Жойларда муаммолар аниқланди ва аксарияти ҳал этилди

/
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида жойларда аҳолининг турмуш шароитларини, фуқароларнинг фикр ва таклифларини ўрганиш, уларга қийинчилик туғдираётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўриш, давлат ва жамоат ташкилотларида турли лавозимларда ишлаётган шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш борасида аниқ амалий ишлар қилинмоқда, бунга юртдошларимиз яқиндан гувоҳ бўлишаётгани эътиборга молик.
Инсон ва унинг манфаатлари устувор жамиятимизда халқ билан ҳамнафас бўлиб, одамларнинг қувончу ташвишларини ўзиникидек ҳис этиб ишлаш, жумладан, партия фаоллари, депутатларидан ҳам жиддий масъулликни талаб этади. Газетамизнинг ўтган сонида хабар қилганимиздек, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол, фуқароларнинг турмуш шароитларини ўрганиш, жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш ва кечиктирмасдан ҳал этиш, бу борада парламент назоратини самарали тарзда амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб ҳудудларда аҳоли билан жонли мулоқотлар ўтказишмоқда, жойларда мавжуд муаммоларни қонуний тартибда ечиш чораларини кўришмоқда.
БУХОРО. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Қодир Жўраев ва Ўткир Холовнинг Шофиркон туман аҳолиси билан бўлиб ўтган юзма-юз мулоқотларида тилга олинган муаммолар атрофлича ўрганилди. Депутатлар маҳаллалар, хонадонларда бўлиб, аҳолига қийинчилик туғдираётган масалаларни аниқлаш жараёнида фуқаролар учун яратилаётган имкониятлардан фойдаланиш тўғрисида ҳам атрофлича тушунчалар беришди.
“Боғи Афзал” ҚФЙ “Пашман” қишлоғида истиқомат қилувчи Ҳаёт Амонов қишлоқ ҳудудларида ва туман марказларида фаолият юритадиган тадбиркорлик субъектлари учун бир хил солиқ тўловлари белгиланганига доир ўз таклифларини баён қилди. Депутатлар ушбу йўналишда ҳар йилнинг охирида келгуси йил учун белгиланадиган солиқ ставкалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши ва бу борада маҳаллий ижро ҳокимиятлари имтиёз қўллай олмаслигини тушунтириб, мазкур масалада мавжуд қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрланишини таъкидлашди. Мулоқотларда фуқаролар умумтаълим мактабларидаги таълим сифатидан қониқмаётгани, қўшимча тайёрлов курслари учун зарурат пайдо бўлаётганлигини ҳам тилга олишди. Бу муаммолар бўйича депутатлар ҳудудда жойлашган 16, 17-умумтаълим мактабларига ташриф буюриб, таълим жараёнларини ўрганиб чиқишди. Таълим сифатига бевосита салбий таъсир ўтказадиган баъзи муаммолар бартараф этилди
“Ҳорин” МФЙга қарашли “Наврўз” қишлоғида истиқомат қилувчи Ирода Усмонова умр йўлдоши оғир касалликдан вафот этиб, фарзандларини ўзи вояга етказгани, эндиликда фарзандларининг иш билан банд эмаслиги, 2014 йилдан буён газ таъминоти корхонаси томонидан суюлтирилган газ билан таъминланмаётганини билдирди. Депутат томонидан бу муаммолар ҳал этилиши ҳамда газ таъминоти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор берилиши таъкидланди.
“Беклик” қишлоғида яшовчи фуқаро Зойир Орипов 16-умумтаълим мактаби катта йўл ёқасида жойлашганлиги боис болалар йўлни кесиб ўтишлари, машиналар катта тезлик билан ҳаракатланиши сабабли йўлнинг шу қисмига автотранспорт воситалари учун тезликни тартибга солувчи йўл белгилари ўрнатилиши ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилди. Муаммо жойида ҳал этилди, яъни туман ИИБ ЙҲХ бўлинмаси билан боғланиб, шу масала хусусида фикрлашилди. Мазкур ҳудудда катта тезликда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгиси ўрнатилиши айтиб ўтилди ва натижаси бўйича маълумот бериш учун ҚФЙ ходимлари бириктирилди.
“Муғалон” қишлоғида яшовчи фуқаро Мелс Мўминов бу йил коллежни битирувчи ўғлини келгусида иш билан таъминлаш мақсадида қишлоқ ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва ювиш шохобчасини ташкил этиш учун амалий ёрдам сўради. Депутат томонидан фуқарога коллеж битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун имтиёзли фоизлар билан кредитлар ажратилиши тушунтирилиб, ушбу ҳудуд учун бириктирилган “Агробанк” ва қўшимча равишда “Миллий банк” ходимларига боғланиб, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва ювиш шохобчаси ташкиллаштириш учун кредит расмийлаштириш чоралари кўрилди.
НАМАНГАН. Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Якубов ва Акмал Бурҳонов ҳамда партиянинг вилоятдаги фаоллари Чуст туманидаги йирик аҳоли пунктларидан бири “Олмос” қишлоғи аҳли билан учрашди.
Депутатларнинг хонадонларга ташрифи чоғида фуқаролар томонидан асосан оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, кўп болали оилаларни турар жой билан таъминлаш сингари масалалардаги муаммолар ўртага ташланди. Уларнинг аксарияти шу ернинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят ёки республика миқёсида ечимини топадиган масалалар алоҳида қайд этилиб, бу борада қонуний тартибда зарур чоралар кўрилиши тушунтирилди.
— Туманнинг турли ҳудудларидан беш-олти нафар фахрийларимиз қўнғироқ қилиб, депутатлар қабулига борадиганлар борлигини, бироқ “Олмос” қишлоғи уларга узоқлик қилишини билдирдилар. Мен бу фикрни депутатларимизга етказдим, — дейди туман партия кенгаши раиси Содиқжон Аҳмедов. — Улар билан туман партия кенгашида қабул ташкил этишга келишиб олинди. Ҳақиқатан ҳам якшанба куни Чуст туман партия кенгаши одамлар билан гавжум бўлди. Президентимиз халқ билан доимо мулоқот қилиш керак, унинг дардини эшитиш керак, деб бежиз айтмаган экан. Одамлар ҳам буни тўғри англаб етганини эътироф этиш ўринлидир.
— Шу куни Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида йигирма икки кишини қабул қилдик, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Олимжон Мақсудов. — Кўриниб турибдики, одамларимизда депутатлар, ҳокимият ва турли ташкилотлар вакиллари билан мулоқотга эҳтиёж бор. Албатта, улар, биринчи навбатда, ўзлари ҳаётда у ёки бу масалада дуч келган муаммолари ҳақида сўзладилар. Жамият ва халқ манфаатлари тўғрисида кўпроқ бош қотирадиган фуқаролар ҳам борлиги эътиборга молик.
Масалан, пенсионер Камолхон Абдалиевнинг фикрича, Чуст шаҳрининг қатор кўчаларида аҳоли транспорт тирбандлигидан қийналмоқда. Бу ерларда ерости ўтиш жойлари қуришнинг фурсати аллақачон келган. Аммо бу масала билан ҳеч ким шуғулланмаяпти. “Сероб” маҳалласида яшовчи Нажмиддин Маҳмудов эса туман марказидаги Хотира хиёбонини кўпчилик учун қулай жойга кўчириш таклифини киритди. У ҳозир четда, зиёратчилар учун ноқулай ерда жойлашган.
Қабулга келган Раҳмонжон Мирзаолимов ногиронлигини айтиб, сиҳатгоҳда даволаниш учун йўлланма ололмаётганидан шикоят қилди. Тегишли идоралар билан маслаҳатлашилганидан кейин бу масала ҳал бўлди. Фуқаро Кўпайсин Раҳимованинг икки фарзандига алимент ундиришда суд департементи ходимлари сусткашлик қилаётгани ҳам эътибордан четда қолмади. “Наврўз” маҳалласида яшовчи Умида Калонова ҳисобчи сифатида банк муассасасига ишга жойлашадиган бўлди. 7-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси Севара Бегматова таълим масканида проектор ва электрон интерфаол доска йўқлигини билдирди. Бу муаммо вилоят халқ таълими бошқармаси эътиборига ҳавола этилди. Шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган тўрт кишига кредит ажратиш масаласи ҳал этилди. Улардан уч киши йиғма иссиқхона ашёлари оладиган бўлди.
ФАРҒОНА. Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатасининг депутатлари ҳамда халқ депутатлари Бувайда туман Кенгаши депутатларидан иборат ишчи гуруҳи туман аҳолиси, корхона ва муассасаларда очиқ мулоқотлар асносида жойлардаги муаммоларни яқиндан ўрганишди.
— Ҳар куни фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг қандай ҳаёт кечираётгани, уларни нима масалалар ўйлантираётганини ўрганиб, кун охирида ишчи гуруҳининг йиғилишида умумлаштирдик ва аниқланган масалалар ечим топиши билан шуғулландик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов.
Хусусан, кўплаб савдо шохобчаларига банк терминаллари ўрнатилди, бир неча мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари ичимлик суви билан таъминланди, бир неча фуқароларнинг пластик карточкаларидаги пул маблағлари банкларнинг сайёр банкоматлари орқали ечиб берилди.
Шунингдек, “Янгиқўрғон” қишлоғида истиқомат қилувчи 8 ёшли Гулнора Азимовага ногиронлик аравачаси топширилди. “Инғирчоқ” қишлоғида яшовчи Наимжон Каримовнинг оиласи кам таъминланганлиги, айни пайтда қурилиш материалларига эҳтиёжмандлигини инобатга олган ҳолда унга туман ҳокимлиги томонидан 50 дона шифер етказиб берилди. Мазкур қишлоқдаги 19-мактабгача таълим муассасаси ва “Жалаер” маҳалласидаги 29-мактабгача таълим муассасасининг ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммо ҳал этилди. “Маслаҳат” маҳалласи аҳлига қулайлик яратиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор Марғубахон Мирзахолиқовага қарашли савдо дўконига тўлов терминали ўрнатилди. “Додҳоҳ” қишлоғида яшовчи Мирабдулла Ҳамидовнинг мурожаатига мувофиқ чорвачилик билан шуғулланиши учун унга “Агробанк” томонидан имтиёзли кредит ажратилди.
ҚАШҚАДАРЁ. Чироқчи туманидаги “Янгиқишлоқ”, “Дам”, “Чилжувит” қишлоқ фуқаролар йиғинларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров ўтказган мулоқотлар фуқароларда катта қизиқиш уйғотди.
— Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшларни тўла ишга жойлаштириш муаммолигича қолмоқда, — деди “Чилжувит” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Муҳаммади Муҳаммадиев. — Бундан ташқари, савдо шохобчаларида пластик карточкалар учун терминаллар кўпайтирилса ёки тижорат банкларидан иш ҳақи нақд пул шаклида берилиши йўлга қўйилса, айни муддао бўлар эди.
Аҳоли томорқаларини оқар сув билан таъминлаш ва хонадонларга электр энергиясини узлуксиз етказиб беришдаги муаммолар шу учрашувда иштирок этган туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ҳамда туман электр тармоқлари корхонаси раҳбарлари иштирокида жойида ўз ечимини топди. Шунингдек, депутат “Уймовит”, “Хумо”, “Торжилға”, “Шўрқудуқ”, “Эски анҳор”, “Лангар”, “Чиял” ва бошқа қишлоқларда ҳам учрашувлар уюштириб, фуқароларни ўйлантириб келаётган қатор масалалар ҳақида керакли маслаҳатларни бериб, айрим масалаларни эса мутасаддилар иштирокида ўша жойнинг ўзида ижобий ҳал этилишида ёрдам кўрсатди.
“Адолат” СДП фракцияси аъзоси Жамшид Пирматов Чироқчи туманидаги “Қаҳрамон” қишлоқ фуқаролар йиғини аъзолари билан ўтказган мулоқотида ҳудуддаги ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун ҳали қилинадиган ишлар анча экани кўзга ташланди.
— “Хўжақўрғон” қишлоғидаги ички йўл асфальт қилинса, айниқса, ёз ва қишда юзага келадиган ноқулайликлар барҳам топар эди, — деди шу ҳудудда яшовчи фуқаро Дилноза Холмонова.
— Биз яшаётган ҳудудда полиз, сабзавот етиштириш учун катта ер майдони мавжуд, — деди Кумуш Расулова. — Тупроғи унумдор. Муаммо шуки, бунинг учун оқар сув йўқ. Агар қудуқлар қазиш ишларида бизга мутасадди идоралар ёрдам беришса, нур устига нур бўлар эди.
Мулоқот давомида арзон уй-жой, йўл, бандлик, нақд пул, боғча масалалари, суюлтирилган газ баллонлари таъминоти билан боғлиқ савол ва мурожаатлар ҳам келиб тушди. “Олмазор” ҚФЙ аъзолари ички йўлларни таъмирлашда ёрдам сўрашди. Кўкдалаликлар эса қир-адирларда деҳқончиликни йўлга қўйиш орқали аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини ошириш мумкинлиги тўғрисидаги таклифларини илгари суришди. Бундан ташқари, фуқаролар тўй-маъракаларни камчиқим ўтказишда туман ҳокимлиги, “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари ва жамоат ташкилотлари аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориши лозимлиги таклифини ҳам билдиришди.
Тумандаги 18-умумтаълим мактабида ўқувчилар давомати пастлиги, синфхоналар яхши иситилмаётгани ҳам депутатларнинг эътиборидан четда қолмади. “Маҳмудтепа” қишлоғи аҳолиси билан Ж.Пирматов ўтказган мулоқотида фуқаро Раъно Шахдалиева спорт майдончаси барпо этиш зарурлигини айтиб ўтган бўлса, “Олмазор” қишлоқ врачлик пункти тиббиёт ходимлари ўзлари фаолият олиб бораётган муассасада электр энергияси таъминоти талаб даражасида эмаслигини қайд этишди.
Мулоқотларда халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, тумандаги корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этдилар.
СУРХОНДАРЁ. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари Даврон Тангиров ва Ёрмамат Холиёров Денов туманидаги “Фарғона” ҚФЙ ҳудудида фуқароларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишишди.
“Аловуддин” маҳалласида истиқомат қилувчи Дўрмон Абдуллаев, Абдураим Қосимов, Ёрқин Қўчқоровлар маҳаллада ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун спорт майдонининг йўқлиги, ички йўллар таъмирталаб экани, ёшлар бандлигини таъминлашга доир масалалар борлигини келтириб ўтишди. “Қайтмас” маҳалласида ҳам шу кеча-кундузда ижобий ечим топиши зарур бўлган бир қатор саволлар ўртага ташланди. Абдуқаҳҳор Шерматов ва Умарали Маҳмудовлар маҳалладаги савдо дўконларида банк пластик карточкаларидан фойдаланиш имконияти йўқлиги, уларда терминаллар ўрнатилмаганини маълум қилишди. Шу сабабли одамлар пластик карталардаги пулни туман марказига бориб, 15-20 фоиз устама эвазига нақд пулга алмаштиришга ҳаракат қилмоқда.
— Тадбиркорларга кенг йўл очиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мен ҳам яқинда чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида кредит олиш учун банкка боргандим, улар кредит берамиз, лекин пулни сизга эмас, сиз чорва моллари сотиб олмоқчи бўлган фермер хўжалиги ҳисоб рақамига ўтказиб берамиз, дейишди. Бу бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқаради. Шунинг учун банк томонидан пул нақд ёки ўз пластик карточкамга ўтказиб берилиши зарур, деб ўйлайман, — деди “Қайтмас” маҳалласида яшовчи Жўрахон Тўлаганов.
Ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Муяссар Раҳматқулова ҳовлисига олиб кирадиган йўл ноқонуний равишда эгаллаб олинганлиги, ҳеч ким унинг арзини эшитмаётганлигини билдириш баробарида, биринчи гуруҳ ногирони бўлган отасига соғлиқни сақлаш ходимлари эътибор қаратишмаётганлигини таъкидлади.
Депутатлар ва Сенат аъзолари “Тортувли” ҚФЙ ҳудудидаги ташкилот, муассаса ҳамда аҳоли хонадонларига бориб, одамлар фикри ва эҳтиёжлари билан қизиқишди. Мазкур қишлоқдаги ҚВП биносининг таъмирга муҳтож экани, ушбу тиббиёт муассасасининг узлуксиз электр энергияси билан таъминланмагани аён бўлди. Маҳалладаги 19-умумтаълим мактабини кўздан кечириш жараёнида бу масканда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилмаганлиги ҳам аниқланди.
Депутат ва сенаторлар томонидан ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.
ЖИЗЗАХ. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тўлқин Абдусатторов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Жиззах вилоятининг ўаллаорол туманида бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи ва муаммоларини ўрганиш мақсадида улар билан яқиндан мулоқот қилишди.
Депутатлар туман тиббиёт бирлашмаси, “Кўкбулоқ” қишлоғидаги “Ёнбоштут” қишлоқ врачлик пункти, “Қўйтош”, “Лалмикор” қишлоқ участка шифохоналари, “Саврук” ва “ўўбдин” қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти билан танишиб чиқишди ва аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати, тиббий муассасаларнинг моддий-техник базасининг ҳолати ҳамда кадрлар билан таъминланганлик даражаси билан танишиб чиқдилар. Шунингдек, тумандаги тўққизта умумтаълим мактабларида ёшларга берилаётган таълим-тарбия жараёнининг сифатини таҳлил қилишди.
Парламент аъзолари савдо-сотиқ муассасаларидаги аҳволни чуқурроқ ўрганиш мақсадида ўаллаорол туманининг Марказий деҳқон бозори, “Лалмикор”, “Пайшанба” деҳқон бозорлари, “Сангзарсавдо” МЧЖ бозори ва “Қўйтош” шаҳарча фуқаролар йиғинида барпо этилган деҳқон бозорларида бўлишди. Уларда харидор ва сотувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, аҳолига кўрсатилаётган хизмат турлари ҳамда қулайликлар юзасидан тавсиялар берилди.
Тумандаги 60 тадан ортиқ хонадонларга кириб, фуқароларнинг турмуш тарзида юзага келаётган масалалар юзасидан керакли чора-тадбирлар кўриб чиқилди.
“Тутли” қишлоғи аҳлининг мурожаатларига асосан ушбу қишлоқ ҳудудидаги ички йўлнинг ҳолатини ўрганишга мутахассислар жалб этилди, ишчи гуруҳ таклифи билан мазкур йўлни таъмирлаш ишлари жорий йилги манзилли дастурга киритилди.
Шунингдек, 2016 йилда “ўаллакор” қишлоғида турар жой қуриш учун ўн тўрт нафар фуқарога ер участкалари бериш белгиланганлиги, аммо шу вақтга қадар уларга тегишли ер майдони ажратилмаганлиги юзасидан қилган мурожаатлари кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, ушбу қишлоқ ҳудудидаги 66-мактаб атрофидаги бир гектар ер низоли ҳолатда бўлиб, мазкур ҳолат шу пайтгача ўз ечимини топмаган. Туман ер кадастр хизмати 4 февралдан бошлаб бу масалалани ҳал қилишга киришди.
Аҳоли билан учрашувлар чоғида коммунал тўловлар билан боғлиқ муаммолар ҳам тегишлича ўрганиб чиқилди. Бундан ташқари, аҳолининг банклардан кредитлар олиши, турар жой қуриш учун участка ер майдони ажратилиши борасидаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
ХОРАЗМ. Қўшкўпир туманида бўлиб ўтган жонли мулоқотлар ҳам инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев мутасадди ташкилотлар вакиллари билан тумандаги “Ўзбекёп”, “ўозовот”, “Шихмашхад” ҳамда “Хадра” қишлоқларида аҳоли билан яқиндан суҳбатлашди.
Фуқаролар марказлаштирилган табиий газ тармоғи етиб бормайдиган хонадонларга суюлтирилган газ етказиб берувчи ташкилотнинг терминал билан таъминланмаганлиги қийинчилик туғдираётганини айтишди. Бу масалага ”Шимолгазтаъминот” Қўшкўпир туман филиали раҳбариятининг эътибори қаратилиб, жами 8 та терминалга эҳтиёж борлиги аниқланди ва икки кун ичида 7 та терминал ўрнатилиши таъминланди.
Туман марказида жойлашган деҳқон бозори фаолияти билан танишилганда сотувчилар шароитларни яхшилашга эҳтиёж борлиги, қиш ва ёз мавсумларида айрим қийинчиликлар юзага келаётгани, замонавий янги бозор барпо этилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида таклифларини баён этишди. М.Қурбонбоев бу масала мутасадди ташкилот раҳбарлари билан биргаликда кўриб чиқилишини билдирди.
Шунингдек, “Маданият” маҳалласида яшовчи Эрка Абдуллаев чорвачилик йўналишида оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги борлигини маълум қилди. Ушбу мурожаатга кўра “Агробанк” ходимлари томонидан унга кредит ажратиш масаласини тезкорлик билан ҳал қилишга киришилди. Фаоллар шу маҳалладаги кам таъминланган 67 яшар Пошшажон Саъдуллаева хонадонида бўлиб, унинг ўғли Бакпўлат Қурбановга оила фаровонлигини таъминлашга доир тавсиялар беришди. Хусусан, хонадон ҳовлисида тадбиркорлик қилиш учун имконият борлиги, новвойлик билан шуғулланиш орқали даромад топиш мумкинлиги ҳақидаги таклиф хонадон аҳлига маъқул бўлди. Депутат М.Қурбонбоев мутасадди ташкилот вакиллари билан фикрлашгач, мазкур хонадонда новвойхона ишга туширилиши режалаштирилди. Шу маҳаллада яшовчи Раъно Худайберганованинг мурожаатига асосан, унинг боғида ташкил этилган иссиқхонани кенгайтириш учун “Агробанк” томонидан шу мақсадда кредит ажратиш белгиланди.
САМАРҚАНД. Иштихон туманига ташриф буюрган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ва Сенат аъзолари фуқаролар билан бевосита мулоқот асносида бир қатор ижтимоий муаммоларга ечим топишга муваффақ бўлишди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигора Раббимова тумандаги “Шайхкент” ва “Хонқа” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги 50 дан ортиқ хонадонларга кириб, уларнинг турмуш шароитларидан хабардор бўлди. Маҳаллий бошқарув ва хизмат кўрсатиш идораларининг ваколатлари доирасида ҳал этиладиган 30 дан ортиқ мурожаатлар ўз жойида ижобий ечимини топди.
Таъкидлаш лозимки, “Хонқа” МФЙ ҳудудидаги 4 та қишлоқда бугун 4 минг 16 нафар фуқаро истиқомат қилмоқда. Уларнинг хонадонларини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш, электр таъминотидаги асоссиз узилишларга барҳам бериш, ёшларни ишга жойлаштириш, пенсия ва нафақаларни кечиктирмай тўлаш масалалари сенатор билан мулоқотларнинг асосий мазмунини ташкил этди.
МФЙ ҳудудида яшовчи 73 ёшли Одил бобо Насруллаевнинг қарилик пенсиясини ололмаётганлиги маълум бўлди. Сенатор фуқаронинг мурожаатига дахлдор ташкилот раҳбарлари билан тезда боғланиб, уларни шикоят мазмунидан хабардор қилди, қонуний чора-тадбирлар белгиланишини назоратга олди. Натижада Одил бобо Насруллаевга пенсия пули шу ойдан кечиктирмай тўланадиган бўлди.
Бағрикенглик халқимизга хос фазилат. Аммо бир хонадонда 2-3 оиланинг яшашига кўникиш қийин. “Хонқа” маҳалласида яшовчи фуқаролар Эсиргап Қаршибоев, Тоштемир Ўринов, Дилмурод Қаландаров, Мунира Раззоқова ва Шавкат Муродовларнинг сенаторга мурожаатида айни шу масала, яъни уларнинг уй-жой қуриш учун ер участкаси ажратиб берилишини сўраб маҳаллий ижро ҳокимиятига қилган мурожаатлари кўп йиллардан буён ҳал этилмай келинаётганлиги таъкидланди. Мурожаатни ҳар томонлама ўрганиб чиққан сенатор масалани маҳаллий ижро ҳокимияти эътиборига ҳавола этиб, унинг тез муддатда ҳал этилиши устидан назорат ўрнатди.
“Кўктепа” қишлоғида яшовчи фуқаро Ш.Бердирасулова хонадонига ташриф чоғида сенатор мазкур оиланинг ижтимоий аҳволидан хабар топди. Хусусан, оилада уч нафар гўдак тарбияланаётгани, уларнинг икки нафари эгизак бўлиб, кўз хасталиги билан туғилганлиги, жарроҳлик муолажасига эса етарли маблағ топилмаётганидан оила бошлиғи болаларини даволата олмаётганлигини баён қилди. Сенатор Нигора Раббимова туғма хасталиги бўлган эгизакларни даволаш масаласида ёрдам кўрсатиш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятига мурожаат қилиб, бу ишнинг ижобий тарзда ҳал этилишини ўз назоратига олди.
Мухтасар айтганда, Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг ташрифи кўпгина ижтимоий муаммоларни ойдинлаштиришга имкон бериб, аҳолининг маҳаллий бошқарув идораларига ишончи амалий ишлар билангина мустаҳкамланишини, ваколатга яраша талабчанлик, ижро интизоми ва қатъият раҳбарнинг бугунги фаолиятига мос хусусият бўлиши лозимлигини кўрсатмоқда.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида «Тўғрисини айтганда...» рукнида чоп этилган мақоладан кейин ўқувчиларимиз бизга турли долзарб мавзуларда мур...
01 янв 1970
Ўзини ҳурмат қилган, ишнинг кўзини билган тадбиркорнинг олтин қоидаси бўлади: “Мижоз ҳамиша ҳақ. Мижознинг кўнглига йўл топиш — устувор...
01 янв 1970
Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини катта қизиқиш билан тинглаш орқали ҳар бир ватандошимиз кўнглида халқими...
01 янв 1970
Илм — инсон онгу шуури, ақл-заковати, тафаккури ҳосиласи.