. Айниқса, у кишининг “Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз. Айниқса, сиз азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди” деган сўзларидан жуда тўлқинландим. Юксак ҳурмат ва ишончга йўғрилган бундай фикрларни эшитиш бизга янада жўшқин куч-ғайрат, метин ирода ва фидойилик бағишлайди, албатта. Ахир бундай юртда яшамоқдан ортиқ бахт борми?
Нокамтарликка йўйманг-у, фикрларимни ўз фаолиятим мисолида давом эттирсам. Республикамизда яратилган кенг кўламдаги имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда йигирма бир ёшимда тадбиркор сифатида иш бошладим. Аниқроғи, йиллар мобайнида ўзим шуғулланиб келган пазандалик ҳунаримни хотин-қизларимизга, уй бекаларига ўргатиш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида “Фарғона ибратли бегим” нодавлат таълим муассасасини ташкил қилдим. Яъни аввалига мослаштирилган бинода 5 та йўналиш бўйича ўқитишни йўлга қўйдик. Кейинчалик эса банкнинг имтиёзли кредити эвазига барча қулайликларга эга бўлган бино қуриб, фаолиятимизни кенгайтирдик. Айни пайтда вилоятимиз аёллари – опа-сингилларимиз чеварчилик, пазандачилик, оила ҳамшираси, жаҳон таомлари, сартарошлик, карвинг – мева-сабзавотлардан гул ясаш каби 20 дан ортиқ йўналишлардаги ўқув курсларида таҳсил олиш имкониятига эгалар. Энг эътиборлиси, қизлар бу ерда ўқиш баробарида оилавий ҳаётга ҳам пухта тайёрланадилар. Энди ўзингиз ўйланг: ким ҳам келини ёки қизининг пазанда, тикувчи ёхуд оила ҳамшираси бўлишини хоҳламайди дейсиз?
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳукуматимиз, аниқроғи, шахсан давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан яратилган тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга оид ҳуқуқий асослар бугунги муваффақиятларимиз омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда бир мушоҳада қилиб кўрайлик. Илгари тадбиркор бирор-бир йўналишда имтиёзли кредит олиш учун банкка қатнайвериб оёғи чарчарди. Энди эса банк ходимларининг ўзлари бу борада ташаббус кўрсатишяпти. Бундай бўлишини биз тадбиркорлар хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз.
Фаолиятимиз самарадорлигида Фарғона вилояти ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими билан йўлга қўйган ҳамкорлигимиз ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Пировардида, опа-сингилларимизнинг маънавий-аҳлоқий дунёқарашини юксалтиришга қаратилган “Либос – маънавият кўзгуси”, “Аёл, дин ва маданият” каби турли кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ва семинарларни мунтазам равишда ташкил этиб бораяпмиз. Вилоятимиздаги “RUXSOR” телеканали орқали эфирга узатилаётган “Бекажон” кўрсатувимиз эса аёлларни ташаббускорлик ва меҳнатсеварликка чорлаши, фойдали маслаҳатлари, пазандаликнинг сир-асрорларини ўргатиши билан ўз томошабинларига эга. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам” деган теран маъноли гап бежиз айтилмаган.
Шаҳноза ҒАНИЕВА,
Фарғона шаҳридаги «Фарғона ибратли бегим» нодавлат таълим муассасаси раҳбари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгаши
“Аёллар қаноти” етакчиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Амударё тумани маркази Манғит шаҳарчасининг “Янгиобод” маҳалласидаги 713 хонадонда жами 3598 нафар фуқаро истиқомат қилади. ...
01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....
01 янв 1970
Сиёсий партия атамаси грекчадан таржима қилинганда “давлатни бошқариш санъати” деган маънони касб этади. Партия бу инсонлар жамланмаси ...
01 янв 1970
5 июнь — Жаҳон атроф- муҳитни муҳофаза қилиш куни