Ёшларни оилага тайёрлаш зиммамиздаги энг муҳим вазифалардан биридир

/
Зарнигор ёшлигидан ишёқмас, дангаса бўлиб улғайди. Онаси Мунира опа болалигида уни кенжатой бўлгани учун кўп эркалатарди.
Вақти-соати келиб, Зарнигор оиланинг ёлғиз ўғли Шаҳобиддинга турмушга чиқди. Бу оила деҳқончилик ва боғдорчилик билан кун кечирарди. Бинобарин, келиннинг ҳовлидаги юмушлардан ортиб, гоҳида далага чиқишига ҳам тўғри келди. Бу ҳолат эса эрка ўсган Зарнигорга умуман ёқмади. Ҳатто ишдан бўйин товлагани учун эри қолиб, қайнона-қайнотаси билан ҳам жанжаллашди. Мунира опа бўлса қизига насиҳат қилиш ва тўғри йўлга солиш ўрнига қудалар билан юзинг-кўзинг демай жанжаллашди. Қайнона-келиннинг бундай можароси бир эмас, бир неча маротаба такрорланди. Оқибатда ёш оила олти ойга бормай парчаланди.
Афсуски, бундай салбий иллатлар кундалик ҳаётимизда ҳали-ҳануз кўзга ташланиб қолаяпти. У ҳам бўлса қизини турмушга, эртанги мустақил ҳаётга тайёрламаган, тўғрироғи, бу масалага эътиборсизлик қилган оилалар фарзандлари билан юз бераяпти.
Аксарият ҳолларда биз турмуш парокандалигида келинларни айблаймиз. Лекин бироз хунук эшитилса-да, “эр-хотин – қўш ҳўкиз” деган пурҳикмат қоидани, қарс икки қўлдан чиқишини унутмаслик керак. Яъни йигитларимизнинг суягини меҳнатда қотириш, қимматли вақтларини оғайнилари билан чойхонада эмас, балки уйим-жойим деб жон куйдирадиган, оила бошлиғи сифатида масъулиятни тўла ҳис этадиган даражада тарбиялаш лозим. Қолаверса, оталар ўғилларига эркак кишига хос қатъиятлилик, талабчанлик, онаси ва хотинини тарозининг икки палласида тенг тутиш, ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилишни уқтиришлари шарт.
Бундан ташқари, ўғил-қизларни оилага тайёрлашда уларнинг саломатлиги ҳақида қайғуриш, мукаммал билим олишлари, касб-ҳунар эгаллашларини таъминлаш энг муҳим масаладир.
Айни пайтда оз бўлса-да оилавий ажримларга сабаб бўлаётган яна бир омил борки, бу – ёшларнинг уяли телефон ва ижтимоий тармоқлардан кўр-кўрона, муккасидан кетиб фойдаланишидир. Яқинда ана шундай аянчли ҳолатга гувоҳ бўлдик. Элмурод ва Дилмурод исмли (исмлари ўзгартирилган) эгизак ака-укаларга иккита бегона оиланинг қизлари бўлган Гулнора ва Мафтунани келин қилишган. Афсуски, Элмурод билан Гулнора 17 кун деганда ажрашиб кетишган. Бизга маълум бўлишича, Гулнора тўйгача бошқа бир йигит билан учрашиб юрган. Бироқ ота-онаси унинг кўнглига қарамай, Элмуродга узатишган. Аммо қиз ўша йигитни унутолмай, тўйдан кейин ҳам у билан телефонда гаплашаверган. Оқибатда унинг жавобини беришган.
Бош қомусимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб таъкидланган. Мазкур конституциявий қоидалар эртамиз эгаларини оилага тайёрлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, нафақат ота-оналар, балки қўни-қўшни, қариндош-уруғ, жамоатчилик ва биз, ФҲДЁ органлари ходимларидан ҳам жиддий масъулият талаб этади.
Шу боис биз туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, ички ишлар бўлими, тиббиёт бирлашмаси ходимлари, қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, таълим муассасалари билан ҳамкорликда олиб бораётган кенг кўламдаги ҳуқуқий тарғибот тадбирларимизда ва бўлимимизда ҳар ойда икки маротаба ўтказилаётган “Оила дорилфунуни” ўқув машғулотларида ота-оналарга, ёшларга, айниқса, бўлажак қудаларга оилани мустаҳкамлаш омиллари, ундаги келин-куёв ва катталарнинг масъулияти, қонуний никоҳнинг аҳамияти, репродуктив саломатликнинг афзалликларини, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг аянчли оқибатларини тушунтиришга ҳамда шу орқали уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга жиддий эътибор қаратаяпмиз.
Гулчеҳра ИБРАГИМОВА,
Фарғона тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сўнгги пайтларда телеканалларимиз сони кўпайиб, турфа телеканалларда маза-бемаза кўрсатув ва телевикториналар оммалашиб бораётгани ҳеч кимга сир эм...
01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Бугунги озод ва обод турмушнинг рангин манзараларини ўз кўзларим билан кўриш бахти менга насиб этмаган, — дейди Мардон бобо Маматқулов....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...