Ҳаётда беминнат ҳамроҳ

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.
Комиссияга аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётларни чоп этиш ва улар билан таълим муассасаларини таъминлаш, миллий ва жаҳон адабиёти намояндаларининг етук асарларини саралаш, таржима қилиш, чоп этиладиган китобларни нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизимини ривожлантириш, шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатишда электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш, китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилиш билан боғлиқ муҳим вазифаларни аниқлаш ва амалга ошириш мақсадида комплекс дастур ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Ушбу дастурда, шунингдек, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни ўрганиш, ёшлар дунёқарашини кенгайтиришга доир бадиий, маърифий адабиётларнинг умумий буюртма рўйхати шакллантирилади. Шу билан бирга, ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, болалар адабиётига ихтисослашган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш ва моддий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш, матбаа корхоналари ва нашриётларга матбаа хомашёларини четдан харид қилиш тартибини такомиллаштириш, вилоят, туман марказларида, шаҳар ва қишлоқларда ихтисослашган янги китоб дўконларини ишга тушириш, ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркаларини ташкил этиш, китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар ҳамда кутубхоначи ва тарғиботчилар орасида “Йилнинг энг яхши китоби”, “Энг яхши китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши болалар китоби”, “Йилнинг энг яхши аудио китоби”, “Йилнинг энг яхши электрон китоби” каби танловлар ўтказиш тизимини юзага келтириш чора-тадбирлари белгилаб берилади.
Ҳар бир мамлакатнинг маънавий-ахлоқий оламини адабиётга муносабат, китобхонлик даражасига қараб ҳам аниқлаш мумкин. Дунёнинг мана-ман деган давлатлари молиявий инқирозга юз тутиб, иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган бир пайтда Ўзбекистон пойтахтида китобхонларга атаб муҳташам зиё маскани қурилгани, адабиёт оламига кириб келаётган ёш ижодкорлар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, ижодий намуналари тўплам ҳолида кўп нусхада чоп этилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки, қадим-қадимдан илм-маърифатга, зиёга интилган ва бу борада дунёни неча бор ҳайратга солган халқмиз. Дунё тамаддуни ривожига беадоқ ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз эришган оламшумул ютуқларнинг бирламчи сабаби ҳам китобларга жо бўлган бебаҳо илмий хазина билан боғлиқ. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мирзо Улуғбек, ал-Беруний, ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби алломалар жуда ёшликдан китоб мутолаа қилишган. Шундай экан, хонадонларимизни, фарзандларимиз онг-шуурини китоблар ва улар саҳифаларидаги бебаҳо ҳикматлар билан безаш янада фаровон ҳаётимиз, улуғ келажагимиз сари дадил одимламоқ десак, муболаға бўлмайди.
Китоб инсониятнинг буюк ихтироси ҳисобланади. Унинг қудратини фақат қуёшнинг қудратигагина қиёслаш мумкин. Шунда ҳам, инсон қалбини ёритиш фақат китобнинг қўлидан келади, холос. Шундай китоблар борки, улар сени оҳанрабодай ўзига тортади, умринг йўлларида беминнат ҳамроҳингга айланади, қайта-қайта ўқийсан, ўқиганинг сари ақл-шууринг тўлишиб боради, ўзинг учун муҳим нарсаларни кашф этаверасан ва бу жараён ҳеч қачон ниҳоясига етмайди. Бинобарин, яхши китобларни бир марта ўқиш билан кифояланиш керак эмас. Унинг мўъжизалиги шундаки, ҳар гал ўқиганингда у сенга маъно хазинасининг янги қатларини очаверади.
Кўпчилигимиз биринчи ўқиган китобимизни эслай олмаймиз. Ёшлигимизда китоб озлигидан кўпроқ катталар ўқиётган китобларни қулоқ тутиб тинглаганмиз. Бу китоблар алоҳида қироат билан ўқиладиган жангномалар, бахшилардан ёзиб олинган достонлар эди. Мактабда ўқитувчилар бизга “Зўр одам бўлиш учун кўп китоб ўқиш керак” дея қайта-қайта уқдиришарди. Зўр бўлиш кимга ёқмайди дейсиз, қўлимизга нима тушса, танламай, бир бошдан, навбат билан ўқирдик. Тошкент давлат дорилфунуни (ҳозирги ЎзМУ)га ўқишга келгач, кўплаб бадиий китобларни талабчан домлаларга имтиҳон топшириш учун у ер-бу ерини “чўқилаб” ўқишга тўғри келди. Йиллар ўтиб жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини ички маънавий эҳтиёж сабаб учинчи марта ўқишга тўғри келди. Бу — чинакам ўқиш бўлди. Китоб ўқиш, китоб ахтариш кўпчилигимиз учун ёқимли машғулотга айланди.
Шундай китоблар бўладики, ўқиб тугатиб, бошқа бир юмуш билан банд бўлиб кетганингдан кейин ҳам фикру зикринг унга муҳрланиб қолади. Узоқ вақт шу китоб таъсирида юрасан. Бундай китоблар, агар у тарихий мавзуда битилган бўлса, ўқувчини фикрлашга, олис мозий воқеа-ҳодисалари моҳиятини чуқур ва тўғри идрок этишга, ўзинг учун зарур хулосалар чиқариб олишга туртки беради.
Яқин ўтмишда ва ҳатто мустақиллик йилларида ёзилган баъзи мақолаларда Тошкентнинг сўнгги қозикалони Ҳакимхўжа эшон Норхўжа эшон ўғли ҳақида асосан салбий фикрлар бор эди. Бу ҳолатга устоз Шариф Юсуповнинг “Тарих уммони сирлари” китобида аниқлик киритилди. Муаллиф шундай ёзади: “Эмишки, Тошкентга Черняев қўшини ҳужум қилган 1865 йилнинг ёзида қозикалон ўзи истиқомат қилган Себзор даҳаси йигитларини босқинчиларга қарши курашга бошлаган, кучи етмагач, ўз одамлари билан қочиб қолган. Гўё ўз мансабини сақлаб қолиш илинжида шаҳар дарвозасини босқинчиларга очиб берган экан ва ҳоказолар... Аслида воқеа бундай бўлган. Тошкент шаҳри қамалда қолгач, бир ярим ой мобайнида кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган азоблардан қирилиб битишга маҳкум этилган аҳоли Абулқосимхон эшон, Солиҳбек охунд, Ҳакимхўжа қозикалон сингари покдомон зотларга илтижо қилиб, душман билан муроса йўлини топишни сўрайди. Шу тариқа сўнгги чора сифатида таслим бўлиш ҳақида Черняев билан битим тузилади”.
Бундай сатрларни ўқиганингда, тарих қатлари қанчадан-қанча сирларга тўла, аммо китобларда тарих адолати бузилган ҳолатлар ҳам кўплиги аён бўлади. Бугун бу мавзуда қалам тебратиш урф бўлиб бораётган, бир асардаги тўқима образ иккинчи асарда “тарихий шахс”га айланаётган бир пайтда у ёки бу муаммо юзасидан ишончли манбалар асосида хулоса чиқариш ғоят муҳимдир. Чунки Абу Ҳомид ўаззолийнинг “Тил офатлари” китобида айтилганидек, “Инсонга энг итоатсиз аъзо тилдир. Чунки бу суяксиз аъзонинг осонгина ҳаракатга келиши, ҳеч бир машаққатсиз югуриклиги кутилмаган оқибатларга сабаб ҳам бўлади”.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг темурийлар даври адабий тили муаммоларига доир “Тил ва эл” сарлавҳали илмий бадеаси адабий жамоатчиликнинг ижобий баҳосига сабаб бўлди. Муаллифнинг бу асари, гарчи илмий мушоҳада услубида ёзилган бўлса-да, биз ёшлигимизда қайта-қайта ўқиган “Уч илдиз”, кейинги йилларда яратилган “Ҳумоюн ва Акбар”, “Авлодлар довони”, “Она лочин нидоси” каби бадиий китоблар даражасида мароқ билан ўқилади. Бунинг боиси, китоб — тилимиз, тил маданиятимиз ҳақида. Ҳар қандай мажруҳ иқтисодни тадбиркорлик билан кўрилган чора-тадбирлар асосида соғломлаштирса бўлади. Емирилган иморатни қайта тиклашнинг иложи бор. Аммо бузилган, бошқа тиллар таъсирида қоришиқ бир аҳволга келган тилни ўнглаш — ўта мураккаб масала. Тилни фақат тил нуқтаи назаридан эмас, тарих, миллий қадриятлар, урф-одатлар, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси, янги авлоднинг камоли, одоб-ахлоқи нуқтаи назаридан туриб ҳам ўрганишимиз, сақлашимиз, бойитишимиз ва авлодларга бутун жозибаси, куч-қудрати билан етказишимиз лозим. Шу маънода “Тил ва эл” каби куюнчаклик билан ёзилган китоблар мутолаасидан чарчамаслигимиз керак.
Тилга эътибор, уни эъзозлаш чинакам ватанпарварликдир. Француз олими М.Беллин 1861 йилда ёзган китобида улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг она тилига катта эътиборини шундай баҳолаган экан: “Алишер Навоий ўз миллий тилининг афзалиятларини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исбот этгани ўз халқи орасида ватанпарварликни бошлаб берганидан далолатдир”. ХVI асрда Дю Белле деган шоир бошчилигида бир гуруҳ олим ва ёзувчилар “Француз тилини ҳимоя қилиш ва улуғлаш” номли манифест қабул қиладилар. Унда “Она тилини ҳимоя қилиш — Ватанни ҳимоя қилиш билан баробардир”, деган фикр олдинга сурилади. У ҳимоя энг яхши китоблар ва уларнинг мутолааси орқали амалга оширилади.
А.С.Пушкиннинг “Евгений Онегин” романини икки-уч бор ўқиб чиққанман. Лекин бир нарсага эътибор бермаган эканман. Роман бош қаҳрамони Татъяна ўз она тилини яхши билмагани учун севган йигитига француз тилида хат ёзади. Пиримқул ака ушбу фактни ўқувчи ёдига солар экан, машҳур тарихчи адиб Н.М.Карамзиннинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Бизнинг зодагонлар рус билан русча гаплашмасдан, нуқул бузуқ француз тилида сўзлашишади. Яхши жамият деб аталган юқори табақамизда француз тилини билмасангиз кар ва гунгга ўхшаб қоласиз... Уят эмасми? Рус тилида француз тилидагига нисбатан уйғунлик кучли. Бизда ўз ҳаётимизни ифодалайдиган сўзлар француз тилидагидан кўпроқ”.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан “Модомики, ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват олган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантириш зарур”, деган вазифа қўйилди. Пиримқул Қодировнинг фикрича, бундан салкам минг йил аввал яратилган “Девону луғотит турк”, “Қутадғу билик” каби асарлар, улуғ Алишер Навоийнинг бутун ижоди, ўлмас шоҳ байтлари халқни ўз тарихи билан қуроллантиришга муносибдир. Чунончи, тил ҳақидаги бизнинг билимимиз пештоқида Алишер Навоий турмоғи керак.
Тил — тирик организм, у ҳам худди инсон вужудидек, парваришга, диққат-эътиборга муҳтож. Тўғри парваришланган ниҳол эрта мевага киргани каби, тилга эътибор ҳам янги авлод тарбиясида, албатта, ўз самарасини беради. Бундан англашиладиган хулоса шуки, тилни эъзозлаш иши бошқа муҳим вазифалар қатори китоблар тилига, китобхонликка бўлган талабни янада оширишдан бошлангани маъқул экан. Президентимизнинг ушбу фармойиши бу ҳаракатга янги руҳ ва қувват бахш этиши шубҳасиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Қўнғирот нафақат Қорақалпоғистон Республикасининг, балки мамлакатимизнинг энг шимолий тумани ҳисобланади. ...
01 янв 1970
Суднинг қора курсисида инсонийликни унутганлар, жаҳл отига минганлар, бир сўз билан айтганда, гуноҳга ботганларнинг қанчадан-қанчаси ўтиришган....
01 янв 1970
Юксак нуқтадан назар ташласангиз, Денов тумани ҳудуди улкан амфитеатрни эслатади....
01 янв 1970
Маълумки, ҳар қандай давлатда демократик, ҳуқуқий, инсонпарвар жамият барпо этиш кўп жиҳатдан оммавий ахборот воситалари, ноширлик, матбаа фаолияти...